Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги
1993 йил 20 декабрь
56/24-сон
Молия вазирлиги
1993 йил 20 декабрь
56/24-сон
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК КОРХОНАЛАРИ МУЛКИНИ ДАВЛАТ МАЖБУРИЙ СУҒУРТАСИГА ОЛИШ ЮЗАСИДАН
Йўриқнома
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1994 йил 1 мартда 24-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2003 йил 7 январдаги 9-сонли «Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатини кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 884-1 05.02.2003 й.) мувофиқ ўз кучини йўқотган.
1. Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта тўғрисида»ги қонунига мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Жамоа, давлат хўжаликлари ва бошқа давлат қишлоқ хўжалиги корхоналари мол-мулкининг давлат мажбурий суғуртаси тўғрисида»ги 1993 йил 23 декабрдаги 608-рақамли қарорига асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган ҳамма қишлоқ хўжалик корхоналарининг қуйидаги мулклари давлат мажбурий суғуртасига олинади:
а) қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили (табиий пичанзорлар, яйловлар, тут барги ҳосилидан ташқари);
б) қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, уй паррандалари, қуёнлар, мўйнали ҳайвонлар ва асалари оилалари;
в) бинолар, иншоотлар, узатиш тузилмалари, куч ҳамда иш машиналари ва бошқа машиналар, транспорт воситалари, ускуналар ов кемалари, овчилик анжомлари, асбоб-ускуналар, маҳсулот хомашё, ашёлар ва кўп йиллик дов-дарахтлар.
I. БЎЛИМ
Қишлоқ хўжалик корхоналари мулкининг суғуртасига доир тўловларни ҳисоблаш ва тўлаш
2. Суғурта тўловларини ҳисоблаш қишлоқ хўжалиги корхонаси мулкининг қийматига асосан, суғурта идораси томонидан шу корхона вакили иштирокида йилига бир марта амалга оширилади.
Йил давомида қишлоқ хўжалик корхонаси мулкининг таркиби ва қиймати ўзгарса ҳам суғурта тўловлари қайта ҳисобланмайди.
Суғурта тўловлари 101-шаклли «Қишлоқ хўжалик корхоналари мулкининг давлат мажбурий суғуртаси бўйича тўловларни ҳисоблаш варақаси»да ҳисобланади (1-илова). Ҳисоблаш варақаси икки нусхада тузилиб, бир нусхаси қишлоқ хўжалик корхонасига берилади. У қишлоқ хўжалик корхонасига суғурта тўловларини тўлаш учун асос бўлади.
Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг қийматини аниқлаш
3. Суғурта тўловларини ҳисоблаш учун қишлоқ хўжалиги экинлари (ғўзадан ташқари) ҳосилининг қиймати хўжаликнинг ҳисоб-китоби ва бошланғич ҳисобот ҳужжатлари бўйича мазкур йилда режалаштирилган 1 гектар экин майдонидан олинадиган ҳосилдорлик (охирги уч йил ичида олинган ҳақиқий ҳосилдорликдан юқори эмас), маҳсулотни сотиш нархи ва экин майдонига ( 4-шаклли қишлоқ хўжалиги ҳисоботига асосан қайта кўриб чиқиш шарти билан) асосан ҳисобланади.
Ғўза экини учун эса, суғурта тўлови хўжаликнинг жорий йилда молия ишлаб чиқариш режасида кўрсатилган ҳосилдорлиги ва экин майдони бўйича ҳисобланади.
Маҳсулотларнинг селекция нави ёки саноат навлари учун давлат харид нархлари белгиланган экинларга суғурта тўловлари ҳар бир хўжалик учун охирги уч йилликда бир центнер маҳсулотни ўртача сотиш нархи бўйича ҳисобланади (1-мисол).
Агар мазкур йилда режалаштирилган ҳосилдорлик охирги уч йилдаги ҳақиқий ўртача ҳосилдорликдан ортиқ бўлса (ғўзадан ташқари), суғурта тўловлари ўртача уч йиллик ҳосилдорлик бўйича ҳисобланади (2-мисол).
Ҳар бир қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг қиймати алоҳида ҳисобланади, сабзавот, полиз экинлари, экилган резавор-мевали дов-дарахтлар, кўчатхоналар, гуллар, манзарали дарахтлар ва баъзи бошқа экинлар ҳосилининг қиймати эса гуруҳлар бўйича аниқланади.
Уруғли мевали боғлар қандай (тоқ ёки жуфт) йилларга ҳосил бериши аниқ бўлганда уларнинг ўртача ҳосилдорлиги ҳосил бериш бўйича ушбу йилга мос келувчи охирги уч йил (тоқ ёки жуфт) ҳосилдорлиги бўйича аниқланади.
4. Бир хил асосий маҳсулот берадиган экинлар ҳосилининг қиймати бевосита 101-шаклли ҳисоблаш варақасида ҳисобланади.
Икки ва ундан ортиқ хил асосий маҳсулот берадиган (каноп, бир йиллик ва кўп йиллик ўтлар) ҳамда хўжалик ҳужжатларида гуруҳлар бўйича ҳисобга олиб бориладиган асосий такрорий, анғизга экиладиган ҳамда оралиқ экинлар: дон, сабзавот, иссиқхоналарда етиштириладиган сабзавотлар, уруғликлар, кўчат ва ниҳоллар ва бошқа экинлар ҳосилининг қиймати аввало 101б-шаклли «Икки ва ундан ортиқ хил асосий маҳсулот берадиган ва гуруҳлар бўйича ҳисобга олиб бериладиган экинлар ҳосилининг қийматини ҳисоблаш варақаси»да ҳисобланиб (2-илова), сўнгра экин майдони ва шу экин майдонидан олинадиган ҳосилнинг умумий қиймати, суғурта тўловларини ҳисоблаш учун 101-шаклли ҳисоблаш варақасига ўтказилади (3-мисол).
101-б шаклли ҳисоблаш варақаси бир нусхада тузилади.
5. 101-б шаклли ҳисоблаш варақасида очиқ ерда етиштириладиган асосий сабзавотлар (карам, бодринг, помидор, ош лавлаги, сабзи, пиёз ва саримсоқ пиёз) ҳосилининг қиймати ҳар бир асосий экин бўйича алоҳида, бошқа сабзавотлар, такрорий экилган сабзавотларники эса гуруҳлар бўйича ҳисобланади.
Бошқа сабзавотлар, такрорий экилган сабзавотлар ҳосилининг қиймати шу гуруҳга кирувчи экинлардан олинган ҳамма маҳсулотларнинг ўртача ҳосилдорлиги ва режалаштирилган сотиш нархлари бўйича ҳисобланади. Қишлоқ хўжалик корхонаси аризасига асосан умумий ҳосилнинг қиймати, ўртача сотиш нархи ўрнига ҳисобот йилида шу гуруҳ экинлари экиладиган майдоннинг камида 80 фоизини ташкил қилган экиннинг нархи бўйича ҳисобланади (4-мисол).
