ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
БОҒЛАР ҲАМДА МАДАНИЯТ ВА ИСТИРОҲАТ БОҒЛАРИ ХОДИМЛАРИ УЧУН МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2010 йил 6 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2160]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Боғлар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Вазир А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 27 ноябрь,
192-Б-сон
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2010 йил 27 ноябрдаги 192-Б-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Боғлар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Қоидалар боғлар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар боғлар ҳамда маданият ва истироҳат боғларига (бундан кейинги ўринларда боғлар деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
4. Боғларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.
II. Хавфсизлик бўйича умумий талаблар
1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
7. Боғларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:
меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;
тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;
меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;
ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);
ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;
ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ўзбекистон Республикаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир боғда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган боғда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган боғда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур боғ фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати боғнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита боғ раҳбарига бўйсунади.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Боғларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш
12. Боғ ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг V бўлими.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(13-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари ишлаб чиқилади ҳамда боғ ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш боғ раҳбарияти зиммасига юклатилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Боғлар ГОСТ 17.2.3.02-2014 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 22 декабрдаги 25-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3754, 12.01.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.01.2026 й., 10/26/3754/0042-сон)
16. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.
17. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.
4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш
18. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.
19. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва боғларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.
20. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.
21. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.
22. Боғ ходимлари махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг меъёрларига мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.
5-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати
23. Боғ ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.
24. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.
25. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.
26. Боғ раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.
6-§. Касбий танлов
27. Боғларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.
28. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.
29. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
30. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Боғларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
33. Боғ раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Мажбурий тиббий кўриклар боғга тиббий хизматлар кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, улар бўлмаган тақдирда эса боғ жойлашган ердаги даволаш-профилактика муассасалари томонидан ўтказилиши лозим.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
35. Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган ходимларни ишдан четлаштириши шарт.
(35-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
36. Даврий мажбурий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик боғ раҳбарияти зиммасига юкланади.
(36-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
37. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.
8-§. Боғ майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
38. Боғ майдонлари ва биноларнинг жойлашуви ШНҚ 2.07.01-23 «Аҳоли пунктларининг ҳудудларини ривожлантириш ва қуришни шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш» талабларига мос бўлиши керак.
(38-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
39. Боғда транспорт воситаларини ва пиёдаларни боғ ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.
40. Транспорт воситалари ва боғ ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси боққа кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.
41. Боғ майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.
42. Боғ майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.
43. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.
9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
44. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ШНҚ 2.09.02-23 «Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотлари. Лойиҳалаш талаблари»га мос келиши керак.
(44-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
45. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ШНҚ 2.09.02-23 «Корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳамда маъмурий-маиший бино ва иншоотлари. Лойиҳалаш талаблари»га мос келиши лозим.
(45-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
46. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавони ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.
47. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.
48. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.
49. Бинога транспорт воситаларини кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб ва ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.
50. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.
51. Транспорт воситаларини бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.
52. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.
53. Боғларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.
54. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда боғ раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.
55. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.
10-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
56. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабларига мос бўлиши лозим.
(56-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
57. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларини уланиши тақиқланади. Авария ёритишларни созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.
58. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.
59. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.
60. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.
61. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.
62. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёритқичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)ни ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёритқичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.
11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
63. Шамоллатиш ва иситиш ШНҚ 2.04.05-22 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабига мувофиқ бўлиши лозим.
(63-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
64. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.
65. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.
66. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.
67. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.
68. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12-§. Сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
(12-параграфининг номи Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
69. Сув билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими ШНҚ 2.04.01-22 «Биноларнинг ички сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабига мос келиши керак.
(69-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
70. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
71. Боғ ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимига уланган бўлиши лозим.
(71-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
72. Боғда оқова сувларни чиқариб юбориш тизими йўқ бўлганда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ёки туман (шаҳар) бўлимлари билан келишилган ҳолда боғда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларини мавжуд бўлишига рухсат этилади.
(72-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
13-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
73. Боғларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.
(73-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 26 октябрдаги 76-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-1, 14.11.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон)
74. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубилниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.
75. Ёритиш ва қувватли ускуналар ҳамда электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги шароитларга ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.
76. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёритқичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.
77. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.
78. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёритқичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.
79. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабел ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.
80. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёритқичлари бўлиши лозим.
81. Авария ёритқичлари бошқа ёритқичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.
82. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.
83. Электр аппаратлари ва агрегатларини нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги боғ бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.
84. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.
85. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.
86. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши лозим.
87. Боғнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.
III. Ишлаб чиқариш (технологик) жараёнларига қўйиладиган талаблар
1-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
88. Боғларда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.033-81 «Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Ёнғин хавфсизлиги. Атамалар ва таърифлар»га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.
