Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АФВ ЭТИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ НИЗОМИНИ ҚЎЛЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Фармон Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 мартдаги ПФ-4094-сонли «Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш Низомини қўллаш тартиби тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 20-бандига асосан қарор қиламан:
Ўзбекистон Республикасининг судлари томонидан ҳукм қилинган фуқароларга нисбатан афв этишни амалга ошириш Низомини қўллаш тартиби тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 11 сентябрь,
ПФ-1839-сон
Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ўзбекистон Республикасида афв этиш, қоида бўйича, республика ҳудудида жойлашган судлар ва ҳарбий судлар томонидан судланган шахсларга нисбатан келтирилган илтимосномалар асосида амалга оширилади.
2. Афв этиш тўғрисидаги илтимосномалардан ташқари, қуйидаги ҳужжатлар кўриб чиқилади:
а) Суд ҳукмига кўра ўлим жазосига маҳкум қилинган ва афв этиш тўғрисида илтимосномани келтирмаган шахсларнинг ҳужжатлари:
б) Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ўлим ёки бошқа жазоларга маҳкум қилинган шахсларни афв этиш тўғрисида Олий Суд раиси ва Бош Прокурорнинг хулосалари:
в) жазони ўтаган шахсларнинг суд ҳукми билан етказилган моддий зарарни қоплаш мажбуриятидан озод этиш тўғрисидаги аризалари:
3. Маҳкумларни афв этилиши қуйидаги шаклда амалга оширилади:
ўлим жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш:
асосий ҳамда қўшимча жазодан умуман ёки қисман озод қилиш:
ўтамай қолган жазо қисмини енгилроқ жазога алмаштириш:
судланганликни олиб ташлаш.
4. Афв этиш, қоидага кўра, маҳкумларнинг шахсий илтимосномалари асосида қўлланилади.
Афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар, суд ҳукми қонуний кучга киргандан ва маҳкум жазо муддатининг ярмини ўтагандан кейин кўриб чиқилади.
5. Афв этиш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқишда қуйидаги ҳолатлар эътиборга олинади:
содир этилган жиноятни ижтимоий хавфлилик даражаси ва характери, маҳкумнинг шахси, унинг хулқ-атвори, меҳнатга муносабати, жазо ўташ жойларидаги ташаббускорлик ташкилотларнинг фаолиятида иштироки, қопланган зарарнинг миқдори ва бошқа ҳолатлар:
жазо ўташ муассасаси, маъмурияти, жамоат ташкилотлари ва меҳнат жамоаларининг фикри:
моддий зарарни қоплашдан озод қилиш тўғрисидаги аризалар бўйича — зарар етказилган ташкилотнинг ҳамда туман, шаҳар, шаҳардаги туман ҳокимиятларнинг фикри:
ҳарбий судлар томонидан судланган шахсларнинг афв этиш тўғрисидаги илтимосномалари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг фикри.
6. Ўта хавфли рецидивистлар, ҳамда муқаддам ҳукм ижросини кечиктириш, амнистия, афв этиш, шартли ҳукм қилиш ёки жазо муддатидан олдин — шартли озод этиш ёки жазони енгилроғига алмаштириш чоралари қўлланилган шахслар, агарда улар судланганлик ҳолатининг тугалланишидан ва олиб ташланишидан олдин қайта қасддан жиноят содир этган тақдирда, тузалиш йўлига қирмаган маҳкумлар, жазо муддатини кам қисмини ўтаган шахслар, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган жиноятчилар фақатгина фавқулодда ҳолатларда афв этилиши мумкин.
7. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахслар афв этиш тўғрисидаги илтимоснома билан ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида эълон қилинганлиги ва ҳукм нусхаси ёки кассацион ажрим топширилган кундан бошлаб, 7 кун давомида мурожаат этишлари мумкин. Агарда ўлим жазосига маҳкум қилинган шахс кўрсатилган муддат давомида афв этиш тўғрисида илтимосномасини киритмаса ёки бундай илтимосномани келтириш хоҳиши йўқлиги ҳақида арз қилса, бу ҳақда, ўрнатилган тартибга риоя қилган ҳолда, акт тузилади. Илтимоснома ёки акт қабул қилинган кундан бошлаб, 3-кун муҳлатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига юборилади. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсга нисбатан ҳукм ижроси, илтимоснома ёки илтимосномани келтиришдан воз кечиш тўғрисидаги ҳужжатлар кўриб чиқилгунга қадар тўхтатилади.
8. Афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларни дастлаб кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида афв этиш масалалари бўйича комиссия тузилади.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, жамоат ташкилотлари ва меҳнат жамоаларининг вакиллари, Юстиция вазири, Миллий Хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари, Республика касаба уюшмалари Федерацияси раисининг ўринбосари, маъмурий-ҳуқуқий масалалар ҳамда фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича Бош консультантлар киради.
Агарда комиссия мажлисида қайд этилган комиссия аъзосининг қатнашиш имкони бўлмаса, унда уларнинг вазифасини асосий иш жойида ўринбосарлик қилувчи мансабдор шахс бажаради.
Комиссия йиғилишини Комиссия раиси ёки унинг топшириғига асосан раиснинг ўринбосари олиб боради.
Комиссиянинг ишида Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори, Олий Суд раиси ва Ички Ишлар вазири, улар бўлмаган тақдирда — номга олинган шахсларнинг ўринбосарлари қатнашади.
Комиссия аъзоларининг учдан икки қисми бор бўлган тақдирда комиссия ҳақ-ҳуқуқли ҳисобланади. Комиссиянинг қарори иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилиги билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, илтимоснома рад этилган деб ҳисобланади. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг ҳужжатлари қўшимча равишда ўрганиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига ва Прокуратурасига юборилади.
Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади ва комиссиянинг барча аъзолари ҳамда мажлисда қатнашган республика Бош Прокурори, Олий Суди раиси ва ички ишлар вазири (уларнинг ўринбосарлари) томонидан имзоланади.
Комиссия таклифларини кўриб чиқиш натижаси бўйича афв этиш тўғрисидаги Фармон лойиҳаси тайёрланади.
Маҳкумни афв этиш учун асослар бўлмаган тақдирда, бу ҳақда фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича консультантлар гуруҳи аризачига хабар беради. Рад этилган илтимосномалар ҳақида гуруҳ вақти-вақти билан Президентга хабар қилиб туради.
Агарда афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида қўшимча текширишни талаб қиладиган саволлар туғилса, Комиссия бу материални муҳокамадан олиб ташлаш ва ўрганиш ҳамда хулоса чиқариш учун Олий Судга ёки Республика Прокуратурасига юборишга ҳақлидир.
9. Афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар бўйича керакли ҳужжатларни комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кўриб чиқиш учун тайёрлаш вазифаси Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича консультантлар гуруҳи зиммасига юклатилади.
10. Ўлим жазосига ҳукм қилинган шахслардан тушган илтимосномалар ёки бундай илтимосномаларни келтиришдан воз кечган шахслар тўғрисидаги ҳужжатлар комиссия муҳокамасига чиқаришдан олдин бир ой муддат ичида суд қарорларининг мазмунини, содир этган жиноятнинг ҳолатларини, маҳкумнинг шахси тўғрисидаги маълумотларни ва ҳар бир илтимоснома ёки илтимосномани келтиришдан воз кечиш тўғрисидаги материалнинг моҳияти бўйича ўзларининг таклифларини кўрсатувчи хулосаларни тақдим қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Прокуратурасига юборилади.
Комиссия муҳокамасига киритиладиган жазо ўташ жойларида содир этган жинояти учун ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсларни афв этиш тўғрисидаги илтимосномалари бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, ўта хавфли давлат жиноятлари содир этган шахсларнинг илтимосномалари бўйича эса — Миллий хавфсизлик хизматининг раиси хулоса тақдим этадилар.