6. Асосий сабзавот экинлари уруғликлари ҳосилининг қиймати ҳар бир экин учун алоҳида, бошқа сабзавот экинлари уруғликлари ҳосилининг қиймати эса бутун гуруҳ бўйича аниқланади, Агар хўжалик уруғлик учун ажратилган майдондан уруғдан ташқари яна қўшимча маҳсулот (помидор экилган майдондан уруғ, помидор қуйқаси ва помидор) оладиган бўлса, у ҳолда ҳосилнинг қиймати олинган ҳамма маҳсулотларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.
Бошқа турлардаги сабзавот экинлари уруғи ҳосилининг қиймати шу гуруҳга. кирувчи экинларнинг ўртача ҳосилдорлиги, режалаштирилган ўртача сотиш нархи ва умумий экин майдонларига асосан аниқланади (5-мисол).
Полиз ва хашаки лавлаги уруғлари ҳосилининг қиймати, асосий сабзавотлар уруғликларининг қийматини аниқлаш тартиби бўйича аниқланади.
7. Иссиқхоналарда етиштириладиган сабзавот ва бошқа экинлар ҳосилининг қиймати бодринг, помидор, бошқа сабзавотлар, сабзавот кўчатлари, гуллар ва цитрус ўсимликлари бўйича алоҳида, ҳар бир экин майдонидан олинадиган ҳосилдорлик, ўртача сотиш нархи ва умумий экин майдонларига асосан ҳисобланади.
Хўжаликда етиштирилган кўчатларни сотиш режалаштирилмаган бўлса, кўчатларнинг нархи режалаштирилган таннархи бўйича ҳисобланади (6-мисол).
8. Ўтган йилларда экилган кўп йиллик ўтлар, шу йили бошқа экинларга аралаштирмасдан экилган кўп йиллик ўтлар бошқа экинлар билан аралаштириб экилган кўп йиллик ўтлар ҳосилининг қиймати мазкур йилда бу экинлардан олиш учун режалаштирилган маҳсулотлар бўйича аниқланади. Ҳар бир экин туридан олинадиган ҳосилнинг қиймати маҳсулотлар тури бўйича ўртача ҳосилдорлик, сотиш нархи ва экин майдонига асосан ҳисобланади.
Бир йиллик ўтлар ҳосилининг қиймати кўп йиллик ўтлар ҳосилининг қийматини аниқлаш тартиби бўйича аниқланади. Агар хўжаликда кўп йиллик ёки бир йиллик ўтлардан олинадиган маҳсулотлардан бирини сотиш нархи режалаштирилмаган бўлса, ҳосилнинг қиймати шу маҳсулотнинг режалаштирилган таннархи бўйича ҳисобланади (7-мисол).
9. Кўчатхоналарда етиштириладиган кўчат ва ниҳоллар ҳосилининг қиймати қазиб олиш режалаштирилган майдони ҳосилдорлиги ва сотиш нархига асосан, мева, резавор, узум, манзарали-гул, манзарали-ўрмон кўчати ва ниҳоллар гуруҳлари бўйича алоҳида ҳисобланади.
Агар кўчатчилик хўжалигининг ҳосилли боғларидан ҳосилдан ташқари, кўчат ва ниҳоллар етиштириш учун новдалар, қаламчалар, бачкилар ёки куртаклар кесиб олинадиган бўлса, шу боғ ҳосилининг қийматини аниқлашда олинган ҳамма маҳсулотлар инобатга олинади. Кесиб олинган новдалар, қаламчалар, бачкилар ва куртаклар нархи режалаштирилган сотиш нархи бўйича, агар сотиш режалаштирилмаган бўлса, маҳсулотнинг режалаштирилган таннархи бўйича ҳисобланади.
Кўчатхоналарда етиштирилган ҳосилнинг умумий қийматига қазиб олиш режалаштирилган майдондан ташқари, қолган майдонларда ўстириш ва ривожлантириш учун қилинадиган режадаги харажатлар қиймати ҳам қўшиб ҳисобланади (8-мисол).
10. Саноат мақсадлари учун очиқ ерда етиштирилган гул манзарали-гул экинлар ҳосилининг қиймати хўжаликда қайси тартибда ҳисобга олиб борилса, худди шу тартибда гуруҳлар бўйича аниқланади.
Экилгандан сўнг биринчи ёки иккинчи йилларда ҳосил бермайдиган кўп йиллик гул ва манзарали-гул экинлар қиймати уларни ўстириш ва ривожлантириш учун шу йилги режада қилинадиган харажатлар ва экин майдонларига асосан ҳисобланади.
11. Агар хўжалик охирги уч йил давомида экин экиб, уч йилда биронтасида ҳам ҳосил ололмаган бўлса, шу экин турини шу маҳсулоти суғурта қилинмайди. Агар экилган экиндан олинадиган маҳсулотлардан биридан масалан, кўп йиллик ўтлар гуруҳидан охирги уч йилда ҳосил олинмаган бўлса, шу экин тўрининг шу маҳсулоти суғурта қилинмайди. Агар Хўжаликда ҳосилга кирган боғлар мавжуд бўлиб, у охирги уч йил ичида ҳосил ололмаган бўлса, бу ҳолда шу боғлар суғурта қилинмайди.
12. Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг умумий қиймати 1 сўмгача яхлитланади.
Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари, бинолари, иншоотлари ва бошқа мулклар қийматини аниқлаш
13. Суғурта тўловларини ҳисоблаш учун қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, уй паррандалари, қуёнлар, мўйнали ҳайвонлар, асалари оилалари, бинолар, иншоотлар, узатиш тузилмалари, куч, иш ва бошқа машиналар, транспорт воситалари, ускуналар, ов кемалари, овчилик қуроллари, анжомлар, маҳсулот, хомашё, ашёлар ҳамда кўп йиллик дов-дарахтлар қиймати қишлоқ хўжалик корхонасининг йиллик ҳисоботидан 1 январдаги ҳолатига кўра олинади. Бунда, иш ҳайвонлари, бинолар, иншоотлар ва бошқа асосий воситаларнинг қиймати уларнинг эскириш даражасини чегирган ҳолда аниқланади. Мазкур чегирма асосий воситаларнинг тегишли гуруҳларига кирувчи мулкнинг қийматига мутаносиб тарзда тақсимланади.
14. Ҳайвонларнинг қиймати ушбу гуруҳлар бўйича аниқланади: қорамол, чўчқалар, қўй ва эчкилар, отлар, туялар, эшак ва хачирлар уй паррандалари, асалари оилалари, мўйнали ҳайвонлар ва қуёнлар.
15. Асосий воситалар қийматига кирувчи мулкларнинг (ҳайвонлардан ташқари) қиймати қуйидаги гуруҳлар: бинолар, иншоотлар, узатиш тузилмалари, иш ва бошқа машиналар, транспорт воситалари, ускуна ва анжомлар, маҳсулот, хомашё ва ашёлар, кўп йиллик дов-дарахтлар бўйича аниқланди.
Балиқ овлаш билан шуғулланадиган жамоа хўжаликларида булардан ташқари ов ва юк ташиш ва бошқа кемалар ҳамда овчилик қуроллари гуруҳи бўйича аниқланади.
Суғурта тўловларини ҳисоблаш ва тўлаш
16. Суғурта тўловлари қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг, ҳайвонлар, бинолар, иншоотлар ва бошқа мулкларнинг умумий қиймати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган ставкаларга асосан ҳисобланади.
101-шаклли «Ҳисоблаш варақаси»да ҳисобланган суғурта тўловлари сўм ҳисобида кўрсатилади. Бу варақа икки нусхада тўлдирилиб суғурта идораси бошлиғи ёки бошлиқ ўринбосари ҳақида хўжалик раҳбари қўл қўйгандан сўнг суғурта идорасининг муҳри билан тасдиқланади. Бир нусхаси хўжаликда ва бир нусхаси суғурта идорасида сақланади.
Мулкининг қийматини ҳисоблашда қишлоқ хўжалик корхонасининг ҳисобга олиш ва ҳисобот маълумотларида хато ва камчиликлар борлиги аниқланса, улар тузатилади ва 101-шаклли «Ҳисоблаш варақаси»га тузатилган кўрсаткичлар ёзилади. Хатолар ҳақида маълумотнома тузилиб, унга суғурта муассасаси ва хўжалик вакиллари имзо чекадилар ҳамда ҳисоблаш варақасига қўшиб қўйилади.
Ҳисоблаш варақаси хўжаликларга топширилгандан сўнг хато ва камчиликлар аниқланса, улар тузатилади ва тузатган шахс томонидан имзоланади. Агар хато ва камчиликлар кўп бўлса, «Ҳисоблаш варақаси янгитдан тузилади. Ҳисобланган қўшимча суғурта тўловларини тўлаш учун суғурта қилдирувчига 30 кун муҳлат берилади.
Агар суғурта ҳодисаси туфайли зарарланган қишлоқ хўжалик экинлари ҳосили учун суғурта қопламаларини ҳисоблашда қўшимча суғурта тўловлари аниқланса, бу ҳолда ортиқча ҳисобланган суғурта тўловлари ҳисобланган суғурта қопламасидан ушлаб қолинади.
17. Қишлоқ хўжалиги корхоналари давлат мажбурий суғуртаси бўйича ҳисобланган суғурта тўловларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган муддатларда суғурта ташкилотларининг банк муассасаларидаги ҳисобига ўтказиш йўли билан тўлайдилар.
Ўзбекистон Республикаси банк муассасасидаги қишлоқ хўжалик корхонаси ҳисобидан суғурта тўлови ўчирилган кун (бу пул қачон суғурта муассасаси ҳисобига келиб тушганидан қатъи назар) суғурта тўлови тўланган кун ҳисобланади.
Белгиланган муддатда тўланмаган суғурта тўловлари суғурта муассасасининг фармойиши билан қишлоқ хўжалик корхонасидан ундирилади.
Тўловлар муддатидан кеч тўланса, тўлашда кечиктирилган ҳар бир кун учун, муддатида тўланмаган тўловнинг 0,05 фоизи миқдорида жарима (пеня) ундирилади.
Жарима боқиманданинг яхлит сўмларига ҳисобланади. Жарима учун жарима ҳисобланмайди.
18. Қишлоқ хўжалик корхонаси мазкур йил учун керагидан ортиқ суғурта тўловлари тўлаганлиги аниқланса, тўлаган ортиқча суғурта тўловлари дарҳол хўжалик ҳисобига қайтарилиши лозим.
Ўтган йилга ҳисобланган суғурта тўловларидан суғурта идораси ҳисобига ортиқча суғурта тўловлари тушганлиги аниқланган кунга келиб, қишлоқ хўжалик корхонаси шу йилнинг суғурта тўловларини тўлаш муддатини ўтқазиб юборган бўлса, у ҳолда бу ортиқча суғурта тўловлари хўжаликнинг аризасисиз муддатида тўланмаган тўловлар ҳисобига ўтказилади. Бу ҳақда қишлоқ хўжалик корхонасига узоғи билан уч кун ичида маълум қилиниши шарт.
19. Агар қишлоқ хўжалик корхонаси қайта тузилса ёки бўлинса, суғурта тўловлари қайта ҳисобланади. Суғурта тўловларини янги тузилган хўжаликка биркитилган мол-мулк ва экин майдонларини қабул қилиш далолатномасининг шу хўжалик раҳбарлари имзолаган нусхасига асосан қайта ҳисобланади. Мазкур хўжаликларнинг қишлоқ хўжалик экинларига суғурта тўловлари ушбу йўриқноманинг 3 бандида кўрсатилган шартлар асосида ҳисобланади.
II БЎЛИМ
Кўрилган зарарни аниқлаш ҳақида зарарланган қишлоқ хўжалиги экинлари ва кўп йиллик дов-дарахтлар учун суғурта қопламаси тўлаш тартиби
20. Қишлоқ хўжалик экинлари ва кўп йиллик дов-дарахтлар қурғоқчилик, иссиқлик етишмаслиги, ортиқча намлик, зах босиши, чириш, совуқ уриши, дўл, жала, бўрон, довул, сув босиши, сел, суғориш иншоотларида сув етишмаслиги ва мазкур жой учун хос бўлмаган метеорологик ёки бошқа табиий шароит юзага келиши, шунингдек ўсимлик касалликлари зараркунандалар ва ёнғин натижасида нобуд бўлиш ёки зарарланиш ҳолларидан суғурта қилинган ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги экинларнинг ҳосилига зарар келтирадиган ёки нобуд қиладиган ҳамда шу жойларга хос бўлмаган бошқа метеорологик ва табиий шароитларга: узоқ вақт давом этган шамол ва ёмғирлар, қиров, туман, қалин қор ёғиши, ер юзи яхлаши, табиий ҳодисалар натижасида сизот сувларнинг кўтарилиши, тупроқнинг шамол ва сув таъсирида емирилиши, ернинг кўчиши, ўпирилиши, қуруқ совуқ (изғирин), иссиқ шамол, гармсел, шунингдек, ўсимликлар чангланиши даврида шамол бўлмаслиги ва шу кабилар киради.
