Ҳужжат кучини йўқотган " " 25.04.2012
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЗООВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 апрелдаги ПҚ-1743-сонли «2012-2013 йилларда Давлат мулкини хусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллар кўпайтиришни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2008 йил 21 апрелдаги ПҚ-842-сон қарорини бажариш ва шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига ушбу соҳада хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўли билан зооветеринария хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг иловага* мувофиқ туманлар (шаҳарлар) давлат ветеринария бўлимлари балансида бўлган зооветеринария шохобчалари биноларини хусусийлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
2. Белгилаб қўйилсинки, иловада кўрсатилган зооветеринария шохобчалари биноларини хусусийлаштириш ветеринария фаолияти билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида, улар томонидан зооветеринария хизматлари кўрсатиш фаолияти камида 10 йил мобайнида сақланиши шарти билан ёпиқ кимошди савдоларида амалга оширилади.
Зооветеринария шохобчаларининг зооветеринария хизматлари кўрсатиш, шу жумладан минтақанинг эпизоотик барқарорлигини таъминлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш туман (шаҳар) давлат ветеринария бўлимларига юклансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат ветеринария бош бошқармаси билан биргаликда савдоларни ўтказишда кимошди савдоларини ташкил этиш тартибларига риоя қилинишини, шунингдек савдоларда иштирок этиш учун тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг мувофиқлиги ва ишончлилиги устидан назоратни таъминласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2008 йил 13 июнь,
129-сон
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 24-25-сон, 225-модда)