Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг
Қарори
ЮРИДИК АҲАМИЯТГА ЭГА БЎЛГАН ФАКТЛАРНИ БЕЛГИЛАШ ҲАҚИДАГИ ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
(Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1997 йил 2 май, 1998 йил 11 сентябрь 24-сонли ва 2002 йил 14 июндаги 11-сонли қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан)
Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилув қарорларини чиқариш фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайди.
Судлар фуқароларни ва давлатни қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаб, бу ишларни асосан тўғри ҳал қилмоқдалар.
Шу билан бирга, қатор ҳолларда ишларни кўришда судлар томонидан қонунни қўллашда хатоликларга йўл қўйилмоқда. Судга тааллуқли бўлмаган аризаларни иш юргизишга қабул қилиш ҳоллари бор. Ҳар доим амалда фақат маълум ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқарадиган фактларнигина белгилаш, тегишли ҳужжатларни судсиз тартибда олиш ёки йўқотилган ҳужжатларни тиклаш мумкин бўлмаслиги тўғрисидаги мажбурий шартга риоя қилинмайди.
Фактни белгилаш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар етарли даражада текширилмайди, манфаатдор шахслар ишда иштирок этишга жалб қилинмайдилар, оқибатда қатор ишлар бўйича фуқароларнинг аризаларини қаноатлантириш тўғрисида асоссиз ҳал қилув қарорлари чиқарилади.
Юридик фактни белгилаш билан фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликни белгилаш ўртасидаги, фактни таниш билан фактни рўйхатга олинганлигини белгилаш ўртасидаги фарқ судлар томонидан равшан аниқланмайди.
Баён этилган жиддий камчиликларни бартараф этиш, қонунларни тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарор қилади:
1. Судларнинг эътибори юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишларни кўришда қонунчиликка қатъий амал қилишга, фуқароларнинг ва ташкилотларнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини қўриқлашни ҳар тарафлама таъминлашга қаратилсин.
2. Судлар ФПКнинг 283-моддасида кўзда тутилган суд йўли билан белгиланадиган фактлар рўйхати қатъий эмаслигини эътиборга олган ҳолда, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишларнинг судларга тааллуқлилиги ҳақидаги қонун талабларини аниқ бажаришлари лозим.
Судлар юридик аҳамиятга эга бўлган бошқа фактларни ҳам, жумладан:
– оталик фактларини, оталикни қайд қилиш фактларини, 1968 йил 1 октябргача туғилган болаларга нисбатан оталикни тан олганлик (белгилаганлик) фактларини;
– ихтирони жорий этиш фактларини, таклифни рационализаторлик сифатида тавсифланганлик фактларини;
– бинога, пайга, автомобилга ва бошқа махсус рўйхатдан ўтказиладиган мулкка эгалик қилиш фактларини;
– никоҳдан ажралишмасдан, лекин оилавий муносабатлар тугатилганидан сўнг иморатни эр-хотиндан бирининг маблағларига қурилганлик фактларини;
– суғурта гувоҳномасининг қарашлилиги фактларини;
– фуқарони ёки унинг ота-онасини Иккинчи Жаҳон уруши даврида эвакуация қилинганлик фактларини ҳам белгилашга ҳақлидирлар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги 44-сонли қарорига асосан чиқарилган)
3. Амалдаги қонунларда белгилашнинг бошқача (судсиз) тартиби назарда тутилган фактларни белгилаш тўғрисидаги аризалар суд тартибида кўрилиши мумкин эмас. Жумладан, меҳнат стажини (пенсия тайинлаш учун, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва бола туғилиши муносабати билан нафақа тайинлаш учун, иш ҳақига фоиз қўшимчаларни қўшиб ҳисоблаш учун, узоқ йиллар қилган хизмати учун бир йўла мукофот пули тўлаш учун ва ҳ.к.), фуқароларнинг ёшини белгилаш тўғрисидаги, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаганлик, партизан отрядида бўлганлик, жангларда яраланганлик, олий ўқув юртини, техникумни, ўрта мактабни ва бошқа ўқув юртларини битирганлик фактларини белгилаш тўғрисидаги, партия, касаба уюшмалари ҳужжатларини, паспорт ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномаларни тегишлилиги фактларини белгилаш тўғрисидаги аризалар судда кўрилмайди.
4. Фактни белгилаш тўғрисидаги аризалар ФПКнинг 280, 283-моддаларига биноан алоҳида иш юритиш тартибида кўришда қуйидаги шартларга риоя қилинган тақдирдагина суд томонидан қабул қилиниши мумкин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(4-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 18-сонли қарорига асосан чиқарилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) агар манфаатдор шахслар ўртасида ҳуқуқ ҳақида судга тааллуқли низо бўлмаса, фактни белгилаш шу фактдан келиб чиқадиган (фуқаронинг насабини, келиб чиқиши, меросни қабул қилиш муддатини узайтириш, мерос ҳақидаги гувоҳнома берилишининг асослилиги, шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида) ҳуқуқ ҳақидаги низони келгусида ҳал қилиш билан боғлиқ бўлмаса, қачонки манфаатдор шахсларда тегишли даъво билан судга мурожаат қилиш имконияти бўлса;
(4-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 18-сонли қарорига асосан «а» кичик бандига ўзгартирилган)
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) агар ариза берувчи шу фактни тасдиқлайдиган тегишли ҳужжатларни бошқача йўл билан олиш ёки тиклаш имкониятига эга бўлмаса.
(4-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 18-сонли қарорига асосан «б» кичик бандига ўзгартирилган)
Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича юридик аҳамиятга эга бўлмаган факт бошқа мамлакатнинг (республиканинг) қонунчилиги бўйича ҳуқуқий оқибатларга олиб келса ва суднинг ҳал қилув қарори шу мамлакатда (республикада) қўллаш учун зарур бўлса, суд бундай фактни белгилашга ҳақлидир.
5. ФПКнинг 283-моддасига биноан юридик аҳамиятга эга бўлган фактлар суд тартибида фақат фуқароларнинг эмас, балки бундан манфаатдор ташкилотларнинг ҳам аризалари бўйича белгиланишини судлар эътиборда сақлашлари лозим.
6. Алоҳида тартибда қўзғатиладиган ишларни судда кўришга тайёрлаш жараёнида судья қайси фуқаролар ва ташкилотлар бу ишни ҳал қилинишидан манфаатдор бўлишлари мумкинлиги ва суд мажлисига қатнашишга жалб қилиниши лозимлигини аниқлашга мажбур. Бу туркумдаги ишлар бўйича бундай шахслар ўлганнинг ворислари, молия ташкилотлари, ижтимоий таъминот ва давлат суғурта ташкилотлари, ҳарбий комиссариятлар ва ҳоказолар бўлиши мумкин.
Ишда қатнашишга жалб этилган манфаатдор шахслар берилган аризанинг асослилигини ёки асоссизлигини тасдиқловчи далиллар келтиришга, иш ҳолатларини текширишда қатнашишга, чиқарилган ҳал қилув қарори устидан шикоят келтиришга ва ФПКнинг 34-моддасида кўрсатилган бошқа процессуал ҳаракатларни қилишга ҳақлидирлар.
Фактларни белгилаш тўғрисидаги ишлар судлар томонидан, алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича қонунда кўзда тутилган истиснолар билан (низонинг йўқлиги, ишлар бўйича келишув битимларини тузиб бўлмаслиги ва бошқалар), процессуал қонунчиликнинг умумий қоидаларига мувофиқ кўрилади.
7. ФПКнинг 283-моддасининг 1-бандида қариндошлик муносабатлари деганда тўғри қариндошлик, бири иккинчисидан ёки бир умумий уруғдан келиб чиққан шахсларнинг қон-қариндошлиги назарда тутилганлиги судларга тушунтирилсин.
Қон-қариндошликнинг йўқлиги қариндошликнинг йўқлигидан далолат беради.
Қонун қариндошлик муносабатларини, бу муносабатлар бевосита юридик оқибатларни келтириб чиқаргандагина, яъни уларни тасдиқлаш аризачига меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун, боқувчисини йўқотиш муносабати билан нафақа расмийлаштириш учун, кўп болалик бўйича давлат ёрдам пули олишга ҳақли бўлиш ва ҳоказолар учун зарур бўлса, белгилашга йўл қўяди.
Мерос олиш мақсадида қариндошлик муносабатларини белгилашда судлар ворислик ҳуқуқи қонун-қоидалари билан ўрнатиладиган қариндошлик доирасидан келиб чиқишлари керак. Қонун бўйича ёки васият бўйича ворис бўлмаган шахсларнинг қариндошлик муносабатлари юридик аҳамиятга эга эмас ва уларнинг қариндошлик муносабатлари факти суд томонидан белгиланиши мумкин эмас. Республика доирасидан ташқарида доимий яшаган мерос қолдирувчилар билан қариндошлик муносабатлари фактини белгилашда, суд мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойидаги мамлакатнинг (республиканинг) ворислар доирасини ва ворислар бўйича муносабатларни белгиловчи қонунга амал қилиши керак.
Нафақа олиш мақсадида қариндошлик муносабатларини белгилашда, нафақа қонунчилиги билан кўзда тутилган, кенгайтирилган талқинга йўл қўйилмайдиган, ўлганнинг оила аъзолари доирасидан келиб чиқилмоғи лозим.
8. Қариндошлик муносабатлари фактини белгилаш ҳақидаги аризани қабул қилишда судья фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш давлат органларининг йўқотилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклашини рад этилганлик тўғрисидаги хулосасини ёки аризачининг ёхуд уларга нисбатан ариза берилган шахсларнинг туғилганлик ёки никоҳ ҳақидаги гувоҳномасини олишнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги маълумотни албатта талаб қилиб олиши лозим.
Агарда аризачи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш давлат органлари томонидан бериладиган гувоҳномаларда фамилияси, исми ёки отасининг исми нотўғри ёзилганлигини кўрсатиб, қариндошлик муносабатлари фактини белгилашни сўраса, суд бундай аризани юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тартибида кўришга ҳақли эмас, чунки талаб мазмунан далолатнома ёзувидаги нотўғриликларни тузатиш заруриятидан иборат (ФПКнинг 274, 275-моддалари).
9. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, ўлганнинг қарамоғида бўлганлик фактини белгилаш, агарда бериб келинган ёрдам аризачининг ҳаёт кечириши учун доимий ва асосий манба бўлган бўлса, мерос олиш, нафақа тайинлаш ёки зарарни тўлатиш учун аҳамиятга эгадир. Аризачи иш ҳақи, нафақа, стипендия олиб келган ёки бошқа даромад манбаига эга бўлган ҳолларда, боқиб келган шахс томонидан берилган ёрдам аризачининг ҳаёт кечириши учун доимий ва асосий манба бўлган-бўлмаганлигини аниқлаш керак.
Боқувчисининг ўлими муносабати билан нафақа тайинлаш учун бировнинг қарамоғида бўлганлик факти турар жойларни бошқариш (эксплуатация) ташкилотларининг ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи маълумотномаси ёки бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади. Агарда бундай ҳужжатлар бўлмаса ва уларни тиклаш мумкин бўлмаса, факт суд тартибида белгиланиши мумкин.
10. Нафақа тайинлаш учун бировнинг қарамоғида бўлганлик фактини белгилашда, ўлганнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари боқувчисининг ўлими муносабати билан нафақа олиш ҳуқуқига эга эканликларини назарда тутиш керак (ҳалок бўлганнинг қарамоғида бўлган-бўлмаганлигидан қатъи назар нафақа тайинланадиган, фронтда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари, эр-хотинлари ва болалари бундан мустасно).
Нафақа қонунчилиги билан ўрнатилган, боқувчисининг ўлими муносабати билан нафақа олишга ҳуқуқи бўлган меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг доираси қатъий ва кенгайтирилган талқинга йўл қўйилмайди. Шунинг учун судлар бу рўйхатда кўрсатилмаган шахслардан бировнинг қарамоғида бўлганлик фактини белгилаш ҳақидаги аризаларни қабул қилишга ҳақли эмаслар. Қарамоғда бўлиш муддати бу ҳолатда аҳамиятсиздир. Оила аъзоларининг бошқа-бошқа яшашлиги, аризачини боқишга мажбур бўлган бошқа қариндошларининг борлиги, қарамоғида бўлганлик фактини истисно этмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Судлар мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик фактини белгилашда Фуқаролик кодексининг 1139, 1141-моддалари ва Олий суд Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги «Судлар томонидан мерос ҳуқуқига оид қонунчиликнинг қўлланилиши тўғрисидаги» қарорининг 16-17-бандларида баён қилинган меҳнатга қобилиятсиз боқимларининг уч тоифаси юзасидан берилган тушунтиришларга амал қилишлари лозим. Бунда, мерос қолдирувчи билан унинг қарамоғида бўлган шахс ўртасида қариндошлик муносабатлари бор-йўқлиги аҳамиятга эга эмас.
(10-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 18-сонли қарори таҳририда)
Меросга бўлган ҳуқуқни расмийлаштириш мақсадида, бировнинг қарамоғида бўлганлик фактини белгилаш учун бировнинг қарамоғидаги одам мерос қолдирувчининг ўлими кунига меҳнатга лаёқатсиз бўлиб, марҳумнинг ўлимига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган бўлиши ва у билан биргаликда яшаган бўлиши шарт (ФКнинг 1141-моддаси). Агарда қарамоғда бўлганлик бир йилдан кам давом этган бўлса, суд бу фактни белгилашни рад этади. Мерос қолдирувчи билан қарамоғида бўлган шахс ўртасида қариндошлик муносабатларининг бор-йўқлиги аҳамиятга эга эмас.
Боқувчисини йўқотиш муносабати билан зарарни ундиртириш учун бировнинг қарамоғида бўлганлик фактини белгилашда судлар Фуқаролик кодексининг 1009-моддасига мувофиқ зарарни ундиртириб олишга бўлган ҳуқуқ боқувчининг қарамоғида бўлганлик муддатига боғлиқлигини, лекин бунда уларнинг қариндошлиги аҳамиятга эга эмаслигини назарда тутишлари керак.
11. Юридик фактларни белгилаш тартибида фуқароларнинг ёшини аниқлаш судларга тааллуқли бўлмай, Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари (ФҲДЁ) томонидан Фуқаролик кодексининг 38, Оила кодексининг 228, 233-моддалари ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш Қоидаларининг 139-140, 154-155, 185-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Агарда тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган ёки уларда ёши ҳақидаги маълумот бўлмаган ёхуд бундай маълумотларда қарама-қаршилик бўлган ёинки ҳужжатларда кўрсатилган туғилганлик санасига эътироз билдираётган фуқаронинг талаби ФҲДЁ органи томонидан рад этилса, мазкур хулоса устидан аризачи Фуқаролик процессуал кодексининг 269, 274-моддаларига асосан судга шикоят қилишга ҳақли.
12. Агар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида архив ҳужжатлари йўқолган, тегишли ёзувлар сақланмаган ва бундай ёзувларни тиклаш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари томонидан рад қилинган бўлса ёки бундай ёзув фақат суднинг фуқаролик ҳолатини рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳал қилув қарори (масалан, вафот этганларга нисбатан) асосида тикланиши мумкин бўлган ҳолатларда судлар туғилганлик, болаликка олиш, никоҳ, ажралиш ва ўлимни рўйхатга олиш фактини белгилашга ҳақли. ФПКнинг 283-моддасининг 4-банди болаликка олиш, никоҳ, ажралиш ва ўлганлик фактини эмас, балки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларида рўйхатга олиш фактини назарда тутади.
Судлар шуни назарда тутишлари керакки, никоҳни қайд қилинганлиги ҳақидаги маълумот мавжуд бўлганида никоҳ гувоҳномасини олмаганлик ёки уни йўқотганлик ҳолати никоҳни рўйхатга олинганлик фактини белгилаш ўрнига уларни фактик никоҳ муносабатларида бўлганликларини белгилаш хато ҳисобланади.
Никоҳни рўйхатга олинганлик фактини белгилашни сўраб судга эр-хотиннинг иккаласи мурожаат қилиши мумкин. Агар бу ҳақда судга эр-хотиндан бири ариза билан мурожаат қилган бўлса, иккинчиси ишга манфаатдор шахс сифатида жалб қилинади.
Судлар болаликка олишни рўйхатга олинганлик фактини, шунингдек, болаликка олиш ҳақида ҳокимият қарори қабул қилинганлиги фактини белгилаш ҳақидаги талабларни ҳам кўриши мумкин.
Фактик равишда болаликка олинганлик юридик аҳамиятга эга эмас ва бундай фактни белгилаш тўғрисидаги аризаларини қабул қилиш рад этилиши лозим.
13. ФПКнинг 283-моддасининг 5-банди ва Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 1944 йил 22 августдаги Фармонига кўра фактик никоҳ муносабатларида бўлганлик факти фақат бундай муносабатлар 1944 йил 8 июлгача вужудга келган бўлса ва никоҳни фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида эр-хотиндан бирининг вафоти туфайли рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмасагина белгиланади.
Юқорида кўрсатилган вақтдан кейин вужудга келган фактик никоҳ муносабатлари юридик оқибат келтириб чиқармайди ва бундай фактларни белгилаш тўғрисидаги аризалар суд тартибида кўришлик учун қабул қилинмайди.
Агар эр-хотиндан бири 1944 йил 8 июлгача бошқа фактик никоҳга кирган ёки бир вақтнинг ўзида қонуний никоҳда бўлган бўлса, шунингдек, бу муносабатлар томонлардан бирининг вафотига қадарли тугатилган бўлса, бундай фактларни суд белгилаши мумкин эмас.
Суд мажлисида никоҳ муносабатларининг мавжудлигини (биргаликда яшаш, умумий хўжалик юритиш, болаларнинг борлиги ва уларни тарбиялаш ва бошқаларни) исботловчи далиллар текширилади.
Фактик муносабатларни ҳақиқатда бўлган деб топиб, суд уни мазкур шахслар ўртасида вужудга келган вақти ва улардан бирининг вафот этган кунига қадар давом этганини аниқлайди.
14. Ҳуқуқ туғдирадиган ҳужжатларда кўрсатилган шахснинг исми, отасининг исми ва фамилияси шу шахснинг паспортдаги ёки туғилиш гувоҳномасидаги исми, отасининг исми ва фамилиясига мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларни унга тегишли эканлиги фактини белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича судлар аризачидан ҳуқуқий ҳужжатни ўзига тегишли эканлиги, ҳужжатни берган ташкилот унга тегишли ўзгартириш кирита олмаслиги ҳақидаги далилларни талаб қилишлари керак. Агар аризачида тегишли фактни аниқ тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар бўлса, суд ҳуқуқ туғдирадиган ҳужжатни унга тегишли эканлик фактини белгилаш тўғрисидаги аризани қабул қилишга ҳақли эмас.
Аризачига шахсий ҳужжатларни эмас, балки ҳуқуқ туғдирадиган ҳужжатларни тегишлилиги суд тартибида белгиланишини ҳисобга олган ҳолда, судлар ҳужжатларни тегишлилиги тўғрисидаги аризаларни тааллуқлилигига алоҳида эътибор беришлари лозим. Шахсий ҳужжатларга паспорт, партия, касаба уюшмалари билетлари, ҳарбий билетлар, ҳарбий хизматчиларнинг шахсий гувоҳномалари, орден ва медалларнинг гувоҳномалари киради. Бундай ҳужжатлардаги хатолар фақатгина уларни берган орган ва ташкилотлар томонидан бартараф этилиши мумкин. Мансабдор шахсларнинг ва давлат бошқарув органларининг тузатиш киритишни рад этганлик ҳақидаги қарорлари устидан ФПКнинг 266-267-моддаларига биноан судга шикоят қилиш мумкин.
15. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан бериладиган ҳужжатларнинг тегишлилиги фактини белгилаш тўғрисидаги аризалар судларга тааллуқли эмас.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан ёзувларга тузатиш ва ўзгартиришлар киритиш рад қилинган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 38, Оила кодексининг 228, ФПКнинг 274-моддасига кўра манфаатдор шахслар судга мурожаат қилишлари мумкинлигини назарда тутиш керак. Бундай ҳолатларда иш юридик фактни белгилаш тартибида эмас, балки фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувларни нотўғрилигини белгилаш тартибида амалга оширилади.
Ҳужжатни тегишлилигини белгилаш тўғрисидаги фактни ўрнига ҳужжатларда номи турлича кўрсатилган фуқарони айнан бир шахс деб таниш мутлақо мумкин эмас, чунки (шахсларни) айнан бир киши дейишлик юридик аҳамиятга эга эмас.
16. Меҳнат дафтарчасини тегишли эканлиги фактини белгилашда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат дафтарчасини юритиш тартиби тўғрисидаги қўлланманинг 22-бандида кўрсатилган, яъни меҳнат дафтарчасига ҳужжат (туғилиш, никоҳ, никоҳни бекор қилиш ҳақидаги гувоҳномалар, паспорт ва бошқа)ларга асосан аризачининг охирги иш жойи маъмурияти томонидан унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган вақти ҳақидаги ўзгартиришларни киритиш мумкинлиги тўғрисидаги дастлабки ҳал қилиш тартибига аризачи риоя қилган-қилмаганлигини суд аниқлаши керак.
17. Бахтсиз ҳодиса факти, одатда белгиланган шаклда тузилган акт билан тасдиқланади. Ушбу актда бахтсиз ҳодиса қаерда ва қандай шароитда (иш жойида ёки кўчадаги ҳодиса натижасидами) келиб чиқганлиги кўрсатилади. Агар бахтсиз ҳодиса иш юритиш вақтида келиб чиқса, у ҳақида далолатнома тузиш маъмурият ва касаба уюшмаси ваколатига киради. Маъмурият далолатнома тузишни рад қилса ёки жабрланувчи далолатномада кўрсатилган ҳолатлардан норози бўлса, у касаба уюшмасига меъёрий ҳужжатларда белгиланган муддатда мурожаат қилишга ҳақли, касаба уюшмаси қарори эса маъмурият учун мажбурийдир.
Бахтсиз ҳодиса ҳақидаги фактни судсиз тартибда ҳал қилиш имконияти бўлмасагина ва бу тегишли ҳужжат билан тасдиқланса, суд бахтсиз ҳодиса фактини белгилашга ҳақли. Суд бахтсиз ҳодиса фактини белгилаш ҳақидаги аризани қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганида қабул қилиши лозим:
бахтсиз ҳодиса ҳақида акт умуман тузилмаган ёки ҳозирги вақтда уни тузиш имконияти бўлмаса;
Олдинги таҳрирга қаранг.
бахтсиз ҳодиса ҳақида акт тузилган, лекин аризачи томонидан у йўқотилган ва уни бошқача тартибда тиклаш мумкин бўлмаса;
(17-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2012 йил 13 декабрдаги 18-сонли қарори таҳририда)
уни тузишда хатоликка ёки уни исботловчи кучидан маҳрум қилувчи ноаниқликка йўл қўйилган бўлса ва буни тегишли орган тузата олмаса, меҳнати туфайли келиб чиққан, яъни ходимни корхона, ташкилотлардаги иши билан боғлиқ ҳолда соғлиғига зарар етказган бахтсиз ҳодисагина юридик аҳамиятга эга.
18. ФПКнинг 283-моддаси 8-бандига мувофиқ, иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш фактини белгилаш тегишли органлар маъмурий тартибда ушбу фактни белгилашни рад қилган бўлса ва аризачини ушбу иморатларга бўлган ҳуқуқини бошқа шахслар инкор этмаётган бўлсаларгина судга тааллуқлидир.
Суд эгалик ҳуқуқини эмас, балки иморатни аризачига эгалик ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни бўлганлик фактини, шунингдек, агар аризачида ўз вақтида эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжат бўлган бўлиб, лекин у йўқолган ва уни тиклаш мумкин бўлмаганида белгилайди.
Уй-жойга эгалик ҳуқуқи ҳокимиятда рўйхатдан ўтказганлиги тўғрисида маълумот ва уй қуриш тўғрисида шартнома бўлмаса, қурилган уйнинг кимга тегишли эканлиги ҳақидаги масала умумий асосларда ФКнинг 212-моддаси бўйича ҳал қилинади.
Ўзбошимчалик билан қурилган ёхуд қуриб битказилган ва фойдаланиш учун қабул қилинмаган биноларни, шунингдек, олдин бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки аризачи томонидан тегишли тартибда расмийлаштирилмасдан сотиб олинган биноларга эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги аризалар алоҳида иш юритиш тартибида судда кўрилиши мумкин эмас.
Агар фуқаро нотариал тартибда тасдиқланмаган ёзма шартнома билан уй сотиб олган бўлса, бу уйга унинг эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги масала ФК 112-моддасининг 2-қисми қоидалари бўйича даъво тартибида ҳал этилиши мумкин.
19. Манфаатдор шахс мерос ҳуқуқи қабул қилганлиги ва мулкни мерос қилиб олганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим қила олмаганлиги сабабли, нотариал идора ворислик ҳақида гувоҳнома беришни рад қилган ҳолларда меросни қабул қилиш ва меросни очилиш жойи фактини белгилаш ФПК 283-моддасининг 9-бандига асосан амалга оширилади.
Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи, яъни фуқаронинг доимий яшаб келган жойи, мероснинг очилиш жойи ҳисобланади, агар унинг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, унга тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.
20. Агар шахснинг маълум вақт ва маълум ҳолатда вафот этганлигини тасдиқловчи ишончли далиллар мавжуд бўлса, ФПК 283-моддасининг 10-бандига асосан суд ўлганлик фактини белгилайди. Судга мурожаат қилаётган манфаатдор шахслар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилувчи органларнинг ўлганликни рўйхатга олишни рад қилганлиги ҳақидаги ҳужжатни тақдим этишлари лозим.
Шахснинг ўлганини тахмин қилинганда, шунингдек, ўлганлик фактини тасдиқлайдиган далиллар бўлмаганда, шахс ФПКнинг 286—289-моддалари тартибида ўлган деб эълон қилиниши мумкин.
Ўлганлик фактини белгилаш ҳақидаги ҳал қилув қарорида суд ўлимни вужудга келтирган аниқ ҳолатларни кўрсатади ва ўлган кунини аниқ белгилайди. Ҳал қилув қарори шу қарор чиқарган суд жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органида ўлганликни рўйхатдан ўтказиш йўли билан ижро қилинади.
21. Фуқаролик ҳолати далолатномалари дафтаридаги нотўғри ёзувларни белгилаш тўғрисидаги аризалар юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш тартибида кўрилмасдан, балки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органлари ҳуқуқ ҳақида низо бўлмаса ҳам ёзувга тузатиш киритишни рад этган бўлсалар, бу ёзувларнинг нотўғрилигини аниқлаш тартибини ифода этувчи Фуқаролик кодексининг 38, Фуқаролик процессуал кодексининг 274-275-моддалари қоидалари асосида кўрилишига судларнинг эътиборлари қаратилсин.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномасидаги ёзувларни ўзгартириш ёки тузатишни рад қилганлиги тўғрисидаги хулосанинг бўлмаслиги суд томонидан аризани қабул қилишга тўсқинлик қилади. Бундай ҳолатда суд аризачига ёзувларни тузатиш ва ўзгартириш тартибини тушунтиради.
22. Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ишлари бўйича чиқарилган ҳал қилув қарори ФПКнинг 206-моддасида кўзда тутилган талабларга монанд бўлиши керак. Ҳал қилув қарорида ишнинг ҳолати тўғрисидаги хулосаларни тасдиқловчи ишни ҳал этиш учун аҳамиятли бўлган далиллар кўрсатилиши керак. Ариза қаноатлантирилган тақдирда белгиланган факт аниқ ифода этилиши лозим. Ҳал қилув қарорининг хулоса қисми баёнини суд ФПК 283-моддасининг тегишли бандида ёзилганидек, аниқ кўрсатиши зарур.
ФПКнинг 16-моддасига мувофиқ, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, бундай фактларни рўйхатга олувчи ёки суд томонидан фактни белгиланиши муносабати билан вужудга келган ҳуқуқни расмийлаштирувчи органлар учун мажбурийдир.
Фуқаролик ҳолати далолатномасини қайд қилиш органларида қайд қилиниши ёки бошқа органларда расмийлаштирилиши лозим бўлган фактларни белгилаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори бу органлар томонидан бериладиган ҳужжатларнинг ўрнини босмайди.
23. ФПКнинг 19-моддасига амал қилган ҳолда судлар бундай ишларни кўришда фуқароларнинг нафақа ва ёрдам пулларини олиш, эгалик ҳуқуқи, ворислик ҳуқуқи ва бошқа қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларининг бузилиши аниқланиши муносабати билан хусусий ажрим чиқариш борасида ўзларининг фаолиятларини жадаллаштиришлари зарур. Хусусий ажрим тегишли ташкилот ва мансабдор шахсларга йўл қўйилаётган камчиликларни йўқотиш учун керакли чораларни кўриш мақсадида юборилиши лозим.
24. Қорақалпоғистон Республикаси Олий судига, вилоят судларига ва Тошкент шаҳар судига вақти-вақти билан шу туркумдаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиб туриш, йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш, қуйи судларга мазкур туркумдаги ишлар бўйича қонунларни тўғри татбиқ этишлари учун ёрдам бериш, ҳар бир иш юзасидан асослантирилган ва қонуний ҳал қилув қарори чиқаришни таъминловчи бошқа чораларни кўриш тавсия этилсин.
25. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан, Ўзбекистон ССР Олий суди Пленумининг 1979 йил 22 июндаги «Ўзбекистон ССР судларида СССР Олий суди Пленумининг 1966 йил 25 февралдаги «Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарорини бажарилиши тўғрисида»ги қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
1991 йил 20 декабрь,
5-сон