(88-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 22 декабрдаги 25-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3754, 12.01.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.01.2026 й., 10/26/3754/0042-сон)
89. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.
90. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим
91. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғинни олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.
92. Боғларда ёнғин хавфсизлиги идоралари томонидан белгиланган меъёрларда ёнғинга қарши курашиш учун ўт ўчириш воситалари бўлиши лозим.
93. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.
94. Аттракционлар (аттракцион мажмуалари) ишлатиладиган ҳар бир майдон ёнғинга қарши воситалар (қум тўлдирилган яшик, курак, илмоқ, челак, сув тўлдирилган бочка ва бошқалар) билан жиҳозланган бўлиши керак.
2-§. Юк ортиш ва тушириш ишларида хавфсизлик талаблари
95. Юк ортиш ва тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
96. Боғларда барча юк ортиш ва тушириш ва оғир меҳнат категориясига тегишли юкни ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.
3-§. Аттракционларнинг бошқарув тизимларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
97. Аттракционларнинг бошқарув тизимлари уларнинг вазифасини кўрсатиб берадиган белги ва ёзувларга эга бўлиши ҳамда улар стандарт талабларига жавоб бериши керак.
98. Аттракционларнинг бошқарув тизими қизил рангли, «Стоп» тугмачасига эга бўлиши керак.
4-§. Қайиқларни ишлатишда хавфсизлик талаблари
99. Қайиқларда хизмат кўрсатувчи ходимлар боғ ҳудудидаги сув ҳавзаларининг харитасига эга бўлишлари лозим.
100. Қайиқларда хизмат кўрсатувчи ходимлар иш бошлашидан олдин ўзига бириктирилган ҳар бир қайиқнинг барча қисмларини соз ҳолатда эканлигини кўздан кечириши ва созлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин ишни бошлаши лозим.
101. Қайиқларда хизмат кўрсатувчи ходимлар иш фаолияти вақтида фавқулодда вазиятлар вужудга келганда, уни дарҳол бартараф этиш чораларини кўриши лозим.
5-§. Тупроқни тайёрлашда хавфсизлик талаблари
102. Ходим тупроққа ишлов беришдан олдин иш қуроллари ва мосламаларининг (кураклар, хаскашлар, паншахалар ва ҳоказолар) созлигини текшириб кўриши ва шундан сўнг ишни бошлаши лозим.
103. Тупроқни ўғитлашда нам қўлқопдан фойдаланиш тақиқланади.
104. Бегона ўтларни тозалаш ишларини асбоб ва ускуналарсиз бажариш тақиқланади.
6-§. Дарахтларни кесиш ва қулатишда хавфсизлик талаблари
105. Дарахтларни кесиш ва уларга шакл бериш билан боғлиқ барча ишлар бевосита бригада бошлиғининг раҳбарлигида амалга оширилиши лозим.
106. Дарахт шохларини кесишда мустаҳкам ҳавозалар ёки нарвонлардан фойдаланиш лозим. Дарахт танаси ёки унинг шохларига тиркалган нарвонларда туриб ишлаш тақиқланади.
107. Баландлиги 3 м дан юқори бўлган нарвонларда икки нафар ходимдан кам бўлмаган ҳолларда ишлашга рухсат берилади.
108. Дарахтларни кесиш пайтида уларга чиқиш, ҳар хил тўсиқлар ва панжаралар устида туриб иш бажариш ҳамда уни остида бўлиш тақиқланади.
109. Боғда мавжуд барча иш қуроллари махсус идишлар ва хоналарда сақланиши лозим.
110. Дарахтларни кесиш ишлари электр линиялари атрофида бажариладиган вақтда, линияни электр токидан узилганидан кейин амалга оширилиши лозим.
111. Дарахт қулатилаётганида ходимлар уни йиқилаётган томонида туриши тақиқланади.
112. Дарахтларни қулатишда уни тортишга мўлжалланган арқонлар дарахт қулаётганда ходимларга жароҳат етказишни истисно этадиган узунликда бўлиши керак.
113. Дарахтларни қулатиш ишларида камида уч нафар ходим иштирок этиши керак.
7-§. Майсаларни ўриш агрегатлари ва асбобларидан фойдаланишда хавфсизлик талаблари
114. Майсаларни ўриш агрегатлари ва асбобларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги талабларига амал қилиниши шарт.
115. Агрегат пичоқлари ва чалғиларни қўлда ўткирлаш ҳамда чархлашда соз асбоб ва ускуналардан фойдаланиш лозим.
116. Чалғиларни оёққа қўйиб ўткирлаш тақиқланади.
