Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги
1994 йил 1 январь
№ 53/25
ДАВЛАТ МАЖБУРИЙ СУҒУРТАСИГА ОЛИНИШИ КЕРАК БЎЛГАН ФУҚАРОЛАРГА ҚАРАШЛИ МОЛ-МУЛКНИНГ ДАВЛАТ МАЖБУРИЙ СУҒУРТАСИ ТЎҒРИСИДА
Йўриқнома
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1994 йил 1 мартда 25-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2001 йил 14 июлдаги 94-мҳ-сонли буйруғига асосан Давлат реестридан чиқарилган.
1. Давлат мажбурий суғуртасига олиниши керак бўлган Фуқаролар мол-мулкини ҳисобга олиш, бадалларни ҳисоблаш ва ундириш ва суғурта қопламасини тўлаш Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта тўғрисида», «Давлат турар-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 23 декабрдаги «Фуқароларга қарашли мол-мулкнинг давлат мажбурий суғуртаси тўғрисида»ги 609-сон қарорига мувофиқ ва мазкур Йўриқномада кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
I. бўлим.
Фуқароларга қарашли мол-мулкнинг давлат мажбурий суғуртаси бўйича ҳисобга олиш, бадалларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
Фуқароларга қарашли мол-мулкнинг давлат мажбурий суғуртаси бўйича ҳисобга олиш, бадалларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида
2. фуқароларнинг қуйидаги хусусий мол-мулки ҳисобга олиниши зарур:
иморатлар (уй-жойлар, квартиралар, шу жумладан хусусийлаштирилган квартиралар, шунингдек ёрдамчи иморатлар);
ҳайвонлар (қорамол — 6 ойликдан бошлаб, от ва туялар 1 ёшдан бошлаб).
3. Боғдаги уйлар, путурдан кетган иморатлар. шунингдек, турар жойи номаълум бўлган фуқароларга қарашли иморатлар давлат мажбурий суғуртасига олинмаганлиги учун ҳисобга ҳам олинмайди.
Турар жойи маълум бўлмаган фуқароларга қарашли иморатлар рўйхати давлат суғурта муассасаси томонидан тузилади ва қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини томонидан тасдиқланади. Бу рўйхат 102-шаклли суғурталанувчиларнинг асосий рўйхатига (2-илова) қўшиб қўйилади.
4. Давлат суғурта муассасаси мажбурий суғуртага олиниши лозим бўлган мол-мулкни йилда бир марта, жорий йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра ушбу тартибда ҳисобга олади:
а) қишлоқларда:
иморатлар қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг хўжалик дафтарларидаги маълумотлар асосида ҳисобга олинади.
Давлат суғурта муассасалари иморатлар тўлиқ ҳисобга олинганлигини текшириб туришлари шарт. Ҳисобга олинмаган. янги қурилган, қайта қурилган ва капитал таъмирланган иморатлар борлиги аниқланган тақдирда бадалларни ҳисоблаш учун улар мазкур йилда ҳисобга олиниши зарур.
Жорий йилнинг 1 январидан кейин қурилган (қайта қурилган ва капитал таъмирланган) иморатлар ҳам бадалларни ҳисоблаш учун шу йилнинг 1 октябригача ҳисобга олиниши керак.
Навбатдаги ҳисобга олишни амалга оширишдан олдин 102-шаклли дафтардаги маълумотларни қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг хўжалик дафтарларидаги тегишли маълумотлар билан солиштириш даркор.
Маълумотлар ўртасида фарқ борлиги аниқланганда, ўша жойнинг ўзида текширув ўтказилади ва бу ҳолда ҳисобга олинмай қолган, янги қурилган ёки бошқа жисмоний шахснинг хусусий мулкига ўтган иморатлар ҳисобга олинади ҳамда ҳисобдан чиқарилганлари рўйхатдан ўчирилади.
Ҳайвонлар қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг хўжалик дафтарларидаги маълумотлар асосида ҳисобга олинади. Айни чоғда давлат суғурта муассасаларининг назоратчилари ҳайвонлар қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини томонидан тўлиқ ҳисобга олинганлигини танлаб текширадилар;
б) шаҳарларда:
иморатлар маиший хўжалик идораларининг маълумотлари асосида ҳисобга олинади.
Давлат суғурта муассасалари иморатлар ҳақидаги маълумотларни маиший хўжалик идораларида аниқлаштириб олишлари шарт. Бундан ташқари, мавжуд иморатлар ҳақидаги маълумотларни якка тартибдаги уй қурилиши учун ажратилган ер участкалари ва хусусийлаштирилган турар жой фонди ҳақида ҳокимиятларда бор бўлган маълумотлар билан, шунингдек, туман (шаҳар) солиқ идораларининг ҳисобланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлари билан солиштириш лозим.
Маълумотлар бир-биридан фарқ қилганда ўша жойнинг ўзида тегишли текширув ўтказилади.
Ҳайвонлар туман (шаҳар) давлат статистика идораларининг маълумотларига биноан ҳисобга олинади. Мазкур маълумотлар бўлмаса ёки улар ҳақиқатга тўғри келмаса, ҳайвонлар давлат суғурта муассасаси томонидан хўжаликдаги ҳамма ҳовлиларни айланиб чиқиш йўли билан ҳисобга олинади.
5. Қишлоқ ва шаҳарларда мол-мулкнинг ҳисобга олинганлиги ва суғурта бадаллари ҳисобланганлиги ҳақида суғурталанувчиларнинг 102-шаклли рўйхати бир нусхада тузилади. Ушбу рўйхати давлат суғурта муассасасининг назоратчиси томонидан хар йили ҳар бир қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини, шаҳарча, шаҳар, шаҳар ичидаги туман бўйича алоҳида-алоҳида тузилиб, шу муассаса бошлиғи томонидан албатта текширилади.
Агар мол-мулкнинг тўғри ҳисобга олинганлиги ва бадаллар тўғри ҳисобланганлиги текширилганда хатолар аниқланса, у ҳолда суғурталанувчилар рўйхатига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар рўйхатнинг охирги стунида изоҳланади ҳамда давлат суғурта муассасасининг бошлиғи ва бош ҳисобчиси томонидан имзолаб тасдиқланади.
СУҒУРТА БАДАЛЛАРИНИ ҲИСОБЛАШ ВА ТЎЛАШ
6. Мол-мулкнинг давлат мажбурий суғуртасига доир бадаллар тегишли мулк турининг суғуртаси бўйича мазкур жой учун белгиланган ставкалар асосида ҳисобланади.
