Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МДҲ ДАВЛАТЛАРИ ФУҚАРОЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ВАҚТИНЧА БЎЛИШЛАРИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 26 февралдаги ПФ-2240-сонли «Ўзбекистон Республикасида Паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Паспорт тизими тўғрисидаги Низомни амалга киритиш ҳақида» 1994 йил 23 декабрдаги Фармонини бажариш юзасидан, фуқароларнинг визасиз юришларини ҳисобга олишни тартибга солиш мақсадида ва «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари фуқароларининг бу мамлакатлар ҳудудида визасиз юришлари тўғрисида» МДҲ давлатлари бошлиқлари Битимининг 4-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Илова қилинаётган МДҲ давлатлари фуқароларининг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлишларини рўйхатдан ўтказиш қоидалари тасдиқлансин.
2. Фуқароларни рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан чиқариш масалаларини кўриб чиқиш ички ишлар органлари зиммасига юклансин.
3. Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлишни рўйхатдан ўтказиш қоидасини бузувчи фуқаролар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
4. Вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлишларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида аҳоли ўртасида зарур тушунтириш ишларини олиб борсинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Б.Ҳ.Ғуломов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 14 март,
143-сон
МДҲ давлатлари фуқароларининг Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик бўлишларини рўйхатдан ўтказиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур қоидалар МДҲ давлатларининг фуқароларига жорий қилинади.
МДҲ давлатларининг фуқаролари уларнинг шахсларини ёки уларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига визасиз кириш ва юриш ҳуқуқига эгадирлар.
Рўйхатдан ўтказиш ҳисобини олиш хорижий давлатлар фуқароларининг визасиз келишларини тартибга солиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида жамоат тартибини ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилади.
Визасиз юриш тўғрисидаги битимга мувофиқ Ўзбекистон Республикасига келган фуқаролар уч кун муддатда келган жойдаги ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишлари ва мазкур қоидага риоя қилишлари мажбурийдир.
Давлат ёхуд маҳаллий бошқарув органларида, шунингдек, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, муассасалар, корхоналар ва ташкилотларда ташкилий-бошқариш ёки маъмурий-хўжалик вазифаларини бажариш билан боғлиқ лавозимларни доимий ёки вақтинчалик эгаллаб турувчи шахслар, фуқаролар келган жойда уларни рўйхатдан ўтказиш учун масъул ҳисобланадилар.
Рўйхатдан ўтказиш ҳисобини амалга ошириш учун фуқаролар томонидан:
— паспорт ёхуд шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
— белгиланган шаклдаги ариза тақдим этилади.
Рўйхатдан ўтказувчи шахс белгиланган намунада талон беради.
Рўйхатдан ўтказувчи шахслар фуқаролар мурожаат қилган кундан бошлаб (келган кун, дам олиш ва байрам кунларидан ташқари) бир сутка мобайнида ҳужжатларни ички ишлар органларига топширадилар.
Ушбу ишларни юритиш учун масъул бўлган шахслар рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни қуйидагиларга эътибор берган ҳолда:
а) шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг тақдим этувчиларга тегишлилигини;
б) ушбу ҳужжатлар асл бўлиб ҳисобланадиларми, зарур реквизитлар, имзолар, муҳрлар мавжудлигини;
в) аризада Ўзбекистон Республикасига келиш мақсади кўрсатилганлигини текшириб чиқишлари керак.
Фуқароларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ички ишлар органларига берилган ҳужжатлар, тегишли дафтарда рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, бир сутка муддатда манзил-маълумотнома бюросига жўнатилади.
Меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, дам олиш уйлари, туристик базалар, кемпинглар ва ҳоказолар маъмурияти икки нусхада карточка тўлдирадилар, улардан бири бир сутка муддатда ҳудудий манзил-маълумотнома бюросига берилади. Фуқаролар мазкур муассасалардан жўнаб кетганда ушбу фуқароларга тўлдирилган ҳисобга олиш карточкалари амалдаги картотекадан олиб қўйилади ва архивга топширилади, бу ерда улар бир йил давомида сақланади. Карточкаларни юритиш рўйхатдан ўтказиш учун масъул бўлган шахслар зиммасига юкланади, улар карточкаларнинг картотекада сифатли жойланиши, сақланиши, шунингдек фуқаролар рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотнома тўғри берилиши учун жавоб берадилар.
Рўйхатдан ўтказиш ваколати берилган мансабдор шахслар манзил-маълумотнома бюросига ҳисобга олиш карточкалари ва келган фуқароларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгардирлар.
Фуқаролар олти ойгача бўлган муддатга рўйхатдан ўтказилади, бу муддат ички ишлар органлари томонидан узайтирилади.
Мазкур қоидалар:
МДҲ давлатлари дипломатик ваколатхоналарига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги уларга тенглаштирилган халқаро ташкилотларга ишга келувчи шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига;
МДҲ давлатлари давлат, ҳукумат, парламент делегациялари аъзоларига татбиқ этилмайди.
Рўйхатдан ўтишдан бош тортган ёки рўйхатдан ўтиш ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузувчи шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар ёки республикадан чиқариб юбориладилар.