Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ ЎРТАСИДА «РЕСПУБЛИКАДАГИ ЭНГ ЯХШИ ҚИШЛОҚ» ТАНЛОВИНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури тўғрисида» 2009 йил 26 январдаги ПҚ-1046-сон қарорининг ижросини таъминлаш, республикадаги қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий-бадиий қиёфасини янада яхшилаш, қишлоқларда анъанавий ва замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой, маданий-маиший ва ижтимоий объектлар қурилиши соҳасидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш борасида амалга оширилаётган ибратли ишларни муносиб баҳолаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктлари ўртасида «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танлови 2009 йилнинг ноябрь ойида ўтказилсин.
Танловнинг асосий ташкилотчилари этиб, «Давархитектқурилиш» қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги белгилансин.
2. Республика танлови ташкилий қўмитасининг таркиби 1-иловага, Қишлоқ аҳоли пунктлари ўртасида «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ташкилий қўмита зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилсин:
танловнинг юқори савияда ўтказилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
танловнинг барча босқичлари доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш ва жойлардаги маҳаллий ҳокимликларга тегишли амалий ёрдам кўрсатиш;
танловнинг якуний босқичининг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш;
танлов Низомига кўра, ғолибларни тақдирлаш, рағбатлантириш ва уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари:
жойларда танловнинг саралаш босқичларини ташкил этиш бўйича тегишли ҳоким ўринбосарлари раҳбарлигида Ишчи гуруҳларни тузсин ва уларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратсин;
ишчи гуруҳ томонидан танловнинг саралаш босқичлари натижаларини умумлаштириш, Низом талабларига мувофиқ танловга тавсия этиладиган қишлоқ аҳоли пунктлари ва уларни комплекс ривожлантириш ва фаровонлигини таъминлаш борасида вилоят миқёсида амалга оширилаётган ишларга оид ҳужжатларни Ташкилий қўмитага ўз вақтида тақдим этилишини таъминласин;
туман, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят саралаш босқичлари ғолиб ва иштирокчиларини маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобига муносиб рағбатлантириш чораларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
ғолибларни мукофотлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан;
танловнинг туманлар, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар саралаш босқичига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, ғолибларни мукофотлаш, вилоят саралаш босқичи ғолибларининг республика босқичида иштирок этишини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджет доирасида ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қопланади.
5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига танлов тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2009 йил 13 май,
135-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 майдаги 135-сон қарорига
1-ИЛОВА
Қишлоқ аҳоли пунктлари ўртасида «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танловини ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита
ТАРКИБИ
Қосимов Р.С.‎ —‎ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси
Тохтаев А.Р.‎ —‎ «Давархитектқурилиш» қўмитаси раисининг ўринбосари, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари
Шоабдурахмонов Р.М.‎ —‎ Иқтисодиёт вазири ўринбосари‎
Турсунов Ё.Э.‎ —‎ Молия вазири ўринбосари‎
Шаропов Н.Ў.‎ —‎ Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари‎
Эсанов М.Т.‎ —‎ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари‎
Сайфуллаев Б.С.‎ —‎ Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари‎
Ачилов А.М.‎ —‎ Халқ таълим вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижро этувчи директори
Сатторов З.М.‎ —‎ Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим маркази директори
Ахмедов А.А.‎ —‎ Республика «Маҳалла» хайрия жамғармаси раиси‎
Хожиматов М.М.‎ —‎ Республика Маънавият тарғибот маркази рахбари‎
Қуронов М.Қ.‎ —‎ Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари‎
Файзиев А.Х.‎ —‎ «Ўзбекэнерго» давлат-акциядорлик компанияси раиси ўринбосари‎
Шоназаров Ш.Т.‎ —‎ «Давархитектқурилиш» қўмитаси архитектура ва шаҳарсозлик бошқармаси бошлиғи
Леннешмидт Э.Ю.‎ —‎ «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» МЧЖ лойиҳа- тадқиқот институти директори вазифасини бажарувчи ‎
Солихўжаев И.И.‎ —‎ «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ лойиҳа- тадқиқот институти директори
Умаров М.У.‎ —‎ «Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ лойиҳа- тадқиқот институти бош муҳандиси
Мираҳмедов М.М.‎ —‎ Тошкент архитектура ва қурилиш институти ректори ‎
* Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари Ташкилий қўмита аъзоси ҳисобланадилар.
