Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.07.2021
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2008 йил 10 сентябрда 1856-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 18 июндаги 14-мҳ-сонли «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳисобини юритиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 3311, 19.06.2021 й.) асосан 2021 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2000 йил 5 августдаги 304-сонли қарорини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисобини юритиш тартибини такомиллаштириш мақсадида, буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ давлат рўйхатига олинсин ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
3. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (А. Инанбабаев):
ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни 10 кун муддат ичида барча манфаатдор шахсларга етказилишини ва «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларининг Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисобини юритишга доир фаолиятини мувофиқлаштиришни ва назорат қилишни, шунингдек уларга тегишли методик ёрдам кўрсатилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2000 йил 30 декабрдаги 178-мҳ-сонли «Ўзбекистон Республикаси меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 1000, 2000 йил 30 декабрь — Меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 йил, 24-сон) ўз кучини йўқотган деб топилсин ва бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритилсин.
5. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кундан кейин кучга киради.
6. Ушбу буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е. Каньязов зиммасига юклатилсин.
Адлия вазири Р. МУҲИТДИНОВ
Тошкент ш.,
2008 йил 10 сентябрь,
195-мҳ-сон
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2008 йил 10 сентябрдаги 195-мҳ-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сонли «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 8-сон, 47-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби ўз ичига ушбу ҳужжатларни марказлаштирилган тартибда йиғиш, ҳисобга олиш, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификатори (рўйхат рақами 2333, 2012 йил 2 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 8-9-сон, 98-модда) асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга код бериш, тизимлаштирилган картотека юритиш, улар фондларининг назорат ҳолати ҳамда бундай ҳужжатлар тўғрисидаги марказлаштирилган ахборотни барпо этиш ва сақлаб туришни қамраб олади.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 31 январдаги 28-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1856-1, 31.01.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 64-модда)
2. Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисобини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда матнда Адлия вазирлиги деб юритилади) амалга оширади.
II. Давлат ҳисоби юритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар
3. Қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак:
а) Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;
б) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари;
(3-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 31 январдаги 28-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1856-1, 31.01.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 64-модда)
г) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
д) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;
е) Қорақалпоғистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари;
ж) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.
4. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддатидан (доимий ёки вақтинчалик) ва уларда мавжуд бўлган маълумотлар хусусиятидан қатъи назар, давлат ҳисобига олиниши керак, мазкур Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно.
5. Қуйидагилар давлат ҳисобига олинмайди:
а) «Махфий» ва «Ўта махфий» белгиси қўйилган ҳужжатлар;
б) якка тартибдаги хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар:
шахсий тусдаги (лавозимга тайинлаш, бошқа лавозимга ўтказиш ёки лавозимдан озод қилиш, комиссия ва бошқа коллегиал органлар таркибини тасдиқлаш, орден ва медаллар билан мукофотлаш, фахрий ва ҳарбий унвонлар бериш, муайян шахсларга имтиёзлар бериш тўғрисидаги ва бошқа шу кабилар);
муайян корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга ер участкаларини бериш (реализация қилиш) тўғрисидаги ҳужжатлар;
тезкор-фармойишли тусдаги (бир марталик топшириқлар);
в) лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш тўғрисидаги ҳужжатлар;
г) муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар;
д) техник ҳужжатлар, агар улар ўз ичига ҳуқуқий нормаларни олмаса;
е) тавсия тусидаги ҳужжатлар;
ж) сессия, йиғилиш, конференцияларни чақириш тўғрисидаги ҳужжатлар;
з) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга расмий шарҳ бериш тўғрисидаги ҳужжатлар;
и) умумий мажбурий тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 31 январдаги 28-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1856-1, 31.01.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 64-модда)
6. Мазкур Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар белгиларига фақат қисман мувофиқ келадиган ҳужжатлар ўзининг қолган қисмида давлат ҳисобига олиниши керак.
III. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисоби учун юбориш тартиби
7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 13-бандига мувофиқ, мазкур Низомнинг 3-банди «а», «б», «в» ва «г» кичик бандларида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари уларни қабул қилган органлар томонидан Адлия вазирлигига қабул қилинган кундан бошлаб бир кун мобайнида қоғоз ва электрон шаклларда юборилади. Бунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг электрон шакли Адлия вазирлигига электрон почта тизими орқали юборилади.
Мазкур Низомнинг 3-банди «д» кичик бандида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари қоғоз ва электрон шаклларда Адлия вазирлигининг Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси томонидан тақдим этилади.
Мазкур Низомнинг 3-банди «е» ва «ж» кичик бандларида кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларига (кейинги ўринларда матнда адлия бошқармалари деб юритилади) уларни қабул қилган органлар томонидан қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида қоғоз ва электрон шаклларда юборилади.
8. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Адлия вазирлигига ва адлия бошқармаларига муҳрланган ҳолда давлат тилида оқ-қора кўринишда юборилади, шунингдек бир вақтнинг ўзида рус тилида ҳам тақдим этилиши мумкин.
IV. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш ва уларнинг фондларини юритиш тартиби
9. Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби реестрларини (кейинги ўринларда матнда реестрлар деб юритилади) иловага мувофиқ юритади.
Адлия вазирлигига ва адлия бошқармаларига келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, мазкур Низомнинг 11-бандига мувофиқ ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотларни реестрларга киритиш билан давлат ҳисобига олинади.
Адлия бошқармалари ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 3-кунигача, давлат ҳисобига олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида реестрдан кўчирма шаклида олинган қоғоз ва электрон шакллардаги маълумотларни Адлия вазирлигига жўнатади.
10. Илгари давлат ҳисобига олинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, мазкур Низомнинг 9-бандига мувофиқ реестрга киритилади.
11. Реестрга киритилган тузатишлар, ўзгартишлар ва қўшимчалар бунга ваколатли шахслар имзоси билан тасдиқланади.
12. Реестрга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар киритилади:
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реестрдаги тартиб рақами;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни реестрга киритиш санаси;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тури;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган(лар);
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш санаси ва унинг рақами (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари учун уларнинг Адлия вазирлигида давлат рўйхатига олинган рақами ва санаси);
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий нашрларда эълон қилиниши тўғрисидаги маълумотлар;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик тармоқлари умумҳуқуқий классификатори бўйича коди;
бошқа маълумотлар (изоҳ).
Олдинги таҳрирга қаранг.
(12-банддан ўн учинчи — ўн олтинчи хатбошилари Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 31 январдаги 28-мҳ-сонли буйруғига (рўйхат рақами 1856-1, 31.01.2014 й.) асосан чиқарилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 64-модда)
13. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари хронологик тартибда тизимлаштирилади ва махсус йиғмажилдлар ҳамда маълумотларнинг электрон базаларида сақланади.
14. Реестрлар Ўзбекистон Республикаси ахборот ресурсининг таркибий қисми бўлиб, ундаги давлат ҳисобига олиш учун келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнлари эса расмий ҳисобланади.
15. Реестрлар қоғоз, электрон шаклларда юритилади ва Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг расмий сайтларида эълон қилинади.
16. Давлат ҳисобига қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Адлия вазирлигида ва адлия бошқармаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг фондлари ташкил этилади.
17. Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни фондларга ўз вақтида киритилишини ва тегишли ўзгартишлар киритиш йўли билан уларни назорат ҳолатида ушлаб туришни таъминлайди.
V. Реестрлардаги мавжуд маълумотларни тақдим этиш тартиби
18. Барча юридик ва жисмоний шахслар реестрларда жойлаштирилган маълумотлардан ёзма мурожаатлар асосида ёки Адлия вазирлигининг расмий сайтидан ахборот олишлари ва ундан фойдаланишлари мумкин.
19. Реестрлардан маълумот тақдим этиш аризачининг ёзма мурожаати асосида тегишлича Адлия вазирлиги ва адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
20. Реестрларда маълумот олиш учун ёзма мурожаатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қидириш учун керакли бўлган маълумотлар кўрсатилиши лозим.
VI. Якуний қоида
21. Реестрлар ва фондларнинг сақланиши, ишончлилиги учун жавобгарлик Адлия вазирлиги ва адлия бошқармаларининг мансабдор шахслари зиммасига юкланади.
Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг давлат ҳисоби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари давлат ҳисоби
РЕЕСТРИ
Т/р‎‎ НҲҲ* реестрга киритиш санаси ‎ НҲҲ тури‎‎‎ НҲҲ қабул қилган орган(лар)‎ НҲҲ номи‎ НҲҲ қабул қилиш санаси ва унинг рақами** НҲҲ кучга кириш санаси ва амал қилиш муддати‎ НҲҲ расмий (нашр рақами, санаси) эълон қилиниши ‎ НҲҲ ўзгартиш, қўшимчалар киритиш ва ўз кучини йўқотганлиги тўғрисида маълумотлар‎ ҚТУК бўйича коди*** Изоҳ‎
1‎ 2‎ 3‎ 4‎ 5‎ 6‎ 7‎ 8‎ 9‎ 10‎ 11‎
* НҲҲ — норматив-ҳуқуқий ҳужжат.
** Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари учун уларнинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтган санаси ва рақами.
*** Ушбу устун фақат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тўлдирилади.
(илова Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 31 январдаги 28-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 1856-1, 31.01.2014 й.) таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 5-сон, 64-модда)
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 37-38-сон, 389-модда; 2014 й., 5-сон, 64-модда)