Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати ўртасида
Битим
Латвия Республикаси портларидан Ўзбекистон Республикаси юкларини ишлаш ва транспортировка қилиш учун фойдаланиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Латвия Республикаси Ҳукумати, бундан кейин Аҳдлашувчи Томонлар деб аталувчилар,
иккала давлат ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва транспорт алоқасини ривожлантиришни истаб,
Аҳдлашувчи Томонлар давлатларининг ўзаро фойдали иқтисодий тараққиёти учун шарт-шароит яратишга интилиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу Битим мақсадлари учун ушбу атамалар қуйидаги маъноларда қўлланади:
а) «порт» атамаси Латвия Республикасининг белгиланган чегараларга эга бўлган қуруқлик ҳудудининг қисмини англатади, бунга сунъий кўтармалар ҳамда ички сувларнинг бир қисми, кемалар ҳамда йўловчиларга хизмат қилиш, юклар, транспорт ва экспедиция операцияларини амалга ошириш ва кемалар қатнови билан боғлиқ бўлган бошқа хўжалик фаолияти учун жиҳозланган порт бўсағасидаги ички ва ташқи рейдлар ва кемалар қатнайдиган йўллар ҳам киради;
б) «юк» атамаси кўриниши, келиб чиқиши ҳажмидан қатъи назар, ҳар қандай товар, турли хил буюм ва нарсалар, жумладан ўраш ва жойларни катталаштириш воситаларини англатади, агар улар:
i) Латвия Республикасининг денгиз портига учинчи мамлакатларга транзит учун Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси томонидан юборилган бўлса;
ii) кейин қаёққа жўнатилишидан қатъи назар, Латвия Республикасининг денгиз портига учинчи мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ёки жисмоний шахси адресига келиб тушган бўлса.
2-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ушбу Битимни бажаришга масъул бўлган ваколатли органларининг рўйхатини белгилайдилар ва ушбу Битим имзоланганидан кейин 90 кун мобайнида дипломатик каналлар орқали уни бир-бирларига маълум қиладилар.
Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари расмий номини ўзгартирса ёки қайта тузилса, улар зудлик билан дипломатик каналлар орқали бу хусусда бир-бирларини хабардор қиладилар.
3-модда
Аҳдлашувчи Томонлар шунга келишиб олдиларки:
а) Латвия Республикасининг денгиз портларидан ушбу Битимнинг 1-моддасида кўрсатилган транзит юкларни ишлаш учун фойдаланилади;
б) мазкур юкларни денгизларда ташиш учун иложи борича Латвия Республикасининг денгиз кемалари жалб этилади;
в) Латвия Республикасининг денгиз портларида мазкур юкларни самарали ишлашга тўсқинлик қилувчи сабабларни бартараф этиш учун тезкор чоралар кўрилади;
г) бир турдаги юкларни кўплаб ташишда унинг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда юкларни ташиш ва портларда ишлашнинг имтиёзли тариф тизими қўлланади;
д) агар контрактларда бошқача тартиб кўзда тутилмаган бўлса, Аҳдлашувчи Томонларнинг юридик ва жисмоний шахслари орасида ушбу Битимни бажариш юзасидан Латвия Республикаси ҳудудида, жумладан денгиз ҳудудларида ҳам, келиб чиққан баҳслар халқаро ҳуқуқ меъёрлари ҳамда Латвия Республикасининг тегишли қонунларига мувофиқ ҳал қилинади.
4-модда
Латвия Республикасининг транспорт ва транспорт-экспедиция ташкилотлари ушбу Битим доирасида учинчи мамлакатлардан Латвия Республикасининг денгиз портлари ва юк алмаштириш пунктларига Ўзбекистон Республикаси адресига ҳукуматлараро кредит ва гуманитар ёрдам тариқасида ҳамда унинг ташқи иқтисодий алоқаларни таъминлаш мақсадида келаётган юкларни ташиш учун ҳаракатланувчи составларни энг қулай режим асосида беришни, шунингдек Ўзбекистон Республикасига қарашли вагонлар бўшатилганидан кейин уларни қайтаришни таъминлайдилар.
5-модда
1. Юкларни божхона, санитария, радиоактив ҳамда бошқа жиҳатлардан назорат қилиш тартиби халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва Латвия Республикасининг тегишли қонунлари билан белгиланади.
