Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 17-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти ва Матбуот хизмати тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2021 йил 6 январдаги 1043-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
4. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари Б. Кучкаров зиммасига юклансин.
Раис З. НИЗАМХОДЖАЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 24 декабрь,
1424-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 24 декабрдаги 1424-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Котибиятининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Марказий сайлов комиссиясининг Котибияти (бундан буён матнда Котибият деб юритилади) Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкилий-услубий, ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-маиший, моддий-техник жиҳатдан таъминлашни амалга оширади.
3. Котибият ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси, «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Регламенти», Марказий сайлов комиссияси қарорлари, Марказий сайлов комиссияси Раисининг (бундан буён матнда Комиссия Раиси деб юритилади) фармойишлари, ушбу Низом ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. Котибият фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари девонлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси котибиятлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатади.
5. Котибиятга умумий раҳбарлик Комиссия Раиси томонидан амалга оширилади.
Котибиятга Комиссия Раисининг фармойишига асосан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Котибият раҳбари бошчилик қилади.
6. Котибиятнинг тузилмаси, штатлари ва иш тартиби Комиссия Раиси томонидан тасдиқланади. Котибият ходимлари Марказий сайлов комиссияси Раисининг ўринбосари ва Котибият раҳбарининг тақдимига биноан Комиссия Раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
2-боб. Котибиятнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Котибиятнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
Марказий сайлов комиссияси фаолиятини, шу жумладан Марказий сайлов комиссияси мажлисларини, хизматга оид йиғилишларини ва бошқа тадбирларни ташкилий-услубий, ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-маиший ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;
Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритиш, Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва Комиссия Раисининг фармойишларини расмийлаштириш, ижрочиларга етказиш, бажарилишини таъминлаш;
Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича режалаштириш ишларини олиб бориш;
Котибият ходимларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари (бундан буён матнда ҳудудий сайлов комиссиялари деб юритилади) доимий асосда ишловчи аъзоларининг меҳнат ва ижро интизоми, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишларини назорат қилиш, натижаси бўйича Комиссия Раиси ва Раис ўринбосарига (бундан буён матнда раҳбарият деб юритилади) таклиф киритиш;
коррупцияга қарши кураш йўналишидаги ишларни ташкил этиш;
қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида Марказий сайлов комиссиясига юклатилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш ва назорат қилиш;
Марказий сайлов комиссияси ва ҳудудий сайлов комиссияларида иш юритиш ва архив ишини ташкил этиш ҳамда назорат қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказишда Марказий сайлов комиссиясига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш;
сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларини тизимли ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги соҳасида мукаммал билимларини, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда профессионал кўникмаларини шакллантиришда амалий ёрдам кўрсатиш;
Сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиёти, шунингдек, миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро принциплари ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш;
Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини (бундан буён матнда СЖБАТ деб юритилади) жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан (бундан буён матнда СЯЭР деб юритилади) фойдаланиш фаолияти бўйича тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш, шунингдек «E-saylov» ахборот тизимида иш юритилишини таъминлаш;
Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш, ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;
Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритилишини ташкил этиш, сайлов ва референдумларнинг ахборот кампаниясини мувофиқлаштириб бориш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш;
Марказий сайлов комиссиясининг хорижий мамлакатларнинг сайлов органлари, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг вакиллари билан халқаро ҳамкорлик фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
Сайлов комиссияларининг ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва улар асосида харид қилиш учун таклифларни тайёрлаш ҳамда харид ва етказиб беришни ташкил этиш;
Марказий сайлов комиссиясида хўжалик ишларини ташкил этиш;
Марказий сайлов комиссиясининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини марказлаштирилган ҳисоб-китобини юритиш;
раҳбарият қабулхоналари фаолиятини ташкиллаштириш;
Котибият Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларда, Комиссия Раиси фармойишларида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга оширади.
8. Котибият ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
1) Марказий сайлов комиссияси фаолиятини, шу жумладан Марказий сайлов комиссияси мажлисларини, хизматга оид йиғилишларини ва бошқа тадбирларни ташкилий, таҳлилий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш соҳасида:
Марказий сайлов комиссиясининг мажлислари материаллари тайёрланишини таъминлайди, мажлислар, шу жумладан раҳбарият томонидан ўтказиладиган турли йиғилишлар, ишчи мажлисларини ўтказишга доир ташкилий, моддий-техник, ахборот йўсинидаги масалаларни ҳал этади;
Марказий сайлов комиссияси мажлис ва бошқа йиғилишлари заруратга қараб видеоконференцалоқа шаклида ўтказилишининг барча ташкилий-техник жиҳатларини барвақт ҳал этади;
Марказий сайлов комиссиясининг ахборот-коммуникация тизимига техник ва дастурий таъминот жиҳатдан хизмат кўрсатади, шакллантиради ва ривожлантиради.
2) Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритиш, Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва Комиссия Раисининг фармойишларини расмийлаштириш, ижрочилар эътиборига етказиш, бажарилишини таъминлаш соҳасида:
Марказий сайлов комиссияси мажлиси стенограммаси, баённомалари ва овозли ёзувларини юритади;
Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва Комиссия Раисининг фармойишларини расмийлаштиради ва уларнинг ҳисобини юритади;
Марказий сайлов комиссияси қарорлари ва Комиссия Раисининг фармойишларини таркибий тузилмаларга ва сайлов комиссияларига ижро учун юборади, уларнинг бажарилишини назорат қилади.
3) Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича режалаштириш ишларини олиб бориш соҳасида:
Марказий сайлов комиссияси иш режаларининг (ярим йиллик ва йиллик иш режалари) лойиҳаларини тайёрлайди ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритади;
Марказий сайлов комиссияси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиялари иш режаларининг ижро этилишини таҳлил қилади, умумлаштиради ва Марказий сайлов комиссияси мажлис ва йиғилишларида муҳокама қилиш учун ахборот тайёрлайди.
4) Котибият ходимларининг ва ҳудудий сайлов комиссиялари доимий асосда ишловчи аъзоларининг меҳнат ва ижро интизоми, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишларини назорат қилиш, натижаси бўйича раҳбариятга таклиф киритиш, шунингдек коррупцияга қарши кураш йўналишидаги ишларни ташкил этиш соҳасида:
меҳнат ва ижро интизоми, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилиши устидан назорат олиб боради;
меҳнат ва ижро интизомига риоя этилиши юзасидан таркибий тузилмалар учун мажбурий бўлган зарур кўрсатма ва топшириқлар беради;
раҳбариятнинг кўрсатмалари ва топшириқлари бажарилишини назорат қилади;
самарадорлик кўрсаткичларини таркибий тузилмалар томонидан бажарилишини назорат қилади ҳамда натижалари бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;
раҳбариятнинг топшириғига кўра меҳнат ва ижро интизоми аҳволи юзасидан таркибий тузилмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказади ва натижаси бўйича раҳбариятга ахборот тақдим этиб боради.
5) Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатларида Марказий сайлов комиссиясига юклатилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш ва назорат қилиш соҳасида:
қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон, қарор, фармойиш ва топшириқларини рўйхатдан ўтказади, масъул ижрочини белгилайди ҳамда раҳбариятга ахборот беради;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси бўйича амалга оширилган, раҳбарият томонидан имзоланган белгиланган шаклдаги маълумотни, зарур тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга идоралараро электрон тизимга киритади;
қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолатини раҳбарият ҳузурида муҳокама қилинишини ташкил этади.
6) Марказий сайлов комиссиясида иш юритиш ва архив ишини ташкил этиш соҳасида:
Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган барча (ёзма ва электрон) хат ва ҳужжатлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилади, рўйхатга олади, ҳисобини юритади, уларни раҳбариятга кўриб чиқиш учун киритади, ҳужжатларни ижрочиларга етказилишини таъминлайди;
жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларини қабул қилишни ҳамда уларнинг мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқилишини ташкил этади;
Марказий сайлов комиссияси фаолиятига доир ҳужжатларни белгиланган тартибда архивда сақланишини таъминлайди.
7) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказишда Марказий сайлов комиссиясига юклатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш соҳасида:
сайлов кампанияси ва референдум ўтказиш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг режалари лойиҳасини тайёрлайди ва Марказий сайлов комиссияси мажлиси муҳокамасига тасдиқлаш учун киритади;
сайлов комиссияларидан ўтказилган сайлов ва референдумлар юзасидан маълумотларни олади, таҳлил қилади, умумлаштиради ва Марказий сайлов комиссияси мажлиси, йиғилишида муҳокама қилиш учун ҳисобот тайёрлайди ва раҳбариятга киритади;
сайлов ва референдумлар ўтказиш бўйича Марказий сайлов комиссияси кўрсатмалари, йўриқномалар ва тартиб-қоидаларни ишлаб чиқади, жойлардаги комиссиялар томонидан уларга риоя этилишини таъминлайди;
сайлов комиссиялари фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлайди, сайловни (референдумни) ташкил этиш масалалари юзасидан Марказий сайлов комиссияси ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлар, йўриқномалар ҳамда низомлар бўйича тушунтиришлар беради.
8) Сайлов комиссияси аъзоларини тизимли ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг сайлов қонунчилиги соҳасида мукаммал билимларини, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда профессионал кўникмаларини шакллантириш соҳасида:
сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида сайлов жараёни (референдум) бошқа иштирокчиларини, хусусан сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссиялар аъзоларини тизимли ўқитиш, малакасини ошириш, сайлов ва референдум қонунчилиги соҳасида мукаммал билимларини, сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда профессионал кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва ижросини таъминлайди.
9) Сайлов ва референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиёти, шунингдек, миллий сайлов қонунчилигининг умум эътироф этилган халқаро принциплари ва стандартларига мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб бориш соҳасида:
сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш амалиётини умум эътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқлигини тизимли равишда мониторинг қилиб боради;
хорижий давлатларнинг сайлов ва референдумга доир қонунчилик ҳужжатлари тажрибасини ўрганиш ва умумлаштириш, таҳлил қилиш, қиёслаш орқали миллий сайлов ва референдум қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
10) СЖБАТни жорий этиш ҳамда СЯЭРдан фойдаланиш фаолияти бўйича тадбирларни амалга оширишда кўмаклашиш, шунингдек «E-saylov» ахборот тизимида иш юритилишини таъминлаш соҳасида:
сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида сайлов жараёнининг барча иштирокчиларида СЯЭР ҳамда СЖБАТдан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш чораларини кўради;
сайлов қонунчилиги ва замонавий ахборот технологиялар бўйича СЖБАТдан фойдаланиш тартиб-қоидаларини сайлов ташкилотчиларига, жамоатчиликка кенг тушунтириш ишларини олиб боради;
«E-saylov» ахборот тизимида иш юритилишини ташкил этишда кўмаклашади ва тизимни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
11) Марказий сайлов комиссиясининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш, ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш соҳасида:
Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари (фармойишлар, шартномалар ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлар лойиҳалари)нинг қонунчиликка мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказади;
норма ижодкорлиги фаолиятининг жорий ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади ёки уларнинг ишлаб чиқилишида, амалга оширилиши ва бажарилишини назорат қилишда иштирок этади;
шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритади, мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди.
12) Марказий сайлов комиссияси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ва ижтимоий тармоқларда ёритилишини ташкил этиш, сайлов ва референдумларнинг ахборот кампаниясини мувофиқлаштириб бориш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш соҳасида:
Марказий сайлов комиссияси фаолияти ҳақида ОАВ, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайти, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб боради;
комиссия фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантиради ва янгилаб боради;
сайлов кампанияси ва референдумни ёритиш бўйича Марказий сайлов комиссиясининг матбуот марказини ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш ҳамда унинг иш режаси бўйича таклифлар тайёрлайди, матбуот марказлари фаолиятини мувофиқлаштиради;
Марказий сайлов комиссияси қарорларининг мазмун-моҳияти ҳақида, соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб боради.
13) Марказий сайлов комиссиясининг хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш соҳасида:
хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
бошқа мамлакатларнинг сайлов органлари, халқаро ташкилотлар ва чет давлатларнинг вакиллари билан учрашувлар ташкил этилишини, битимлар ва меморандумлар тузилишини таъминлайди;
сайлов ва референдумларни кузатиш учун хорижий (халқаро) кузатувчиларни аккредитация қилиш ишларини ташкил этади;
сайлов ва референдумлар бўйича халқаро кузатувчи миссияларининг ҳисоботларини таҳлил қилиш ишларини ташкиллаштиради;
Марказий сайлов комиссиясининг хорижий мамлакатлар сайлов органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.
14) Сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва улар асосида харид қилиш учун таклифларни тайёрлаш ҳамда харид ва етказиб беришни ташкил этиш соҳасида:
сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг зарур жиҳозлар билан таъминланганлик ҳолатини ўрганади, таҳлил қилади ва улар асосида харид қилиш учун таклифларни тайёрлайди;
сайлов комиссиялари ва референдум ўтказувчи комиссияларнинг сайлов жиҳозларига бўлган эҳтиёжларини аниқлайди ҳамда уларга сайлов (овоз бериш) жараёнини ўтказиш учун етказиб беришни ташкиллаштиради.
15) Марказий сайлов комиссиясида хўжалик ишларини ташкил этиш соҳасида:
Марказий сайлов комиссияси ҳамда Котибият фаолиятини хўжалик жиҳатдан таъминлаш борасидаги ишларни амалга оширади;
бино ҳудудлари, хоналари ва асбоб-ускуналаридан фойдаланишга, техник жиҳатдан хизмат кўрсатишни ташкил этади ва уларни зарур ҳолатда сақланишини таъминлайди.
16) Марказий сайлов комиссиясининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини марказлаштирилган ҳисоб-китобини юритиш соҳасида:
Марказий сайлов комиссиясида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини ташкил этади, шунингдек унинг ижросини назорат қилади;
сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича харажатлар сметаси лойиҳасини ишлаб чиқади;
молиявий ҳисоботларни таҳлил қилади ва умумлаштиради.
Котибият ўз ваколатлари доирасида бошқа вазифа ва функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.
3-боб. Котибиятнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
9. Котибият ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш мақсадида қуйидаги ҳуқуқлардан фойдаланади:
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан Марказий сайлов комиссияси ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни ва бошқа материалларни сўраб олади;
Котибиятнинг фаолиятига тааллуқли ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун киритади;
Котибиятнинг фаолиятини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритади;
зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, жисмоний ва юридик шахслар билан белгиланган тартибда шартномалар тузади;
Котибият ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чораларни кўради.
Котибият қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
10. Котибият:
Мазкур Низомда белгиланган вазифа ва функцияларни самарали амалга ошириш;
Марказий сайлов комиссияси мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва тегишли материалларни тайёрлаш;
Марказий сайлов комиссияси мажлисларида электрон тизимлар самарали ишлашини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;
меҳнат ва ижро интизоми, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш;
раҳбарият топшириқлари ижросини ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун жавобгардир.