Узоқ давом этган ёғингарчилик натижасида кўчат, ниҳол ва куртакларнинг шикастланиши ёки намиқиб қолишигина эмас, балки ўсимликларнинг гуллаш даврида тўлиқ чангланмаслиги, ётиб қолиши, экилган уруғларнинг чириши, ювилиб кетиши, лой босиши, ҳосилнинг кеч пишиши ҳамда экин майдонларида қатқалоқ ҳосил бўлиши ҳодисалари ҳам ўсимликлар ҳосилига салбий таъсир кўрсатади. Ноқулай омилларга ёввойи ҳайвонлар, кўчманчи қушлар ва кемирувчиларнинг ҳосилга етказадиган зарарлари ҳам киради.
21. Суғурта муассасасининг ушбу қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили учун жавобгарлиги қуйидаги муддатларда бошланади:
бир йиллик ва кўп йиллик қишлоқ хўжалик экинлари, кўчат ва ниҳоллар ҳамда уларнинг қишга қолдириладиган экин майдонлари экилган кундан бошлаб;
ҳосилга кирган узум, мева, резавор ва бошқа мевали дарахтлар барглари тўкилиб куртаклари қишки уйқуга кирган даврдан бошлаб;
кўчатхоналардаги кўчатлар экилган кундан, ниҳоллар ўтказилган кундан бошлаб.
22. Суғурта муассасасининг жавобгарлиги қуйидаги муддатларда тугайди:
ҳосили янчиш билан боғлиқ бўлган дон ва дуккакли дон экинлари ҳосили учун янчиш тамом бўлган кундан;
пўстлоқ толаси учун экиладиган экинлар ҳосили учун кўк ҳолда дастлабки ишлов берилгандан сўнг ёки сотиш, сақлаш ва дастлабки ишлов бериш мақсадида даладан олиб чиқиб кетилиши билан;
тамаки ҳосили учун улар экин майдонидан олиб кетилгандан кейин тойлаб, қабул қилиш ташкилотларига топширилгандан сўнг ёки омборхонага топширилиб, хўжалик ҳисобига қабул қилиниши билан;
пахта, қанд лавлаги, картошка, сабзавот, полиз экинлари, хашаки лавлаги, мевали боғлар ва мевасидан мой олинадиган экинлар ҳосили улар қабул қилиш ташкилотларига топшириш, сақлаш учун даладан (боғдан) олиб чиқилгандан сўнг, илдиз мевалар ҳосили уларни қишда сақлаш мақсадида ўрага солингандан ёки уюмлаб қуйилгандан кейин;
пичанлар улар даладан олиб чиқилгандан ёки ғарамлангандан сўнг, силосбоп кўк озуқа экинлар ҳосили улар силос ўрасига солингандан сўнг;
кўчат ва ниҳоллар учун улар қазиб олингандан сўнг;
гуллар учун улар кесиб олингандан сўнг, пиёз ва уруғлари йиғиштирилгандан, қаламчалар кесиб олингандан кейин.
23. Мазкур йўриқноманинг 20-бандида қайд қилинган ҳодисалар натижасида қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилининг зарарланиши ёки нобуд бўлиши, шунингдек мевали, мевасиз дов-дарахтлар ва дарахтсимон бутазорлар қурғоқчилик, совуқ уриши, сув тошқини, бўрон, довул, чақмоқ уриши, ер қимирлаши, ёнғин ҳамда ўсимлик зараркунандалари ва касалликлари натижасида бутунлай нобуд бўлиши суғурта ҳодисаси ҳисобланади.
Қуйидаги ҳолларда кўчат ва дов-дарахтлар тамомила нобуд бўлган саналади:
ер ости ва ер усти қисмларидаги ҳужайралари бутунлай ўлганда;
илдиз қисми, шохлари, новдалари ушбу дарахтларни ковлаб олиб ташлашдан бошқа иложи қолмайдиган даражада шикастланганда.
Пайванд қилинмаган ёки пайванд қилинган ток, цитрус, субтропик ва бошқа меваларнинг илдиз қисми шикастланмай фақат ер усти қисми зарарланган ҳолда ток ва дарахтларни қайта ўстириш мақсадида йирик шохлари каллакланади (қирқилади) ёки уларнинг ер усти қисми қирқиб ташланади.
Ҳосилга кирган дарахтлар ва токлар каллаклангандан сўнг, ҳосилли майдон ҳисобидан чиқарилиб, ўсиш даражасига қараб бир ёки икки ёшли дарахтлар таркибига киритилади.
Кўп йиллик дов-дарахтлар суғуртаси улар асосий воситалар таркибига киритилган кундан бошланади ва асосий воситалар таркибидан чиқарилган кундан эътиборан тамом бўлади.
24. Қишлоқ хўжалик корхонасининг нобуд бўлган ёки зарарланган экинлари, кўп йиллик мевали дарахтлар, кўчатхоналар ҳосили учун суғурта қопламаси умумий зарарнинг 70 фоизи, кўп йиллик дов-дарахтлар тупи учун эса умумий зарарнинг 100 фоизи миқдорида тўланади.
25. Суғурта ҳодисалари рўй берганда қишлоқ хўжалик корхонаси бу ҳақда суғурта идорасига уч кун ичида хабар бериши шарт. Хабарнома эркин ҳолда ёзилган бўлиб, унда суғурта ҳодисаси рўй берган ой, кун ёки давр, содир бўлган суғурта ҳодисасининг номи, давом этиш муддати, тезлиги ёки жадаллиги, зарарланган экинлар номи, қай тарзда зарарланганлиги (қисқа ҳолда) ва экин майдони ҳақида маълумотлар бўлиши шарт.
Қишлоқ хўжалик корхоналаридан келиб тушган хабарномалар ўша куниёқ суғурта идорасига келиб тушган хат ва ҳужжатларни рўйхатга олиш дафтарида қайд қилинади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосили нобуд бўлиши натижасида етказилган зарар миқдорини аниқлаш
26. Қишлоқ хўжалиги экинлари учун суғурта тўловлари ҳисоблашда қабул қилинган бир центнер ҳосилнинг баҳоси билан ҳисобланган, режалаштирилган ёки охирги уч йилдаги ўртача ҳосилдорлик қиймати билан ҳисобот йилида бир гектар майдонда етиштирилган ўртача ҳосилдорлик қиймати орасидаги фарқ қишлоқ хўжалик корхонаси кўрган зарар ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилининг суғурта ҳодисалари натижасида нобуд бўлиши ёки шикастланиши туфайли қишлоқ хўжалик корхонаси кўрган зарари ва суғурта қопламаси миқдори шу экинларнинг зарарланганлиги ёки нобуд бўлганлиги тўғрисида ёзилган далолатнома асосида 117-а шаклли «Қишлоқ хўжалик экинларининг нобуд бўлиши ёки зарарланиши туфайли кўрилган зарар ва суғурта қопламаси миқдорини ҳисоблаш» варақасида ҳисобланади. 117-а шаклли ҳисоблаш варақаси 2 нусхада тўлғазилади ва бир нусхаси қишлоқ хўжалик корхонасига юборилади (3-илова).
