|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 23.07.2008
|
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 22 июлдаги ЎРҚ-163-сонли «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни билан ўз кучини йўқотган.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиши ва уни бошқариш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
2-модда. Қимматли қоғозлар бозори
Қимматли қоғозлар бозори — жисмоний ва юридик шахсларнинг қимматли қоғозлар чиқариш, уларнинг муомалада бўлиши ва ҳақини тўлаш билан боғлиқ муносабатлари тизимидир.
Қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари — қимматли қоғозларнинг эмитентлари, инвесторлар, инвестиция институтлари, шунингдек уларнинг бирлашмалари (уюшмалари), фонд биржалари (биржаларнинг фонд бўлимлари), давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини бошқариш ва мувофиқлаштириш ваколати берилган органлар ва бошқалардан иборатдир.
З-модда. Инвестиция институтлари
Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтларининг қуйидаги турлари фаолият кўрсатиши мумкин:
инвестиция воситачиси (молия брокери ва дилери);
инвестиция маслаҳатчиси;
инвестиция компанияси;
инвестиция фонди;
бошқарувчи компания;
депозитарий;
ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ташкилоти);
қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини сақловчи;
қимматли қоғозларни номинал сақловчи;
инвестиция институтларининг бошқа турлари.
Инвестиция институтлари ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин, фақатгина очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилиши мумкин бўлган инвестиция фонди бундан мустасно.
Инвестиция институтлари тузиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва уларни тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилади.
4-модда. Фонд дўконлари
Фонд дўконлари — инвестиция институтларининг таркибий бўлинмалари бўлиб, жисмоний шахслар учун қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари майда улгуржи ва чакана савдосини амалга оширади.
Фонд дўконлари инвестиция воситачилари, инвестиция компаниялари ва бошқарувчи компаниялар томонидан очилиши мумкин.
Фонд дўконларини очиш, уларнинг фаолият кўрсатиши ва уларни тугатиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Қаранг: Фонд дўконларини очиш, улар томонидан қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ги низом (рўйхат № 278, 27.08.1996 й.).
II. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИНГ ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИ
5-модда. Қимматли қоғозлар бозорида савдони ташкил этиш
Қимматли қоғозлар бозорида савдони лицензия асосида иш олиб борадиган фонд биржалари (биржаларнинг фонд бўлимлари) ва инвестиция институтлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этадилар.
Инвестиция институтлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар билан биржадан ташқарида савдо қилишни ташкил этувчи бўлинмалар тузишга ҳақли.
6-модда. Қимматли қоғозлар бозорида савдо қилишнинг асосий принциплари
Қимматли қоғозлар бозорида савдо қилишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
барча потенциал инвесторлар ўз маблағларини фойдали тарзда жойлаштиришлари учун уларга шарт-шароитлар яратиб бериш;
қимматли қоғозлар бозорида тузиладиган битимларнинг ихтиёрийлиги;
эркин рақобат йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш;
нархларни реал таркиб топадиган талаб ва таклиф асосида белгилаш;
қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларига унинг барча қатнашчиларининг қатъий риоя этиши;
биржа ва биржадан ташқари операциялар, котировкалар, эмитентларнинг молиявий ҳолати тўғрисидаги ахборот ошкор этилишининг шартлиги;
ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган барча инвесторлар ва эмитентлар учун бозордан фойдаланиш мумкинлиги;
қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентларига доир ахборотнинг тўла ошкор этилишини, ошкораликни ва бу ахборотдан барча қатнашчилар фойдалана олишини таъминлаш;
инвесторлар ва эмитентларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш;
қимматли қоғозлар бозорида товламачилик ва бошқа ноқонуний фаолиятни тақиқлаш ҳамда таъқиб қилиш.
Қимматли қоғозлар бозорида савдонинг асосий принципларига риоя этилиши давлатнинг тартибга солишга оид чора-тадбирлари билан бирга фонд биржалари ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг бирлашмалари (уюшмалари) ишлаб чиққан савдо қоидаларини уйғунлаштириш асосида таъминланади.
7-модда. Қимматли қоғозлар олди-сотдисига доир битимлар
Инвесторлар томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлар биржа бозорлари ва биржадан ташқари бозорларда қайта сотилиши мумкин. Инвесторлар олди-сотдиларни инвестиция институтлари орқали ҳам, мустақил ҳолда ҳам амалга оширишлари мумкин.
Эгаси ёзилган қимматли қоғозларнинг олди-сотдисига доир битимлар томонларнинг ўз хоҳиш-иродаларини изҳор этганликларини қайд этиш имконини берадиган ҳужжат шаклида амалга оширилади.
