Норасмий таржима
Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида
Конвенция
Аҳдлашувчи томонлар,
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида эълон қилинган эркаклар ва аёллар ўртасида тенглик тамойилини амалга оширишни истаган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига мувофиқ аёллар ва эркакларнинг сиёсий ҳуқуқлардан фойдаланишдаги мақомини тенглаштиришни истаган ҳолда,
Шу мақсадда Конвенция тузишга қарор қилиб,
Қуйидагиларга келишиб олдилар:
1-модда
Аёллар барча сайловларда, ҳеч қандай камситишларсиз, эркаклар билан тенг шароитларда овоз бериш ҳуқуқига эга.
2-модда
Аёллар миллий қонунчиликда белгиланган тартибда, ҳеч қандай камситишларсиз, эркаклар билан тенг шароитларда сайланиш ҳуқуқига эга.
3-модда
Аёллар эркаклар билан тенг шароитларда, ҳеч қандай камситишларсиз, миллий қонунчиликда белгиланган тартибда барча давлат ва жамоат хизмати лавозимларини эгаллаш ва уларни амалга ошириш ҳуқуқига эга.
4-модда
1. Ушбу Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳар қандай аъзолари, шунингдек Бош Ассамблеядан таклифнома олган бошқа давлатлар томонидан имзоланиши учун очиқдир.
2. Ушбу Конвенция ратификация қилиниши ва ратификация ҳужжатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига топширилиши керак.
5-модда
1. Ушбу Конвенция IV модданинг 1-бандида кўрсатилган барча давлатларнинг қўшилиши учун очиқдир.
2. Конвенцияга қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига қўшилиш тўғрисидаги декларацияни топшириш орқали амалга оширилади.
6-модда
1. Ушбу Конвенция олтинчи ратификация ҳужжати ёки қўшилиш декларацияси топширилишининг тўқсонинчи кунидан кучга киради.
2. Ушбу Конвенциянинг ратификация ҳужжати ёки қўшилиш декларацияси уни ратификация қилувчи ёки унга қўшилувчи ҳар бир давлат учун олтинчи ратификация ҳужжатини ёки қўшилиш декларациясини топширгандан кейинги тўқсонинчи куни кучга киради.
7-модда
Давлат имзолаш, ратификация қилиш ёки қўшилиш пайтида ушбу Конвенциянинг моддасига қўшимча шарт киритган тақдирда, Бош котиб ушбу қўшимча шарт матнини ушбу Конвенциянинг иштирокчиси бўлган ёки иштирок этиши мумкин бўлган барча давлатларга етказади. Ушбу қўшимча шартга қарши бўлган ҳар қандай давлат, ушбу хабар юборилган кундан бошлаб тўқсон кун ичида (ёки у Конвенция иштирокчиси бўлган кундан бошлаб) Бош котибга буни қабул қилмаслиги тўғрисида хабар бериши мумкин. Бундай ҳолатда Конвенция ушбу давлат ва қўшимча шарт киритган давлат ўртасида кучга кирмайди.
8-модда
1. Ҳар қандай давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига ёзма равишда хабар бериш орқали ушбу Конвенцияни бекор қилиши мумкин. Денонсация Бош котиб ушбу билдиришномани олган кундан бир йил ўтгандан кейин кучга киради.
2. Ушбу Конвенция иштирокчилари сони олтитадан кам бўлиб қолган тақдирда денонсация кучга кирган кундан тўхтайди, ўз кучини йўқотади.
9-модда
Ушбу Конвенцияни талқин қилиш ёки қўллаш бўйича ҳар қандай икки ёки ундан ортиқ Аҳдлашувчи давлатлар ўртасида келиб чиқадиган, музокаралар йўли билан ҳал қилинмайдиган ҳар қандай низо, ушбу низо томонларидан бирининг илтимосига биноан, агар улар ярашувнинг бошқа бирор тартиби тўғрисида келишмаса, Халқаро суд томонидан ҳал қилинади.
10-модда
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзоларини ва ушбу Конвенциянинг IV моддаси 1-бандида кўрсатилган аъзо бўлмаган давлатларни қуйидагилардан хабардор қилиши лозим:
а) IV моддага мувофиқ олинган имзолар ва ратификация ҳужжатлари;
б) V моддага мувофиқ қабул қилинган қўшилиш тўғрисидаги декларациялар;
c) VI моддага мувофиқ ушбу Конвенция кучга кирадиган кун;
д) VII моддага мувофиқ олинган мулоқотлар ва билдиришномалар;
э) VIII модданинг 1-бандига мувофиқ олинган денонсация тўғрисида билдиришномалар;
ф) VIII модданинг 2-бандига мувофиқ Конвенциянинг ўз кучини йўқотиши.
11-модда
1. Хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилидаги матнлари бир хил кучга эга бўлган ушбу Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг архивида сақланади.
2. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби тасдиқланган нусхаларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча аъзоларига ва IV модданинг 1-бандида назарда тутилган ташкилотга аъзо бўлмаган давлатларга юбориши лозим.
(имзолар)