Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МЕҲНАТКАШЛАРГА БЕРИЛАДИГАН ОЙЛИК КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИНИНГ ЭНГ ОЗ МИҚДОРИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 19 октябрдаги 505-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ва уларнинг баъзиларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг «Чакана нархларнинг ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ССЖ аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари ҳақида» 1991 йил 25 мартдаги 65-сон қарорига мувофиқ ойига камида 60 сўм компенсация тўлови белгиланган.
Шу билан бирга, халқ истеъмоли молларининг, озиқ-овқат ва хизматларнинг нархлари жадал ошиб кетганлиги муносабати билан, шунингдек Ўзбекистон ССЖ Олий Кенгаши Раёсатининг истеъмол фонди бўйича чеклашларни бекор қилиш ҳақида 1991 йил 22 июлдаги 322-XII-сон қарорига мувофиқ кўпгина вазирликлар ва идоралар, корхоналар ва ташкилотлар ўз ходимлари учун ойлик компенсация тўловларининг энг оз миқдорини қўшимча равишда ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга оширдилар. Ёқилғи-энергетика, машинасозлик комплекслари ва бошқа комплексларнинг кўпгина корхоналари ва ташкилотларида компенсация миқдорларини 100 сўмгача ошириш учун маблағлар излаб топилди.
Юқори унумли меҳнат қилишга рағбатни кучайтириш, меҳнаткашлар турмуш даражасининг пасайишига йўл қўймаслик, жумҳурият аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш юзасидан аввалроқдан аниқ чораларни рўёбга чиқариш мақсадларида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хўжалик ҳисобидаги вазирликлар ва идораларнинг, бирлашмалар ва корхоналарнинг, уларнинг мулкчилик шаклидан қатъи назар, ўз маблағлари ҳисобидан 1991 йилнинг август ойидан бошлаб ходимларга тўланадиган ойлик компенсация тўловларининг энг оз миқдорини камида 100 сўмгача ошириш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон ССЖ Молия вазирлиги мазкур қарорнинг 1-банди талабларини ҳисобга олиб, бир ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига бюджетда турувчи ташкилотларнинг ходимларига тўланадиган қўшимча компенсация тўловларини қоплаш манбалари тўғрисида таклиф киритсин.
3. Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари ўртоқ Б.С. Ҳамидовга юклатилсин, унга шу йилнинг 15 сентябрида қарорнинг қандай бажарилаётганлиги тўғрисида ахборот бериш топширилсин.
Вазирлар Маҳкамаси Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1991 йил 6 август,
214-сон