Эгаси ёзилмаган қимматли қоғозлар олди-сотдисига доир битимлар томонларнинг ўз хоҳиш-иродаларини изҳор этганликларини қайд этиш имконини берадиган ҳужжат шаклида амалга оширилади, воситачисиз тузиладиган ва тузилган пайтда бажариладиган битимлар бундан мустасно.
Давлат мол-мулкини бошқаришга вакил қилинган орган томонидан акциялар олди-сотдисига доир битимлар биржадан ташқари бозорда мустақил суратда, инвестиция воситачилари иштирокисиз Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгилайдиган тартибда амалга оширилиши мумкин.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
8-модда. Қимматли қоғозлар бозорида воситачилик
Қимматли қоғозлар бозорида воситачиликни инвестиция воситачилари амалга оширадилар.
Қимматли қоғозлар бозорида брокерлик ва (ёки) дилерлик фаолиятини амалга ошираётган инвестиция институти инвестиция воситачиси ҳисобланади.
Топшириқ шартномалари ёки воситачилик ҳақи асосида ёхуд битимлар тузиш учун берилган ишончнома асосида иш олиб бориб, ваколатли шахс ёки воситачи сифатида қимматли қоғозлар юзасидан фуқаролик-ҳуқуқий битимларни амалга ошириш брокерлик фаолияти ҳисобланади.
Муайян қимматли қоғозларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш нархларини ошкора эълон қилиш ҳамда ушбу қимматли қоғозларни эълон қилинган нархлари бўйича сотиб олиш ва (ёки) сотиш мажбуриятини олиш йўли билан ўз номидан ва ўз ҳисобидан қимматли қоғозларга доир олди-сотди битимларини тузиш дилерлик фаолияти ҳисобланади.
Қимматли қоғозлар бозоридаги инвестиция воситачилари фаолияти «Инвестиция воситачилари тўғрисида»ги низом (рўйхат № 1108, 13.03.2002 й.) билан тартибга солинган.
9-модда. Маслаҳат бериш борасидаги фаолият
Қимматли қоғозлар бозорини ва унинг иштирокчиларини таҳлил этиш ва истиқболини аниқлаш, молиявий воситаларни (молиявий мажбуриятларни) экспертиза қилиш, ишлаб чиқиш ва тавсия этиш бўйича хизматлар кўрсатиш, қимматли қоғозлар чиқариш, уларни жойлаштириш ва муомалага киритиш, мутахассисларни қайта тайёрлаш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар инвестиция сиёсатини амалга оширишлари хусусида маслаҳатлар бериш соҳасидаги хизматлар маслаҳат бериш борасидаги фаолият дейилади.
Қимматли қоғозлар бозорида маслаҳат бериш фаолияти билан шуғулланувчи инвестиция институти инвестиция маслаҳатчиси деб аталади. Юридик ёки жисмоний шахс инвестиция маслаҳатчиси бўлиши мумкин.
Инвестиция маслаҳатчиси мижоз мустақил равишда бир қарорга келиши учун унга зарур ахборотни беради ва муайян қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки сотиш бўйича тавсиялар беришга ҳақли эмас.
10-модда. Инвестиция компаниясининг фаолияти
Қимматли қоғозлар чиқарадиган ва уларни жойлаштириш бўйича учинчи шахслар фойдасига кафолатлар берадиган, қимматли қоғозларга маблағ соладиган, ўз номидан ва ўз ҳисобидан, шу жумладан қимматли қоғозларни котировкалаш (инвестиция компанияси сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган муйаян қимматли қоғозларни сотиш нархини ва сотиб олиш нархини эълон қилиш) ҳисобидан қимматли қоғозлар олди-сотдисини амалга оширадиган юридик шахс инвестиция компаниясидир.
Инвестиция компаниялари ўз ресурсларини фақат муассисларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек реинвестиция қилинган ўз маблағлари ҳисобидан ташкил этадилар ва юридик ҳамда жисмоний шахсларга сотиладиган ўз қимматли қоғозларини эмиссия қиладилар.
Инвестиция компаниялари аҳолининг омонатлари ва маблағлари ҳисобидан ўз жалб этилган ресурсларини ташкил этиш ҳуқуқига эга эмаслар.
11-модда. Инвестиция фондининг фаолияти
Инвесторларнинг пул маблағларини ишга солиш мақсадида акциялар сотиб оладиган ва чиқарадиган ҳамда маблағларни фонд номидан қимматли қоғозларга, банклардаги ҳисобварақларга ва омонатларга қўядиган юридик шахс инвестиция фондидир.