27. Кўрилган зарар миқдори хўжаликдаги шу йил ҳосил олиш учун экилган қишлоқ хўжалик экини (экинлар гуруҳи) майдони ҳисобида аниқланади. Бир гектар ҳосилнинг қиймати эса 101 ёки 101-б шаклли ҳисоблаш варақасидан олинади.
28. Агар дон учун экилган дуккакли-дон ва дон экинлари, маккажўхори ҳамда кунгабоқар экин майдонлари зарарланиши натижасида ҳамма экин майдонидан ёки бир қисмидан дон олиш учун эмас, балки пичан, кўк озуқа ёки силосбоп маҳсулот олиш учун фойдаланилган бўлса, у ҳолда зарар миқдори шу зарарланган майдондан амалда олинган дон, пичан, кўк озуқа ҳосили ҳамда хўжалик ҳисоботларида кўрсатилган ҳосил олинган майдонга асосан ҳисобланади. Бошоқли ёки дуккакли-дон экинлари бўйича кўрилган зарар миқдорини аниқлашда зарарланиши натижасида қайта экилган баҳорги дон экинлари, куз-қиш даврида зарарланиши оқибатида баҳорда қайта экилган кузги дон экинлари майдони ва ундан олинган ҳосил ҳам ҳисобга олинади (9-мисол).
Агар зарарланган майдонлардан дондан ташқари бошқа яна пичан, кўк озуқа, силосбоп маҳсулотлар олинган бўлса, зарар миқдори ана шу маҳсулотларни ҳам ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади.
Агар хўжалик ҳисоботларида зарарланган майдонлардан олинган пичан, кўк озуқа, силосбоп экинлар биргаликда ёки алоҳида кўрсатилган бўлса, шу бир гектар майдондан олинган маҳсулотлар ҳосилининг қиймати 101 ёки 101-б шаклли ҳисоблаш варақасидан олинади.
Дон учун экилган маккажўхоридан ташқари дон учун экилган экинларнинг экин майдонлари зарарланиши натижасида ҳамма экин майдонидан дон ўрнига пичан, кўк озуқа ёки силосбоп маҳсулот олинган бўлса, кўрилган зарар бир йиллик ўтлар билан бирга ҳисобланади (10-мисол).
29. Икки ва ундан ортиқ асосий маҳсулот олинадиган каноп ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларига етказилган зарар миқдори олинган ҳамма маҳсулотларни инобатга олган ҳолда ҳисобланади (11-мисол).
30. Агар қишлоқ хўжалик корхонасида ипак пахта билан бир қаторда ўртача толали пахта нави ҳам етиштирилса, кўрилган зарар миқдори бирга ҳисобланади (12-мисол).
31. Очиқ ерда етиштириладиган сабзавот экинлари нобуд бўлганда ёки зарарланганда зарар миқдори қуйидагича ҳисобланади:
очиқ ерда етиштирилган асосий сабзавотлар: карам, бодринг, помидор, ош лавлаги, сабзи, пиёз ва саримсоқ пиёзларнинг ҳар бири учун алоҳида;
бошқа сабзавотлар, такрорий сабзавотлар: укроп, кашнич, исмалоқ, шовул, бақлажон, қалампир, турп, шолғом, редиска ва бошқа экинлар гуруҳ бўйича (13-мисол).
Полиз экинларидан кўрилган зарар миқдори гуруҳ бўйича ҳисобланади.
32. Очиқ ерда етиштирилган сабзавотлар, полиз ва хашаки лавлагиларнинг уруғликлари бўйича зарар миқдори олинган ҳамма маҳсулотларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир экин тури бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобланади.
33. Иссиқхоналарда етиштириладиган экинларга етказилган зарар миқдори, сабзавотлар ва цитрусларнинг ҳар бир экин тури бўйича алоҳида-алоҳида, сабзавот кўчатлари ва гуллариники эса гуруҳлар бўйича ҳисобланади (14-мисол).
34. Хўжаликда турли мақсадларда фойдаланиш учун етиштириладиган қанд лавлаги (саноатда қайта ишлаш, молларга едириш),кўп йиллик ва бир йиллик ўтлар (пичан, кўк озуқа, склосбоп маҳсулот) нобуд бўлганда ёки зарарланганда зарар миқдори бир гектар экин майдонидан олиш учун режалаштирилган ёки охирги уч йилда олинган ўртача ҳосилнинг ўртача қийматини ҳисобот йилида маҳсулотлар йиғиштириб олинган экин майдонига асосан қайта ҳисобланган ўртача қийматига бўлиб ҳисобланади.
Экилган озуқабоп экинлар зарарлангандан сўнг экин майдонларидан хўжалик яйлов сифатида фойдаланган бўлса, шу майдонлар учун суғурта қопламаси ҳисобланмайди.
Экилган йили маҳсулот бермайдиган баъзи бир экинлар, тоза ҳолда экилган ёки аралаштириб экилган кўп йиллик ўтлар, гуллар, икки йиллик уруғлар ва бошқа экинлар майдони зарарланганда зарар миқдори экилган йили қилинган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир экин тури бўйича алоҳида ҳисобланади.
Ҳақиқий харажатларга ерни экиш, олдидан ишлаш, уруғ (кўчат)нинг нархи, экиш, ўсиш ва ривожланиш даврида қилинган харажатлар киради. Аниқлаган харажатларнинг 70 фоизи суғурта қопламаси сифатида тўланади. Бундай экинлар учун 101-шаклли ҳисоблаш варақасида суғурта тўловлари ҳисобланмаган бўлса, тўланадиган суғурта қопламасидан суғурта тўловлари ушлаб қолинади.
Хўжаликда ўтган йилларда экилган кўп йиллик ўтлардан ташқари, шу йил ҳосил олиш учун тоза ҳолда экилган кўп йиллик ўтлар ҳам мавжуд бўлса, зарар миқдори, қайси турдаги маҳсулот нобуд бўлганлиги ёки зарарланганлигидан қатъи назар, иккала гуруҳ бўйича бирга ҳисобланади. Зарар қиймати бир гектар майдондан олиш учун режалаштирилган ёки охирги уч йилда олинган ўртача ҳосилнинг қийматини ҳисобот йилида маҳсулотлар ўриб олинган экин майдонига асосан қайта ҳисобланган ҳосилнинг умумий қийматига бўлиб ҳисобланади. Ушбу қайта ҳисобланган қиймат билан шу йилда олинган ҳосилнинг умумий қиймати орасидаги фарқ кўп йиллик ўтлар учун зарар миқдори ҳисобланади.
