LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2021 йил 5 августдаги 239-сонли ««Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ҳамда маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалар вакилларини жазони ижро этиш тизими муассасаларига ташрифини ташкиллаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги буйруқни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1425-1, 10.08.2021 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 мартдаги 12-3-54-сонли Тадбирлар режасига мувофиқ буюраман:
1. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ҳамда маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалар вакилларини жазони ижро этиш тизими муассасаларига ташрифини ташкиллаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
1. Мазкур Йўриқнома, агарда Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро битимларда бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ҳамда маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалар вакилларини жазони ижро этиш тизими муассасаларига ташрифи тўғрисидаги тартибни белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномалар ва битимлар, 1963 йилдаги консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенцияси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодекслари, мазкур Йўриқнома, шунингдек жазони ижро этиш тизими фаолиятини ташкиллаштириш тартибини белгиловчи бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жазони ижро этиш тизими муассасаларига дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ҳамда маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотлар, хорижий, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакилларини ташрифига асос бўла олади.
3. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ҳамда маҳаллий нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, хорижий, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакиллари томонидан мазкур Йўриқнома билан белгиланган инстанцияга юборилган мурожаати жазони ижро этиш тизими муассасаларига ташриф учун шартдир.
4. Озодликдан маҳрум қилиш жойларига ташриф буюриш ҳамда у ердаги шахсларнинг сақлаш шароитларини ўрганиш учун дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига1 тегишли мурожаатномани, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида2 рўйхатдан ўтган ташкилотлар эса тегишлигича Адлия вазирлигига юборилиши лозим.
Мурожаатномада ташриф куни, мақсади, ташрифда қатнашадиган шахс (шахслар), ташриф чоғида учрашмоқчи бўлган маҳкум (маҳкумлар)нинг фамилияси, исми, шунингдек бошқа зарур маълумотлар кўрсатилиши лозим.
5. ТИВ ёки АВ жазони ижро этиш муассасасига ташриф ҳақидаги мурожаатномани олгач, уни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқади: аккредитация бор йўқлигини текширади, ташрифнинг мақсадга мувофиқлигини белгилайди. Ушбу тадбирларни бажариб бўлгач, ТИВ (АВ) беш кунлик муддат ичида мурожаатноманинг нусхасини илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасига сўров хатини юборади ва унда тегишли аккредитация борлигини, зарур ҳолларда эса — ташриф ўтказилишининг мақсадга мувофиқлигини кўрсатади.
Мансабдор консул шахсларнинг вакиллик мамлакати фуқаролари бўлган маҳкум ёки қамоқда сақланаётганлар билан учрашувни ўтказиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масала 1963 йилдаги консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена Конвенциясига мувофиқ кўриб чиқилмайди ва уларнинг ташрифи ҳақидаги мурожаатномаси сўзсиз ижобий ҳал этилади.
6. Қамоққа олинган шахс тергов, прокуратура ёки суд идоралари ихтиёрида бўлган ҳолларда, ИИВ ЖИЭББ томонидан мурожаатнома муаллифининг сўров хати тегишлигича тергов, прокуратура ёхуд суд идораларига юборилади ва бу ҳақда ТИВ ва АВ га маълум қилинади.
7. ИИВ ЖИЭББ томонидан ТИВ (АВ)нинг мурожаатнома ҳақидаги тегишли хабари олингач кўриб чиқилади, зарур ҳолларда текширув тадбирлари амалга оширилади (мурожаатда қайд этилган маҳкумлар қаердалиги аниқланади) ва ташрифнинг мақсадга мувофиқлиги белгиланади.
8. Мурожаатномани кўриб чиқиш натижалари ҳақида ИИВ ЖИЭББ муаллифни хабардор қилиш учун ТИВ ёки АВга маълум қилади.
Масала ижобий ҳал этилган ҳолда, ТИВ ёки АВга ташриф куни ва соатини келишиш учун алоқа телефон рақами берилади, салбий қарор қабул қилинган ҳолда эса ёзма равишда асослантирилган рад жавоби юборилади.
9. ИИВ ЖИЭББнинг тегишли жавобини олгандан сўнг, ТИВ ёки АВ беш кунлик муддатдан кечиктирилмаган ҳолда мурожаатнома муаллифига натижа ҳақида маълум қилади.
10. Мурожаатнома муаллифи ТИВ ёки АВдан жавоб хатини олгандан сўнг масала ижобий ҳал этилган ҳолда, берилган алоқа телефонлари орқали ИИВ ЖИЭББга мурожаат қилади ва муассасага ташриф куни ва соати бўйича тасдиқ жавобини олади ёки ташрифнинг янги санаси ва вақти бўйича келишилади.
Ташриф буюриладиган муассасалар тартиботли бўлганлигини инобатга олган ҳолда, музокаралар давомида ташриф ва унинг натижаларини матбуотда чоп этилиши мумкинлиги бўйича масала олдиндан келишилади.
11. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифни ташкиллаштириш ва жазони ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларини ўрганиш ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) томонидан муассаса маъмурияти билан биргаликда амалга оширилади.
12. Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти режалаштирилаётган ташриф тўғрисида тегишли хабар олганидан сўнг, уни белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкиллаштиради.
13. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари томонидан уюштириладиган ташриф ҳамда жазони ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларини ўрганиш учун вақт чегараланмайди, аммо у жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини бузмаслиги ва кечки уйқудан (соат 22-00) эрталабки уйғонишгача (соат 06-00) бўлган вақт мобайнида ўтказилмаслиги лозим.
Ташриф буюрган шахслар жазони ижро этиш муассасаларининг Ички тартиб қоидаларини бузган ҳолларда, ташриф муддатидан аввал тугатилиши ва тартиббузарлар муассаса ҳудудидан чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳолда муассаса маъмурияти расмий равишда ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими)га, шунингдек ТИВ ёки АВ хабар қилади.
14. Ташриф мобайнида дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари томонидан жазони ўтаётган маҳкумлар билан учрашув озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларининг Ички тартиб қоидалари талабларига биноан амалга оширилади.
Суҳбат чоғида, 1963 йилдаги консуллик алоқалари тўғрисидаги Вена конвенциясида кўзда тутилган ҳоллардан ташқари, қамоқ ва жазони ижро этиш жойларида қонунчиликка риоя қилиш устидан назоратни амалга оширувчи прокурор, шунингдек маҳкум ва қамоққа олинганларга нисбатан суд-тергов жараёнини олиб бораётган идораларининг вакиллари қатнашиши мумкин.
Маҳкумларни кино, фото, видеотасвирга олиш, улар билан суҳбатлар, аудиоёзув олиб бориш (интервью олиш) фақатгина уларнинг ёзма равишдаги розилиги билан амалга оширилади.
Маҳкумларнинг хавфсизлиги ва қўриқланишини таъминловчи объектларни тасвирга тушириш (ташрифдан аввал) ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими)нинг олдиндан олинган рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
15. Қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган шахсларни дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари билан учрашуви Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг талабларига асосан бериладиган учрашувлар ҳисобига киритилмаслиги лозим.
16. Бундай ташрифларнинг узлуксизлиги, агар Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса, дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотларнинг сўровномалари асосида ИИВ ЖИЭББ томонидан белгиланади.
17. Жазони ўтаётган маҳкумлар томонидан дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакиллари билан учрашув ёзма равишда рад қилинган ҳолларда, жазони ижро этиш муассаса маъмурияти ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) га хабар беради.
18. Ташриф буюрувчи томонга айрим маълумотларни, шу жумладан муассасада жазони ўтаётган маҳкумларнинг сони, уларнинг аниқ тоифаларини ёхуд бошқа қизиқиш уйғотадиган маълумотларни тақдим қилиш масаласи ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) билан дастлабки (ташрифдан аввал) музокаралар йўли билан келишилади.
19. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалар вакилларининг муассасаларга ташриф натижалари, сақлаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлари, шунингдек бошқа масалалар муассаса маъмурияти, ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) билан биргаликда муҳокама қилиниши мумкин.
20. Жазони ижро этиш муассасаларига ташрифнинг натижалари бўйича томонларнинг ўзаро келишувига биноан ҳамкорликда матбуот конференциялари, матбуотда чоп этиш ва бошқа ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш мумкин.
Матбуотда чоп этиш тартиби, агарда халқаро шартномаларда бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва 2002 йил 12 декабрдаги «Ахборот эркинлигининг кафолатлари ва тамойиллари тўғрисида»ги қонунлари талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
21. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида тегишли рўйхатдан ўтказилган нодавлат ва нотижорат ташкилотлар4 , республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакилларига жазони ижро этиш тизими муассасаларига ташриф учун рухсат берилиши мумкин.
22. ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакиллари муассасаларга ташриф ҳамда озодликдан маҳрум қилинган шахсларни сақлаш шароитларини ўрганиш борасида рухсат олиш учун ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) ларига ёзма мурожаатни юборади.
Мурожаатномада ташрифнинг санаси, мақсади, алоқа телефон рақами, ташриф буюрувчи шахс (шахслар) ва ташриф мобайнида учрашадиган маҳкум (маҳкумлар) нинг фамилияси, исми, шунингдек бошқа зарур (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида тегишли рўйхатдан ўтганлиги, ташриф уюштирилиши мўлжалланган муассасада қариндошлари йўқлиги ва ҳ.к.) маълумотлар кўрсатилиши лозим.
23. Муассасага ташриф буюриш тўғрисидаги мурожаатни олгач ИИВ ЖИЭББ уни бир ой мобайнида қонун билан белгиланган тартибда кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган-ўтмаганлигини текширади, ташрифнинг мақсадга мувофиқлигини белгилайди, зарур бўлса текширув тадбирларни амалга оширади (мурожаатда кўрсатилган маҳкумларни турган жойини аниқлайди ва ҳ.к.)
24. Мурожаатномани кўриб чиқиш натижаси бўйича ИИВ ЖИЭББ ўн кун муддат ичида муаллифга маълум қилади.