Бунда:
— иморатлар суғуртасига доир бадаллар иморатларнинг мажбурий суғуртаси учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган суғурта пулидан ҳисобланади;
ҳайвонлар суғуртасига доир бадаллар ҳар бир турдаги ва ёш гуруҳидаги битта ҳайвон учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган суғурта пулидан ҳисобланади.
7. Суғурта бадаллари жорий йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра ҳисобга олинган мол-мулк учун ҳисобланади.
Давлат мажбурий суғуртасига олиниши керак бўлган мол-мулкнинг таркиби ва нархи йил мобайнида ўзгарган тақдирда суғурта бадаллари 1 октябрга қадар ҳисобланади.
Ҳисобга олиш нотўғри бўлганлиги туфайли тўланмаган ёки керагидан ортиқ тўланган суғурта бадаллари кўпи билан икки йил (хато аниқланган йил бу ҳисобга кирмайди) учун жаримасиз (пенясиз) ундириб олиниши ёхуд қайтариб берилиши зарур.
8. Айрим фуқароларга фуқаролар мол-мулкининг давлат мажбурий суғуртаси тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 3-моддасида назарда тутилган имтиёзларни бериш учун давлат суғурта муассасаси халқ ноиблари туман ёки шаҳар ҳокимиятига; Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинига махсус комиссиянинг моддий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган айрим фуқароларни уларнинг аризасига биноан бадаллар тўлашдан қисман ёки батамом озод этиш ҳақидаги хулосаларини тақдим қилиши керак.
Давлат суғурта муассасаси бундай хулосаларни фуқаролар хўжаликларини текшириш материаллари асосида 134-шаклли рўйхат қоғозида (3-илова) тақдим этади.
Давлат суғурта муассасаси имтиёзлар бериладиган фуқаролар ҳақидаги 134-шаклли рўйхатни ҳокимиятга шундай ҳисоб билан тақдим этиши лозимки, суғурталанувчиларга суғурта гувоҳномалари берилгунга қадар бу ҳақда қарор қабул қилиш мумкин бўлсин.
9. Давлат суғурта муассасаси суғурта бадалларини ҳисоблайди, шундан сўнг суғурталанувчиларга 136-шаклли суғурта гувоҳномаси (илова) берилади.
Шаҳардаги иморатлар ва ҳайвонлар суғуртаси бўйича бериладиган суғурта гувоҳномаларига суғурталанувчилар хўжаликлари 102-шаклли рўйхатда қандай рақамлар билан қайд этилган бўлса, ўша тартиб рақамлари ёзилади. Қишлоқдаги иморатлар ва ҳайвонлар суғуртаси бўйича топшириладиган суғурта гувоҳномаларига каср тартиб рақами ёзилади. Касрнинг суратида 102-шаклли рўйхатдаги тартиб рақами, махражида эса, мазкур хўжалик қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг дафтарида қандай рақам билан ёзилган бўлса, ўша рақам кўрсатилади.
10. Агар суғурта гувоҳномалари топширилгандан кейин хатолар аниқланганлиги муносабати билан 102-шаклли суғурталанувчилар рўйхатига ўзгартишлар киритилган (қўшимча бадаллар ҳисобланган ёки илгари ҳисобланган бадаллар миқдори камайтирилган) бўлса, у ҳолда суғурталанувчига: қўшимча ҳисобланган бадаллар учун қўшимча суғурта гувоҳномаси, ҳисобланган бадаллар миқдори камайтирилганда эса — бу ҳақда 99-шаклли билдириш хати берилади. Қўшимча ҳисобланган бадалларни тўлаш муддатлари шундай ҳисоб билан белгиланиши керакки, уларни тўлашга суғурталанувчининг ихтиёрида олдинда 30 кун бўлиши лозим.
11. Давлат мажбурий суғуртаси бадаллари ҳар йили 1 октябргача тўланади.
12. Шаҳар ва қишлоқларда суғурта бадалларини Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банкининг бўлимлари, давлат суғурта муассасаларининг назоратчилари, суғурта вакиллари олади. Булардан ташқари, қишлоқда — қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг ҳисобчи-кассирлари, шаҳарда эса — маҳалла оқсоқоллари-фуқаролари йиғинининг котиблари ҳам олишлари мумкин.
Қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам суғурта бадаллари давлат суғурта муассасасининг счётига почта орқали ўтказилиши ҳам мумкин.
13. Давлат мажбурий суғуртаси бадалини тўлаганлиги ҳақида суғурталанувчига белгиланган намунадаги патта берилади.
14. Белгиланган муддатда тўланмаган суғурта бадаллари боқиманда бўлиб ҳисобланади ва тўлашда кечиктирилган ҳар бир кун учун боқиманданинг 0,5 фоизи миқдорида жарима (пеня) ҳисобланган ҳолда ундириб олинади.
Тўлаш муддати бошланган куннинг эртасидан бошлаб то муддати ўтиб кетган пулни тўланган кунга қадар ўтган ҳар бир кечиктирилган кун учун жарима ҳисобланади.
Агар белгиланган тўлаш муддатининг охири дам олиш ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, у ҳолда жарима шу кундан кейинги иккинчи кундан бошлаб ҳисобланади. Жарима кечикиб тўланган бадалнинг яхлит сўмлари учун (тийинлар ҳисобга олинмайди) ҳисобланади. Бунда мазкур жарима миқдори бир тийингача яхлитланади (0,5 тийиндан ками ҳисобга олинмайди, 0,5 тийин ва бундан ортиғи эса бир тийингача яхлитланади). Жаримага жарима ҳисобланмайди. Боқиманда халқ судининг қарори билан ундириб олинадиган бўлса, суд ҳукми чиқарилган кундан бошлаб жарима ҳисоблаш тўхтатилади.
15. Қуйидаги кунлар бадаллар тўланган кун бўлиб ҳисобланади:
а) бадаллар нақд пул билан тўланганда — тегишли ташкилот ёки шахсга пул тўланган кун;
б) почта орқали ўтказилганда — почтага пул тўланган кун.
16. Суғурталанувчининг боқимандаси бор бўлганда у тўлайдиган пулдан аввал олдинги йиллар боқимандаси, кейин боқимандага ҳисобланган жарима, шундан сўнг навбатдаги бадаллар олинади.
17. Қишлоқларда фуқаролар мол-мулкининг мажбурий суғуртаси бўйича тўланадиган суғурта қопланмасидан бадаллар ушлаб қолинган тақдирда ёки бадаллар почта орқали келиб тушган ҳолда давлат суғурта муассасаси бу ҳақда суғурталанувчининг шахсий счётида қайд қилиб қўйилиши учун тегишли қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинига хабар бериши зарур.
