Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини янада такомиллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг малакали эксперт тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, суд экспертизаси соҳасидаги тадқиқотларнинг илмий асосланганлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 849-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2024 й., 09/24/849/1038-сон)
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикасида суд экспертизаси институтини ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, суд экспертизаси муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, жамоат тартибини, хавфсизликни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларга махсус билимларни қўллаш йўли билан кўмаклашиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судларнинг махсус билимларга бўлган эҳтиёжларини тизимли ўрганиш, замонавий илмий-техника ютуқлари, илмий тавсиялар ва илғор хорижий тажриба асосида янги методикаларни суд-экспертлик амалиётига жорий этиш;
фуқаролик, хўжалик ишлари, маъмурий ва жиноий ишлар, терговгача текширувлар материаллари бўйича суд экспертизаларини, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича эксперт ихтисосликларга мувофиқ тадқиқотларни ўтказиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича фаолиятни ташкил қилиш
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги 206-сонли қарорига асосан олтинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 16-сон, 274-модда)
махсус билимлар ва техника воситаларини қўллашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари ходимларига методик ёрдам кўрсатиш, уларни суд экспертизаси соҳасидаги замонавий ютуқлар ва имкониятлар билан таништириш;
махсус билимлар асосида ҳуқуқбузарликларни содир этишга олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 февралдаги 161-сонли қарорига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон)
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
айрим оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, шахси аниқланмаган мурдалар, шунингдек бедарак йўқолган шахслар бўйича ДНК маълумотлари миллий базасини (геном маълумотларни) яратишга доир ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар комплексини икки ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқласин;
2013-2014 йилларда Марказда тадқиқотларнинг рақамли технологиялар, шунингдек электроакустик монтаж белгилари асосида аудио ва видеоманбаларни комплекс тадқиқ қилиш; ер участкаларига бўлган эгалик ҳуқуқлари қийматини эксперт баҳолаш; ташқи савдо фаолиятининг суд-иқтисодий экспертизаси; суд-экологик, суд-сиёсатшунослик-лингвистик, суд-филологик экспертизалар каби янги турларини ташкил этиш тадбирлари режасини икки ой муддатда тасдиқласин;
фан ва техниканинг сўнгги ютуқларига, илмий тавсияларга асосланган янги тадқиқотлар турлари Марказнинг суд-экспертлик амалиётига жорий этилишининг ҳолати юзасидан доимий мониторингни таъминласин.
4. Марказ ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядлар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2022 йил 1 январдан бошлаб Марказнинг раҳбар ходимларига ва экспертларига алоҳида меҳнат шароитлари учун тариф ставкасига рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблаб ёзишда лавозим маоши таркибига киритиладиган ҳар ойлик устама 50 фоиз деб белгилансин.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 11-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.01.2022 й., 09/22/11/0007-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирига Марказ тушумларини фойдаланиш тўғрисидаги тартибни Молия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 январдаги 11-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.01.2022 й., 09/22/11/0007-сон)
5. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказ ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш шартлари;
(5-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 7-боби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Марказнинг раҳбар ходимларига ва экспертларига лавозим маошларига мартаба даражаси ва муайян йил ишлаганлиги учун бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан тўланадиган устамалар ва қўшимча ҳақ сақлаб қолинсин.
(5-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 октябрдаги 873-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.10.2017 й., 09/17/873/0180)
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ижтимоий соҳага назарда тутилган маблағлар доирасида, ушбу қарорнинг амалга оширилиши, шу жумладан Марказ ходимлари сонининг кўпайтирилиши, Марказни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда суд экспертизаларининг янги турларини ўтказиш ва жорий этиш учун уни сарфлаш материаллари билан таъминлаш ва ДНК маълумотлари миллий базасини (геном маълумотларни) яратиш билан боғлиқ қўшимча харажатлар учун маблағлар ажратсин, 2013 йилдан бошлаб эса ушбу маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2013 — 2015 йилларда Марказни замонавий тадқиқот ва криминалистика ускуналари билан жиҳозлаш учун халқаро молия институтлари ва донор мамлакатлар грантларини жалб этиш тўғрисидаги масалани ишлаб чиқсин.
8. Марказ ўз фаолиятини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича четдан келтириладиган криминалистика ускуналари, реактивлар ва сарфлаш материаллари учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан 2016 йил 1 январгача озод қилинсин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Марказнинг янги ихтисослаштирилган биносини қуриш учун ер участкаси ажратилишини таъминласин.
10. Марказнинг ихтисослаштирилган биносини қуриш бўйича буюртмачи функцияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига юклансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Инвестиция дастурини шакллантиришда 2013 йилда – лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга, 2014 йилдан бошлаб эса – Марказнинг ихтисослаштирилган биносини қуришга зарур бюджет маблағларини назарда тутсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда Марказнинг тузилмаси ўзгарганлигини ва унга ушбу қарорда назарда тутилган қўшимча вазифалар юкланганлигини ҳисобга олган ҳолда унинг Уставини янги таҳрирда тасдиқласин.
13. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг экспертиза хизматини ривожлантириш тўғрисида» 1995 йил 22 июндаги 234-сон қарори;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2003 йил 30 апрелдаги 197-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 4-сон, 34-модда) илованинг 7-банди;
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгаш фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2010 йил 15 декабрдаги 299-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 12-сон, 67-модда) 3-илова.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Н.Т. Йўлдошев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 14 ноябрь,
321-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 849-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2024 й., 09/24/849/1038-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 18 декабрдаги 849-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.12.2024 й., 09/24/849/1038-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 14 ноябрдаги 321-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш
РАЗРЯДЛАРИ
|
Лавозимлар номи |
Тариф разряди |
| Директор | 16 |
| Директор ўринбосари | 14 |
| Илмий котиб, лаборатория мудири (бўлим, бўлинма) | 12 |
| Бош эксперт | 11 |
| Етакчи эксперт | 10 |
| Катта эксперт | 9 |
| Эксперт | 8 |
| Иш ўрганувчи-эксперт* | 7 |
| Бош бухгалтер | 13 |
| Кадрлар бўлими бошлиғи | 13 |
| Марказлаштирилган таъминот хизмати бошлиғи | 8 |
| Бухгалтер | 8 |
| Иқтисодчи | 8 |
| Девонхона мудири | 8 |
| Кутубхона мудири |
6 |
| Катта нозир (кадрлар бўлими) |
6 |
| Катта лаборант (олий маълумотли) | 5 |
| Лаборант (олий маълумотсиз) | 4 |
| Нозир (девонхона) | 4 |
| Омборхона мудири | 4 |
* Мустақил ишлашга тайёрлаш даврида суд эксперти сифатида эксперт лавозимларига 2 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга қабул қилинган шахслар.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 46-47-сон, 522-модда; 2015 й., 26-сон, 338-модда; 2017 й., 16-сон, 274-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 26.10.2017 й., 09/17/873/0180; 23.02.2019 й., 09/19/161/2600-сон, 22.04.2019 й., 09/19/338/3003-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.01.2022 й., 09/22/11/0007-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 19.12.2024 й., 09/24/849/1038-сон)