117. Майса ўриш агрегатларини ишлатишдан аввал унинг двигатель ва кесувчи органлари мустаҳкамлиги текширилиши керак.
118. Майса ўриш агрегатини ўт олдиришга мўлжалланган ипини қўлга ўраб тортиш тақиқланади.
119. Майса ўриш агрегатининг қайишлари ва занжирларини у ишлаб турган вақтда алмаштириш ҳамда унинг кесувчи қисми олдида туриш тақиқланади.
8-§. Кўчат ўтқазиш ишларида қўйиладиган хавфсизлик талаблари
120. Кўчат жойлаштирилган катта идишларни бир жойдан иккинчи жойга ўтказиш ишлари замбиллар ёки аравачалар ёрдамида бажарилиши керак.
121. Катта оғирликдаги ва ҳажмдаги гултувакларни ташиш ва ўрнатиш ишларида юк кўтариш механизмлари ёки бошқа махсус мосламалардан фойдаланиш лозим.
9-§. Тозалаш ишларида хавфсизлик талаблари
122. Боғларни тозалаш ишларини амалга оширадиган ходимлар соз асбоб ва ускуналар (кураклар, супургилар, қирқгичлар ва ҳоказолар) билан таъминланиши керак.
123. Чиқиндиларни тозалаш учун асбоб ва ускуналардан ҳамда махсус қўлқоплардан фойдаланиш лозим.
124. Чиқиндиларни механизмлар ёрдамида тозалашда ушбу ҳудудларда бегона одамларнинг бўлиши тақиқланади.
125. Баландликда тозалаш ишлари бажарилаётганда нарвон ва ҳавозалардан фойдаланиш керак.
IV. Ишлаб чиқариш асбоб ва ускуналарига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
1-§. Ишлаб чиқариш асбоб ва ускуналарига қўйиладиган умумий талаблар
126. Ишлаб чиқариш ускуналари монтаж қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш пайтида ишларнинг хавфсизлигини таъминлаши, ёнғин ва портлаш хавфидан холи бўлиши, улардан фойдаланиш жараёнида атроф муҳитни зарарли моддалар билан санитария меъёрларидан ортиқ миқдорда ифлослантирмаслиги ва намлик, қуёш радиацияси, механик тебранишлар, босим ва ҳароратнинг ўзгаришлари натижасида хавф-хатар юзага келтирмаслиги лозим.
127. Ишлаб чиқариш ускуналарининг ҳаракатланувчи қисмлари тўсилган ёки ГОСТ 12.2.062-81 талабларига мувофиқ блокировкалаш, тўхтатиш, хабардор қилиш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.
128. Ишлаб чиқариш асбоб ва ускуналарининг техник ҳолати ва улардан хавфсиз фойдаланиш учун жавобгарлик, ушбу ускуналар тасарруфида бўлган бўлинмаларнинг раҳбарлари ва таъмирлаш хизматлари раҳбарларига юклатилади.
129. Ишлаб чиқариш асбоб ва ускуналарининг элементлари (электр ўтказгичлари, кабеллари ва бошқалар), уларнинг шикастланишига имкон бермайдиган ҳолатда тайёрланган бўлиши лозим.
130. Ишлаб чиқариш асбоб ва ускуналарининг газ, буғ, пневматик, гидравлик ва электр тизимлари, уларнинг ушбу ускуна таркибида ишлаш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу тизимларга тегишли бўлган стандартларнинг талабларига мос бўлиши лозим.
131. Барча назорат мосламалари (термометр, монометр, ҳисоблагич ва бошқалар), шунингдек сигнал берувчи чироқларнинг жойлашуви ускуналарни ишлатиш ва созлаш пайтида қулай кузатиш имкониятини таъминлаш керак.
132. Катта ўлчамли (габаритли) ускуналари ва уларнинг қисмларига хизмат кўрсатиш, текшириш, таъмирлаш ва созлаш учун қулай ҳамда пол даражасидан 2 м ва ундан баландликда жойлашганда тўсиқлари ва зиналари бор майдонлар билан таъминланган бўлиши керак.
2-§. Дарахт кесувчи ва майса ўрувчи механизмлардан фойдаланишда хавфсизлик талаблари
133. Электр ва бензин двигателлари ёрдамида ишлайдиган механизмларни ишлатишдан аввал уларнинг техник жиҳатдан созлигига ишонч ҳосил қилиш лозим.
134. Майса ўрувчи механизмлар билан ёмғирдан сўнг ҳамда нотекис ва ботқоқ жойларда ишлаш тақиқланади.
135. Дарахт кесиш механизмининг кесувчи қисми, сим, йирик ва қуруқ шохларга дуч келган ҳолларда двигателни дарҳол ўчириш керак.
136. Механизм двигателини ўчирмасдан бир жойдан иккинчи жойга кўчириш тақиқланади.
