Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастури тўғрисида
Янги замонавий ишлаб чиқаришларни қуришга, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга, транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмаларни жадал ривожлантиришга йўналтирилган стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни таъминлаш ва бунинг негизида янги иш ўринларини яратиш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ва жўшқин ривожлантиришга эришиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда ишлаб чиқилган Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастури капитал қўйилмаларининг асосий параметрлари, шунингдек 2013 йилги ижтимоий соҳа объектларини фойдаланишга топшириш прогнозлари ҳамда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш дастури 1 ва 3-иловаларга* мувофиқ маьқуллансин.
*1 ва 3 иловалар берилмайди
Инвестиция дастурини амалга оширишда қатнашаётган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига 2013 йилда объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишнинг асосий параметрларини тўлиқ ҳажмда ва белгиланган муддатларда сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.
2. Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда 2013 йилнинг 10 январигача бўлган муддатда 2012 йилда ишга туширилиши керак бўлган объектлар бўйича белгиланган топшириқлар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабларини танқидий ўрганиб чиқсин ҳамда амалда бажарилган ишларнинг ҳақиқий ҳажмларини ва молиялаштириш ҳажмлари ва манбалари, объектларни ишга туширишнинг тузатилган тармоқли жадваллари бўйича буюртмачилар билан пудрат ташкилотларининг келишилган таклифларини ҳисобга олган ҳолда 2013 йилда мазкур объектларни ишга туширишни таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига аниқ тадбирларни киритсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2012 йилда капитал қўйилмалар ҳажмларини ўз вақтида ўзлаштиришни таъминламаган ҳамда объектларни ишга тушириш бўйича шартнома мажбуриятларини бажармаган айбдор мансабдор шахсларга, шу жумладан инвестиция лойиҳалари буюртмачилари ва пудрат ташкилотлари раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чораларини кўрсин, шунингдек, мазкур объектларнинг 2013 йилда ишга туширилишини таъминлаш устидан қаттиқ назорат ўрнатсин.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2013 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 4-иловага* мувофиқ;
*4-илова берилмайди
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2013 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 5-иловага* мувофиқ;
*5-илова берилмайди
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2013 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 6-иловага* мувофиқ;
*6-илова берилмайди
2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Олий таълим муассасалари моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли дастури 7-иловага* мувофиқ;
*7-илова берилмайди.
2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг аниқ манзилли дастури 8-иловага* мувофиқ;
*8-илова берилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан хорижий кредитларни жалб этган ҳолда амалга ошириладиган 2013 йилги инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 9-иловага* мувофиқ;
*9-илова берилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб этган ҳолда 2013 йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 10-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*10-илова берилмайди.
4. Қуйидагилар:
тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда амалга ошириладиган 2013 йилги инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 11-иловага* мувофиқ;
*11-илова берилмайди.
2013 йилда ташкилотларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳаларининг манзилли дастури 12-иловага* мувофиқ;
*12-илова берилмайди.
2013 йилда амалга ошириладиган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, амалдагиларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг йиғма манзилли дастури 13-иловага* мувофиқ;
*13-илова берилмайди.
5. Буюртмачилар — вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига пудрат ташкилотлари ва технологик ускуналарни етказиб берувчилар билан биргаликда ишлаб чиқилган қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш календарь жадваллари билан узвий боғлиқ ҳолда молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини аниқлаштириб, 2013 йилги Инвестиция дастурига киритилган аввалги йилдан ўтувчи объектлар бўйича 2013 йилги қурилишларнинг манзилли рўйхатларини тақдим этсин;
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширишнинг белгиланган тартибда тасдиқланган тармоқли жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этсин;
бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган, 2013 йилда қурилиши янгитдан бошланадиган объектлар бўйича танлов савдоларини ўтказишни, янгитдан бошланадиган объектлар бўйича танлов савдолари ғолиблари билан пудрат шартномалари тузишни, молиялашни очиш учун ваколатли органларга белгиланган тартибда тақдим этган ҳолда титул рўйхатларини тасдиқлашни таъминласин.
танлов савдолари ниҳоясига етгач ўн кун муддатда 2013 йилги қурилишларнинг якуний манзилли рўйхатларини келишиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига тақдим этсин.
6. Қорақалпоғистон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастурига кирмай қолган лойиҳаларни ўз ичига оладиган минтақавий инвестиция дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда:
Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги Инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши, объектлар ва ишлаб чиқариш қувватларининг ўз вақтида ишга туширилиши, буюртмачилар ҳамда пудрат ташкилотлари томонидан бажарилаётган ишларнинг сифат талабларига қатъий риоя қилган ҳолда тузилган шартномаларнинг шартлари ижро этилиши юзасидан қаттиқ назорат ўрнатсин ҳамда зарур ҳолларда, мазкур қарор билан белгиланган, капитал қўйилмаларнинг лимитлари чегарасида, маблағларнинг амалда ўзлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда қурилишларнинг манзилли рўйхатларига тузатишлар киритсин;
ҳар ой якунлари бўйича 2013 йилги Инвестиция дастури бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб борсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 21 ноябрь,
ПҚ–1855-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 й., 11-сон, 326-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 23-сон, 300-модда)