Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҚЎШИМЧА ИМТИЁЗЛАР ТЎҒРИСИДА
Болаларни тарбиялаш учун шарт-шароит яратиш ҳамда хотин-қизларнинг меҳнатдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
1. Уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг ҳафтасига ўттиз беш соатдан ошмайдиган қисқартирилган муддати белгилансин.
2. Ушбу Қонун 3-моддасининг 1-бандида назарда тутилган иш стажи мавжуд бўлган тақдирда эллик тўрт ёшга тўлган аёлларга пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилсин.
3. Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилсин:
1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 338-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 9, 181-модда) қуйидаги мазмундаги 121-модда билан тўлдирилсин:
«121-модда. Умумий белгиланган ёшни бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи
Ушбу Қонун 37-моддасининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар»;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг иккинчи кичик банди Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги ЎРҚ-798-сонли Қонунига асосан 2023 йил 30 апрелдан ўз кучини йўқотади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2022 й., 03/22/798/0972-сон)
4. Ушбу Қонун 1999 йил 1 июлдан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 14 апрель,
760-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 5-сон, 112-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.10.2022 й., 03/22/798/0972-сон)