V. Таъмирлаш (тузатиш) ишларини амалга оширишда хавфсизлик талаблари
1-§. Таъмирлаш ишларини амалга оширишда хавфсизликнинг умумий талаблари
137. Боғнинг таъмирлаш хизмати ускуналарни меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.
138. Ускуналарни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун боғда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлашни қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.
139. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари боғ раҳбарияти билан келишилиши лозим.
140. Таъмирлаш ишлари бажарилувчи ҳудуд тўсилиши ва хавфсизлик белгилари ўрнатилиши лозим.
141. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.
142. Барча таъмирлаш ишлари боғ раҳбари томонидан тайинланган ходимларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.
143. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар, блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.
2-§. Боғдаги аттракционларни монтаж қилиш ва уларни таъмирлашда хавфсизлик талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
144. Аттракционларни монтаж қилиш (йиғиш, ўрнатиш), унинг конструкцияларини алмаштириш билан боғлиқ монтаж ва таъмирлаш ишлари фақат аттракционнинг эксплуатация ва таъмирлаш ҳужжатлари асосида рухсатномага эга ихтисослаштирилган монтаж ташкилоти томонидан амалга оширилиши керак.
(144-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 27 мартдаги 6-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2160-2, 04.04.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон)
145. Аттракционлар таъмирланишидан олдин электр таъминоти манбаидан узиб қўйилиши, аттракционни ишга тушириш қурилмасига эса «Уланмасин! Одамлар ишламоқда» ёзувли тақиқловчи белги ўрнатилиши лозим.
146. Таъмирлаш ишларини амалга оширилиши учун ходимлар соз асбоб ва ускуналар ва мосламалар билан таъминланган бўлишлари керак.
147. Таъмирлашни амалга оширган ташкилот таъмирлашни тугаллагандан сўнг аттракционни техник кўрикдан ўтказиши ва белгиланган тартибда фойдаланишга топшириши керак.
148. Барча аттракционларга даврий техник хизмат кўрсатишни боғ раҳбарияти томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан амалга оширилиши керак.
149. Режали таъмирлаш ишлари бажарилмаган ва техник хизмат кўрсатиш ўтказилмаган аттракционлардан фойдаланишга рухсат этилмайди.
150. Аттракционларнинг гидроприводлари, пневмоприводлари ва мойлаш тизимлари стандарт талабларига жавоб бериши керак.
151. Янгидан монтаж қилинган (ёки мавсумлар орасида сақланган) аттракционни фойдаланишга қабул қилиш, уни статик ва динамик синовлардан ўтказиш ва аттракциондан фойдаланишга рухсат бериш тўғрисида тегишли далолатнома расмийлаштирилиши ҳамда аттракцион учун фойдаланиш ҳужжатига техник гувоҳлик тўғрисида белги қўйилганидан сўнг амалга оширилиши лозим.
152. Техник гувоҳликда аттракционлар кўздан кечирилиши, статик ва динамик синовлардан, электр қурилмалари эса кучланишини ерга ўтқазиш ва изоляция қаршилиги синовидан ўтказилиши керак.
153. Аттракционларнинг статик ва динамик синовлари эксплуатация ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда ўтказилиши керак.
154. Техник гувоҳлик ўтказиш давомида синовлар салбий натижалар кўрсатган ҳолатларда ундан фойдаланишни тўхтатиш лозим.
155. Жисмоний ейилиш ва авариялар оқибатида носоз ҳолга келган ҳамда тиклаш мумкин бўлмаган аттракционлардан фойдаланиш тақиқланади.
VI. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
156. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик боғ раҳбарияти зиммасига юклатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
157. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
(157-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаси.
VII. Якуний қоида
158. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Саноатгеоконтехназорат» Давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги билан келишилган.
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ХОДЖАЕВ
2010 йил 22 ноябрь
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Д. ЖАҲОНГИРОВА
2010 йил 22 ноябрь
Соғлиқни сақлаш вазири А. ИКРАМОВ
2010 йил 22 ноябрь
«Саноатгеоконтехназорат» Давлат инспекцияси бошлиғи Б. ГУЛЯМОВ
2010 йил 22 ноябрь
Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2010 йил 22 ноябрь
«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ
2010 йил 22 ноябрь
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги директори А. АБДУВАЛИЕВ
2010 йил 22 ноябрь
Маданият ва спорт ишлари вазири А. ЖАББОРОВ
2010 йил 22 ноябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 49-сон, 461-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 17.11.2023 й., 10/23/2160-1/0857-сон; 08.04.2025 й., 10/25/2160-2/0309-сон; 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон; 14.01.2026 й., 10/26/3754/0042-сон)