Агар хўжалик кўп йиллик ўтларни бошқа экинлар билан аралаштирилиб экиб, экилган йилда ҳосил олган бўлса, зарар миқдори суғурта тўловларини ҳисоблаш учун қабул қилинган бир гектар майдон ҳосилининг ўртача қиймати билан шу йилда ўриб олинган бир гектар майдон ҳосилининг қиймати орасидаги фарқ ва ўриб олинган умумий майдон асосида ҳисобланади
35. Кўп йиллик мевали дарахтлар зарарланганда ёки нобуд бўлганда зарар миқдори данакли, уруғли, резавор, ёнғоқсимон дарахтлар ва токзор гуруҳлари бўйича фақат ҳосилга кирган майдон учун ҳисобланади.
36. Кўчатхоналардаги экилган кўчат ва ниҳоллар зарарланган ёки нобуд бўлган бўлса, зарар миқдори мевали ва манзарали-ўрмон экинлар (дарахтлар) кўчатлари, ниҳоллари гуруҳлари бўйича, фақат кўчатлари қазиб олинган майдон учун ҳисобланади.
Кўчатчилик билан шуғулланувчи хўжаликлар кўчатхоналардан қазиб олинган ниҳоллардан ўз эҳтиёжи учун фойдаланиладиган бўлса, зарар қийматини аниқлашда минг дона ниҳолнинг нархи ҳисобот йилидаги таннархи бўйича ҳисобланади.
Маҳсулотни етиштириш таннархи режалаштирилган таннархдан ортиқ бўлса, зарар миқдори режалаштирилган таннархи бўйича ҳисобланади.
Кўчатлари қазиб олинадиган майдонлар учун зарар миқдорини ҳисоблашда, ўтган йилларда суғурта ҳодисаси туфайли ниҳоллар ўсиш ва ривожланиш даврида нобуд бўлганлиги учун қисман суғурта қопламалари тўланган бўлса, шу нобуд бўлган ниҳоллар сонини ҳақиқий қазиб олинган кўчатлар сонига қазиб олинган кўчатлар сифатида қўшиш керак. Агар хўжаликнинг ҳисобот ҳужжатларида нобуд бўлган ниҳоллар учун суғурта қопламаси олганлиги сабабли шу ниҳоллар банд қилган майдон умумий экин майдонидан чиқариб ифодаланган бўлса, у ҳолда нобуд бўлган кўчатлар сони қазиб олинган кўчатлар сонига қўшилмайди.
Ўстириш ва ривожлантириш далаларидаги ҳали кўчириб ўтказишга тайёр бўлмаган ва қазиб олинмайдиган кўчатларнинг ҳаммаси ёки маълум қисми нобуд бўлганда зарар миқдори суғурта ҳодисаси рўй берган кунгача шу нобуд бўлган кўчатлар учун суғурта ҳодисаси рўй берган кунгача қилинган харажатлар, пайванд устки қисми зарарланганда фақат новдани кесиш ва қайта пайванд қилиш учун кетган харажатлар миқдорида аниқланади (17-мисол).
37. Қирқиб сотиш учун экилган гул экинларидан кўрилган зарар миқдори бир гектар майдондан қирқиб олинган гул ва бошқа маҳсулотларни режалаштирилган ёки охирги уч йилда олинган ўртача ҳосил қиймати билан ҳисобот йилида қирқиб олинган гул ва бошқа маҳсулотлар ўртача ҳосилининг қиймати орасидаги фарқ ва қирқиб олинган майдон асосида ҳисобланади.
Экилган йили ҳосил бермайдиган кўп йиллик гуллар зарарланганда ёки нобуд бўлганда зарар миқдори суғурта ҳодисаси содир бўлгунга қадар қилинган ҳақиқий харажатлар миқдорида аниқланади.
Нобуд бўлган кўп йиллик дов-дарахтлар учун зарар миқдорини аниқлаш
38. Мевали ва мевасиз дарахтлар мазкур йўриқноманинг 20-бандида кўрсатилган суғурта ҳодисаларидан суғурта қилиниб, шу суғурта ҳодисаларидан биронтаси содир бўлганда суғурта муассасаси кўп йиллик дов-дарахтлар зарарланганлиги ёки нобуд бўлганлигини аниқлаш учун тегишли мутахассислар ҳамда қишлоқ хўжалик вакиллари билан биргаликда текширув ўтказади.Текширув асосида дов-дарахтларнинг аҳволи ҳақида 118-шаклли далолатнома тузилади (4-илова).
Қишлоқ хўжалик корхонаси зарарланган ёки нобуд бўлган дов-дарахтларни каллаклаш, қирқиш, кўчириш ёки қайта ўстириш учун ер устки қисмини кесиш ишларини бажариб бўлганидан сўнг 15 кун ичида суғурта идораси 115-а шаклли «Кўп йиллик дов-дарахтларга етказилган зарар миқдорини ҳисоблаш варақаси»да зарар қийматини аниқлайди ва қишлоқ хўжалик корхонасига суғурта қопламаси сифатида тўлайди. 118-а шаклли ҳисоблаш варақаси икки нусхада тўлғазилади ва бир нусхаси қишлоқ хўжалик корхонасига юборилади (5-илова).
Кўп йиллик дов-дарахтларга етказилган зарар қиймати уларнинг балансдаги қийматидан шу дарахтларнинг эскирганлик фоизини чегириб ташлаб қолдиқ қийматдан, хўжаликда дарахтларнинг ҳисоби қай тарзда олиб борилишига қараб уларнинг турлари ёки гуруҳлари бўйича ҳисобланади.
Дарахтларни каллаклаш, кўчириш ёки қайта ўстириш мақсадида ер устки қисмини кесиш учун қилинган суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарар қийматига қўшилмайди.
39. Бўлиб ўтган суғурта ҳодисаси оқибатида боғдаги мавжуд дарахтларнинг 70 фоизи зарарланиб, қишлоқ хўжалик корхонаси шу зарарланган боғдаги ҳамма дарахтларни ковлаб ташласа, зарар миқдори ҳамма ковлаб ташлаган дарахтлар учун ҳисобланади (18 -мисол).
Ишкомли токзорлар ёки мевали боғлар бутунлай бузилса, дарахтлар ва ишкомларнинг эскирганлик фоизи турлича белгиланганлиги сабабли зарар миқдори алоҳида-алоҳида ҳисобланади. Ишкомлардан кўрилган зарар қийматини ҳисоблашда уларнинг балансдаги қийматидан фойдаланиш учун яроқли устунлар ва симларнинг қиймати чиқариб ташланади (19-мисол).
Агар хўжалик балансида ишкомнинг қиймати боғнинг қиймати билан бирга олиб борилган бўлса, ишкомнинг қиймати дарахтларни ўтказиш тартибига қараб шу боғга кетган устунлар сонини, бир устуннинг ва ишлатилган симнинг қийматини ва устунларни ўрнатиш, симларни тортиш учун қилинган ва бошқа харажатларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Мевали кўп йиллик дов-дарахтлар ҳосили йиғиб олингунча нобуд бўлганда, суғурта ҳодисаси бўлиб ўтган йил учун зарар миқдори боғлардан олинадиган ҳосил учун алоҳида ва боғдаги нобуд бўлган дарахтлар учун алоҳида ҳисобланади.
