Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг бошқарув органлари, бирлашма, қўшилма, қисм, муассаса ва ҳарбий тузилмаларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш тартибига ягона ёндашувни таъминлаш, ҳарбий анъаналарни мустаҳкамлаш, ғурур ва ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, ҳарбий хизматнинг нуфузини ошириш, бўлинмаларни жанговар-хизмат фаолиятда юксак натижаларни қўлга киритишга рағбатлантириш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни мустақиллик ғояларига садоқат ва ҳарбий бурчни сўзсиз бажариш руҳида тарбиялаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг бошқарув органлари, бирлашма, қўшилма, қисм, муассаса ва ҳарбий тузилмаларини (кейинги ўринларда — ҳарбий бўлинмалар) давлат мукофотлари билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилаб қўйилсинки, ҳарбий бўлинмаларга топшириладиган давлат мукофоти шон-шараф, жасорат ва ифтихор рамзи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳар бир ҳарбий хизматчисига Ватани олдидаги унинг муқаддас бурчи, халқига садоқати, жасорат ва қатъийликни ёдига туширишга хизмат қилади, шунингдек, жанговар-хизмат фаолиятида юксак натижаларга эришганлиги учун ҳарбий бўлинмаларни рағбатлантиришнинг олий шакли ҳисобланади.
3. Белгилансинки, давлат мукофотлари билан ҳарбий бўлинмалар Ватан ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жанговар ҳаракатларда, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича операцияларда ҳарбий бурчни бажаришда шахсий таркибнинг жасорати ва хизмати, намоён этган қаҳрамонлиги, жасорати, қатъийлиги ва мардлиги, аксилтеррор операциялардаги иштироки, жанговар-хизмат вазифаларни бажариш мобайнида кўрсатган фидойилиги, жанговар тайёргарлик ва мамлакатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этишдаги юқори кўрсаткичлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини, ҳарбий илм-фанни, мамлакатнинг мудофаа саноатини ривожлантиришда қўшган ҳиссаси ва юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашдаги катта ютуқлари учун тақдирланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия:
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин;
мазкур қарорнинг мазмун ва моҳиятини шахсий таркибга етказиш бўйича кенг тушунтириш ишларини ташкил қилсин.
5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг бошқарув органлари, бирлашма, қўшилма, қисм, муассаса ва ҳарбий тузилмаларини (кейинги ўринларда — ҳарбий бўлинмалар) Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари (кейинги ўринларда — давлат мукофотлари) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Ҳарбий бўлинмалар «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди», I ва II даражали «Шон-шараф» орденлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа мукофотлари билан тақдирланиши мумкин.
Ватанни ҳимоя қилиш бўйича жангларда, шу жумладан Давлат чегараси ва давлат манфаатларини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича операциялар ҳамда аксилтеррор операциялар вақтида ҳарбий бурчни адо этишда ҳарбий бўлинма кўрсатган қаҳрамонлиги ва хизматлари;
жанговар ҳаракатлар, табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятлар ёки оммавий тартибсизликлар давомида инсонларни қутқариш вақтида ҳарбий бўлинманинг шахсий таркиби кўрсатган оммавий қаҳрамонлиги;
табиий ва техноген хусусиятга эга бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этганлиги;
жанговар-хизмат вазифаларини бажариш мобайнида шахсий таркиб кўрсатган мардлиги ва фидойилиги, жанговар тайёргарликдаги юқори кўрсаткичлари;
мудофаа салоҳияти ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш ишида, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш ва Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдаги улкан хизматлари;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда унинг нуфузини халқаро даражада оширганлиги;
мамлакатнинг ҳарбий илм-фани, мудофаа саноатини ривожлантириш, шунингдек, юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга қўшган салмоқли ҳиссаси учун тақдирланиши мумкин.
4. Ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги қарорлар ҳарбий хизмат кўзда тутилган вазирлик ва идоралар (кейинги ўринларда — вазирликлар) раҳбарларининг тақдимномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинади.
