LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сонли «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан ўз кучини йўқотган.
Ватанимиз пойтахти азим Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик қутлуғ тўйига бағишлаб мамлакатимизда кенг кўламдаги тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.
Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти иштирокида нишонланаётган бу санага халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида қизиқиш ва эътибор тобора ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейини унинг юртимиз ва минтақамиз тарихидаги, ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги тутган беқиёс ўрни ва мавқеига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш ҳамда бу тарихий санага бағишланган асосий тантаналар ва оммавий сайилларни чуқур ўйланган дастур асосида мазмунли ўтказиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 2 апрелда қабул қилинган Қарорига қўшимча равишда 1-иловага* мувофиқ чора-тадбирлар режаси қабул қилинсин. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишланган тантанали мажлис ва байрам концертини тайёрлаш бўйича ташкилий-ижодий гуруҳ таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
2. Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейини нишонлаш санасига бағишланган тантанали мажлис ва концерт дастурини 2009 йил 1 сентябрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида, оммавий тадбирлар ва халқ сайилларини эса 2 сентябрь куни пойтахт майдонларида ўтказиш ҳақидаги таклифлар маъқуллансин.
3. Мустақиллик куни ва Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги байрами муносабати билан ҳамда аҳолининг дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иш вақтидан оқилона фойдаланиш мақсадида 2009 йил 29 август шанба дам олиш куни 2009 йил 31 август душанба кунига, 2009 йил 30 август якшанба дам олиш куни 2009 йил 2 сентябрь чоршанба кунига кўчирилсин. 29 август шанба ва 30 август якшанба кунлари иш куни деб эълон қилинсин.
4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик юбилейига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
5. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.