Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганининг беш йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг беш йиллиги муносабати билан инсонпарварлик тамойилига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 20-бандига асосан қарор қиламан:
1. Озодликдан маҳрум этилганларнинг қуйидаги тоифаси озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазодан, шунингдек озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод қилинсин:
а) иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек, Чернобиль атом электростанциясидаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этган шахслар;
б) аёллар ва вояга етмаганлар;
в) ёши 60 дан ошган эркаклар;
г) биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари.
2. Биринчи марта уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган шахслар, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилинсин.
3. Биринчи марта беш йилгача озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган шахслар жазодан озод қилинсин.
4. Эҳтиётсизлик оқибатида жиноят қилгани учун ўн йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва белгиланган жазо муддатининг камида яримини ўтаган шахслар жазодан озод қилинсин.
5. Фармон кучга киргунга қадар содир этилган жиноятлар юзасидан олиб борилаётган барча тергов ишлари ва судда кўрилмаган ишлар тугатилсин:
а) 1-моддада қайд этилган ва Фармоннинг 7-моддаси таъсирига тушмайдиган шахсларга нисбатан;
б) ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан.
6. Мазкур Фармонга асосан озод қилинмайдиган шахсларнинг қуйидаги тоифаси учун жазо муддатининг ўталмаган қисми қисқартирилсин:
а) биринчи марта қасддан содир этган жинояти учун беш йилга қадар муддатга озодликдан маҳрум қилинган, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган шахсларга белгиланган жазо муддатининг ярми;
б) қасддан содир этган жинояти учун беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахсларга белгиланган жазо муддатининг тўртдан бир қисми.
7. Фармоннинг 1 — 5-моддалари ўта оғир жиноятлар учун (Жиноят кодекси 167-моддаси 4-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир қилганлар бундан мустасно), жиноий уюшмалар таркибидаги жиноятлари учун, ўқотар қуроллар ва гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш (сотиш) билан боғлиқ жиноятлари учун ҳукм қилинганларга, ўта хавфли рецидивистларга, шунингдек, жазони ўташ тартиботини ашаддий бузувчиларга нисбатан қўлланилмасин.
Фармоннинг 6-моддаси жазо ўташ тартиботини ашаддий бузувчиларга нисбатан қўлланилмасин.
8. Фармон эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради ва тўрт ой мобайнида ижро этилиши лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 7 август,
ПФ-1502-сон