Инвестиция фондларининг маблағларни бундай қўйиш билан боғлиқ таваккалчилиги, бу маблағларнинг бозордаги қадри ўзгаришидан келадиган даромад ва кўриладиган зарар тўла-тўкис ушбу фонд эгалари (акциядорлари) ҳисобига ўтказилади ва улар томонидан фонд акцияларининг жорий нархлари ўзгариши ҳисобига реализация қилинади.
Банклар ва суғурта компаниялари инвестиция фондлари бўла олмайди.
12-модда. Бошқарувчи компаниянинг фаолияти
Бошқа инвестиция институтларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг инвестиция активларини бошқариш соҳасида фаолият кўрсатадиган, шунингдек қимматли қоғозлар олди-сотдисини амалга оширадиган инвестиция институти бошқарувчи компания деб аталади.
Юридик шахснинг эгалик қилиш учун ўзига берилган ва бошқа бир шахсга тегишли бўлган, мазкур шахс ёки бу шахс кўрсатган учинчи шахслар манфаатларини кўзлаб:
қимматли қоғозларни;
қимматли қоғозларни инвестициялашга мўлжалланган пул маблағларини;
қимматли қоғозларни бошқариш жараёнида олинадиган пул маблағлари ҳамда қимматли қоғозларни ҳақ эвазига бошқариш ваколатини муайян муддат давомида ўз номидан амалга ошириши қимматли қоғозларни бошқариш соҳасидаги фаолият ҳисобланади.
Қимматли қоғозларни бошқариш фаолиятини амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари ва шартномалар билан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазиpлаp Маҳкамасининг 2003 йил 19 апрелдаги 189-сон қарори билан тасдиқланган Бошқарувчи компаниялар тўғрисидаги низом. Ишончли бошқариш масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 849—861-моддалари билан ҳам тартибга солинган.
1З-модда. Депозитар фаолият
Қимматли қоғозларни сақлаш ва (ёки) бу қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиб бориш бўйича хизматлар кўрсатиш депозитар фаолият деб ҳисобланади.
Депозитар фаолият билан шуғулланадиган инвестиция институти депозитарий деб аталади. Фақат юридик шахсгина депозитарий бўла олади.
Депозитарийнинг қимматли қоғозларни сақлаш ва (ёки) бу қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиб бориш соҳасидаги хизматларидан фойдаланувчи шахс депонент деб аталади.
Инвесторлар ўз акциялари ва бошқа қимматли қоғозлари сақланишини таъминлаш мақсадида қимматли қоғозларни:
қоғоз сертификатлар;
компьютердаги электрон бухгалтерия ёзувлари шаклида сақлаш ва алмашиш ҳуқуқига эгалар.
Депозитар хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш депонентнинг қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи депозитарийга ўтишига олиб келмайди.
Депозитарий ўзига депонентга қўйилган қимматли қоғозларнинг бут сақланиши учун, шунингдек қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиб бориш бўйича ўз бурчларини бажармаганлиги ёки тегишли даражада бажармаганлиги учун, шу жумладан депонент ҳисобварақлари бўйича ёзувларнинг тўлалиги ва тўғрилиги учун қонунда белгилангандек жавобгар бўлади.
Депонентларнинг қимматли қоғозларига депозитарийнинг мажбуриятлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин эмас.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида»ги Қонуни.
14-модда. Қимматли қоғозлар юзасидан ўзаро мажбуриятларни аниқлаш ва ҳисобга олиш (клиринг)
Ўзаро мажбуриятларни белгилаш, аниқлаш ва ҳисобга олишга доир фаолият клиринг деб ҳисобланиб, бу фаолият битимга доир ахборотни тўплаш, солиштириш, унга тузатиш киритиш ҳамда қимматли қоғозларга доир фуқаровий-ҳуқуқий битимларни ижро этиш учун бухгалтерия ҳужжатларини тайёрлаш операцияларини назарда тутади.
Қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини амалга оширувчи инвестиция институтлари ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ташкилоти) деб аталади.
Қимматли қоғозларга доир операциялар юзасидан ҳисоб-китоб олиб борилиши муносабати билан клирингни амалга оширувчи ташкилотлар ўзаро мажбуриятларни аниқлаш чоғида тайёрлаб қўйилган қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва бухгалтерия ҳужжатларини ижрога қабул қилиб олаётганларида қимматли қоғозлар бозорининг қайси қатнашчиси учун ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилаётган бўлса, шу қатнашчи билан тузган ўз шартномаларига асосланадилар.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 29 апрелдаги 196-сон қарори билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар бозорида ҳисоб-китоб-клиринг палаталари тўғрисидаги низом.
