Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Франция Ҳукумати иштирокида «Навоий вилоятидаги «Навоий» ва «Учқора» насос станцияларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 августдаги ПҚ-2029-сонли «Франция Республикаси Ҳукумати иштирокида «Навоий вилоятидаги «Навоий» ва «Учқора» насос станцияларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга оширишга доир келгусидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Навоий вилоятидаги суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини барқарор ривожлантиришни таъминлаш, шунингдек Франция Республикаси билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Франция Республикаси Ҳукумати ўртасида 2009 йил 15 декабрдаги Молиявий Протоколга биноан «Навоий вилоятидаги «Навоий» ва «Учқора» насос станцияларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Франция Республикаси Ҳукумати томонидан, беш йиллик имтиёзли даврни қўшган ҳолда, 20 йил муддатга 15,0 млн евро миқдорида имтиёзли ссуда берилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Навоий вилоятидаги «Навоий» ва «Учқора» насос станцияларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги лойиҳанинг ўз вақтида амалга оширилиши, жалб этилаётган имтиёзли ссудадан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади;
имтиёзли ссуда бўйича асосий қарзни қайтариш ва фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
3. «Навоий вилоятидаги «Навоий» ва «Учқора» насос станцияларини реконструкция қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун Франция Республикаси Ҳукуматининг имтиёзли ссудасини қайтариш ва унинг бўйича фоизларни тўлашнинг прогноз жадвали иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова рус тилидаги матнда берилган.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Натиксис банки ўртасида ссуда тўғрисидаги битимни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан имзолаш ваколати берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:
лойиҳа бўйича инжиниринг ишларини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Франция консалтинг ташкилоти танланишини таъминласин;
лойиҳанинг техник-иқтисодий асослаши ишлаб чиқилгандан кейин унинг ваколатли экспертиза органларида келишилишини ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга кириш визаларининг консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларга, уларни давлат божлари тўлашдан озод қилган ҳолда, кўп марталик визаларнинг берилиши ва муддати узайтирилишини, шунингдек вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг буюртманомаларига биноан кўрсатиб ўтилган лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятига жалб этишга рухсатномалар, шунингдек уларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (муддати узайтирилиши)ни белгиланган тартибда таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2010 йил 4 октябрь,
220-сон