18. Агар суғурталанувчи суғурта бадалларини керагидан ортиқ тўлаган бўлса, у ҳолда тегишли давлат суғурта ташкилоти ёки қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини ортиқча олинган пулни Ўзбекистон Республикаси қонунларида кўзда тутилган тартибда қайтариб беради.
19. Давлат суғурта муассасаси:
— давлат мажбурий суғуртасига олиниши керак бўлган мол-мулкнинг тўлиқ ва тўғри ҳисобга олинишини, бадалларнинг тўғри ҳисобланишини ҳамда суғурта гувоҳномалари ўз вақтида топширилишини;
— ҳисобланган бадаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган муддатлардан кечикмай келиб тушишини таъминлаши керак. Бунинг учун давлат суғурта муассасаси қишлоқ ва шаҳарлардаги фуқаролардан бадалларнинг келиб тушишини мунтазам равишда таҳлил қилиши, боқиманда юзага келганда эса уни йўқотиш чораларини кўриши зарур.
Давлат суғурта муассасасининг бошлиғи давлат мажбурий суғуртасига олиниши керак бўлган фуқаролар мол-мулкини ҳисобга олиш ва бадалларни ҳисоблаш натижалари ҳақида ҳокимиятга хабар бериши керак.
20. Давлат суғурта бошқармалари давлат суғурта муассасаларини 102, 134, 136- шаклли иш қоғозлари билан таъминлашлари шарт.
21. Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси, давлат суғурта бошқармалари фуқаролар мол-мулкининг давлат мажбурий суғуртасига доир ишни назорат қилишга, ҳисобга олиш, бадалларни ҳисоблаш натижаларини таҳлил қилишга ва суғурта бадаллари ўз вақтида тўланишини таъминлаш чораларини кўришга мажбур,
II. бўлим.
Фуқароларга қарашли иморатлар суғуртаси бўйича зарар
миқдорини аниқлаш ва суғурта қопламасини тўлаш тартиби
Фуқароларга қарашли иморатлар суғуртаси бўйича зарар
миқдорини аниқлаш ва суғурта қопламасини тўлаш тартиби
22. Фуқароларнинг хусусий мулки бўлган иморатлар (турар жойлар, квартиралар, хусусийлаштирилган жойлар, боғдаги уйлар, далаҳовлилар ва ёрдамчи иморатлар) суғуртасига доир суғурта қопламасини аниқлаш ҳамда тўлаш давлат суғурта ташкилотлари томонидан бу йўриқномада кўзда тутилган тартибда амалга оширилади.
23. Иморатлар турли ҳодисалардан вайрон бўлганда ёки шикастланганда (қирчумолилар, замбуруғлар ва кемирувчилар таъсирида вайрон бўлиши ёки шикастланишидан ташқари) суғурта қопламаси тўланади.
24. Агар суғурталанган иморатлар суғурта ҳодисаларига кирмайдиган ҳодисалар натижасида вайрон бўлса ёки шикастланса, суғурталанувчига етказилган зарар давлат суғурта ташкилотлари томонидан қопланмайди.
25. Агар суғурталанувчининг ўзи ёки балоғатга етган оила аъзоси суғурта қопламаси олиш мақсадида қасддан содир этган хатти-ҳаракатлари натижасида иморатлар вайрон бўлган ёки шикастланган бўлса, суғурта қопламаси тўланмайди.
26. Хатти-ҳаракатларнинг қасддан содир этилганлиги давлат суғурта муассасаси тегишли ваколатли идоралар (ёнғин назорати, милиция, прокуратура, халқ суди ва б.) дан олган ҳужжатлар асосида аниқланади.
27. Башарти, суғурта ҳодисаси юз берганда суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигида эса балоғатга етган оила аъзоси суғурталанган иморатларини сақлаб қолиш ва янада шикастланишининг олдини олиш чораларини кўриш имконига эга бўлгани ҳолда бу чораларни амалга оширмаган бўлса, шу туфайли етказилган қўшимча зарар учун суғурта қопламаси тўланмайди.
28. Агар суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигида эса балоғатга етган оила аъзоси*, ваколатли шахс** имкони бўлгани ҳолда иморатларининг вайрон бўлгани ёки шикастлангани ҳақида мазкур бўлимнинг 30-бандида кўрсатилган тартибда ва муддатда хабар қилмаган бўлса, давлат суғурта ташкилотлари суғурта қопламаси тўлашни рад этиш ҳуқуқига эга.
* Суғурталанувчининг оила аъзоси — у билан бирга (бир манзилгоҳда) яшаб, умумий хўжалик юритадиган шахс.
** Ваколатли шахс — суғурталанувчи томонидан берилган, далолатнома тузишда қатнашиш ҳуқуқини берувчи ёзма ишончномаси (нотариал шаклда бўлиши талаб этилмайди) бўлган шахс.
Мабодо суғурта ҳодисаси ҳақида хабар бериш муддатини охири дам олиш ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, у ҳолда дам олиш (байрам) кунидан кейинги биринчи иш куни мазкур муддатнинг охирги куни бўлиб ҳисобланади.
Суғурталанувчи хабар бериш тартиби ва муддатини бузганлиги туфайли иморатларнинг ҳақиқатан вайрон бўлгани ёки шикастланганини, бунинг сабабларини, шунингдек, суғурта ҳодисаси етказган зарар миқдорини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирдагина шу бузиш муносабати билан суғурта қопламаси тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
29. Давлат суғурта муассасаси мустақил равишда ёки Давлат суғурта бошқармасининг (Бош бошқармасининг) вакили бошчилигида суғурта қопламасини аниқлайди ва тўлайди.
30. Иморатлар суғурта ҳодисаси натижасида вайрон бўлганда ёки шикастланганда суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигида эса балоғатга етган оила аъзоси ёхуд вакалотли шахс 24 соат ичида бу ҳақда:
шаҳарларда — давлат суғурта муассасасига;
қишлоқларда — давлат суғурта муассасасига ёки айрим ҳолларда (яшаш жойи узоқ бўлгани сабабли) қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинига хабар бериши керак.
Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғини суғурталанган иморатлар вайрон бўлгани ёки шикастлангани ҳақида тушган аризалар тўғрисида узоғи билан 24 соат ичида давлат суғурта муассасасига маълум қилиши шарт.
31. Ҳудудида мазкур суғурта ҳодисаси юз берган туман (шаҳар) давлат суғурта муассасаси фуқароларга қарашли иморатлар нобуд бўлгани ёки шикастлангани ҳақида 110-шаклли далолатнома (1-илова) тузиши шарт.
32. Далолатнома суғурта ҳодисаси ҳақидаги ариза асосида тузилади. Аризалар давлат суғурта муассасасига тушган куниёқ 116-а шаклли дафтарда (2-илова) қайд қилиб қўйилади.
33. Далолатнома албатта суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигида эса. балоғатга етган оила аъзоси ёки ваколатли шахс иштирокида давлат суғурта муассасасининг бошлиғи, ёки унинг топшириғи билан бош мутахассис (мутахассис) томонидан тузилади.
Зарур ҳолларда далолатномага ваколатли идоралар (гидрометеорология ёки сейсмология хизмати, маиший хўжалик, ёнғин назорати, милиция, прокуратура, халқ суди ва б.) нинг иморатлар қаерда, қачон ва нима сабабдан вайрон бўлгани ёки шикастлангани тўғрисидаги, шунингдек, суғурта қопламаси тўлаш масаласини ҳал этиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа шарт-шароитлар ҳақидаги тегишли ҳужжатлари илова қилинади.
34. Давлат суғурта муассасаси суғурта ҳодисаси ҳақидаги аризани олганидан сўнг узоғи билан 2 кун мобайнида далолатномани тузади.
35. Агар суғурта ҳодисаси натижасида бир йўла кўпгина фуқароларнинг иморатлари вайрон бўлган ёки шикастланган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси:
а) далолатномалар тузиш муддатини бир ой ва бундан кўп муддатга. аммо кўпи билан икки ой муддатга узайтириш;
б) суғурта қопламаси тўлаш учун далолатнома ва ҳисоб-китоблар тузишга бошқа туман ҳамда вилоятлардан давлат суғурта муассасалари бошлиқларини, бошлиқлар ўринбосарлари, бош мутахассислар ва мутахассисларни жалб қилиш;
в) ушбу банднинг «а» кичик бандига мувофиқ, далолатномаларни тузиш муддати қанчага узайтирилган бўлса, суғурта қопламаси тўлаш муддатини ҳам шунча муддатга узайтириш ҳуқуқига эга.
36. Далолатнома суғурта ҳодисаси натижасида иморатлари вайрон бўлган ёки шикастланган ҳар қайси хўжалик бўйича бир нусхада тузилиб, тузишда қатнашган шахслар томонидан имзоланади ва давлат суғурта муассасасининг муҳри 6илан тасдиқланади.
Мабодо далолатномада тузатишлар қилинган бўлса, улар албатта изоҳланиб, далолатномани тузган шахсларнинг имзолари ва давлат суғурта муассасасининг муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.
37. Далолатномадаги ҳамма саволларга аниқ жавоб берилган бўлиши лозим.
Далолатноманинг тегишли бўлимларини тўлғазишда қуйидагиларни назарда тутиш зарур:
а) иморатнинг ҳақиқатан вайрон бўлганлиги ёки шикастланганлиги бунинг сабаблари, унинг шикастланиш тури ва даражаси ҳамда зарар кўламини, суғурта қопламаси миқдорини аниқлаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар шикастланган иморатни ёки ундан қолган нарсаларни (пойдевор, цокол, қурилиш материаллари ва ҳоказо) жойида кўздан кечириш йўли билан, зарур ҳолларда эса давлат суғурта муассасаси тегишли ваколатли идоралардан олган ҳужжатлар асосида аниқланади;
б) агар иморатларни таъмирлаш йўли билан бошланғич мақсад бўйича фойдаланишга яроқли ҳолатга келтириш мумкин бўлса, улар шикастланган ҳисобланади. Қолган ҳолларда иморатлар вайрон бўлган ҳисобланади;
в) иморатнинг шикастланиш кўлами (даражаси) иморат шикастланган қисмининг бутуни ёки бутун иморатнинг фоизида кўрсатилади;
г) иморатларни, уларнинг қолдиқларини сақлаб қолиш ва тартибга келтириш (иморатнинг шикастланган қисмларини мустаҳкамлаш, ахлатни чиқариб ташлаш, сувни тортиб чиқариб ташлаш ва ҳоказо) ишлари ҳажми иш кунларида, бу ишларни бажариш харажатлари қиймати эса белгиланган энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида аниқланади;
д) вайрон бўлган иморатларнинг ва айрим қисмларининг қолдиқлари (пойдевор ҳам) бундан кейин қурилишда фойдаланишга яроқли бўлсагина ҳисобга олинади. Бу ҳолда иморатларнинг қолдиқлари иморатни ёки унинг айрим қисмларини бузганда олиш мумкин бўлган материаллар (ғишт, тош, ёғоч-тахта, черепица, шифер ва б.) миқдори бўйича ҳисобга олинади. Бундай материаллар миқдори санаб чиқиш йўли билан ёки амалдаги материалларнинг чиқиш меъёрлари асосида аниқланади.
Иморатларнинг лой, пахса, сомон ва тупроқдан қилинган деворларининг қолдиқлари ҳисобга олинмайди.
38. Агар суғурталанувчининг аризаси текширилганда суғурталанган иморатлар суғурта ҳодисаларига кирмайдиган воқеалар натижасида вайрон бўлганлиги ёки шикастланганлиги аниқланса ёки суғурталанувчи суғурта ҳодисаси ҳақида хабар бериш тартиби ва муддатини бузганлиги туфайли иморатнинг ҳақиқатан вайрон бўлгани ёхуд шикастланганини ҳамда бунинг сабабларини, шунингдек, етказилган зарар ва суғурта қопламаси миқдорини аниқлашнинг имкони бўлмаса, ихтиёрий шаклда далолатнома тузилиб, унда белгиланган шаклдаги далолатноманинг тузилмаганлиги сабаби кўрсатилади. Далолатномага йўриқноманинг 33-бандида келтирилган шахслар имзо чекадилар.
39. Шикастланган иморатни таъмирлаш қиймати иморатларнинг ушбу тури учун ишлаб чиқилган солиштирма улушлар жадвалида келтирилган иморат айрим қисмлари (таркибий қисмлари) қийматининг унинг умумий қийматига фоиздаги нисбатини (солиштирма улушларни) қўллаш йўли билан аниқланади.
40. Шикастланган иморатларни таъмирлаш қийматининг ҳисоб-китобини тузишда қуйидагиларни назарда тутиш керак:
мазкур суғурта ҳодисаси туфайли бажарилган ишлар, шунингдек, суғурта ҳодисаси натижасида иморат шикастланганлиги муносабати билан зарур деб топилган таъмирлаш ишлари, масалан, фақат шикастланган деворлар ва шу кабиларни эмас, балки хонадаги ҳамма деворларни бўяш-оқлаш ишларигина ҳисоб-китобга киритилади. Шикастланган иморатни қайта қуриш (унинг ўлчамларини ўзгартириш, унга тақаб бошқа иморат қуриш ва ҳоказо) билан боғлиқ харажатлар ҳисоб-китобга киритилмайди.
Иморатнинг айрим қисмлари (таркибий қисмлари) анча шикастланган тақдирда бошқа таркибий қисмларни таъмирлаш ёки алмаштириш учун зарур бўлган ишлар ҳам ҳисоб-китобга киритилади;
агар шикастланган иморатнинг айрим қисмлари (таркибий қисмлари) ни сақлаб қолиш учун уларни мустаҳкамлаш (ғишт тирговучлар, тираклар, тортқичлар ўрнатиш ва ҳоказа) ишларини бажариш керак бўлса, бундай ишлар ҳамда шу мақсадда сарфланган материаллар қиймати иморатни таъмирлаш қийматининг ҳисоб-китобига киритилади;
агар иморатнинг шикастланган таркибий қисмларини у шикастланмасидан олдинги ҳолатига келтириш учун фақат ишчи кучидан фойдаланиш (қўшимча қурилиш материаллари ишлатмаган ҳолда пол ёки шифтни қайта тўшаш) талаб этилса, ҳисоб-китобга фақат ишлар қиймати киритилади;
ёнғин атрофга тарқалишининг олдини олиш тадбирлари ёки тўсатдан қандайдир табиий офат хавфи пайдо бўлиши муносабати билан бузиб олинган иморатлар бошқа жойга кўчирилганда ҳисоб-китобга иморатни бузиб олиш ва кўриш ҳамда материаллар ва иморат қисмларини бошқа жойга олиб бориш харажатлари киритилади;
иморат шикастланганидан ёки бузиб олинганидан кейин қолган материаллардан (синган ғиштлар, кошинлар, шиферлар ва б.) қурилишда фойдаланиб бўлмасагина бошқа жойга кўчириладиган иморатни тиклаш ёки шикастланган иморатни таъмирлаш учун зарур бўлган материалларга қилинган харажатлар ҳисоб-китобга киритилади.
СУҒУРТА ҚОПЛАМАСИ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ
41. Вайрон бўлган ёки шикастланган иморатлар учун суғурта қопламаси миқдори иморатнинг вайрон бўлганлиги (шикастланганлиги) ҳақидаги далолатномада келтирилган маълумотлар асосида, зарур ҳолларда (зарур ҳолларда дейилганда суғурта ҳодисасининг вақти, жойи, сабабини ва у етказган зарар миқдорини ҳамда суғурта ҳодисаси юз беришида айбдор шахсларни ваколатли идораларнинг текширувисиз аниқлаб бўлмайдиган ҳоллар тушунилади) тегишли ваколатли идоралардан олинган ҳужжатларни инобатга олган ҳолда давлат суғурта муассасаси бошлиғи, бош мутахассиси (мутахассиси) томонидан аниқланади.
42. Давлат суғурта муассасаси хўжаликдаги мавжуд иморатлар борлигини текшириши, уларни 110-шаклли далолатномада схема тарзида чизиб, ташқи ўлчамларини кўрсатиши, вайрон бўлган ёки шикастланган иморатнинг суғурта пулини аниқлаши шарт.
43. Иморатларнинг мажбурий суғуртаси бўйича суғурта қопламаси қуйидаги миқдорларда ҳисобланади:
иморат вайрон бўлганда — унинг мажбурий суғурта учун белгиланган суғурта пули миқдорида; бунда иморатнинг қурилишга яроқли қолдиқлари қиймати чиқариб ташланади ва иморат қийматининг пасайганлик даражаси ҳисобга олинади; суғурта қопламаси иморатни сақлаб қолиш ва унинг қолдиқларини тартибга келтириш харажатлари миқдорида, аммо суғурта пули доирасида оширилади;
иморат шикастланганда — иморатни таъмирлаш (тиклаш) қиймати миқдорида; иморатни сақлаб қолиш, уни ва қурилишга яроқли қолдиқларини тартибга келтириш харажатлари ҳам қўшилади.
44. Ихтиёрий тартибда суғурталанган иморатлар вайрон бўлганда ёки шикастланганда иморатнинг мажбурий суғурта бўйича суғурта қопламаси ихтиёрий суғуртага доир суғурта пулининг неча фоизини ташкил этса, суғурта шартномасида келишилган суғурта пулининг шунча фоизи миқдорида суғурта қопламаси ҳисобланади.
45. Ихтиёрий суғурта бўйича хўжаликдаги ҳамма иморатлар уларнинг 100 фоиз қийматидан (нархидан) камроқ умумий суғурта пулига суғурталанган тақдирда бундай иморатнинг ҳар бири суғурта гувоҳномасида кўрсатилган умумий суғурта пули неча фоизни ташкил этса, ихтиёрий суғурта бўйича унинг энг юқори суғурта пулининг шунча фоизи миқдорида суғурталанган ҳисобланади.
46. Агар текширув натижаси иморатларнинг мажбурий суғурта бўйича суғурта пули янглишиб ортиқ ёки кам белгиланганлиги аниқланса, у ҳолда мажбурий суғуртага доир суғурта қопламаси мазкур текширув натижасида аниқлаштирилган суғурта пулидан келиб чиқиб ҳисобланади.
47. Мажбурий ва ихтиёрий суғуртага доир суғурта қопламасини давлат суғурта муассасаси мустақил равишда тўлайди.
48. Суғурта қопламаси давлат суғурта муассасаси иморатнинг вайрон бўлганлиги ёки шикастланганлиги ҳақидаги аризани олган кундан бошлаб кечи билан 72 соат ичида тўланади. Суғурта муассасаси ходимларининг айби билан тўлашда кечиктирилган ҳар бир кун учун, ҳисобланган суғурта қопламасининг 0,1 фоизи миқдорида жарима (пеня) тўланади.
Агар мазкур иш бўйича текширув олиб борилаётганлиги туфайли суғурта қопламасини белгиланган муддатида тўлашнинг имкони бўлмаса, суғурта қопламаси тўлаш ёки тўламаслик масаласи давлат суғурта муассасаси тергов идораларидан ушбу ишни тугатиш ёки маълум вақтга тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарорни олгандан сўнг, иш халқ судига оширилган тақдирда эса суд ҳукмини (ажримини) олгандан кейин уч кун мобайнида ҳал этилади. Суғурта қопламаси тўлаш рад этилганда давлат суғурта муассасаси суғурталанувчига бу ҳақда ушбу бандда кўзда тутилган муддатда хабар беришга мажбур.
49. Иморатлар қайси туман ёки шаҳарда жойлашган бўлса, суғурта қопламасини ўша туман (шаҳар) давлат суғурта муассасаси тўлайди. Мажбурий ва ихтиёрий суғурта бўйича суғурта қопламаси бир вақтда тўланади.
Давлат суғурта муассасасининг бош ҳисобчиси суғурта қопламаси тўлангунча қадар тўлашга доир ҳамма ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганини текшириши шарт. Берган ташкилотнинг муҳри ёки тегишли имзолар бўлмаган далолатномалар, ҳисоб-китоблар, маълумотномалар ва бошқа ҳужжатларни тўлаш учун қабул қилиш ман этилади. Суғурта қопламаси тўлангандан кейин ҳамма ҳужжатларга «Тўланган» ёзувли штамп босилади.
50. Суғурталанувчининг хоҳишига қараб суғурта қопламаси олувчининг номи ёзилган чек бўйича давлат банки муассасаси томонидан тўланади ёки жамғарма банкига ўтказилади ёхуд суғурталанувчи ҳисобидан почта орқали унга юборилади.
51. Зиён етказган шахсдан (ёки зиён етказилишига жавобгар шахсдан) зарар учун тўлиқ товон олган суғурталанувчи суғурта қопламаси олиш ҳуқуқини йўқотади. Агар зарар қисман қопланган бўлса, у ҳолда суғурталанувчига суғурта қопламаси у зиён етказган шахсдан олган товон миқдорида кам тўланади.
52. Давлат суғурта ташкилоти суғурта қопламасини қанча тўлаган бўлса, суғурта қопламасини олган суғурталанувчининг ёки ўзга шахснинг суғурталанган иморатлари вайрон бўлиши ёки шикастланишида айбдор шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи шу қоплама доирасида суғурта ташкилотига ўтади.
Мазкур талаб (даъво):
суғурталанувчининг оила аъзосига;
ушбу суғурта ҳодисаси бўйича суғурта қопламасини олган бошқа суғурталанувчига қўйилмайди.
53. Тўланадиган суғурта пулидан қуйидагилар ушлаб қолинади;
а) мажбурий суғурта бўйича — суғурта бадаллари бўйича боқиманда, жарима (пеня) ва яқин ўртада тўланмаган бадал, шунингдек, текширув натижасида суғурта ҳужжатларида суғурта пули нотўғри кўрсатилганлиги туфайли иморат учун суғурта қопламаси аниқлаштирилган суғурта пулидан келиб чиқиб ҳисобланганлиги ва тўланганлиги аниқланганда қўшимча ҳисобланган бадал;
б) ихтиёрий суғурта бўйича — суғурталанувчига янги шартнома тузиш (тиклаш) учун берилган, лекин ҳали шартнома тузилмаган имтиёзли бир ой муддат мобайнида вайрон бўлган ёки шикастланган иморатлар учун бадаллар.
Давлат суғурта муассасаси қишлоқдаги вайрон бўлган ёки шикастланган иморатлар учун тўланадиган суғурта қопламасидан боқиманда, жарима (пеня) ва навбатдаги бадал ушлаб қолинганлиги ҳақида қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинига маълум қилишга мажбур.
Бундан ташқари, иморатларнинг ихтиёрий суғуртасига доир суғурта қопламаси суғурта гувоҳномасида кўрсатилганидан кам суғурта пулидан келиб чиқиб ҳисобланган бўлса, у ҳолда суғурта бадаллари янги белгиланган суғурта пулига мослаб ўзгартирилади, ортиқча олинган бадаллар эса суғурталанувчига суғурта қопламасини тўлаш билан бир вақтда қайтариб берилади.
Иморатларнинг мажбурий суғуртасига доир бадалларни қайта ҳисоблаш, ушлаб қолиш ёки қайтариб бериш кўпи билан икки йил учун (хатони аниқланган йил ҳисобга олинмайди), ихтиёрий суғурта бўйича эса бир йил учун амалга оширилади.
III. бўлим.
Фуқароларга қарашли ҳайвонлар суғуртасига доир суғурта қопламасини аниқлаш ва тўлаш тартиби
Фуқароларга қарашли ҳайвонлар суғуртасига доир суғурта қопламасини аниқлаш ва тўлаш тартиби
54. Суғурталанган ҳайвонлар касалликлар, бахтсиз ҳодисалар, табиий офатлар натижасида нобуд бўлганда ва ўғирлаб кетилганда суғурта қопламаси тўланади.
Қуйидаги ҳолларда ҳам суғурта қопламаси тўланади:
ҳайвон бахтсиз ҳодисага учраб, ўлиши муқаррарлиги туфайли мажбуран сўйилганда;
эпизоотияга қарши кураш чора-тадбирлари ўтказилаётганлиги ёки ҳайвон тузалмайдиган касаллик билан оғриши натижасида бундан кейин ундан фойдаланиш мумкин эмаслиги сабабли ветеринария хизмати мутахассисининг фармойиши билан мажбуран сўйилганда ёхуд йўқ қилинганда.
55. Суғурталанган ҳайвон нобуд бўлган ўғирлаб кетилган, мажбуран сўйилган ёки йўқ қилинган тақдирда суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигига эса балоғатга етган оила аъзоси 24 соат мобайнида бу ҳақда суғурта ташкилотига, айрим ҳолларда эса (бориладиган жой узоқлиги сабабли) Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинига ёзма равишда маълум қилиши шарт.
Ҳайвоннинг нобуд бўлганлиги ҳақида хабар бериш муддатининг охири дам олиш (байрам) кунларига тўғри келиб қолса, дам олиш (байрам) кунидан кейинги биринчи иш куни хабар бериш муддатининг охирги куни бўлиб ҳисобланади.
ДАЛОЛАТНОМА ТУЗИШ
56. Суғурталанган ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги, ўғирлаб кетилганлиги ҳақида 22-шаклли далолатнома (1-илова) тузилади.
Далолатнома суғурталанган ҳайвонлар нобуд бўлганлиги ҳақида ариза олинган кундан сўнг 24 соат мобайнида давлат суғурта ташкилотларининг ходимлари, айрим ҳолларда эса (бориладиган жой узоқлиги сабабли) Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг вакиллари томонидан тузилади. Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг вакиллари томонидан тузилган далолатнома тезда суғурта ташкилотига жўнатилиши шарт.
Далолатнома суғурталанувчининг ўзи, у йўқлигида эса балоғатга етган оила аъзоси ёки ваколатли шахс иштирокида тузилиши шарт. Далолатнома уни тузишда қатнашган шахслар томонидан имзоланади ва суғурта ташкилотининг ёки Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг муҳри билан тасдиқланади.
Агар далолатномада тузатишлар қилинган бўлса, улар изоҳланган ва далолатномани тузган шахсларнинг имзолари ҳамда муҳр билан тасдиқланган бўлиши зарур.
Далолатнома нобуд бўлган ҳайвонни кўздан кечириш асосида тузилади. Бунда ҳайвон нобуд бўлган шарт-шароит аниқланади. Агар ҳайвонлар кимнингдир (муайян шахс ёки ташкилотнинг) айби билан нобуд бўлган, мажбуран сўйилган ёки йўқ қилинган бўлса, у ҳолда далолатномада айбдор шахснинг исми, ота исми, фамилияси ва яшаш жойи ёки ташкилотнинг номи ҳамда манзилгоҳи, шунингдек айби кўрсатилади.
Суғурталанган ҳайвонлар мажбуран сўйилган ёки йўқ қилинган тақдирдагина суғурта далолатномаларида ветеринария хизмати мутахассисларининг хулосалари бўлиши талаб этилади.
57. Хўжаликда бир турдаги ҳайвонлардан бир йўла бир нечтаси нобуд бўлганда битта далолатнома тузилади. Бу ҳолда, нобуд бўлган ҳайвонлар сони далолатномада ёзув билан кўрсатилади.
58. Ҳайвонлар суғурталанувчининг хўжалиги жойлашган қишлоқ (овул) дан узоқда, бошқа ҳудудда нобуд бўлган ҳолларда далолатнома ҳудудида ҳайвонлар нобуд бўлган Қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинининг вакили томонидан тузилади. Бу ҳолда далолатнома ва унга тааллуқли бошқа ҳужжатлар тезда давлат суғурта ташкилотига юборилиши керак.
59. Суғурта ташкилотига келган далолатномалар ва унинг ўзи тузган далолатномалар ўша куниёқ 114-а шаклли дафтарда (2-илова) қайд қилиб қўйилиши лозим.
Далолатнома қайд этилгандан сўнг суғурта ташкилотининг бошлиғи унинг тўғри тузилганини, ҳамма саволларга аниқ ва тўлиқ жавоб берилганини текшириши шарт. Агар далолатномада келтирилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа пайдо бўлса, суғурта ташкилотлари унинг тўғри ва асосли равишда тузилганини текшириши зарур.
60. Суғурта ташкилотининг вакили ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги ҳақида далолатнома тузишда қатнашадиган шахсларга тегишли йўл-йўриқлар бериши, бу ишнинг ўтказилишини назорат қилиб туриши ва қишлоқ (овул) фуқаролари йиғинини тоза далолатнома қоғозлари билан таъминлаши шарт.
СУҒУРТА ҚОПЛАМАСИНИ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ
61. Мажбурий суғурта олинган ҳайвонлар нобуд бўлган, йўқ қилинган тақдирда суғурта қопламаси ҳайвонларнинг ушбу тури ва ёки гуруҳи учун белгиланган суғурта пули миқдорида тўланади. Мажбурий ва ихтиёрий суғурта бўйича суғурталанган ҳайвонлар нобуд бўлганда, ўғирлаб кетилганда ёки йўқ қилинганда суғурта қопламаси мажбурий суғурта бўйича белгиланган суғурта пули ҳақида ихтиёрий суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта пули миқдорида тўланади.
62. Ҳайвон нобуд бўлган кунда суғурталанувчида мавжуд бўлган шу турдаги, жинсдаги, ёшдаги ва ранг-тусдаги ҳайвонлар сони суғурталанганидан кўп бўлса ва айнан қайси ҳайвон суғурталанганини аниқлаб бўлмаса, ихтиёрий суғурта шартномасида кўрсатилган суғурта пули ҳайвон нобуд бўлган кунда суғурталанувчида бор бўлган ана шундай ҳайвонларнинг ҳақиқий сонига бўлинади. Бунда битта ҳайвонга неча сўм тўғри келса, шунча миқдорда суғурта қопламаси тўланади.
63. Фақат мажбурий суғуртага ёки фақат ихтиёрий суғуртага олинган ҳайвонлар мажбуран сўйилганда суғурта пулининг 20 фоизи миқдорида суғурта қопламаси тўланади.
Мажбурий суғуртага қўшимча равишда ихтиёрий суғурталанган ҳайвонлар мажбуран сўйилганда мажбурий ва ихтиёрий суғурта пулининг 20 фоизи миқдорида суғурта қопламаси тўланади.
Ҳайвонлар мажбуран сўйилган ҳамма ҳолларда сўйиш учун ветеринария мутахассиси томонидан рухсат берилганлиги ҳақидаги маълумотнома давлат суғурта муассасасига тақдим этилиши зарур.
Суғурталанувчи шахс ҳайвонни мажбуран сўйиш учун топширган тақдирда у ҳайвонни қабул қилиб олган ташкилотнинг маълумотномани ёки сотилган гўшт ҳақидаги маълумотномани тақдим этади.
Агар ҳайвонни мажбуран сўйишга олиб келган сабаблар туфайли гўштини овқатга ишлатишга мутлақо яроқсиз деб топилган бўлса, суғурта қопламаси ҳаром ўлган ҳайвон учун тўланади.
Гўштнинг овқатга ишлатишга яроқсизлигини ветеринария хизматининг мутахассиси «Сўйилган ҳайвонларни кўздан кечириш ҳамда гўштни ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидалари»га мувофиқ аниқлайди.
СУҒУРТА ҚОПЛАМАСИ ТЎЛАШ
64. Суғурталанган ҳайвонлар нобуд бўлганда, мажбуран сўйилганда, йўқ қилинганда суғурта қопламаси 22-шаклли далолатнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар: ҳайвонни ёриб кўриш баёни, зарур ҳолларда, ветеринария лабораториясининг хулосаси, ҳайвон йўқ қилинганлиги ҳақида комиссиянинг далолатномаси, тергов ёки бошқа ваколатли идораларнинг маълумотлари асосида тўланади.
Ҳайвонлар табиий офатлар ва бахтсиз ҳодисалардан нобуд бўлганлиги ишончли маълумотлардан аниқланган бўлса, суғурта қопламаси ветеринария идораларининг маълумотларисиз, ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги ҳақидаги далолатномалар асосида тўланаверади.
65. Суғурталанган ҳайвонларнинг нобуд бўлиш сабаблари тўғрисида мол шифокори (ветфельдшер, веттехник) берган хулосанинг тўғрилигига шубҳа туғилган тақдирда давлат суғурта муассасаси бундай хулосали далолатномаларни текшириш учун туман (шаҳар) нинг бош мол шифокорига юборишга мажбур.
66. Далолатномаларни тузиш, тақдим этиш тартиби ва муддатлари бузилганлиги ёки ҳайвонларнинг нобуд бўлиши, мажбурий сўйилиши, йўқ қилиниши сабаблари ёхуд ўғирлаб кетилиши ҳақида ваколатли идоралар томонидан берилган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда давлат суғурта муассасаси бу ҳақда туман (шаҳар) ҳокимиятига хабар қилиши шарт.
67. Қуйидаги ҳолларда суғурта қопламаси тўланмайди:
— агар ҳайвонлар суғурталанувчининг ёки балоғатга етган оила аъзосининг қасддан қилган хатти-ҳаракатлари ёки хўжасизлиги оқибатида нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган бўлса;
— агар ҳайвонлар ветеринария мутахассисининг юқумли касалликларга қарши кураш учун олдини олиш тадбирларини кўриш ҳақидаги кўрсатмалари ёки касал ҳайвонни сўйиш тўғрисидаги фармойиши суғурталанувчи ёки унинг балоғатга етган оила аъзоси томонидан атайлаб бажарилмаганли сабабли ҳаром ўлган бўлса;
— агар суғурталанувчи ихтиёрий суғурта шартномаси касаллиги олдиндан маълум бўлган ҳайвон учун тузган бўлсаю, кейинчалик бу ҳайвон шартнома тузилган пайтдаги касаллиги натижасида харом ўлган бўлса.
Ҳатти-ҳаракатларнинг қасддан содир этилганлиги, ветеринария кўрсатмалари атайлаб бажарилмаганлиги 22-шаклли далолатномадаги маълумотлар, ветеринария хизмати, милиция, ёнғин назорати ва бошқа ваколатли идоралар мутахассисларининг хулосалари асосида аниқланади.
68. Агар суғурталанувчи ёки унинг балоғатга етган оила аъзоси, имкони бўлгани ҳолда, суғурталанган ҳайвон нобуд бўлгани, ўғирлаб кетилгани, мажбуран сўйилгани ёки йўқ қилингани ҳақида белгиланган тартибда ва муддатда хабар қилмаганлиги туфайли ҳайвоннинг ҳақиқатан нобуд бўлганини ва бунинг сабабини аниқлашнинг имкони бўлмаса, суғурта ташкилоти суғурта қопламаси тўлашни рад этади.
69. Суғурта ташкилоти суғурталанган ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги ҳақидаги жойида текширишни талаб қилмайдиган далолатномалар бўйича суғурта қопламаси тўлаш ёки тўламаслик тўғрисида қарорни улар суғурта ташкилотига келиб тушган кундан бошлаб кечи билан уч кун мобайнида, жойида текширишни талаб этадиган далолатномалар бўйича эса узоғи билан етти кун ичида қабул қилиши керак.
Қабул қилинган қарор ҳақида суғурталанган ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги тўғрисидаги далолатномаларни қайд қилиш дафтарида ёзиб қўйилади. Суғурта қопламаси тўлашни рад этилган тақдирда суғурталанувчига бу ҳақда уч кун мобайнида ёзма равишда хабар берилади.
Давлат суғурта муассасаси ходимларининг айби билан тўлашда кечиктирилган ҳар бир кун учун суғурталанувчига суғурта қопламасининг 0,1 фоизи миқдорида жарима (пеня) тўланади.
70. Суғурталанган ҳайвонларнинг касалликлардан нобуд бўлгани, мажбуран сўйилгани ёки йўқ қилингани ҳақида далолат берувчи 22-шаклли суғурта далолатномаларининг сони ҳар ойда ветеринария хизматининг ҳисобот маълумотлари билан солиштириб текширилади.
71. Суғурта ташкилоти суғурта қопламасини қанча тўлаган бўлса, суғурта қопламасини олган суғурталанувчининг ҳайвони нобуд бўлишида айбдор шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи шу қоплама доирасида суғурта ташкилотига ўтади.
72. Ҳайвонларнинг мажбурий суғуртаси бўйича тўланадиган суғурта қопламасидан суғурта бадаллари бўйича боқиманда жарима (пеня) ва навбатдаги бадал ушлаб қолинади.
Ҳайвонларнинг ихтиёрий суғуртаси бўйича тўланадиган суғурта қопламасидан ҳеч нарса ушлаб қолинмайди, лекин янги шартнома тузиш учун бериладиган имтиёзли бир ой муҳлат ичида нобуд бўлган ҳайвон учун ушлаб қолинадиган суғурта бадали бундан мустаснодир.
Агар суғурталанувчи учун ўғирлаб кетилган ҳайвони учун суғурта қопламаси олганидан кейин у топилиб, эгасига қайтарилса суғурталанувчи олган пулни уч ой мобайнида суғурта ташкилотининг ҳисобига қайтариши шарт.
СУҒУРТА ТАШКИЛОТЛАРИ ИШИДАН НОРО3И БЎЛИБ ШИКОЯТ АРИЗАСИ БЕРИШ
73. Суғурталанувчиларнинг ариза ва шикоятлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.
74. Шикоятлар бўйича қабул қилинган қарорлар юзасидан белгиланган даъво муддати ичида юқори турувчи суғурта ташкилотига ёки халқ судига шикоят аризаси бериш мумкин.
75. Ариза берилиши билан суғурта бадалларини ундириш тўхтатиб қўйилмайди. Шикоятни кўриб чиқаётган ташкилот тўланиши керак бўлган пулни ундиришни шикоят ҳал этилгунга қадар тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.
Мазкур Йўриқнома 1994 йилнинг 1 январидан кучга киради, шу кундан бошлаб қуйидагилар кучини йўқотган деб ҳисоблансин:
— СССР Молия Министрлигининг 1982 йил 22 январдаги «фуқароларга қарашли мол-мулкнинг давлат мажбурий суғуртаси бўйича ҳисобга олиш, бадалларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги 11-сон йўриқномаси;
— СССР Молия Министрлигининг 1977 йил 31 августдаги «Қишлоқлардаги фуқароларга карашли иморатларни мажбурий суғуртага олиш мақсадида баҳолаш тартиби тўғрисида»ги 70-сон йўриқномаси;
— Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 1992 йил 1 апрелдаги «Фуқароларга қарашли иморатлар суғуртаси бўйича суғурта қопламасини аниқлаш ва тўлаш юзасидан» 19 сон йўриқномаси;
— СССР Молия Министрлигининг 1982 йил 6 июнидаги «Фуқароларга қарашли ҳайвонлар суғуртаси бўйича суғурта қопламасини аниқлаш ва тўлаш юзасидан» 88-сон йўриқномаси.
Ўзбекистон Республикаси
молия вазирининг муовини
С.С.Бузрукхўжаев