5. Бўйсунувчи ҳарбий бўлинмаларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги ташаббус билан чиқиш вазирликлар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бирлашмалар командирлари (қўмондонлари)га ва уларга тенглаштирилган мансабдор шахсларга юкланади.
6. Қуйидагилар давлат мукофотига тақдим қилинадиган ҳарбий бўлинмаларнинг жанговар-хизмат фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:
юқори касбий тайёрланганлик ва ҳарбий бўлинмалар ҳаракатининг ҳамжиҳатлиги, шунингдек, жанг ва турли операцияларни ташкиллаштириш ҳамда олиб бориш мобайнида шахсий таркибнинг маҳорати ва кўникмалари;
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва конституциявий тузумини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини биргаликда бажариш масалаларини вазирлик ва идораларнинг бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда сифатли ташкиллаштириш ва таъминлаш;
жанговар вазиятда, табиий офатлар ёки бошқа ҳолларда одамлар ҳаёти ва соғлиғини сақлашга оид ҳаракатлар тезкорлиги;
юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, мамлакатнинг ҳарбий илм-фани ва мудофаа саноатини ривожлантириш, шунингдек, ҳарбий хизматчиларни мустақиллик ғояларига садоқат ва ҳарбий бурчни сўзсиз бажариш руҳида тарбиялаш;
Ватан олдидаги ҳарбий бурчни бажариш вақтида ҳарбий бўлинмаларнинг шахсий таркиби кўрсатган қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, мардлиги ва қатъийлиги, шунингдек, мустаҳкам ҳарбий интизом ва соғлом маънавий-ахлоқий муҳит.
7. Ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, таркибига тақдирлашга тавсия қилинадиган ҳарбий бўлинма кирувчи вазирлик раҳбарининг тақдимномасига кўра, мазкур Низомнинг иловасида келтирилган схема бўйича амалга оширилади.
8. Вазирлик раҳбарининг тақдимномасига тақдирланадиган ҳарбий бўлинма тўғрисидаги тарихий маълумотнома ва ҳарбий бўлинма фаолиятини холисона баҳолаш учун зарур бўлган қўшимча маълумотлар илова қилинади.
9. Тақдимномада ҳарбий бўлинма тўғрисида қисқача ахборот акс эттирилади, тегишли давлат мукофоти таклиф этилиб:
Ватанни ҳимоя қилиш бўйича жангларда, шу жумладан Давлат чегараси ва давлат манфаатларини қўриқлаш ва ҳимоя қилишда, тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича операциялар ҳамда аксилтеррор операциялар вақтида ҳарбий бурчни адо этишда ҳарбий бўлинма кўрсатган қаҳрамонлиги ва хизматлари;
сўнгги уч йил давомида (тинчлик даврида) шахсий таркибнинг жанговар тайёргарликдаги муваффақиятлари ҳамда мудофаа салоҳияти ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш, ҳарбий бўлинманинг жанговар шайлигини сақлаш, шунингдек, жамоат ҳуқуқ-тартиботини таъминлаш бўйича вазифаларни бажаришдаги бошқа улкан хизматлари;
юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, мамлакатнинг ҳарбий илм-фани ва мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳарбий хизматчиларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган ҳиссасининг таърифи келтирилади.
ҳарбий бўлинманинг муҳим саналари, байрам ва юбилейлари, шунингдек, унинг ҳаёти ва жанговар-хизмат фаолиятидаги бошқа энг аҳамиятли воқеалар;
11. Ҳарбий бўлинмани тақдирлаш ҳақидаги илтимоснома инстанция бўйича тегишли вазирлик раҳбарига юборилади, у бир ой муддатда илтимосномани қўллаб-қувватлайди ёки рад этади.
Вазирлик раҳбари ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги илтимосномани қўллаб-қувватлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорни таркиби ҳар йили у томонидан белгиланадиган махсус идоравий комиссиянинг хулосаларига асосан қабул қилади.
12. Ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш ҳақидаги илтимоснома вазирлик раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган тақдирда, материаллар кўриб чиқиш учун ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига юборилади.
