Ўзбекистон Республикасининг қонуни
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИНИ ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. «Эл-юрт ҳурмати» ордени таъсис этилсин.
2. «Эл-юрт ҳурмати» ордени тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3. «Эл-юрт ҳурмати» орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).
4. 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 266-модда; 1996 йил № 5-6, 63-модда; № 9, 120-модда) «Буюк хизматлари учун» ордени» деган сўзлардан сўнг «Эл-юрт ҳурмати» ордени» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 28 август,
664-I-сон
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИ ТЎҒРИСИДАГИ
НИЗОМ
1. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мамлакат мустақиллигини, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий, жамоат иши, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланадилар.
«Эл-юрт ҳурмати» ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.
2. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш ва уни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик карраси миқдорида бир йўла пул мукофотини оладилар. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланган шахслар қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар.
(3-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси.
4. «Эл-юрт ҳурмати» ордени кўкракнинг чап томонига тақиб юрилади.
5. «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
«ЭЛ-ЮРТ ҲУРМАТИ» ОРДЕНИ
ТАВСИФИ
Олдинги таҳрирга қаранг.
«Эл-юрт ҳурмати» ордени 1 микрон қалинликдаги тилла қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади, у икки ёқлама нурлар таралувчи саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади. Юлдуз бурчаклари орасида мовий рангдаги шаффоф эмаль қопланган, таралувчи нур тутамлари жойлашган. Юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи 52 миллиметр. Нурларни ўз ичига олган доира диаметри — 49 миллиметр.
Орденнинг марказида, доирада қизил рангли йўл билан ҳошияланган Регистон архитектура мажмуи тасвирланган. Унинг орқасида, фон билан берилган, рангли эмаль қопланган водийлар ва тоғлар, улар узра эса мовий осмон фонида чиқиб келаётган қуёш тасвирланган. Бутун тасвир шаффоф эмаль билан қопланган бўлиб, у тасвир узра ярим доира сегментини ташкил этади.
Тасвир атрофи айлана билан ҳошияланган бўлиб, айлананинг юқори қисмида, оқ фонда «ЕL-YURT HURMATI» деган ёзув, айлананинг пастки қисмида яшил шаффоф эмаль билан қопланган дафна новдаси жойлашган.
Орқа томонининг пастки қисмида орденнинг тартиб рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзиғлиқ.
Орден Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи рангларидаги шойи лента сирилган қадағичга ҳалқа ва илмоқча ёрдамида уланади.
(«Эл-юрт ҳурмати» орденининг тавсифи Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда).
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 9-сон, 163-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда; 2003 й., 9-10-сон, 149-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.12.2019 й., 03/19/586/4106-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон )