Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармойиши
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ДЕВОНИ АХБОРОТ МАРКАЗИНИ АХБОРОТ ТАРҒИБОТ-ТАҲЛИЛ МАРКАЗИГА АЙЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришга қаратилган бунёдкорлик сиёсати моҳиятини республикамизда ва чет элда янада кенг, таъсирчан, салоҳиятли тарғиб қилиш, ислоҳотлар жараёнининг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини мунтазам ва чуқур таҳлил қилиш орқали тарғиботнинг долзарб йўналишларини белгилаш, ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси девони Ахборот маркази Ахборот тарғибот-таҳлил марказига айлантирилсин.
Асосий эътибор ислоҳотларнинг тарихий аҳамияти, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, буюк келажак йўлида фидойилик, миллий ғурур ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги, халқ ва Ватан манфаатларига содиқлик, одамлар онгида рўй бераётган ўзгаришлар, яратувчилик ишларини таҳлилий материаллар, тезкор шарҳлар орқали ёритишга қаратилсин.
Мунтазам ва чуқур таҳлил орқали оммавий ахборот воситаларининг мазмундорлигини ва таъсирчанлигини оширишга эришилсин.
* 1, 3-иловалар берилмайди.
3. Таҳлил гуруҳи ўрнида ташкил этилаётган Давлат, нодавлат телерадиокомпаниялари фаолияти бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи телевидение кўрсатувлари ва радиоэшиттиришларнинг мунтазам ва чуқур таҳлилига асосланган мониторингини ташкил этсин. Кўрсатув ва радиоэшиттиришларни замон талаблари даражасига кўтариш, ранг-баранглигини таъминлаш, мазмундорлигини ошириш чора-тадбирларини кўрсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ходимлари Президент иштирокидаги йиғилишлар, матбуот конференциялари, Олий Мажлис сессиялари, Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишлари, шунингдек, тарғибот-таҳлил ишлари учун бевосита қўшимча ахборотлар олиш имконини берувчи бошқа муҳим тадбирларда иштирок этадилар.
Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ходимлари, шунингдек ўрнатилган тартиб асосида ўз фаолияти йўналишига мувофиқ равишда вазирликлар ва муассасалар, маҳаллий ҳокимият органларидан иш учун зарур ахборотни сўраб олиш ҳуқуқига эга.
5. Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг раҳбари ўз мақоми бўйича Президентнинг Давлат маслаҳатчисига тенглаштирилсин.
6. Таниқли олимлар ва мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан янада тўлароқ фойдаланиш мақсадида Марказ қошида йўналишлар бўйича ташкил этилган жамоатчи шарҳловчилар таркиби қайта кўриб чиқилсин ва самарадорлиги таъминлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази тизими тўғрисида»ги 1996 йил 21 ноябрдаги Ф-678 Фармойишининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 12 март,
Ф-968-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 12 мартдаги Ф-968-сонли фармойишига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг
НИЗОМИ
I. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот тарғибот-таҳлил маркази мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришга қаратилган бунёдкорлик сиёсати моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали республикамизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб этишни таъминлайди, ислоҳотлар жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритилишини мунтазам равишда таҳлил этиш орқали тарғиботнинг долзарб йўналишларини белгилайди, ижросини таъминлайди, жамоатчилик фикрини шакллантириш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётга иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилади.
2. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази Президент девонининг мустақил бўлинмаси ҳисобланади.
II. Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг вазифалари
3. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, маъруза ва нутқларида илгари сурилган ғоялар, Олий Мажлис қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсатига оид барча муҳим воқеалар моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, чуқур таҳлил этиш, мамлакатимиз аҳолисига ҳамда жаҳон жамоатчилигига етказиш ишларида ташаббускорлик ва ташкилотчилик қилади;
— Ислоҳотларнинг тарихий аҳамияти, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, буюк келажак йўлида фидойилик, миллий ғурур ва умумий инсоний қадриятлар уйғунлиги, халқ ва Ватан манфаатларига содиқлик туйғуларини кучайтириш, одамлар онгида рўй бераётган ўзгаришлар оммавий ахборот воситаларида изчил ёритиб борилишини таъминлайди.
— Оммавий ахборот воситалари юз бераётган жараёнга турлича қарашларнинг эркин ва холис минбари, ҳокимият ва жамият ўртасида холис воситачи, инсон ҳамда жамият манфаатларининг фаол ҳимоячиси бўлишига эришиш Ахборот тарғибот-таҳлил маркази фаолиятининг асл моҳиятини ташкил этади;
— Президент ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим ва алоҳида аҳамиятга молик масалалари, шунингдек йўналишларга оид долзарб мавзулар юзасидан оммавий ахборот воситаларида ахборот тарғибот-таҳлил маркази ижодий ходимларининг мунтазам равишда чиқиб туришларини уюштиради;
— Давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, ислоҳотлар жараёни, шунингдек муҳим мавзуларнинг республика оммавий ахборот воситалари асосида ёритилишини мунтазам таҳлил қилиб боради. Кундалик, ҳафталик ва ойлик таҳлил хулосаларига кўра оммавий ахборот воситаларнинг мазмундорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқади ва уларнинг изчил амалга оширилишини таъминлайди.
— Таҳлил ва тавсиялар асосида ҳар кварталда бир марта республика оммавий ахборот воситалари раҳбарлари иштирокида йиғилишлар, йилда бир марта вилоятлар оммавий ахборот воситалари раҳбарлари иштирокида семинар-кенгашлар ўтказишни йўлга қўяди;
— Таниқли олимлар ва мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан оммавий ахборот воситаларида кенг фойдаланиш мақсадида Ижтимоий-сиёсий, Маънавий-маърифий, Иқтисодий, Давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялар ҳамда Халқаро йўналишлар бўйича жамоатчи шарҳловчилар билан иш олиб боради;
— Оммавий ахборот воситаларида кадрлар сиёсатини амалга оширишда иштирок этади, журналист кадрлар, жумладан, халқаро масалалар бўйича журналистлар тайёрлаш ва журналистлар малакасини мунтазам равишда ошириб бориш ишларида фаол қатнашади.
III. Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг тузилиш таркиби
4. Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот тарғибот-таҳлил маркази Ижтимоий-сиёсий йўналиш бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи, Маънавий-маърифий, миллий ғурур ва ватанпарварлик йўналиши бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи, Иқтисодий йўналиш бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи, Давлат ва нодавлат телерадиокомпаниялари, каналлар, студиялар фаолияти бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи, ҳамда Давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини хорижга тарғиб қилиш, чет эл оммавий ахборот воситалари тизими билан ишлаш бўйича тарғибот-таҳлил гуруҳи (халқаро йўналиш)га асосланган тизим бўйича иш олиб боради. Мазкур йўналишлар бўйича тадбирлар ишлаб чиқиб, уларни амалга оширишни таъминлайди.
5. Халқаро йўналишда ташкил этилган, «Интернет» халқаро ахборот тармоғига чиқувчи «Uzinfo» компьютер алоқа хизмати орқали Ўзбекистон аҳолисини дунё мамлакатларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар, воқеалар ва янгиликлар билан кенг таништириб боради, жаҳон оммасини республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидан тезкорлик билан хабардор қилиб боради.
IV. Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси бўлинмалари билан муносабати
6. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази Президент девони ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлинмалари ва ҳукумат муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб боради.
7. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга тезкорлик билан муносабат билдириш мақсадида:
— Президентнинг Фармон ва фармойишлари;
— Президент нутқларининг баённомалари;
— Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;
ва бошқа ахборот материалларини ўз вақтида олиб туради;
8. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ходимлари Президент иштирокидаги йиғилишлар, матбуот конференциялари, Олий Мажлис сессиялари, Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишларида, шунингдек тарғибот-таҳлил ишлари учун бевосита қўшимча ахборот олиш имконини берувчи бошқа барча муҳим тадбирларда иштирок этадилар.
V. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази фаолиятининг таъминоти
9. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ўз вазифаларини бажариши учун зарур техник воситалар, жумладан компьютер жиҳозлари билан таъминланади.
VI. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ходимлари ҳуқуқлари
10. Ахборот тарғибот-таҳлил маркази ходимлари:
— Давлат ва жамоат ташкилотларида Ахборот тарғибот-таҳлил маркази номидан иш олиб боради;
— Ўрнатилган тартиб асосида ўз фаолияти йўналишига мувофиқ равишда вазирликлар ва муассасалар, маҳаллий ҳокимият органларидан, мансабдор шахслардан иш учун зарур бўлган ахборотлар олади;
— Республика фуқароларининг хатларига жавоб қайтаради, шикоятларини кўриб чиқади, ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида тегишли ташкилотлар билан зарур ёзишмалар олиб боради.
VII. Ахборот тарғибот-таҳлил марказини бошқариш
11. Ахборот тарғибот-таҳлил марказини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланувчи ва вазифасидан озод қилинувчи раҳбар бошқаради.