40. Ҳосилга кирган токзорлар, цитрус ёки субтропик дарахтларнинг пайванд устки ёки ер устки қисми зарарланиб, илдиз қисми зарарланмаган бўлса, каллаклаш ёки ер устки қисмини қирқиб ташлаш йўли билан токларни 1-2 йил, цитрус ва субтропик дарахтларни 3-4 йил ичида қайта тиклашнинг иложи бўлса, зарар миқдори шу дарахтларнинг балансдаги қийматидан фоизини чиқариб ташлаб, қолдиқ миқдордан ток тўпларига 30 фоиз, цитрус дарахтларга 35 фоиз ва субтропик дарахтларга 32 фоиз миқдорда аниқланади. Зарар миқдори ҳар бир кесилган дарахт тўпи учун алоҳида аниқланади.
Ёш дов-дарахтлар зарарланиши оқибатида ер устки қисмини кесиб қайта ўстириш учун қолдирилганда зарар миқдори кўчатни ўтказишдан то суғурта ҳодисаси бўлиб ўтган давргача қилинган харажатларни инобатга олган ҳолда аниқланади.
41. Кўп йиллик дов-дарахтлар нобуд бўлганда уларни қирқиб, хўжалик ҳужжатларига кўра ўтин сифатида ишлатиш учун кирим қилинган бўлса, кирим қилинган ўтиннинг қиймати зарар миқдорини аниқлашда инобатга олинади.
Суғурта ҳодисаси рўй берган вақтда баъзи сабабларга кўра ўрнига бўлмаган, қирқилган, қуриб қолган ҳамда эскирганлик даражаси 100 фоиздан ортиқ бўлган дарахт тўплари учун суғурта қопламаси тўланмайди.
III. БЎЛИМ
Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари учун зарар миқдорини аниқлаш ва суғурта қопламаси тўлаш тартиби
42. Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари ёшларига қараб қуйидаги ҳодисалардан:
а) 4 ойлик чўчқа ва қуёнлар, 6 ойлик қорамол, қўй, эчки, уй паррандалари ва мўйнали ҳайвонлар, 1 ёшли от , туя, эшак, хачир ҳамда асалари оилалари юқумли офатлардан, ёнғиндан, ток уришидан;
б) Ушбу бўлимнинг «а» кичик бандида кўрсатилган ёшга тўлмаган чўчқалар, қуёнлар, қорамоллар, қўйлар, эчкилар, уй паррандалари, мўйнали ҳайвонлар, отлар, туялар, эшаклар. хачирлар табиий офатлар, ёнғинлар ва электр токи уриши натижасида;
в) наслдорлик гувоҳномаси бўлган ҳайвонлар касалликлар, табиий офатлар, ёнғин, ток уриши ва бошқа бахтсиз ҳодисалардан суғурта қилинган бўлиб, улар нобуд бўлган (ўлган, мажбурий сўйилган, йўқ қилинган) ҳолларда суғурта қопламаси тўланади.
Нобуд бўлган ҳайвонлар учун суғурта қопланмаси тўланадиган юқумли касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси ва Давлат ветеринария бош бошқармаси томонидан тасдиқланади.
43. Қишлоқ хўжалик корхонаси суғурта идорасига ҳайвонлари суғурта ҳодисалари натижасида нобуд бўлганлиги, мажбурий сўйилганлиги ёки йўқ қилиб юборилганлиги ҳақида қуйидаги муддатларда:
ҳайвонлар юқумли касалликлар оқибатида нобуд бўлган ҳолларда нобуд бўлганлиги аниқланган кундан:
Юқумли касаллик билан оғриган ҳайвонлар кушхонага сўйиш учун топширилган ҳолларда қушхонанинг ҳайвонларни қабул қилиш қиймати кўрсатилган паттаси суғурта идорасига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида;
ҳайвонлар ток уриши, табиий офат ва ёнғин натижасида ҳамда наслдорлик гувоҳномаси бўлган ҳайвонлар касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар натижасида нобуд бўлган кундан бошлаб уч кун ичида;
яйловда ёки узоқ жойда жойлашган ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги ҳақида қишлоқ хўжалик корхонасига маълум бўлган кундан бошлаб уч кун ичида ёзма равишда хабар бериши шарт.
44. Қишлоқ хўжалик ҳайвонлари 43-бандда кўрсатилган суғурта ҳодисалари натижасида нобуд бўлган ёки мажбурий сўйилган ҳолларда суғурта идораси ходими томонидан хўжалик вакили, давлат ветеринария тармоғининг мол шифокори ҳамда маҳаллий ҳокимиятнинг вакили иштирокида ҳайвонлар нобуд бўлганлиги ёки мажбуран сўйилгани ҳақида 106-шаклли далолатнома тузилади. Нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган ҳайвонлар қишлоқ хўжалик корхонаси балансида бўлиб, ўстириш ёки бўрдоқига боқиш учун фуқароларга берилган бўлса, шу фуқаролар ҳам далолатнома тузишда қатнашишлари шарт.
Далолатнома тузишда қатнашган ва унга имзо чеккан кишилар далолатноманинг тўғри тузилганлиги учун шахсан жавобгардирлар.
106-шаклли далолатнома икки нусхада тузилиб, бир нусхаси қишлоқ хўжалик корхонасига берилади.
45. 106-шаклли далолатнома қишлоқ хўжалик корхоналарининг ҳайвонлари табиий офат, ёнғин ва электр токи уриши натижасида, наслдорлик гувоҳномаси бўлган ҳайвонлар эса ҳар қандай ҳодиса оқибатида нобуд бўлганлиги ёки мажбуран сўйилганлиги ҳақидаги хабарнома суғурта муассасасига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида тузилиши лозим, қолган ҳолларда камида бир ойда бир марта, шу даврда нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган ҳайвонларнинг ҳаммаси учун бирга тузилади.
Агар хўжаликда бир суғурта ҳодисасидан бир турдаги ва бир хил ёшдаги ҳайвонлардан бир нечтаси бир йўла нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган бўлса, улар далолатномада бир сатрга ёзилиб, нобуд бўлган ҳайвонлар сони кўрсатилади.
46. Ҳайвонларнинг нобуд бўлиши ёки мажбуран сўйилиши шароитлари ва сабабларига қараб далолатнома қуйидаги ҳужжатларга асосан тузилади;
ҳайвон жасадини ёриш натижаси ҳақидаги мутахассис хулосаси давлат ветеринария тармоғи ёки ветеринария лабораторияси мутахассисининг ҳайвоннинг касалланиши, нобуд бўлиши ёки мажбуран сўйилиши сабаблари тўғрисидаги хулосаси;
ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ҳақидаги 1-вет. шаклли ҳисобот ва юқумсиз касалликлари ҳақидаги 2-вет. шаклли ҳисобот;
нобуд бўлган ҳайвонларни қишлоқ хўжалик корхонасининг 100-шаклли ҳисоботидан чиқариш ҳақидаги далолатнома;
қишлоқ хўжалик корхонасининг ҳайвонларнинг балансдаги қиймати ҳақидаги маълумотномаси.