Котибият зиммасига қонунчилик ҳужжатларига, шу жумладан Марказий сайлов комиссиясининг қарорларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
4-боб. Котибиятнинг тузилиши
11. Котибият қуйидаги таркибий бўлинмаларни ўз ичига олади:
Ташкилий-назорат ва режалаштириш бўлими;
Сайлов жараёнини ташкилий таъминлаш бўлими;
Сайлов қонунчилиги ва замонавий технологиялар бўйича ўқув маркази;
Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими;
Моддий-техника таъминоти бўлими;
Матбуот хизмати;
Юридик таъминлаш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими;
Халқаро ҳамкорлик бўлими;
Молия-иқтисод бўлими;
Хўжалик ишлари бўлими;
Котибият таркибий тузилмалари таркибида шўъба, гуруҳ ва бошқа тармоқ тузилмалари тузилиши мумкин.
Котибият ходимларининг функционал вазифалари Комиссия Раиси томонидан тасдиқланадиган мансаб йўриқномаларида белгиланади.
12. Котибиятнинг таркибий тузилмалари тўғрисидаги низомлар Комиссия Раиси томонидан тасдиқланади.
5-боб. Котибият раҳбарининг функционал вазифалари
13. Котибият раҳбари ўзининг асосий функционал вазифалари доирасида қуйидагиларни амалга оширади:
Котибият, унинг таркибий тузилмалари самарали ишлашини таъминлаш чораларини кўради, Котибият зиммасига юклатилган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Котибият ходимларининг ишлари режалаштирилишини, ташкил қилинишини таъминлайди ҳамда Котибият зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ижросини назорат қилади, шунингдек улар ижроси тўғрисида раҳбариятга ахборот беради;
Раҳбариятнинг топшириқлари ва улардан ижро учун қабул қилинган ҳужжатларнинг бажарилишини ташкиллаштиради ва назорат қилади;
Марказий сайлов комиссияси аъзолари билан келишган ҳолда Марказий сайлов комиссияси мажлиси кун тартибига киритилган ҳар бир масала бўйича зарур материалларни тайёрлаш учун Котибиятнинг мутасадди таркибий тузилмаси ходимларига топшириқ беради;
Марказий сайлов комиссиясида ўтказиладиган тадбирлар режалари, кун тартиби лойиҳаларини тайёрланишини ташкил этади ҳамда ушбу ҳужжатларни раҳбарият ва комиссия аъзолари кўриб чиқиши учун киритади;
Котибият ходимларига юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлиги даражасини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш чораларини кўради;
Котибият ходимларининг меҳнат ва ижро интизомига ҳамда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилишларини назорат қилади, уларни рағбатлантириш ва мукофотлаш, лавозим маошларига устамалар ҳамда қўшимчалар белгилаш, интизомий жавобгарликка тортиш, давлат мукофотларига тавсия этиш ва даражали унвонлар бериш бўйича раҳбариятга таклифлар киритади;
Котибият фаолиятини самарадорлигини ошириш мақсадида Котибият тузилмаси, штатлари ва кадрлар таркибига оид масалалар юзасидан раҳбариятга таклиф киритади;
Котибият ходимларининг захирасини шакллантириш ва янгилаб борилишини назорат қилади;
Комиссия Раисининг топшириғига асосан Котибият ходимларини аттестациядан ўтказишни ва малакавий имтиҳонларни ташкил этади;
раҳбариятга ахборот, маълумотнома ва бошқа материаллар тайёрланишини назорат қилади;
Котибият таркибий тузилмаларининг фаолиятини такомиллаштириш мақсадида инновацион янгиликларни жорий этиш бўйича таклифлар киритади;
Котибият таркибий тузилмалари томонидан ушбу Низомда белгиланган вазифаларнинг изчил бажарилишини ҳамда Котибият ходимларининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ва Ички меҳнат тартиб қоидаларига қатъий риоя этишларини таъминлайди;
Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳисобининг юритилиши, сақланиши ва белгиланган тартибда архивга топширилиши билан боғлиқ ишларни ташкиллаштиради;
ушбу Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.
Котибият раҳбари бўлмаган ҳолларда унинг вазифаларини вақтинча бажариб туриш Комиссия Раисининг фармойишига асосан белгиланади.
6-боб. Якунловчи қоида
14. Ушбу Низомга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар белгиланган тартибда киритилади.