Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳр-саховат» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида» 2020 йил 26 майдаги ПФ-5999-сон ҳамда «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида» 2020 йил 26 августдаги ПФ-6046-сон фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланадиган соғлиқни сақлаш соҳасининг жонкуяр вакиллари, саховатли тадбиркорлар, давлат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларининг фидойи ходимлари ҳамда бошқа ташаббускор ва фаол фуқаролар рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари ўз эгаларига жойларда тантанали вазиятда топширилишини ташкил этсин.
3. «Фонон» давлат илмий-ишлаб чиқариш корхонаси томонидан тасдиқланган намуналар асосида жами 26 минг дона «Меҳр-саховат» кўкрак нишони, уларнинг гувоҳномалари ва ғилофлари тайёрланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
4. «Меҳр-саховат» кўкрак нишонлари, уларнинг гувоҳномалари ва ғилофларини тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар сметаси 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир кун муддатда «Давлат белгиси» ДУКга Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан зарур маблағларни ажратсин.
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Дунё» ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига «Меҳр-саховат» кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросимларини кенг ёритиш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.