Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 34-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси икки ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2014 йил 11 август,
223-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 11 августдаги 223-сон қарорига
ИЛОВА
Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 34-моддасига мувофиқ аэродромларни тугатиш (шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш мақсадида) тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом фуқаро, экспериментал ва давлат авиациясининг сертификатланган аэродромларига, шунингдек, биргаликда фойдаланиш (жойлашиш) аэродромларига татбиқ этилади.
II. Аэродромларни тугатиш сабаблари ва шартлари
3. Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш қуйидаги сабабларга кўра амалга оширилади:
аэродром асосий элементларининг табиий эскириши ёки табиий офатлар натижасида вайрон бўлиши ва фойдаланишга яроқсизлиги туфайли;
давлатнинг миллий хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб;
аэродром эксплуатантининг фойдаланишида бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилганлиги муносабати билан;
бош режага мувофиқ шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантириш муносабати билан;
атроф-муҳитга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарарли таъсири туфайли.
Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш ишлари Қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам амалга оширилиши мумкин.
4. Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш қуйидаги шартлар бажарилган ҳолда амалга оширилади:
аэродромларнинг тугатилиши Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахсларининг ҳамда бошқа давлатларнинг аэродромга нисбатан ҳуқуқлари ёки манфаатларини бузмаса;
аэродромларнинг тугатилиши фуқароларнинг ҳаётига ва соғлиғига ёки атроф-муҳит хавфсизлигига таҳдид солмаса;
аэродромларнинг тугатилиши давлатнинг миллий хавфсизлиги манфаатларини ва парвозлар хавфсизлигини бузмаса.
III. Аэродромларни тугатиш тартиби
5. Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги қарор (бундан буён матнда қарор деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда аэродром эксплуатанти томонидан қабул қилинади.
Қарор қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
аэродром эксплуатантининг номи ва маълумотлари;
аэродром (учиш майдони, ерда бошқариш йўлаклари, перрон ўлчамлари, учиш-қўниш йўлагининг хусусиятлари ва аэродромнинг ишга туширилган санаси) тўғрисидаги маълумотлар;
аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш сабаблари;
аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш муддатлари.
6. Келишиш учун қарор ёзма равишда расмийлаштирилади ва аэродромлар тугатилишидан ёки улар бошқа жойга кўчирилишидан уч ой олдин кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.
Қарор билан бир қаторда аэродром эксплуатанти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аэродром ҳудудида жойлашган иншоотлар ва жиҳозларни демонтаж қилиш ва ўрнатиш тартиби тўғрисида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган йўриқномани киритади.
7. Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги қарорни кўриб чиқиш ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тақдим этилган ҳужжатларни бир ой муддатда кўриб чиқади ва аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш бўйича комиссия (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузади.
Комиссия таркибига манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, аэродром эксплуатанти ҳамда зарур бўлган ҳолларда тегишли илмий-тадқиқот ва лойиҳа ташкилотларининг вакиллари киритилади.
Тугатилаётган ёки бошқа жойга кўчирилаётган аэродром ёхуд унинг мулкининг бир қисми давлат мулки бўлган ҳолларда комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ёки уларнинг ҳудудий органларининг вакиллари киритилади.
9. Ушбу Низомнинг 4, 5 ва 6-бандларида назарда тутилган сабаблар мавжуд бўлмаса ҳамда аэродромдан фойдаланувчи томонидан белгиланган шартларга риоя қилинмаган бўлса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аэродромларни тугатишни, шу жумладан уларни бошқа жойга кўчиришни рад этиши мумкин.
10. Комиссия тузилган кундан бошлаб 30 кун ичида:
ҳужжатларни ўрганади, аэродромни кўздан кечиради, унинг техник ва эксплуатацион ҳолатини белгилайди;
аэродромдан ҳамда унинг алоҳида иншоотлари ва жиҳозларидан доимий фойдаланиш имконияти мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди;
ушбу Низомнинг 5- ва 6-бандларида назарда тутилган аэродромларни тугатиш шартларига риоя этилишини текширади;
ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ аэродромни тугатиш, шу жумладан, уни бошқа жойга кўчириш имконияти тўғрисида далолатнома (бундан буён матнда далолатнома деб юритилади) тузади.
11. Далолатномада аэродром иншоотлари ва жиҳозларининг техник ва эксплуатацион ҳолатининг текшируви, текширув натижалари, шунингдек, аэродромни тугатиш, шу жумладан уни бошқа жойга кўчириш имконияти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса акс эттирилиши керак.
Далолатнома икки нусхада тузилади ва комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади.
Аэродром иншоотлари ва жиҳозларини текшириш натижалари бўйича уларнинг техник ҳолатини баҳолаш далолатномаси ва объектлар ёки жиҳозларни фойдаланишдан чиқариш тўғрисидаги далолатномалар тузилади, улар комиссия хулосасига илова қилинади.
Комиссия қарори билан далолатномада тугатилаётган ёки бошқа жойга кўчирилаётган аэродромга оид бошқа қўшимча маълумотлар ҳам акс эттирилиши мумкин.
12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига расмийлаштирилган далолатнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар киритилади. Ўрганиш натижалари бўйича аэродромни тугатиш, шу жумладан уни бошқа жойга кўчириш тўғрисида Ўзбекистон Республика Вазирлар Маҳкамасининг регламентига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланади.
13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори аэродромни тугатиш, шу жумладан уни бошқа жойга кўчириш учун асос бўлади.
14. Аэродром тугатилгандан кейин аэродром эксплуатанти ер участкасини мақсадли фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтиради.
15. Аэродром эксплуатанти аэродромни тугатиш бўйича ишлар якунлангандан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли маълумотларни тақдим этади.
Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Аэродромларни тугатиш, шу жумладан, уларни бошқа жойга кўчириш тўғрисидаги қарорни кўриб чиқиш
СХЕМАСИ
Аэродромларни тугатиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Аэродромни тугатиш (кўчириш) имконияти тўғрисидаги