15-модда. Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш соҳасидаги фаолият
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизимини ташкил этадиган ва бу тизимга тааллуқли бўлган маълумотларни тўплаш, қайд этиш, қайта ишлаш, сақлаш ва тақдим этиш қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш соҳасидаги фаолият деб ҳисобланади.
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш бўйича хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи инвестиция институти қимматли қоғозлар эгалари реестрини сақловчи (реестр сақловчи) деб аталади.
Қимматли қоғозлар эгалари реестри рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг исталган санадаги ҳолат бўйича тузилган рўйхати бўлиб, уларга қарашли эгаси ёзилган қимматли қоғозларнинг миқдори, номинал қиймати ва тоифаси ушбу рўйхатда кўрсатилади.
Эмитент ёки унинг топшириғи асосида реестр юритиш фаолиятини амалга оширадиган инвестиция институти реестр сақловчи бўлиши мумкин.
Агар қимматли қоғозлар эгаларининг сони 500 дан ошиб кетса, реестр сақловчи реестр юритишга ихтисослашган мустақил ташкилот бўлиши керак.
Қуйидагилар қимматли қоғозлар эгалари реестрини сақловчи бўла олмайдилар:
жисмоний шахслар;
шу акциядорлик жамиятининг акциядорлари бўлган ёки унинг акцияларини назорат қиладиган юридик шахслар.
Қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш бўйича фаолият олиб борувчи юридик шахс эмитентнинг қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизимида рўйхатга олинган қимматли қоғозлари юзасидан битимлар тузишга ҳақли эмас.
Реестр юритиш ҳақидаги шартнома фақат битта юридик шахс билан тузилади.
16-модда. Қимматли қоғозларни номинал сақловчининг фаолияти
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи — қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмагани ҳолда бошқа шахснинг (қимматли қоғозлар мулкдори ёки бошқа вакил қилинган сақловчининг) топшириғига мувофиқ ўз номидан акцияларни сақлайдиган шахсдир.
Қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг топшириғи билан ва унинг номидан қимматли қоғозлар юзасидан битимлар тузувчи банклар, депозитарийлар (инвестиция фонди акцияларидан ташқари), инвестиция институтлари қимматли қоғозларни номинал сақловчилар бўлиши мумкин.
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи бошқа шахснинг топшириғига мувофиқ ўзи сақлаётган қимматли қоғозлар юзасидан:
ушбу шахс мазкур қимматли қоғозлар бўйича ўзига тегиши керак бўлган ҳамма тўловларни олишини таъминлашга қаратилган ҳаракатларнинг барчасини амалга ошириши;
қимматли қоғозлар юзасидан битимлар ва операцияларни фақат ўзига акцияларни сақлаб туриш ҳақида топшириқ берган шахснинг топшириғига мувофиқ ва у билан тузилган шартномага кўра амалга ошириши;
бошқа шахсларнинг топшириғига кўра ўзи сақлаб турган қимматли қоғозлар ҳисобини балансдан ташқарида алоҳида ҳисобварақларда ҳисобга олиб бориши ва қимматли қоғозларни сақлаб туриш ҳақида топшириқ берган шахсларнинг талабларини қондириш мақсадида ушбу ҳисобварақларда доимо етарли миқдорда қимматли қоғозларга эга бўлиши керак.
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи қимматли қоғозлар реестрини сақловчига қимматли қоғозларни сақлаш бўйича топшириқ берган шахслар тўғрисидаги маълумотларни йилда камида бир марта тақдим этиб, қимматли қоғозлар сонини ва тоифалари (турлари)ни кўрсатиши шарт.
Қимматли қоғозларни номинал сақловчи ўз мижозларининг топшириғига биноан сақлаб турган қимматли қоғозлар номинал сақловчининг кредиторлари фойдасига ундириб олиниши мумкин эмас.
17-модда. Қимматли қоғозлар бозорида банкларнинг фаолияти
Қимматли қоғозлар бозорида банкларнинг фаолияти ушбу Қонун билан, шунингдек «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлар билан тартибга солиб турилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июлдаги 308-сонли «Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни (инвестиция институтларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини) лицензиялаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширадилар.
18-модда. Қимматли қоғозлар бозорида фаолият турларини қўшиб олиб бориш
Инвестиция маслаҳатчиси, инвестиция фонди ва бошқарувчи компания фаолиятини амалга ошириш уни қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятнинг бошқа турлари билан қўшиб олиб боришга йўл қўймайди.
