LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
2007 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш, қулай агротехник шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзагромашсервис» уюшмасининг 2007 йил ҳосили учун шудгорлаш ҳажми ва муддатлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган таклифлари иловага* мувофиқ қабул қилинсин.
* Илова рус тилидаги матнда берилади.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда «Ўзагромашсервис» уюшмасининг раҳбарлари зиммасига қуйидагилар шахсий жавобгарлик сифатида юклансин:
техникани таъмирлашни ниҳоясига етказиш, машина-трактор парклари, ширкат ва фермер хўжаликларининг буюртманомалари бўйича ҳайдов агрегатларига эҳтиёт қисмлар тайёрлаш ва етказиб бериш ҳамда белгиланган муддатларда шудгорлашни ўтказиш;
тасдиқланган агротехнология нормаларидан келиб чиққан ҳолда шудгорлаш сифати, шудгорлашнинг зарур чуқурлиги ва бир текислиги, минерал ва органик ўғитлар солинишини таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси шудгорлаш ишлари ушбу қарор билан тасдиқланган ҳажм ва муддатларга мувофиқ ўтказилиши устидан назорат ўрнатсин, ҳисоботни бузиб кўрсатиш ва бошқа қоидабузарлик фактлари аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг» холдинг компанияси билан биргаликда қуйидагиларни таъминласин:
уч кун муддатда шудгорлашнинг бориши ва сифатини назорат қилувчи ҳудудий комиссиялар тузсин ва уларга шудгорлаш ишларининг ҳажмлари, муддатлари ва сифатини баҳолаш натижаларига кўра танлов асосида кенг муҳокама ва ошкораликни таъминлаган ҳолда ҳар бир туман бўйича хўжаликлар ва машина-трактор паркларининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларига рағбатлантирувчи мукофотлар жорий этиш ҳуқуқини бериш;
бир ҳафта муддатда, ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, туманлар ва хўжаликлар доирасида шудгорлашни ўтказиш жадвалини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
техника ва устахоналар икки сменада тўлақонли ишлашини ташкил қилиш ҳамда шудгорлаш ишларида қатнашаётган механизаторлар ва операторлар учун маиший ва бошқа барча зарур шарт-шароитлар яратиш;
минтақаларда жойлашган саноат, қурилиш корхоналари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан шудгорлашни ўтказиш ва кўчма таъмирлаш устахоналари учун ҳайдов тракторларини жалб этиш бўйича белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
хўжаликлар ва машина-трактор парклари буюртмаларига асосланиб эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, шунингдек кўчма таъмирлаш устахоналарининг узлуксиз ишлашини.
5. «Ўзкимёсаноат» компанияси белгиланган тартибда тузилган шартномалар ва тўловларга мувофиқ шудгорлаш даврида минерал ўғитлар солинишини таъминлайдиган муддатларда республиканинг барча минтақаларига ўғитлар бир маромда етказиб берилишини таъминласин.
6. «Ўзнефтмаҳсулот» компанияси ёнилғи-мойлаш материалларининг зарур захирасини яратсин ҳамда шудгорлашда иштирок этувчи қишлоқ хўжалик корхоналари, машина-трактор парклари ва бошқа ташкилотларга тасдиқланган технологик нормалар доирасида етказиб бериладиган дизель ёнилғисини белгиланган тартибда узлуксиз етказиб берилишини ташкил қилсин.