Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кураш» миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 2 октябрдаги ПҚ-3306-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2008 й., 42-сон, 422-модда) билан тасдиқланган Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Ж. Қурбонов зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.
1. 1-бандда «спортнинг олимпия турлари» сўзларидан кейин «Кураш» миллий спорт тури» сўзлари қўшилсин;
«2. Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1 — 3-ўринлар) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.
3. Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1 — 3-ўринлар) жамоа турлари ғолиблари ўз командалари таркибидан — академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш учун уч номзодни белгилайдилар».