Масала ижобий ҳал этилган ҳолда, ташриф куни ва соатини келишиш учун алоқа телефон рақами берилади, салбий қарор қабул қилинган ҳолда эса ёзма равишда асослантирилган рад жавоби юборилади.
25. Мурожаат муаллифи тегишли жавоб хатини олгандан сўнг масала ижобий ҳал этилган ҳолда, берилган алоқа телефонлари орқали ИИВ ЖИЭББга мурожаат қилади ва муассасага ташриф куни ҳамда соати бўйича тасдиқ жавобини олади ёки ташрифнинг янги санаси ва вақти бўйича келишилади.
Ташриф буюриладиган муассасалар тартиботли бўлганлигини инобатга олган ҳолда, музокаралар давомида ташриф ва унинг натижаларини матбуотда чоп этилиши мумкинлиги бўйича масала олдиндан келишилади.
26. ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакилларининг жазони ижро этиш муассасаларига ташрифини ташкиллаштириш ва жазони ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларини ўрганиш ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) томонидан муассаса маъмурияти билан биргаликда амалга оширилади.
27. Жазони ижро этиш муассасанинг маъмурияти режалаштирилаётган ташриф тўғрисида тегишли хабар олгандан сўнг, уни белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкиллаштиради.
28. ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакиллари томонидан уюштириладиган ташриф ҳамда жазони ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларини ўрганиш учун вақт чегараланмайди, аммо у жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини бузмаслиги ва кечки уйқудан (соат 22-00) эрталабки уйғонишгача (06-00) бўлган вақт мобайнида ўтказилмаслиги лозим.
Ташриф буюрган шахслар жазони ижро этиш муассасаларининг Ички тартиб қоидаларини бузган ҳолларда, ташриф муддатидан аввал тугатилиши ва тартиббузарлар муассаса ҳудудидан чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳолда муассаса маъмурияти расмий равишда ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими)га, шунингдек АВга хабар қилади.
29. Ташриф мобайнида ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан жазони ўтаётган маҳкумлар билан учрашув озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларининг Ички тартиб қоидаларига биноан амалга оширилади.
Суҳбат чоғида қамоқ ва жазони ижро этиш жойларида қонунчиликка риоя қилиш устидан назоратни амалга оширувчи прокурор, шунингдек, маҳкум ва қамоққа олинганларга нисбатан суд — тергов жараёнини олиб бораётган идораларининг вакиллари қатнашиши мумкин.
Маҳкумларни кино, фото, видеотасвирга олиш, улар билан суҳбатлар, аудиоёзув олиб бориш (интервью олиш) фақатгина уларнинг ёзма равишдаги розилиги билан амалга оширилади.
Маҳкумларнинг хавфсизлиги ва қўриқланишини таъминловчи объектларни тасвирга тушириш (ташрифдан аввал) ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими)нинг олдинган олинган рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
30. Қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этилган шахсларни ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакиллари билан учрашуви Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг меъёрларига асосан бериладиган учрашувлар ҳисобига киритилмаслиги лозим.
31. Жазони ўтаётган маҳкумлар томонидан ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакиллари билан учрашув ёзма равишда рад қилинган ҳолларда, жазони ижро этиш муассаса маъмурияти ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими)га хабар беради.
32. ННТ, республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалар вакилларининг муассасаларга ташриф натижалари, сақлаш шароитларини яхшилаш бўйича таклифлари, шунингдек бошқа масалалар муассаса маъмурияти, ИИВ ЖИЭББ ёки ҳудудий жазони ижро этиш бошқармаси (бўлими) лари билан биргаликда муҳокама қилиниши мумкин.
33. Жазони ижро этиш муассасаларига ташриф натижалари бўйича, томонларнинг ўзаро келишувига биноан, ҳамкорликда матбуот конференциялари, матбуотда чоп этиш ва бошқа ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш мумкин.
Матбуотда чоп этиш тартиби, агарда халқаро шартномаларда бошқа тартиб белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 26 декабрдаги «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва 2002 йил 12 декабрдаги «Ахборот эркинлигининг кафолатлари ва тамойиллари тўғрисида»ги қонунлари талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.
34. Дипломатик корпус, халқаро ноҳукумат ташкилотлари ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг ушбу Йўриқномада кўзда тутилган масалалар бўйича ёзма ёки оғзаки мурожаатномалари келиб тушган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси ИИВ бошқармалари ва соҳавий хизматлари:
а) ёзма равишдаги мурожаатларни зудлик билан мазкур Йўриқнома бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилиши учун Ташқи ишлар ёки Адлия вазирликларига (мурожаат муаллифининг тегишли аккредитацияси ёки рўйхатга олинганлигига қараб белгиланади) юборилиши;
б) оғзаки мурожаатнома келиб тушган ҳолда эса уларда қайд этилган масала бўйича Ташқи ишлар ёки Адлия вазирликларига мурожаат этиш мувофиқлиги тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилиши лозим.
35. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган.