ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ, МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХУСУСИЙЛАШТИРИШ, МОНОПОЛИЯДАН ЧИҚАРИШ ВА РАҚОБАТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ
Қарори
Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун суғурталовчиларга жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 22 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 1842-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2024 йил 26 апрелдаги 2-сон, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 2024 йил 22 апрелдаги 02/11-05/02-сон ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 2024 йил 26 апрелдаги 2024-07-сонли ««Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлиги учун суғурталовчиларга жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор, шунингдек унга ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 1842-7, 10.05.2024 й.) асосан 2024 йил 14 августдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 й., 4-5-сон, 68-модда) ва «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 9-сон, 160-модда) қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 21 майдаги ПҚ-872-сонли «Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 20-21-сон, 172-модда) ва 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сонли «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 48-сон, 442-модда) қарорларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасининг 2008 йил 11 июлдаги 77, 2008-33-сонли, 2008 йил 26 июндаги 13-сонли қарори (рўйхат рақами 1842, 2008 йил 15 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 34-сон, 337-модда) билан тасдиқланган Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун суғурталовчиларга жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимчалар киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 24 апрель,
39-сон
Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2013 йил 24 апрель,
2013-27-сон
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А. АБДУХАКИМОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 24 апрель,
01/19-26/02-сон
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2013 йил 24 апрелдаги 39, 2013-27, 01/19-26/02-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун суғурталовчиларга жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган қўшимчалар
Қуйидаги мазмундаги VII1, VII2 ва VII3 боблар билан тўлдирилсин:
«VII1. Ички назорат қоидалари талабларини бузганлиги учун суғурталовчиларга қўлланиладиган жарима санкциялари
171. Суғурталовчи томонидан:
масъул шахсларнинг рўйхатини;
ўзининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича фаолияти тўғрисида ҳисоботни Молия вазирлигига тақдим этиш муддатларига риоя қилинмаган тақдирда, –
суғурталовчига суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капитали энг кам миқдорининг 0,05 фоиз миқдоридаги жарима солинади.
VII2. Молия вазирлигининг кўрсатмаларини бажармаганлиги учун суғурталовчиларга қўлланиладиган жарима санкциялари
172. Молия вазирлигининг қуйидаги камчиликларни:
суғурталовчи ваколат берган суғурта агентларининг реестри мавжуд эмаслиги;
қабул қилинган пул маблағлари ва мажбуриятларининг миқдорлари ҳақидаги ахборотни, шунингдек бошқа ахборотни Молия вазирлиги ўз ваколати доирасида талаб қилганда тақдим этмаслиги;
суғурталовчи ўзининг фирма номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли ёки жойлашган манзили ўзгарганлиги ҳақида суғурта қилдирувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали, ўз ижросидаги бир йилдан ортиқ муддатли суғурта шартномалари бўйича эса ёзма равишда хабардор қилмаслиги;
суғурталовчи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтмаслиги;
суғурталовчи томонидан йилига бир марта — ҳар бир молия йили тугаганидан кейин олти ой давомида молия йилидаги фаолият якунлари бўйича актуар ташкилотни актуар текширувини амалга ошириш учун жалб этмаганлигини бартараф этиш бўйича кўрсатмаларини бажармаган тақдирда, —
суғурталовчига суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капитали энг кам миқдорининг 0,09 фоиз миқдоридаги жарима солинади.
VII3. Суғурта товонини (суғурта пулини) тўлашни асоссиз рад этганлиги учун суғурталовчиларга қўлланиладиган жарима санкциялари
173. Суғурталовчи суғурта товонини (суғурта пулини) тўлашни асоссиз рад этган тақдирда, суғурталовчига ҳар бир асоссиз рад этиш учун суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурталовчи учун белгиланган устав капитали энг кам миқдорининг 0,09 фоиз миқдоридаги жарима солинади. Бунда суғурталовчининг рад этиши асоссиз деб, суғурта қилдирувчининг (наф олувчининг) аризасига мувофиқ суд томонидан эътироф этилади.».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 30-сон, 395-модда)