Ҳужжат кучини йўқотган " " 01.01.1998
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг
Қарори
«ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИДАН, АЖНАБИЙ ФУҚАРОЛАРДАН ВА ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН ДАРОМАД СОЛИҒИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИНИ КУЧГА КИРИТИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1997 йил 24 апрелдаги 397-I-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ мазкур Қарорнинг номидаги ҳамда матнидаги «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар тегишли келишикдаги «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1991 йил 1 апрелдан бошлаб кучга киритилсин.
2. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар 1991 йил 1 апрелгача бажарилган ишлар ва амалга оширилган бошқа фаолият учун Қонун кучга киритилганидан кейин тўлайдиган иш ҳақи ва бошқа тўловларга Қонун қабул қилинишидан олдин амал қилган тартибда ва миқдорларда даромад солиғи солинади.
Фуқароларнинг бошқа даромадларига даромад олинган вақтидан қатъи назар Қонунда белгилаб қўйилган тартибда ва миқдорларда солиқ солиниши керак.
3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Кабинети:
— 1991 йил 1 апрелгача Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини «Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштириш ҳақидаги таклифларни киритсин;
— 1993 йил 1 январигача фуқаролардан олинадиган даромад солиғини ислоҳ қилишнинг иккинчи босқичини амалга ошириш ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши муҳокамасига киритсин, бу таклифларда фуқаролар шахсий даромадларига жами йиллик даромад суммасини, болаларни, қарамоқдаги шахсларни боқишга қилинадиган харажатларни ва бошқа ижтимоий жиҳатдан асосли харажатларни тўла ҳисобга олган ҳолда солиқ солишнинг ягона принципларига ўтишни назарда тутсин;
— Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини «Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, ажнабий фуқаролардан ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан олинадиган даромад солиғи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси М. ИБРОҲИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 15 февраль,
228-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 4-сон, 89-модда)