|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 08.12.1992
|
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН ССР КОНСТИТУЦИЯСИ (АСОСИЙ ҚОНУНИ)ГА ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 8 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан ўз аҳамиятини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши қарор қилади:
Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий Қонуни)га қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1. Республиканинг амалдаги Конституцияси (Асосий Қонуни)нинг ва қонун ҳужжатларининг номидаги ҳамда матнидаги «Ўзбекистон ССР» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. 118-5-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«118-5-модда. Мудофаа масалаларида республика сиёсатини ҳаётга тадбиқ этиш, иқтисодий мустақилликни ҳамда экология хавфсизлигини мустаҳкамлаш, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар оқибатларига барҳам бериш, жамиятда барқарорлик ва ҳуқуқий тартибни таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳузурида Маслаҳат кенгаши амал қилади. Маслаҳат кенгашига Ўзбекистон Республикасининг Президенти бошчилик қилади. Маслаҳат кенгашининг вазифалари Маслаҳат кенгаши тўғрисидаги Низомда белгилаб берилади.
Маслаҳат кенгашининг аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тайинланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Маслаҳат кенгашининг мажлисларида қатнашишга ҳақлидирлар».
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 30 сентябрь,
364-XII-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1991 й., 11-сон, 273-модда)