1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.11.00 Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболлари. Моддий баланслар]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Умумий масалалар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
1996 ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЯКУНЛАРИ ВА ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОРИШИНИ БАҲОЛАШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 7 мартдаги 84-сон қарори билан тасдиқланган 1996 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари Дастурини амалга оширишга доир фаол ишлар олиб борилди.
1996 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикани иқтисодий ривожлантириш якунлари иқтисодиётни барқарорлаштириш, эришилган ижобий силжишларни мустаҳкамлаш учун катта аҳамиятга эгадир, улар ислоҳотларнинг танланган йўлининг тўғрилигидан далолат беради.
Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиши (101,4 фоиз) таъминланди. Инфляция даражаси ўтган йилдагига нисбатан қарийб 2 баравар пасайди, бюджет тақчиллиги белгиланган параметрлардан ошмади. Миллий валютанинг ички алмашувчанлиги кенгаймоқда, Ўзбекистон республика валюта биржаси ва алмаштириш пунктлари оборотлари анча ўсди, сўмнинг курси барқарор сақланмоқда. Аҳолига «Индексация» махсус счётларидан маблағлар берила бошланди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 5 фоизга кўпайди, саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши тенденцияси барқарор тус олди. Тайёр саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш салмоғи 62 дан 66 фоизга ўсди, машинасозлик, металлургия, бошқа тармоқларда қарийб 120 хил янги маҳсулот ўзлаштирилди. Мамлакатнинг ўз автомобилсозлиги ташкил этилди. Асака шаҳрида «ЎзДЭУавто»нинг енгил автомобилларини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ишга туширилиши таъминланди.
Халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши 106,3 фоизни ташкил қилди Телевизорлар ва магнитофонлар, ип-газламалар ва жун газламалар, мебеллар, қоғоз, ун, макарон маҳсулотлари, дори-дармонлар ва бошқа товарлар ишлаб чиқариш кўпайди.
Кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш, хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш, бозор инфраструктурасини ривожлантириш жараёнлари чуқурлашмоқда. Акционерлик жамиятлари сони ўтган йилнинг тегишли давридагига нисбатан қарийб 1,5 баравар кўпайди. Хусусий ва кичик корхоналар ташкил этиш жараёни жадал бормоқда. Саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришда нодавлат секторнинг улуши 1995 йилнинг биринчи ярим йилидаги 39,6 фоиздан 50,2 фоизгача, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича эса тегишли равишда йилда 93,2 фоиздан 95,1 фоизгача ўсди. Иқтисодиётнинг нодавлат секторида банд бўлганлар салмоғи 69 фоизни ташкил қилди.
Ташқи савдо оборотининг умумий ҳажми 1,3 баравар ўсди. Жами экспорт ўтган йилнинг тегишли давридагига нисбатан 4,8 фоизга кўпайди. Умумий ва марказлаштирилган экспортнинг 1996 йил прогнозида назарда тутилган маҳсулотлар муҳим турларини етказиб бериш ҳажми тегишли равишда 1286,8 ва 871,0 млн АҚШ долларини ташкил қилди, бунда ўсиш суръати 181,2 ва 172,9 фоиз даражасида таъминланди.
Шу билан бирга нақд пул муомаласининг аҳволи бўйича шахсан жавобгарлик вилоят ҳокимлари зиммасига юкланганига қарамай, ушбу соҳадаги аҳвол Тошкент шаҳридан ташқари, барча минтақаларда яхшиланмаяпти. Нақд пул эмиссияси даражаси Қорақалпоғистон Республикасида, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро, Сурхондарё вилоятларида айниқса юқори.
Дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ўсиши давом этмоқда. Энг кўп қарздорлик суммаси «Ўзбекнефтгаз», «Тошкентйўлинвестқурилиш» корпорацияларига, Коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитасига, «Ўзсувқурилиш» давлат концернига ва «Ўзулгуржибиржасавдо» уюшмасига тўғри келади.
Умуман инвестиция фаоллиги ўсгани ҳолда бир қатор муҳим объектларни банкларнинг кредит ресурслари ва корхоналарининг маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминлаш етарли даражада амалга оширилмади.
Давлат томонидан жиддий қўллаб-қувватлашга қарамасдан, қишлоқда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самаралилиги ҳамон пастлигича қолмоқда. Қорақалпоғистон Республикасида, Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятларида бошоқли дон экинлари ҳосилини ўриб-йиғиб олиш етарли даражада фаоллик билан олиб борилмаяпти.
Айрим вазирликлар, идоралар ва корхоналар умумий ва марказлаштирилган экспорт бўйича белгиланган топшириқларни бажаришда анча қолоқликка йўл қўйишди. «Ўзэлтехсаноат», «Ўзмашсаноат», «Ўзбекенгилсаноат» уюшмалари, «Махсусқотишма» РТ, Ўзбекбирлашув шулар жумласидандир.
Иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётнинг фаолият кўрсатиши самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1996 йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган ижобий силжишларни мустаҳкамлаш, иқтисодиётни янада барқарорлаштириш ва ислоҳотларни чуқурлаштириш борасидаги ишларни фаоллаштириш, 1997 йилда республика иқтисодиётини жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмаларнинг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин.
2. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Меҳнат вазирлиги билан биргаликда 1997 йилда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришнинг прогнозига оид материалларни иловага мувофиқ тартибда ва муддатларда ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари Вазирлар Маҳкамасининг «Нақд пул маблағлари эмиссиясини қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1996 йил 2 июлдаги 230-сон қарори билан тасдиқланган нақд пул маблағлари эмиссияси даражасини пасайтириш прогнозларининг ҳамда касса режаларининг сўзсиз бажарилишини таъминласинлар.
Молия вазирлиги ва Марказий банк шу йилнинг июль ойидаги якунларга кўра кўрсатиб ўтилган қарорнинг қандай бажарилаётгани юзасидан ахборотни аниқ. таклифлар билан Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:
ўн кун муддатда бюджетга тўловлар бўйича қарзларнинг юқорилиги сабабларини муфассал ўрганиб чиқсин ҳамда бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини киритсин;
солиқлар, жарималар ва пенялар бўйича бюджет олдидаги қарзларни қарздор корхоналар мулкидан ундириш тартибини бир ой муддатда ишлаб чиқсин;
бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига келгуси йилда солиқ сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида таклифлар киритсин, уларда фойдадан олинадиган солиқда табақалаштирилган ҳолда ёндашишни таъминлашни, ресурс солиқларини кўпайтиришни, шунингдек солиқларнинг акциз базаларини, солиқ тўловлари турларини бир хиллаштиришни назарда тутсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар билан биргаликда айланма маблағларнинг илмий асосланган нормативлари ҳисоб-китобини республика концернлари, корпорациялари ва уюшмалари ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлари бўйича ишларнинг ҳақиқий аҳволини таҳлил қилган ҳолда 1996 йил 1 сентябргача ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига Давлат солиқ қўмитаси ва «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда барча тўлов ҳужжатларида солиқ тўловчиларнинг фарқловчи номерларидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқиш тавсия этилсин.
7. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда халқ истеъмол товарлари, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ва устувор йўналишлар бўйича янги истеъмол товарлари, айниқса озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни рағбатлантириш юзасидан қарор лойиҳасини тайёрласин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар, уюшмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда маркетинг фаолиятини такомиллаштириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари сифатини ва рақобатбардошлилигини ошириш, товарлар сотишни, шу жумладан экспортга сотишни ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, республикада чиқариш учун қулай шароитлар мавжуд бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун жаҳондаги етакчи фирмалар билан қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича чора-тадбирларнинг аниқ дастурларини ишлаб чиқсин.
Зарурат бўлганда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилсин Амалга оширилган ишлар тўғрисида, Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг жорий йил тўққиз ойи якунлари билан бирга, Вазирлар Маҳкамасига маълум қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликларининг дон ўрим-йиғими мавсумини ташкил этишга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга доир ишларининг қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилсин.
белгиланган ҳажмларда давлат дон харидини таъминлаш ҳамда 1997 йил ҳосили учун уруғлик фондларни ғамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўрсинлар;
бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлардан самарали фойдаланиш мақсадида, мустаҳкам ем-хашак базаси яратиш учун такрорий экинлар экишни белгиланган топшириқларга мувофиқ қисқа муддатларда ўтказсинлар.
9. Пахта йиғим-терими мавсумига ўз вақтида тайёргарлик кўриш мақсадида:
«Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари пахта йиғим-терими техникасини тузатиш ва тайёрлашни 25 августгача тугалласинлар. Амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълум қилсинлар;
«Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг», «Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш» давлат-кооператив қўмитаси хўжаликларнинг буюртманомаларига биноан пахта териш, кўрак териш, кўрак тозалаш техникасини ҳамда уларга эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришни таъминласинлар.' Бунда қишлоқ хўжалиги техникасини лизинг шартларида сотишни амалда кенг қўлласинлар.
10. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда шу йил 25 августгача, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича капитал маблағларнинг ҳақиқий ўзлаштирилишини ва қурилишлар қиймати қимматлашишининг вужудга келган индексларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига 1996 йилнинг иккинчи ярим йиллиги учун Инвестиция дастурини аниқлаштириш юзасидан таклифлар киритсин.
Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси ва буюртмачилар билан биргаликда бир ҳафта муддатда қурилаётган устувор объектларни маблағ билан таъминлашнинг аҳволини кўриб чиқсин ҳамда қабул қилинган ҳукумат қарорларига мувофиқ уларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш учун тегишли банкларнинг кредит ресурслари билан таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин, зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. «Ўзэлтехсаноат» (Саримсоқов), «Ўзмашсаноат» (Собиров), «Ўзбекенгилсаноат» (Эргашев) уюшмалари, «Махсусқотишма» РТ (Максудов), Ўзбекбирлашув (Бурхонов) раҳбарларига улар томонидан товарлар экспорти бўйича белгиланган топшириқларни бажариш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин ҳамда улар умуман йил бўйича экспорт топшириқларининг бажарилиши учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсинлар.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги марказлаштирилган экспорт бўйича етказиб беришга мўлжалланган товарларни сотиш юзасидан контрактлар тузишни тезлаштирсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Давлат мулки қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 1996 йил 31 майдаги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг фаолияти тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 1996 йил 12 февралдаги 55-сон қарори қандай бажарилаётганини таҳлил қилсинлар Вазирлар Маҳкамасига хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини фаоллаштириш, уларнинг маҳсулотини экспорт қилишни кўпайтириш ва импортнинг ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклифлар киритилсин.
13. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, Хорижий инвестициялар бўйича агентлик ҳамда республиканинг бошқа манфаатдор вазирликлари, идоралари билан биргаликда икки ой муддатда хорижий сармоя иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, улар давлат мониторинги тизимини ишлаб чиқсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси икки ҳафта муддатда унга республикада корхоналар ва ташкилотларни текширишни тартибга солиш функциясини юклаган ҳолда махсус Мувофиқлаштирувчи Кенгаш ташкил этиш тўғрисида таклиф киритсинлар.
15. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамаси мажмуилари билан биргаликда икки ҳафта муддатда:
экспорт маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришни рағбатлантириш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини тайёрласин, унда қўшимча имтиёзлар беришни, устувор лойиҳаларни молиявий таъминлашни, хорижий инвестицияларни жалб этишни назарда тутсин;
халқ хўжалиги объектларини келгуси куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.
16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 26 июль,
269-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 июлдаги 269-сон қарорига ИЛОВА
1997 йилда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантириш прогнозлари дастурини тайёрлаш тартиби ва муддатлари
Тайёрланаётган ҳужжатлар ва прогноз блоклар номи
Бажарувчилар
Тақдим этиш муддати
Кимга тақдим этилади
Амалга ошириш шакли
1. Вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар, корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг таклифлари асосида прогнознинг ресурс вариантини тайёрлаш
Вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар, корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
15 августгача
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига
1997 йилда Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари дастурини тайёрлаш билан боғлиқ кейинги ишларда фойдаланилади
2. 1997 йилга макроиқтисодий прогнознинг сценарий вариантларини ишлаб чиқиш
Идоралараро ишчи гуруҳи
1996 йил 1 сентябргача
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши
3. 1997 йилга Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари дастурининг узил-кесил вариантларини ишлаб чиқишда улардан фойдаланиш учун иқтисодиёт фаолият кўрсатишининг доиравий шарт-шароитларини тайёрлаш (1997 йилга макропрогнознинг Ҳукумат томонидан маъқулланган варианти асосида)
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Идоралараро ишчи гуруҳи
Ҳукуматнинг кўриб чиқиши учун Давлат бюджети лойиҳаси билан бир вақтда киритилади
4.2. Бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида маъруза ва 1997 йилга давлат бюджети лойиҳаси
Молия вазирлиги, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси вазирликлар, идоралар
1996 йил, окятбрь
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг қарори
4.3. Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари тўғрисида маъруза
Марказий банк
1996 йил, октябрь
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши
5. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг комплекс дастурларини тайёрлаш
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари
1996 йил 1 сентябрь
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитасига
Бюджет буюртмалари ва инвестиция лойиҳаларини экспертиза қилиш, уларни Молия вазирлиги билан келишиш ва 1997 йилга ижтимоий иқтисодий ривожлантириш прогнозлари дастури лойиҳасида ҳисобга олиш
6. Хом ашё материаллар, тайёр маҳсулот ва озиқ-овқат товарлари пахта толаси, линт, табиий газ, нефть, нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари, рангли ва қораметаллар, кабель-ўтказгич маҳсулотлари, минерал ўғитлар, буғдой, қанд-шакар, озиқ-овқатда ишлатиладиган спирт, ўсимлик мойи ва бошқаларнинг энг муҳим турлари бўйича моддий баланслар
Ўзистиқболстат давлат қўмитаси, ТИАВ, Молия вазирлиги, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар
1996 йил октябрь — ноябрь
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг қарори
12. Корхоналарни хусусийлаштириш ва акционерлаштириш дастури
Давлат мулки қўмитаси, вазирликлар, идоралар, концернлар, корпорациялар
1996 йил октябрь — ноябрь
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг қарори
13. Маблағ билан таъминлашнинг барча манбалари, шу жумладан хорижий кредитлар ва тўғридан-тўғри инвестициялар бўйича инвестиция дастури
«Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Молия вазирлиги МБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, тижорат банклари, вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ва Тошкент шаҳар вилоятлар ҳокимликлари
1996 йил, декабрь
Вазирлар Маҳкамасига
Вазирлар Маҳкамасининг қарори
14. Аҳолини муайян ижтимоий ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш
Меҳнат вазирлиги, Молия вазирлиги, «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси