Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик эълон қилинган куннинг бир йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда қарор қиламан:
1. Қуйидаги маҳкумлар озодликдан маҳрум этиш тарзидаги, шунингдек озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод қилинсин:
а) Улуғ Ватан урушининг қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар;
б) аёллар ва вояга етмаганлар;
в) 60 ёшдан ошган эркаклар;
г) I ва II гуруҳ ногиронлари.
2. Уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган, шунингдек озодликдан шартли равишда маҳрум қилиб, меҳнатга мажбуран жалб этилган, озодликдан маҳрум этиш жойларидан шартли равишда озод қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб этиш жазоларига ҳукм қилинганлар жазодан озод қилинсин.
3. Қасддан содир этган жиноятлари учун беш йил муддатгача озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, жазо муддатининг камида ярмини ўтаб бўлган, Фармонининг 1-моддаси қўлланилмайдиган шахслар жазодан озод қилинсин.
4. Терговдаги ишлар ва судлар томонидан кўриб чиқилмаган қўйидаги барча ишлар:
Фармоннинг 1-моддасида қайд этилган шахслар содир этган жиноятлар;
содир этган жиноятлари учун қонунда уч йил муддатгача озодликдан маҳрум этиш ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо кўзда тутилган жиноий ишлари ҳаракатдан тугатилсин.
5. Эҳтиётсизлик оқибатида содир этган жиноятлари учун уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, Фармоннинг 2-моддаси қўлланилмайдиган шахсларнинг жазо муддати яримига қисқартирилсин.
6. Мазкур Фармонга асосан жазодан озод қилинмайдиган шахсларнинг жазо муддатини ўталмаган қисми қуйидагича қисқартирилсин:
а) озодликдан шартли равишда маҳрум қилиб, меҳнатга мажбуран жалб этишга судланганларнинг қолган муддати учдан бир қисмга;
б) озодликдан маҳрум этиш жойларидан шартли равишда озод қилиниб, меҳнатга мажбуран жалб этилганларнинг қолган муддати яримига;
в) ахлоқ тузатиш-меҳнат муассасаларида жазони ўтаётган, жазо муддатининг камида ярмини ўтаб бўлган ва муқаддам озодликдан маҳрум этишга бир мартадан ортиқ судланмаган маҳкумларнинг қолган муддати — учдан бир қисмига.
7. Амнистия Фармоннинг 1, 2, 3, 4-моддаларида санаб ўтилган қўйидаги шахсларга нисбатан қўлланилмайди:
а) ўта хавфли давлат жиноятлари (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 54 — 63-моддалари), шунингдек миллий ва ирқий тенг ҳуқуқликни бузиш учун жиноий жавобгарликка тортилган ва судланганлар (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 64-моддаси);
давлат сирларини ошкор этганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 65-моддаси);
бандитизм (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 67-моддаси);
ахлоқ тузатиш-меҳнат муассасаларининг ишини издан чиқарувчи ҳаракатлар (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 67-1-моддаси);
контрабанда (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 68-моддаси);
оммавий тартибсизликлар (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 69-моддаси);
қалбаки пул ва қимматбаҳо қоғозлар тайёрлаганлик ёки сотганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 77-моддаси);
жиноятни оғирлаштирадиган ҳолатларда валюта операциялари тўғрисидаги қоидаларни бузганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 78-моддасининг 2-қисми);
б) ўта хавфли рецидивистларга;
в) қасддан одам ўлдирганликлари учун жавобгарликка тортилган ва судланганларга (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 80, 81-моддалари);
қасддан баданга оғир шикаст етказганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖК 88-моддасининг «б», «в» бандлари);
милиция ходимининг ҳаётига тажовуз қилганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 194-1-моддаси);
милиция ходимининг баданига оғир шикаст етказганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖК 194-2-моддасининг 2-қисми);
милиция ходимини қасддан ўлдирганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 194-4-моддаси);
номусга текканлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 94-моддаси);
товламачилик (рекет) (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 115-1, 128-моддалари);
оғирлаштирувчи ҳолатлар бўйича фирибгарлик (Ўзбекистон Республикаси ЖК 119-моддасининг 2, 3-қисмлари, 129-моддасининг 2, 3-қисмлари);
жуда кўп миқдордаги давлат ёки жамоат мулкини талон-тарож қилганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 119-1-моддаси);
квалификация белгилари бўлган ҳолатда давлат, жамоат ёки шахсий мулкни ўғирлаш (Ўзбекистон Республикаси ЖК 114-моддасининг 2, 3, 4-қисмлари, 125-моддасининг 2, 3, 4-қисмлари);
талончилик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 115, 126-моддалари);
талончилик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116, 127-моддалари);
пора олганлик, пора берганлик ёки пора олиш-беришга воситачилик қилганлик (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 152, 153, 154-моддалари);
ашаддий безорилик (Ўзбекистон Республикаси ЖК 204-моддасининг 2,3-қисми);
шунингдек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 100-моддасининг 2-қисмида, 101, 101-1, 166, 166-3, 193-2-моддасининг 2-қисмида, 209-2, 209-3, 210-1, 216-2, 216-3, 216-4, 216-5, 216-6-моддаларида кўзда тутилган жиноятлар;
қасддан содир этилган ҳарбий жиноятлар;
г) қасддан содир этган жиноятлари учун муқаддам озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланганлар;
д) муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жазодан озод этилган ва яна қасддан жиноят содир этган;
е) алкоголизм, гиёҳвандлик ёки таносил касалликларидан даволашнинг тўлиқ курсини тугатмаганлар;
ж) жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчиларга.
8. Фармоннинг 5, 6-моддаларида кўрсатиб ўтилган шахсларга нисбатан қамоқда сақлаш тартибини ашаддий бузувчи маҳкумларга, шунингдек, афв ёки амнистия тартибида илгари жазодан озод этилган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга амнистия қўлланилмайди.
9. Мазкур Фармон эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, Ўзбекистон Республикасининг судлари ва унинг ҳудудида жойлашган ҳарбий судлар (трибуналлар) ҳукм қилинган шахсларгагина нисбатан қўлланилади ва тўрт ой муддатда ижро этилиши лозим.
10. Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Прокуратураси ҳамда Олий суди билан биргаликда мазкур Фармонни қўлланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун тақдим этсинлар.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1992 йил 28 август,
ПФ-462-сон