Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Қарори
Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида
Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 12-моддаси ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қарор қилади:
1. Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови иловага мувофиқ юборилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси парламент сўровини кўриб чиқиш якунлари бўйича 2021 йилнинг 5 майига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ёзма жавоб тақдим этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси (Н. Умаров) парламент сўровига келиб тушадиган жавобни таҳлил қилиб, Олий Мажлис Сенати Кенгашига ахборот киритсин.
4. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2021 йил 12 март,
СҚ-262-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 12 мартдаги СҚ-262-IV-сонли қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига
ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИ
(Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида)
(Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисида)
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси давлат хизматлари кўрсатилишида вазирликлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлардаги муаммоларни ўрганди.
Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2750-сонли қарори, 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5278-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги «2018-2020 йиллар даврида фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларини босқичма-босқич жорий этиш жадвалини тасдиқлаш тўғрисида»ги 239-сонли қарори билан тасдиқланган жадвалларга мувофиқ босқичма-босқич жорий қилиниб келинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сонли Фармонида ваколатли органларга жорий этилиши режалаштирилган ҳар бир хизмат бўйича Маъмурий регламентларни ишлаб чиқиш ва Ҳукуматга тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритиш вазифаси юкланган.
Бироқ, бугунги кунга қадар айрим вазирлик ва идоралар томонидан мазкур вазифа ижросининг ўз вақтида таъминланмаганлиги баъзи турдаги хизматларнинг ўз вақтида жорий қилинмаслигига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш хизмати;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали дори воситаси ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома бериш ҳамда махсус қўлланиладиган биологик актив моддалар, янги кимёвий моддалар, озуқавий қўшимчалар, биологик воситалар ва материаллар, полимер ва пластик массалар, парфюмерия-косметика маҳсулотларини четдан келтириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома бериш хизмати;
Молия вазирлиги томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали суғурталовчини қайта ташкил этишга рухсатнома олиш, суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари рўйхатини келишиш, суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш хизматлари;
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият билан шуғулланишга лицензия олиш;
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан саноат хавфсизлиги бўйича экспертиза хулосаси олиш хизмати;
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги томонидан таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари бугунги кунга қадар жорий этилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сонли Фармонига асосан судланганлик ҳақида маълумотнома бериш ва манзил-маълумот ахборот бериш 2020 йил 1 сентябрдан, фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги тўғрисида маълумотнома бериш ва турар жойнинг майдони тўғрисида маълумотнома бериш 2020 йил 1 июлдан давлат органлари томонидан талаб қилиш тартиби бекор қилинганлигига қарамай, маҳаллий ҳокимликлар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, ички ишлар ва мудофаа органлари, Халқ таълими вазирлигига қарашли муассасалар ушбу маълумотларни ҳанузгача талаб этиб келаётганлиги аниқланди.
Давлат хизматларини кўрсатиш агентлиги тез ва сифатли хизмат кўрсатишда камчиликларга йўл қўйган давлат идораларига тегишли жавобгарлик чораларини қўллашига қарамасдан, улар томонидан идоралараро ўзаро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш, уларни «Электрон ҳукумат» тизимига интеграция қилиш ишлари етарлича йўлга қўйилмаган.
Бунга сабаб сифатида давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи идораларнинг ахборот тизими ишлаб чиқилмаганлиги, ахборот тизимларини ишга тушириш, архив маълумотларини рақамлаштириш, ахборот тизимига доимий техник хизмат кўрсатиш учун етарли даражада маблағлар ажратилмаётганлиги каби ҳолатларни келтириш мумкин.
Статистик маълумотларга кўра, 80 та давлат идорасининг фақат 35 тасигина электрон тарзда хизмат кўрсатмоқда. Улардан 13 та давлат идорасининг 87 та давлат хизмати турлари учун ахборот тизимлари яратилган, 78 таси интеграция қилинган, 61 та давлат хизмати учун ўзининг ахборот тизими мавжуд эмаслиги сабабли ДХА персонал кабинетига жойлаштирилган (Энергетика вазирлиги, Капитал бозорни ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўздавэнергоназорат инспекцияси, Ҳудудий газ таъминоти корхоналари).
Шунингдек, аксарият давлат органларининг архив маълумотлари рақамлаштирилмаганлиги сабабли давлат хизматларини автоматик тарзда (онлайн ёки масофадан) кўрсатиш имконияти чекланган.
Давлат хизматларини кўрсатишда қўлланиладиган электрон маълумотлар базаларини шакллантириш учун машинада ўқиладиган форматда рақамлаштирилиши бўйича тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ахборот тизимларини яратиш ва улардаги маълумотлар тўпламларини рақамлаштириш ишлари жуда суст даражада олиб борилмоқда.
Бу эса, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги ПҚ-4193-сонли ва 2020 йил 31 январдаги ПФ-5930-сонли Фармонлари ижроси таъминланмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Масалан, 2020 йил давомида кадастр идоралари 21 018 та (2019 йилда 71 352 та), газ таъминоти корхоналари 16 358 та (2019 йил 7 488 та), электр таъминоти корхоналари 12 632 та (2019 йилда 13 766 та), сув таъминоти корхоналари 7 258 та (2019 йилда 7 789 та), Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари 7 638 та (2019 йилда 12 696 та), Қурилиш вазирлиги тизимида 5 877 та (2019 йилда 17 723 та), солиқ идоралари 8 219 та (2019 йилда 9 741 та), мактабгача таълим вазирлиги тизимида 882 та (2019 йилда 4 655 та) қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Хулосага кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимининг автоматлаштирилмаганлиги, инсон омилига таянилганлиги, давлат хизматлари бўйича масъул ходимларнинг иш ҳажми кўплиги, уларга функционал вазифаларидан ташқари бошқа қўшимча вазифалар юклатилганлиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида вертикал назоратнинг йўлга қўйилмаганлиги ва жойлардаги ваколатли ходимлар томонидан мурожаатлар ижросини назорат қилишнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ачинарли вазиятни келтириб чиқаради.
Юқоридагиларни инобатга олиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 12-моддаси ва «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:
1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги ПҚ-4193-сонли Қарори ва 2020 йил 31 январдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5930-сонли Фармони ижросига доир чора-тадбирлар ҳақида;
2) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорларида белгиланган муддатда Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилиши таъминланмаган давлат хизматлари юзасидан асослантирилган батафсил маълумотни;
3) электрон ахборот тизимларини интеграция қилишда ягона стандартларни жорий этиш, бунда вазирлик ва идоралар, шунингдек тижорат банклари томонидан электрон маълумотлар базаларини шакллантиришда ҳамда барча давлат хизматларидан фойдаланишда ЖШШИР, СТИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва солиқ тўловчининг идентификация рақами), бино ва иншоотларнинг кадастр рақамлари ва автотранспорт воситасининг идентификация рақами (УШ) мажбурий тартибда фойдаланиш ҳолати ҳақида;
4) «Электрон ҳукумат» доирасида ахборот тизимларини ишлаб чиқишда техник ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш жараёнини соддалаштириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида;
5) ваколатли органлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида тизимли равишда йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш борасида амалга оширилган ишлари ҳақида;
6) амалдаги қонунчиликда давлат идоралари томонидан амалга ошириладиган тартиб-таомиллар белгиланганлигини инобатга олиб, масъулиятни янада ошириш мақсадида вазирлик ва давлат идоралари ходимлари томонидан қонунбузилганлик учун тегишли жавобгарликни белгилаш масаласи бўйича режалар тўғрисида;
7) юқорида қайд этилган салбий ҳолатларга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитлар, уларнинг оқибатлари бўйича таҳлилий ишлар, ушбу ҳолатларни бартараф этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган комплекс ва тизимли чора-тадбирлар тўғрисида ёзма шаклда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўрови билан мурожаат этади ва жавобингиз Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, унинг якунлари бўйича қарор қабул қилиниши маълум қилинади.