13. Ҳарбий бўлинмани давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги материаллар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратида кўриб чиқилгандан сўнг, келишиш учун ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга юборилади.
14. Ҳарбий бўлинмага давлат мукофотини топшириш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёки унинг кўрсатмасига биноан шундай ваколат берилган шахс томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
15. Давлат мукофотлари билан тақдирланган ҳарбий бўлинмалар ўз номланишларида улар тақдирланган давлат мукофотларининг номларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ҳарбий бўлинманинг Жанговар байроғига ушбу ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар қадаб ҳамда ана шу давлат мукофотларининг ленталари қўйилади.
Ҳарбий қисмнинг Жанговар байроғига қадаб қўйиладиган давлат мукофоти лентасининг эни 10 см, лентанинг бант билан узунлиги — 260 см, попук (бубон)лар — 20 см дан, бантнинг узунлиги — 25 см.
16. Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган кетма-кетликда Жанговар байроқнинг олд томонига қадалади. Биринчи давлат мукофоти байроқ матосининг юқори чеккасидан 10 см пастда, дастасидан 4 см масофада қадалади, қолган давлат мукофотлари даста бўйлаб юқоридан пастга бирин-кетин 5 см оралиғида қадалади. Давлат мукофотларини Жанговар байроққа қадаш учун матога орден ёки медаль ўлчами бўйича махсус ипак астарлар тикилади.
Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медалларнинг ленталари Жанговар байроқ дастасининг найза кўринишидаги металл учига қадаб қўйилади.
17. Ҳарбий бўлинма тақдирланган орден ва медаллар тинчлик ва уруш даврининг барча шароитларида Жанговар байроқ билан бирга сақланади.
Давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномаларини сақлаш ҳарбий бўлинмаларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Жанговар байроқнинг матосини таъмирлаш зарурати туғилганида орден ва медаллар вақтинчалик ҳарбий бўлинма штабининг махфий-режим органига топширилади.
18. Бир ҳарбий бўлинма бошқа ҳарбий бўлинма сифатида қайта тузилганида давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномалари янги тузилган ҳарбий бўлинма ихтиёрида сақланади.
Бир ҳарбий бўлинма икки ва ундан ортиқ ҳарбий бўлинмаларга қайта тузилганида давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномалари махсус идоравий комиссиянинг қарорига асосан янги тузиладиган ҳарбий бўлинмалардан бирининг ихтиёрида сақланади.
Икки ва ундан ортиқ ҳарбий бўлинмалар бирлаштирилиб битта ҳарбий бўлинма қайта тузилганида ушбу ҳарбий бўлинмаларнинг давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномалари янги тузилган ҳарбий бўлинма ихтиёрида сақланади.
19. Ҳарбий бўлинма тугатилганда ушбу ҳарбий бўлинма тақдирланган давлат мукофотлари ва уларнинг гувоҳномалари махсус идоравий комиссиянинг қарорига мувофиқ доимий сақлаш учун тааллуқлилиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Давлат музейига ёки ҳарбий хизмат кўзда тутилган вазирлик ва идораларнинг бошқа музейларига топширилади.
20. Ҳарбий бўлинмаларда асосий тантанали тарихий воқеаларнинг, шу жумладан давлат мукофотлари билан тақдирлашларнинг ҳисобини юритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.
21. Ўзбекистон Республикасининг бир хил орден, медаль ва Фахрий ёрлиғи билан такроран тақдирлашга йўл қўйилмайди, даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари бундан мустасно.
22. Даражаларга эга бўлган давлат мукофотлари билан тақдирлаш кетма-кетликда — қуйи даражадан юқори даражага қараб амалга оширилади.
23. Ҳарбий бўлинма ҳарбий хизматчилари ҳарбий бўлинма тақдирланган давлат мукофотларининг бутлигини таъминлаш бўйича барча чораларни кўришга мажбурлар.
Ҳарбий бўлинма тақдирланган давлат мукофоти йўқолган тақдирда қонунчиликка мувофиқ хизмат суриштируви ўтказилади.