2. Транзит тарзида қуйидаги юклар тегишли ҳужжатларга эга бўлса, тўсиқсиз ўтказилади:
а) ярмаркалар, кўргазмалар ёки бошқа маданий тадбирлар учун мўлжалланган буюмлар ва санъат асарлари;
б) реклама мақсадларида қўлланадиган буюм ва қурилмалар;
в) театр, кинематография, мусиқий ва спорт тадбирлари, цирк томошалари, шунингдек кино ва телевидениега олиш ва радиоёзувлар учун мўлжалланган аппаратуралар, анжомлар ҳамда жониворлар;
г) Жаҳон почта иттифоқининг 1994 йилдаги Сеул Конвенциясига мувофиқ барча турдаги почта жўнатмалари.
6-модда
Ушбу Битим доирасида Аҳдлашувчи Томонларнинг юридик ва жисмоний шахслари орасида ҳисоб-китоб ва тўловлар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида имзоланган ҳисоб-китоб ва тўловлар тўғрисидаги битимларга мувофиқ амалга оширилади.
7-модда
Аҳдлашувчи Томонлар ўзларининг транспорт ва савдо соҳасига мутасадди бўлган тегишли органлари орасида самарали ишчи муносабатларни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни, шунингдек уларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги алоқалар ривожини рағбатлантиришни давом эттирадилар.
8-модда
1. Аҳдлашувчи Томонлар Ушбу Битимни қўллашда келиб чиқадиган масалаларни кўриб чиқиш учун ваколатли органларнинг тенг миқдордаги вакилларидан иборат бўлган Қўшма комиссия тузадилар. Аҳдлашувчи Томонлар Қўшма комиссиядаги ўз вакиллари рўйхатини ушбу Битим имзоланганидан сўнг икки ой ичида дипломатик каналлар орқали бир-бирларига етказадилар.
2. Қўшма комиссия Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг илтимосига кўра мумкин қадар қисқа муддатда, аммо шу хусусда илтимоснома олинган санадан сўнг узоғи билан уч ой ичида йиғилади. Қўшма Комиссия йиғилишининг жойи ва вақти ҳамда кун тартиби Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари ўртасида келишилган ҳолда белгиланади.
Қўшма комиссия қарорлари протоколларда расмийлаштирилади.
3. Айрим масалаларни муҳокама қилиш ҳамда тегишли тавсияларни ишлаб чиқиш учун Қўшма комиссия экспертларни жалб қилиши ва ишчи гуруҳларини тузиши мумкин.
4. Қўшма комиссия йиғилишини ўтказиш мобайнида ўз вакиллари ва экспертларининг йўлкира ҳамда кунлик харажатларини тегишли Аҳдлашувчи Томон тўлайди. Бошқа харажатлар Аҳдлашувчи Томонлар орасида тенг бўлиб тўланади.
Қўшма комиссия харажатларни қоплашнинг ўзга тартибини белгилаши мумкин.
9-модда
1. Ушбу Битим, шунингдек иккала Аҳдлашувчи Томон иштирокчилари бўлган халқаро шартномалар билан тартибга солинмаган масалалар Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг ички қонунларига мувофиқ ҳал қилинади.
2. Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари бир-бирларини ўз мамлакатидаги транспорт фаолияти шароитларидаги бошқа Аҳдлашувчи Томон манфаатларига ҳам дахлдор ўзгаришлар тўғрисида хабардор қилиб туришни ўз зиммаларига оладилар.
10-модда
Ушбу Битим Аҳдлашувчи Томонлар иштирокчилари бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
11-модда
1. Ушбу Битим имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Ушбу Битим ноаниқ муддатга тузилди ва Аҳдлашувчи Томонлардан бири ёзма равишда дипломатик каналлар орқали бошқа Аҳдлашувчи Томонни унинг амал қилишини тўхтатиш нияти тўғрисида хабардор қилган кундан олти ой ўтгунича ўз кучини сақлайди.
2. Ушбу Битимга ўзгартиш ва қўшимчалар Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилиги бўйича киритилади ва унинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади.
Рига шаҳрида 1998 йил 3 июлда икки нусхада, ўзбек, латиш ва рус тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу Битимнинг айрим қоидалари турлича талқин қилинган ҳолда рус тилидаги матн асос қилиб олинади.
(имзолар)