Республикада қуёнчилик соҳасини саноат усулида янада ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ва тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмини ошириш, соҳада импорт қилинаётган маҳсулотлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуёнчилик хўжаликлари томонидан шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникалари, бутловчи буюмлар ва материаллар, наслли қуён ҳамда озуқа қўшимчалари, истисно тариқасида, 3 йил муддатга божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин ҳамда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини 1 йил муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги 352-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.