ДАЛОЛАТНОМА


 

Тугатиш (кўчириш) комиссияси қуйидагилардан иборат:

Комиссия раиси ___________________________________________________________________________________________________

Комиссия аъзолари ________________________________________________________________________________________________

аэродромни тугатиш (кўчириш) тўғрисида қарор қабул қилиш учун унинг объектлари ва жиҳозларини кўрикдан ўтказди.

Аэродромнинг юридик манзили _____________________________________________________________________________________

Аэродром эгаси __________________________________________________________________________________________________

Аэродром эксплуатанти __________________________________________________________________________________________

Аэродром тоифаси _______________________________________________________________________________________________

Фаолият бошланган сана __________________________________________________________________________________________

Бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш ______________________________________________________________________

Асосий ишлаб чиқариш фондларининг таннархи (жами)_____________________________________________________________ сўм.

Асосий ишлаб чиқариш фондларининг ҳисобланган эскириш суммаси

_____________________________________________________________________________________________________________ сўм.

Асосий ишлаб чиқариш фондларининг қолдиқ қиймати ________________ сўм.

Асосий ишлаб чиқариш фондларини ҳисобдан чиқаришдан (тугатишда, авария ёки табиий офатда) йўқотишлар ____________ сўм.

Аэродромнинг асосий ишлаб чиқариш фондларига тегишли ҳар бир объект ва ускунанинг қолдиқ қиймати: _________________ сўм.

________________________________________________________________________________________________________________

Аэродромни тугатиш ёки кўчириш учун зарур бўлган харажатлар

______________________________________________________________________________________________________________ сўм.

Аэродромнинг техник ҳолати тавсифи
___________________________________________________________________________________________________________________

Комиссиянинг хулосаси ______________________________________________________________________________________________ __________________________________________________________________________________________________________________

Комиссия раиси:

Комиссия аъзолари: