Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга доир давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган мазкур муҳим ҳужжатларда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, кўзда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ бажарилиши юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастури қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар йиғилишларида ҳар томонлама чуқур ва атрофлича муҳокама қилиниб, амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси ишлаб чиқилди. Ушбу Иш режасида қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятига доир муҳим вазифалар, чора-тадбирлар назарда тутилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида ҳамда сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталарнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2021 йилга мўлжалланган иш режаси (бундан буён матнда Иш режаси) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*Илова берилмайди.
2. Иш режасида назарда тутилган вазифа ва тадбирларни ўз вақтида, сифатли бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, қўмиталари (комиссиялари) раислари, Девони раҳбари масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.
3. Иш режасида белгиланган масъул ижрочилар унинг бажарилиш ҳолати тўғрисида ҳар ойнинг 25 санасига қадар (ёки сўровга кўра) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат ва мониторинг бўлимига ахборот тақдим этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Девонининг Назорат ва мониторинг бўлими (А. Абдукодиров) Иш режасининг ижроси юзасидан доимий мониторинг ўрнатиб, унинг бориши тўғрисида ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашига умумлаштирилган маълумот киритиб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталарига Иш режасида назарда тутилган тадбирлар хусусида тегишли вазирлик ва идораларнинг хабардорлигини таъминлаш тавсия этилсин.
6. Иш режасида назарда тутилган вазифалар ва тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари зиммасига юклатилсин.
7. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 15 февраль,
750-IV-сон