Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ҚУРИЛАДИГАН ЁДГОРЛИКЛАР
ВА ҲАЙКАЛЛАРНИНГ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТУЗИШ ВА УЛАРНИ
ҚУРИШ ТАРТИБИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
ВА ҲАЙКАЛЛАРНИНГ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТУЗИШ ВА УЛАРНИ
ҚУРИШ ТАРТИБИНИ БЕЛГИЛАШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сон «Ҳукумат комиссияларини тузиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуриладиган ёдгорликлар ва ҳайкалларнинг бадиий-эстетик жиҳатдан мукаммал бўлишини таъминлаш, ижодий кучлар имкониятидан тўла фойдаланиш ва ёдгорликлар ўрнатиш масалаларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасида ёдгорликлар ва ҳайкаллар ўрнатиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1-илова рус тилидаги матнда берилган.
Ушбу комиссияга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида қуриладиган ёдгорликлар ва ҳайкалларнинг лойиҳаларини олдиндан кўриб чиқиш, уларни ўтказилган танловлар асосида саралаб олиш ваколатлари берилсин.
2. Ўзбекистон Республикасида қуриладиган ёдгорликлар ва ҳайкалларнинг лойиҳаларини тузиш ва уларни қуриш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг 1968 йил 30 августдаги 415-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон ССРда қуриладиган ёдгорликлар ва монументлар лойиҳаларини тузиш ва уларни қуриш тартиби тўғрисидаги Низом ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий масалалар, фан ва маданият ҳамда капитал қурилиш, транспорт ва алоқа бўлимларига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 27 июль,
375-сон
Ўзбекистон Республикасида қуриладиган ёдгорликлар ва
ҳайкаллар лойиҳаларини тузиш ва уларни қуриш
тартиби тўғрисида
ҳайкаллар лойиҳаларини тузиш ва уларни қуриш
тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Барча хилдаги аҳоли пунктлари қурилишида мустақил аҳамиятга эга бўлган, муҳим тарихий ва ижтимоий воқеаларга бағишланган, атоқли давлат, сиёсий ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонлар, машҳур фан, маданият ва санъат арбоблари хотираларини абадийлаштиришга, адабий-фольклор асарлари қаҳрамонларига бағишланган монументал санъат асарлари (ҳайкаллар, зафар тоқлари, мемориал ва зиёрат иншоотлари, обелисклар, бюстлар ва шу кабилар) ёдгорликлар ҳисобланади.
2. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алоҳида муҳим мавзуга бағишланган ва кўп маблағ сарфлашни талаб қиладиган ёдгорликлар ва ҳайкаллар, машҳур кишилар ва воқеаларга бағишланган бошқа ёдгорликлар (ҳайкал, бюст, обелиск, қабр тошлари ва ҳоказолар), Ўзбекистон Республикасида давлат аҳамиятига молик ёдгорликлар ва ҳайкаллар ўрнатиш бўйича Ҳукумат комиссияси (бундан кейинги ўринларда Ҳукумат комиссияси деб аталади) олдиндан кўриб чиққандан кейин ва унинг хулосаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан қурилади.
3. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсларнинг ҳаёт чоғида хотирасини абадийлаштиришга ва улар шарафига ёдгорликлар ва ҳайкаллар ўрнатишга йўл қўйилмайди.
4. Давлат, кооператив ва жамоат ташкилотларининг давлат аҳамиятига молик ёдгорликлар қуриш тўғрисидаги илтимосларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар кўриб чиқадилар ҳамда ёдгорлик ёки ҳайкал қуриш зарурлиги тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикасига тақдим этадилар.
5. Ҳукумат комиссиясининг топшириғига кўра ёдгорликларнинг лойиҳаларини тузиш ишларини Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ташкил қилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги мазкур ёдгорликларни лойиҳалашнинг (очиқ танловлар, ёпиқ танловлар эълон қилиш, якка буюртма тартибида бажариш ва ҳоказо) шаклларини белгилайди, ёдгорлик ечимининг асосий принципларини ифодалаб берувчи ғоявий-бадиий вазифаларни ўз ичига олган лойиҳалаш дастурини тузади ва уни кўриб чиқиш учун Ҳукумат комиссиясига топширади.
6. Ёдгорликлар ва бюстларнинг лойиҳаларини тузиш ва уларни қуриш билан боғлиқ бўлган ишлар Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Рассомлар уюшмасининг ихтисослаштирилган корхоналари томонидан бажарилади.
7. Республика ҳудудида қуриладиган ёдгорликлар ва ҳайкалларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳузурида Монументал санъат бўйича бадиий кенгаш тузилади. Бадиий кенгаш ҳақидаги Низом Вазирлик томонидан тасдиқланади.
8. Қурилган ёдгорликлар ва ҳайкаллар Ҳукумат комиссияси уларни қабул қилгандан кейин очилади.
9. Боғ ансамбллари, кўчалар, майдонлар, мелиорация тармоқлари ва тош йўлларни, шунингдек, айрим биноларни, иншоотларни безатиш мақсадида бажарилган ҳайкалтарошлик асарлари ёдгорликлар қаторига кирмайди. Мазкур ишлар, безатиш учун ишланган манзарали ҳайкалтарошлик асарлари ҳисобланади.
10. Безатиш учун ишланган манзарали ҳайкалтарошлик асарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорларига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги тасдиқлаган лойиҳалар бўйича қурилади.
Бунда безатиш учун ишланган манзарали ҳайкалтарошлик асарларини ўрнатиш ва уларни молиявий таъминлаш ишлари ва бошқа ишлар шундай қарор қабул қилган ҳокимият органлари томонидан ташкил этилади.
11. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ва Рассомлар уюшмасининг ихтисослаштирилган бадиий-ишлаб чиқариш корхоналари давлат, кооператив ва жамоат ташкилотларидан, корхона ва муассасалардан қуйидагиларнинг лойиҳаларини тузиш, уларни бажариш ва ўрнатиш учун буюртмалар қабул қилишлари мумкин:
а) ёдгорликларга тааллуқли бўлмаган манзарали ҳайкалтарошлик асарлари;
б) жамоат биноларининг интерьерлари (ичи) учун ҳайкалтарошлик асарлари (шу жумладан, портрет ва композицион ҳайкаллар);
в) уруш ҳаракатларига оид дафн жойлари ва мозорларни ободонлаштириш учун ҳайкалтарошлик асарлари;
г) хотира тахталари, қабртошлари.
12. Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳузуридаги Монументал санъат бўйича бадиий кенгаш томонидан маъқулланган ёдгорликларнинг лойиҳалари буюртмачи ташкилотлар (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари) билан келишиб олинади ва улар томонидан тасдиқланади.
13. Тегишли маҳаллий ҳокимият органлари қарорига биноан қурилган безатиш учун ишланган манзарали ҳайкалтарошлик асарлари, уларни Маданият ишлари вазирлиги, Рассомлар уюшмаси ва Меъморлар уюшмаси, шунингдек, буюртмачиларнинг, жамоат ташкилотларининг вакилларидан ва лойиҳа муаллифларидан иборат таркибдаги комиссия қабул қилиб олгандан кейин очилади.