(1-иловага изоҳ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги 107-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 9-сон, 132-модда)
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 13 майдаги 135-сон қарорига
2-ИЛОВА
Қишлоқ аҳоли пунктлари ўртасида «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида қишлоқ аҳоли пунктлари ўртасида ташкил этиладиган «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танловини (кейинги ўринларда «Танлов» деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва улардаги қишлоқ аҳоли пунктлари танловнинг иштирокчилари ҳисобланади.
3. Ташкилий қўмита томонидан танлов ғолибларини аниқлаш бўйича тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат таркибда «Ўздавархитектқурилиш» қўмитаси қошида ҳакамлар ҳайъати тузилади.
II. Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари
4. Танловнинг асосий мақсади қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ҳамда қишлоқлар тараққиётининг турли соҳаларини қамраб олган ҳолда уларни комплекс ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини ўрганиш, рағбатлантириш, муносиб тақдирлаш ҳамда бу борадаги мавжуд тажрибаларни оммалаштиришдан иборатдир.
5. Республикадаги қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий-бадиий қиёфасини яхшилаш, муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш, анъанавий ва замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида уй-жой, маданий-маиший ва ижтимоий объектлар қурилиши, ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кенг оммага етказиш, бу борадаги ташкилий-амалий ва тарғибот ишларни янада кучайтириш ва тизимли ташкил этиш мазкур танловнинг вазифасидир.
III. Танловни ташкил этиш тартиби ва шартлари
6. Танлов туман, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят саралаш ва якуний Республика босқичидан иборат бўлади.
7. Танловнинг саралаш босқичлари қуйидаги йўналишлар бўйича барча туманларда 2009 йилнинг 30 июлига қадар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2009 йилнинг 30 сентябрига қадар ўтказилади:
«Тумандаги энг яхши қишлоқ»;
«Вилоятдаги энг яхши қишлоқ».
8. Танловнинг саралаш босқичларини ўтказиш бўйича туманларда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда Ишчи гуруҳлар тузилади.
9. Туман ишчи гуруҳи томонидан саралаш босқичи натижалари умумлаштирилиб, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлар саралаш босқичларига тавсия этилади.
Ғолиблар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар томонидан моддий рағбатлантирилади.
10. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ишчи гуруҳи туман саралаш босқичларида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчилар натижаларини умумлаштириб, 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган иштирокчиларни якуний босқич — «Республикадаги энг яхши қишлоқ» танловига тавсия этади.
Ғолиблар маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлар томонидан моддий рағбатлантирилади.
11. Барча босқичларда иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида, 100 балли тизимда баҳоланади:
қишлоқ аҳоли пунктларини намунали сақлаш ҳамда бунёдкорлик борасидаги ишларнинг ҳомийларни ва аҳоли кенг қатламини жалб этган ҳолда, режали тарзда ташкил этилганлиги учун — 20 баллгача;
қишлоқ аҳоли пунктининг меъморий-бадиий қиёфаси ҳолатига — 20 баллгача;
ижтимоий, маиший ҳамда муҳандислик инфратузилмалари билан таъминланганлиги даражасига — 15 баллгача;
Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йилида қишлоқ аҳоли пунктида замонавий биноларни қуриш бўйича тайёрланган энг яхши лойиҳалар учун — 15 баллгача;
қишлоқ аҳоли пунктида транспорт ҳамда пиёдалар учун мўлжалланган йўллар ва йўлакларнинг оқилона ташкил этилганлиги даражасига — 15 баллгача;
амалга оширилган ободонлаштириш ишларининг (аҳоли турар жойларида, барча муассаса, ташкилот ва жамоатчилик жойларида санитария-гигиена талабларининг бажарилиши) сифати даражасига — 15 баллгача.
12. Иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлар қуйидаги мазмунда ва шаклларда тақдим этилиши лозим:
қишлоқ аҳоли пунктининг умумий кўриниши, унга автомобиль йўли орқали асосий кириб келадиган жой, маъмурий марказ, ижтимоий (тиббиёт, таълим муассасалари ва бошқ.), маданий-маиший ва савдо объектлари жойлашган ҳудудлар, аҳоли турар жойлари, умумий фойдаланишдаги дам олиш масканлари, ишлаб чиқариш корхоналари, мавжуд тарихий ва маданий ёдгорликлари, спорт иншоотлари, сув ҳавзалари, ирригация тизимлари, маиший чиқиндиларни йиғиш жойи, муҳандислик коммуникациялари тармоқлари (ичимлик сув, оқова сувлар ва табиий газ тармоқлари, кўча ёритгичлари билан бирга электр тизимлари), майдонлар ва кўчалар тасвирланган 10 дақиқалик видеолавҳа, 15 х 20 (см) ўлчамдаги фотосуратлардан иборат фотоальбом;
қишлоқ аҳоли пунктининг бош режаси (мавжуд бўлганда) ва ушбу аҳоли пунктида қурилиши режалаштирилган объектларнинг 1 x 1 (м) ёки 1 x 2 (м) ўлчамли планшет ва подрамникларга жойлаштирилган лойиҳалари, мавжуд макетлари ҳамда уларга берилган изоҳлар;
қишлоқ ва ҳудуднинг номи, жойлашган манзили, қишлоқ аҳолисининг демографик ва меҳнат ресурсларининг бандлиги ҳолатини акс эттирадиган А-4 форматли ёзув қоғозидаги тушунтириш хати.
Тақдим этиладиган материаллар (матн ва жадвал шаклидаги маълумотлар, фотосуратлар ва ҳоказо) аниқ ва тушунарли тарзда акс эттирилиши, 1 x 1 (м) ёки 1 x 2 (м) ўлчамли планшет ва подрамникларга жойлаштирилган бўлиши ҳамда уларнинг ҳар бирига қишлоқ ва ҳудуднинг номи, жойлашган манзили кўрсатилиши лозим.
13. Танлов иштирокчилари тўғрисидаги ҳужжатлар 2009 йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Ташкилий қўмитага тақдим этилиши зарур.
Белгиланган муддатлардан кечиктириб топширган иштирокчиларнинг ҳужжатлари қабул қилинмайди.
14. Танловнинг якуний — Республика босқичи Тошкент шаҳрида 2009 йилнинг ноябрь ойида ўтказилади.
IV. Танлов мукофотлари ва ғолибларни тақдирлаш
15. Танловнинг республика босқичи ғолиблари Ташкилий қўмитанинг махсус дипломи, қимматбаҳо соврин ҳамда пул мукофотлари билан, иккита номинация бўйича (1 та қишлоқ, 1 та вилоят) ғолиблар пул мукофоти билан тақдирланади. Иштирокчиларга диплом ва ҳомийлар томонидан таъсис этиладиган бошқа қимматбаҳо совғалар берилади.
16. Ғолибларга эгаллаган ўрнига мос ҳолда қуйидаги совринлар ва пул мукофоти топширилади:
1-ўринга — «Нексия» автомобили;
2-ўринга — «Дамас» автомобили;
3-ўринга — 7 миллион сўм.
Шунингдек:
«Энг обод қишлоқ» номинацияси бўйича ғолиб қишлоққа — 4 миллион сўм;
«Энг кўп кўркам қишлоғи бор вилоят» номинацияси бўйича ғолиб вилоятга — 4 миллион сўм.
17. Ғолибларнинг махсус дипломлари ва иштирокчилар дипломлари Ташкилий қўмита раиси томонидан имзоланади.
18. Совринли ўринлар ҳамда номинациялар бўйича дипломлар, совринлар, белгиланган пул мукофотлари ва совғалар танлов ғолиблари деб топилган тегишли қишлоқ фуқаролар йиғинлари раисларига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакилларига Ташкилий қўмита раиси томонидан тантанали равишда топширилади.
Тегишли қишлоқ фуқаролар йиғинлари раислари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари дипломларни сақлаш, совринлар, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалардан белгиланган тартибда мақсадли фойдаланилиши учун масъулдирлар.
19. Танловлар натижаларини эълон қилиш ҳамда ғолибларни тақдирлаш барча Танловлар иштирокчилари, ҳайъат аъзолари, ижодий жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинган ҳолда амалга оширилади.
Танлов ғолиблари ва совриндорлари матбуотда эълон қилинади.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 19-20-сон, 237-модда; 2017 й., 9-сон, 132-модда)