11. Тузалиш йўлига кирмаган, тайинланган жазо муддатининг оз қисмини ўтаган, оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган, ўта хавфли рецидивист деб тан олинган шахсларни афв этиш тўғрисидаги илтимосномалари ҳамда ташкилотга етказилган моддий зарарни келгусида қоплаш мажбуриятидан озод этиш, агарда бу ташкилот илтимосномани қондиришга қарши фикр билдирган бўлса у ҳолда ҳужжатлар фақатгина эътиборни қозониши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлганда комиссия муҳокамасига ҳавола этилади. Бошқа илтимосномалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги комиссияга ахборот берилади, аризачиларга эса уларнинг илтимосномалари рад этилганлиги ҳақида маълум қилинади.
12. Афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар рад этилган тақдирда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахсларни афв этиш тўғрисидаги такрорий илтимосномалари янги, эътиборни қозониши мумкин бўлган ҳолатлар бўлмаса, қайта комиссия муҳокамасига бир йил ўтгандан кейин, бошқа жиноятлар учун судланган шахсларнинг — олдинги илтимосномасини рад этилгандан сўнг 6 ой муддат ўтгандан кейин қўйилиши мумкин. Кўрсатилган муддатдан олдин келиб тушган такрорий илтимосномалар кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва бор бўлган ҳужжатларга қўшиб қўйилади, бу ҳақда аризачига хабар қилинади.
13. Икки ёки кўпроқ республикаларнинг судлари билан судланган шахсларнинг афв этиш тўғрисидаги илтимосномалари фақатгина охирги ҳукм Ўзбекистон Республикаси суди томонидан чиқарилган бўлсагина кўриб чиқилиши мумкин. Шу билан бирга, маҳкумга нисбатан қолган ҳукмларни чиқарган республикаларнинг фикрлари ҳам эътиборга олинади.
14. Қонун бузилишини ёки асоссиз судланганликни текширишда муҳтож бўлган далиллар билан келтирилган афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар дастлаб назорат тартибида ўрганиш учун тегишли идораларга юборилади.
15. Жазо ўташ муассасалари маъмурияти орқали маҳкумлар томонидан берилган афв этиш тўғрисидаги илтимосномалар барча суд ҳукми, ажрим ва қарорларнинг нусхалари, илтимосноманинг моҳияти бўйича ўз фикрини кўрсатиб, маҳкумнинг меҳнатга муносабати ва хулқи ҳақида батафсил тавсифнома ҳамда афв этишни қўллаш масаласига аҳамият касб этиши мумкин бўлган бошқа ҳужжатларни ва маълумотларни илова қилган ҳолда комиссия муҳокамасига юборилади.
16. Афв этиш тўғрисидаги Фармонлар ижро этиш учун қуйидаги идораларга юборилади:
ўлим жазосига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Прокуратурасига:
озодликдан маҳрум қилиш, шартли ва жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ҳамда ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган ва судланганликни олиб ташлаш ҳақида — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига.
жазо ўташ билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо турларига судланган шахсларга нисбатан ва етказилган моддий зарарни қоплашдан озод қилиш ҳақида уларни суд қилган тегишли судларга ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.
17. Ўлим жазосига судланган шахсларга нисбатан ҳукмни ва уларга нисбатан қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонларининг ижроси ҳақида Президентга, Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори бошқа жазо турларига судланган шахсларга нисбатан эса — Фармон ва ҳукм ижроси юклатилган органларга ахборот беради.
18. Афв этиш масалалари бўйича чиқарилган фармонларнинг ўз вақтидаги ижроси устидан назорат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича консультантлар гуруҳига юклатилади.
19. Президент томонидан муқаддам афв этиш қўлланилган маҳкумларнинг ҳукмлари янгитдан очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган ёки ҳукмлар ўзгартирилган ҳолларда, бу суд қарорлари ҳақида судлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролик ва афв этиш масалалари бўйича консультантлар гуруҳига маълумот берадилар.