Реестрни юритиш фаолиятини амалга ошириш уни қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятнинг бошқа турлари билан (депозитар фаолият туридан ташқари) қўшиб олиб боришга йўл қўймайди.
Қимматли қоғозлар юзасидан фаолият турларини қўшиб олиб бориш ва операциялар ўтказиш соҳасидаги қўшимча чеклашлар давлат ваколат берган орган томонидан белгиланади.
19-модда. Инвестиция институтларининг бирлашмалари (уюшмалари)
Инвесторлар, инвестиция институтлари ва бошқа мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тижоратчи бўлмаган ташкилотлар тарзида инвестиция институтларининг бирлашмалари (уюшмалари) ташкил этилиши мумкин.
Бирлашма (уюшма)нинг барча даромадлари у томонидан фақат устав вазифаларини бажариш учун сарфланади ҳамда қатнашчилар ўртасида тақсимланмайди.
III. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИ БОШҚАРИШ
20-модда. Қимматли қоғозлар бозорини бошқариш асослари
Қимматли қоғозлар бозорининг давлат бошқаруви ваколатли органлар томонидан:
қимматли қоғозлар ва эмиссия проспектларини чиқаришни рўйхатга олиш, эмитентларнинг уларда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларга риоя қилишлари устидан назоратни амалга ошириш;
Қўшимча маълумот учун қаранг: Корпоратив облигацияларни чиқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва улар бўйича қарзларни узиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат № 1158, 10.07.2002 й.) ва Акциядорлик жамиятлари акцияларини чиқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва чиқарилган акцияларни бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат № 1159, 10.07.2002 й.).
ушбу Қонуннинг 24 ва 26-моддаларига мувофиқ қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборот эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари томонидан маълум қилинишини таъминлаш;
Қўшимча маълумот учун қаранг: Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари томонидан ахборотни очиш тўғрисидаги низом (рўйхат № 1127, 18.04.2002 й).
мутахассисларни аттестациялаш, инвестиция институтлари фаолиятини лицензиялаш ва назорат қилиш;
Қўшимча маълумот учун қаранг: Қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини олиш учун жисмоний шахсларни аттестация (қайта аттестация)дан ўтказиш тўғрисидаги низом (рўйхат № 660, 03.03.1999 й.).
инвесторлар ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг бошқа иштирокчилари берган шикоятларни кўриб чиқиш ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари бажариши мажбурий бўлган хулосалар чиқариш, кўрсатмалар бериш йўли билан амалга оширилади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг бузилишига доир ишларни кўриб чиқиш ва жазо қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат № 1131, 23.04.2002 й.).
21-модда. Қимматли қоғозларга доир битимларни тартибга солиш
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар юзасидан тузиладиган битимларни тартибга солиш биржалардаги ва биржалардан ташқаридаги олди-сотди битимларига, шунингдек қимматли қоғозларни совға қилиш, мерос қилиб олишга, устав фондига киритишга ҳамда уларнинг мулкдори ўзгаришига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни амалга оширишга нисбатан қўлланилади.
Инвестиция институтлари битимларни фақат қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган шаклдаги топшириқ шартномалари ёки воситачилик ҳақлари асосида уларда кўрсатилган барча зарур шартларга аниқ риоя қилган ҳолда мижозлар ҳисобидан амалга оширишлари мумкин.
Мижоз ёки унинг топшириқ шартномаси бўйича ишончли вакили шартнома бажарилгунча бир ёқлама тартибда унинг амал қилишини тўхтатиш ҳуқуқига эга.
Топшириқ шартномасини тузиш ва ижро қилиш билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 817—825-моддалари билан тартибга солинган.
22-модда. Қимматли қоғозлар бозорида операцияларни амалга ошириш ва уларни рўйхатга олиш
Инвестиция институтларининг қимматли қоғозлар бозорида операцияларни амалга оширишларига улар тегишли лицензияга эга бўлсалар рухсат этилади.
Қимматли қоғозлар бозорида амалга ошириладиган ва уларнинг нархи, эгаси, даромад келтириш даражаси ўзгариши, шунингдек қимматли қоғозлар юзасидан қилинадиган ўзаро ҳисоб-китоблар билан боғлиқ ҳар бир операция қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
Қимматли қоғозлар юзасидан тузилган битимлар улар амалга оширилган вақтда рўйхатдан ўтказилиши ва савдо қилинган жойда қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш (клиринг) контрактлари бўйича ҳисобот тарзида расмийлаштирилиши лозим.
Юридик шахслар ўртасида эгаси ёзилган қимматли қоғозлар, шунингдек эгаси ёзилмаган қимматли қоғозлар бўйича тузилган битимлар рўйхатдан ўтказилиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ташкилий йўсинда йўлга қўйилган бозорда олди-сотди битимлари тузиш чоғида битим тузиш ва унга оид ҳисоб-китоблар санаси ўртасидаги вақт қимматли қоғозлар ким ошди савдосининг ташкилотчиси қоидалари, бошқа ҳолларда эса олди-сотди шартномалари асосида белгиланади. Белгиланган муддатлар бузилган тақдирда битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва сотувчига етказилган зарар учун харидор айбдор эканлиги аниқланса, унинг жавобгарлигига сабаб бўлади.
(22-модданинг бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрдаги 447–II-сонли Қонуни таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 8-модда)
23-модда. Нархлар котировкаси
Қимматли қоғозлар нархини котировкалаш фонд биржалари томонидан марказлаштирилган тартибда, шунингдек биржадан ташқари бозорда дилерлар томонидан амалга оширилади.
Фонд биржалари қимматли қоғозлар нархини котировкалашни битим нархини, қимматли қоғоз курсини, қимматли қоғоз бўйича талаб ва таклиф нархини қайд қилиш, нархларнинг энг баланд ва энг паст даражаларини аниқлаш орқали амалга оширадилар.
Нархларни эмитентларнинг ўзлари котировкалашига йўл қўйилмайди.
24-модда. Инвестиция институтларининг фаолиятини лицензиялаш
Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолият давлат ваколат берган орган томонидан бериладиган махсус рухсатнома — лицензия асосида амалга оширилади.
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 9 июлдги 308-сонли қарори билан тасдиқланган Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни (инвестиция институтларининг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини) лицензиялаш тўғрисидаги низомга қаранг.
Лицензия берган орган инвестиция институтларининг фаолиятини назорат қилиб туради ва қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда берилган лицензияни чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Давлат томонидан ваколат берилган орган қимматли қоғозлар билан зарур даражада профессионал фаолият кўрсатилишини таъминлаш мақсадида:
жисмоний шахслар (инвестиция институтлари ва фонд биржаларининг ходимлари) қимматли қоғозлар бозори мутахассиси малака гувоҳномасини олишлари учун улар олдига қўйиладиган малака талабларини;
ўз маблағлари етарли бўлишининг мажбурий нормативларини ва қимматли қоғозлар билан амалга ошириладиган операциялар бўйича таваккалчиликни чекловчи бошқа кўрсаткичларни белгилайди.
Банклар қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни инвестиция институтлари учун ушбу Қонунда белгилаб қўйилган тартибда амалга оширадилар.
25-модда. Фаолиятнинг тақиқланган турлари
Қимматли қоғозлар бозорида фаолиятнинг тақиқланган турлари қуйидагилардир:
давлат рўйхатидан ўтказмаган ҳолда, эмитент ёки қимматли қоғозларга тааллуқли ахборотни ошкор этмасдан қимматли қоғозлар эмиссиясини амалга ошириш;
тегишли лицензиясиз қимматли қоғозлар бозорида фаолиятни амалга ошириш;
сохта битимлар, талабларни адекват ўзаро ҳисобга олиш, қисқа муддатли сунъий битимларни амалга ошириш орқали қимматли қоғозлар бозорида манипуляция қилиш;
муҳим, конфиденциал ахборотдан қонунга хилоф фойдаланиш;
айрим қатнашчиларнинг мавқеида устунлик яратиш мақсадида қандайдир белгиларга қараб қимматли қоғозлар бозорини бўлиш;
қимматли қоғозлар бозорида савдо қилишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган асосий принципларига зид бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириш.
IV. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИНИ АХБОРОТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ
26-модда. Эмитентларнинг ахборотни ошкор қилиши
Эмитент ўз қимматли қоғозлари ва молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ахборотни қуйидаги шаклларда ошкор қилиши шарт:
молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисида йиллик ҳисобот тузиш;
эмитентнинг, унинг шуъба ва тобе корхона ва ташкилотларининг қайта ташкил этилганлигини маълум қилиш;
эмитент активларининг қиймати бир марта 10 фоиздан ортиқроқ миқдорда кўпайиши ёки камайишига сабаб бўлган фактлар, эмитентнинг соф фойдаси ёки соф зарари бир марта 10 фоиздан ортиқроқ миқдорда кўпайишига олиб келган фактлар, миқдори ёки мол-мулкининг қиймати битим тузилган санадаги ҳолатга кўра эмитент активларининг 10 фоизидан ортиқни ташкил этадиган бир марталик битимларга оид фактлар тўғрисидаги маълумот;
эмитент томонидан қимматли қоғозлар чиқарилганлиги ҳақидаги, эмитентнинг қимматли қоғозлари бўйича ёзилган ва (ёки) тўланган даромадлар тўғрисидаги маълумот;
эмитентга қарашли ҳар қандай алоҳида турдаги қимматли қоғозларнинг 35 фоиздан ортиқроғига эга бўлган шахснинг эмитент реестрида пайдо бўлганлиги ҳақидаги маълумот;
реестрнинг ёпилиш саналари тўғрисидаги, эмитентнинг қимматли қоғозлар эгалари олдидаги мажбуриятларини бажариш муддатлари ҳақидаги, умумий йиғилишларнинг қарорлари тўғрисидаги маълумот;
эмитентнинг вакил қилинган органи томонидан қимматли қоғозлар чиқариш ҳақида қарор қабул қилингани тўғрисидаги маълумот.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари томонидан ахборотларни очиш тўғрисидаги низом (рўйхат № 1127, 18.04.2002 й.).
27-модда. Инвестиция институтларининг, фонд биржаларининг (биржалар фонд бўлимларининг) ва қимматли қоғозлар эгаларининг ахборотни ошкор қилиши
Инвестиция институти қуйидаги ҳолларда:
йилнинг бир чораги мобайнида бир эмитентнинг фақат бир турдаги қимматли қоғозлари билан операциялар ўтказганда;
бир эмитентнинг бир турдаги қимматли қоғозлари билан бир марта операция ўтказганда, агар бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур қимматли қоғозлар умумий сонининг камида 15 фоизини ташкил этса, ўзларининг қимматли қоғозлар билан амалга оширган операциялари ҳақидаги ахборотни ошкор қилиши шарт.
Фонд биржалари (биржаларнинг фонд бўлимлари) ва инвестиция институтлари ҳар қандай манфаатдор шахсга:
қимматли қоғозлар бозори қатнашчисига савдога ижозат бериш қоидаларини;
қимматли қоғозларни савдога қўйишга ижозат бериш қоидаларини;
битимлар тузиш ва уларни солиштириш қоидаларини;
битимларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини;
битимларни ижро этиш тартибини;
нархлар белгилашда алдовни чеклайдиган қоидаларни;
қимматли қоғозлар бозорида савдони ташкил этувчиларга хизмат кўрсатиш жадвалини;
юқорида санаб ўтилганларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш регламентини;
савдога қўйилган қимматли қоғозларнинг рўйхатини ошкор этишлари шарт.
Қимматли қоғозлар эгаси эмитентга қарашли ҳар қандай қимматли қоғозлар турининг З5 фоизи ва ундан ортиғига эга эканлиги ҳақидаги ахборотни ошкор этиши шарт.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари томонидан ахборотларни очиш тўғрисидаги низом (рўйхат № 1127, 18.04.2002 й.).
28-модда. Хизматда фойдаланиладиган ахборот
Ушбу Қонунда назарда тутилган мақсадларга мувофиқ, хизматда фойдаланиладиган ахборот дейилганда эмитент ва унинг чиқарган қимматли қоғозлари тўғрисидаги ҳамма ҳам фойдалана олмайдиган, ўз хизмат мавқеи, меҳнат вазифалари ёки эмитент билан тузилган шартномага биноан бундай маълумотга эга бўлган шахсларга қимматли қоғозлар бозорининг бошқа субъектларига нисбатан устунлик берадиган ҳар қандай ахборот тушунилади.
Хизматда фойдаланиладиган ахборотга эга бўлган шахслар жумласига:
эмитентнинг ёки у билан шартномалар орқали боғланган инвестиция институтининг бошқарув органлари аъзолари;
қимматли қоғозлар бозорида фаолият кўрсатувчи жисмоний шахслар;
эмитентнинг ёки у билан шартномалар орқали боғланган инвестиция институтининг аудиторлари;
давлат органларининг, фонд биржалари (биржалар фонд бўлимлари)нинг назорат қилиш, текшириш ёки бошқа ваколатлари туфайли мазкур ахборотдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган мансабдор шахслари кирадилар.
Хизматда фойдаланиладиган ахборотга эга шахслар бу ахборотдан битимлар тузиш учун фойдаланиш, шунингдек хизматда фойдаланиладиган ахборотни битимлар тузиш учун учинчи шахсларга бериш ҳуқуқига эга эмаслар.
Мазкур талабни бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
29-модда. Қимматли қоғозлар бозорида реклама
Қимматли қоғозлар бозоридаги рекламада уни берувчининг номи (исми) акс этган бўлиши керак. Инвестиция институти бўлган реклама берувчи реклама эълонига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида ўзи амалга оширадиган фаолият турлари ҳақидаги маълумотларни ҳам рекламага киритиши лозим.
Реклама берувчиларнинг:
ўз фаолияти тўғрисида, сотиб олиш ёки сотиш ёхуд бошқа битимлар тузиш учун тақдим этилаётган қимматли қоғозлар турлари ва уларнинг тавсифлари ҳамда бу битимларни тузиш шартлари ҳақида нотўғри ахборотни, шунингдек қимматли қоғозлар эгаларини ва бозорининг бошқа қатнашчиларини алдашга ёки чалғитишга қаратилган бошқа ахборотни рекламада кўрсатиши;
рекламада қимматли қоғозлар бўйича даромадларнинг кутилаётган миқдори ва уларнинг курс қиймати ўсиши ҳақидаги тахминларни кўрсатиши;
худди шундай фаолият билан шуғулланувчи қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларининг ёки худди шундай қоғозларни чиқарувчи эмитентларнинг ҳақиқий ёхуд гумон қилинган камчиликларини кўрсатиш йўли билан рекламадан ғаразли рақобат мақсадларида фойдаланиши тақиқланади.
Рекламада мазкур ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда қимматли қоғозлар рекламаси ғаразли реклама деб топилади.
Қимматли қоғозлар ва эмитентлар тўғрисидаги ҳамма фойдалана оладиган ахборот, шунингдек ваколатли органлар қимматли қоғозлар бозорини бошқариш соҳасидаги ўз вазифаларини бажаришлари муносабати билан уларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бериладиган ахборот қимматли қоғозлар бозоридаги реклама деб ҳисобланмайди.
Эмитент томонидан қимматли қоғозлар чиқарилгани ҳамда у ёзган ва (ёки) тўлаган дивидендлар тўғрисидаги ахборот реклама ҳисобланади.
V. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИНГ МАСЪУЛИЯТИ
30-модда. Инвесторларнинг масъулияти (таваккалчилиги)
Инвестицияларнинг объектини, шакли ва миқдорини танлаш масъулияти (таваккалчилиги) инвесторнинг ўз зиммасида бўлади, шунга мувофиқ, қимматли қоғозларга, шу жумладан акцияларга қилинган ўз инвестицияларини ҳимоялаш учун пировард масъулият (таваккал) ҳам инвесторнинг (акциядорнинг) зиммасида бўлади.
З1-модда. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Қимматли қоғозлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчиларига нисбатан:
мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилган қоидабузарликларни тугатиш тўғрисидаги кўрсатмани бажаришдан бўйин товлаганлик учун — энг кам иш ҳақининг 40 бараваридан 70 бараваригача миқдорда;
эмитентлар томонидан қимматли қоғозлар чиқаришнинг белгиланган тартиби инвесторларга зарар етказилишига олиб келадиган тарзда бузилганлиги учун — қимматли қоғозлар чиқариш ҳажмининг беш фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
қимматли қоғозларга доир битимлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган тартиби қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан бузилганлиги учун — қимматли қоғозларга доир битим суммасининг беш фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг 75 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда, мазкур қоидабузарлик такрор содир этилган тақдирда, қимматли қоғозларга доир битим суммасининг ўн фоизи миқдорида, бироқ энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда;
атайин нотўғри маълумотлар тарқатиш (тақдим этиш) йўли билан инвесторлар ва назорат органларини чалғитганлик учун — энг кам иш ҳақининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима солишдан иборат иқтисодий жазо чоралари қўлланилади.
Иқтисодий жазо чораларини қўллаш суд томонидан, қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлган ва жазо чоралари суммасини ихтиёрий равишда тўлаган ҳолларда эса, ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.
Хўжалик юритувчи субъектнинг охирги ҳисобот санасидаги жорий активлари суммасининг жами йигирма фоизидан ортиқ миқдорда қўлланилган иқтисодий жазо чораларини ундириш унга ундириладиган суммани ундириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ой мобайнида ойма-ой бўлиб тўлаш имкони берилган ҳолда амалга оширилади.
(31-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрдаги ЎРҚ-59-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2006 й., 41-сон, 405-модда)
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунини бузганлик учун ишларни кўриб чиқиш ва санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат № 1131, 23.04.2002 й.).
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 25 апрель,
218-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 5-6-сон, 56-модда; 2003 й., 1-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 41-сон, 405-модда)