Мазкур маълумотномадаги рақамли кўрсаткичларнинг тўғрилиги 106-шаклли далолатномани тузиш чоғида хўжаликнинг бошланғич ҳисобот ҳужжатларига асосан текширилади.
Булардан ташқари, наслдор зотли ҳайвонлар нобуд бўлган ҳолларда наслдорлик гувоҳномаси ҳам инобатга олинади.
Тошқин, ёнғин ва бошқа табиий офатлар натижасида кўплаб ҳайвонлар нобуд бўлган ҳолларда, далолатнома тузувчилар нобуд бўлган ҳайвонлар сонини аниқлаш мақсадида суғурта ҳодисаси содир бўлган жойга бориб, далолатномага бевосита табиий офат натижасида ҳамда шу табиий офатдан сўнг шамоллаши туфайли дастлабки ўн кун ичида нобуд бўлган ҳайвонларни киритадилар.
Агар 106-шаклли далолатнома тузишда асосланилган ҳужжатлардан бирон-бир кишининг айби билан нобуд бўлганлиги маълум бўлган ҳолда далолатномада у кишининг исми, отасининг исми, унинг айби нимада эканлиги, унинг айби билан нобуд бўлган ҳайвонлар сони ва уларнинг балансдаги қиймати кўрсатилиши керак.
Агар далолатнома тузиш вақтигача ҳайвонлар нобуд бўлишининг аниқ айбдори аниқланмаган бўлиб, тегишли ташкилотлар томонидан текширув олиб борилаётган бўлса, бу ҳақда далолатномага ёзиб қўйилади.
47. Давлат ветеринария тармоғининг мол шифокори ёки унинг ёрдамчиси (фельдшер)нинг хулосаси қуйидаги ҳолларда берилади:
ҳайвонлар суғурта қилиш шартларида кўзда тутилган юқумли касалликлар ёки куйдирги (Сибирь язваси) касаллигига қарши вакцина билан эмлангандан кейинги дастлабки 14-кун ичида улар оғирлашиб қолиб нобуд бўлганда ёки мажбуран сўйилганда;
ҳайвонлар табиий офат туфайли юзага келган юқумли ёки шамоллаш туридаги касалликлар оқибатида дастлабки 10 кун ичида нобуд бўлганда;
наслдорлик гувоҳномаси бўлган ҳайвонлар нобуд бўлган, мажбурий сўйилган ҳамма ҳолларда;
ҳайвонлар суғурта шартларида кўзда тутилган юқумли касалликлар билан касалланганда хўжалик қолган ҳайвонларни касалликдан сақлаш мақсадида касал ҳайвонларни кушхоналарга сўйиш учун тирик вазнда топширган ҳолларда.
Бруцеллёз билан касалланган ҳайвонлар кушхонага топширилганда, хулосада ветеринария лабораторияси экспертизасининг тартиб рақами ва куни, сил (туберкулёз) касаллиги билан касалланган ҳайвонлар кушхонага топширилганда эса уларда сил касаллиги борлиги аниқланган кун кўрсатилади. Хулосада ҳайвонларнинг нобуд бўлиши, мажбуран сўйилиши ёки йўқ қилиниши сабаблари ҳам кўрсатилади. Хулоса 106-шаклли далолатномада ёзилади ва ветеринария муассасасининг муҳри билан тасдиқланади.
Агар ҳайвон жасадини ёриб текширган ветеринария тармоғининг мутахассислари далолатномада касалланиш ва нобуд бўлиш сабабларини кўрсатган бўлсалар, ветеринария муассасасидан бошқа хулоса талаб қилинмайди.
Ҳайвонлар куйдирги касаллиги билан касалланиб, ветеринария мутахассисларининг хулосасида, касалланиш бошланган кундан бошлаб 14 кун ичида ҳаром ўлган ҳайвонларнинг нобуд бўлиш сабабларига куйдирги касаллиги кўрсатилмаган ёки шу касаллик тарқалган жой ва хўжаликнинг номи ёзилмаган ҳамда шу давр ичида ҳайвонлар суғурта шартларида кўрсатилмаган касалликлар натижасида нобуд бўлган ҳолларда суғурта қопламаси тўланмайди.
48. Ветеринария мутахассисларининг ҳайвонларнинг нобуд бўлиши сабаблари ҳақида берган хулосаси тўғрилигини суғурта идораси ходимлари туман(шаҳар)да ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кенг тарқалишини рўйхатга олиш дафтари, касал ҳайвонларни рўйхатга олиш дафтари, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари ҳақидаги ҳисобот ҳамда ветеринария лабораториясининг маълумотлари асосида текширадилар. Текширув натижалари тегишли маълумотнома билан расмийлаштирилади ва у ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги ҳақидаги далолатномага қўшиб қўйилади. Ҳайвонларнинг касалланиш ёки нобуд бўлиши сабаблари ҳақида мутахассислар берган хулосаларнинг нотўғрилиги, хулосаларда бир хил касалликларни турли номларда, қисқартирилган ҳолда ёки маҳаллий номларда ифодаланган ҳолларда, шунингдек давлат ветеринария тармоғининг бошланғич ҳисобот дафтарлари ва ветеринария ҳисоботи рухсатларида кўрсатилмаган касалликлар берилганлиги ва шу каби камчиликлар борлиги аниқланганда суғурта идоралари бу ҳақда тегишли чора кўриш учун юқори қишлоқ хўжалиги ташкилотларига, зарур холларда эса туман(шаҳар) ҳокимиятига маълум қилиши шарт.
49. Ҳайвонлар нобуд бўлганлиги ҳақидаги қишлоқ хўжалик корхонасининг хабарномаси ва тузилган 106-шаклли далолатномалар 114-шаклли дафтарда қайд қилиниши лозим (7-илова).
Зарар ва суғурта қопламаси миқдорини аниқлаш
50. Ҳайвонлар нобуд бўлганда ёки мажбуран сўйилганда кўрилган зарарнинг 70 фоизи миқдорида суғурта қопламаси тўланади. У ҳайвонларнинг асосий бош сони бўйича уларнинг жорий йилнинг 1 январигача бўлган балансдаги (йўқламалаш) нархи асосида, ёш ва сўқимга боқилаётган ҳайвонлар бўйича эса нобуд бўлган кундаги нархи асосида аниқланади.
Асосий воситалар ҳисобига кирувчи иш ҳайвонлари учун зарар миқдори уларнинг балансдаги қийматидан эскирганлик фоизини чиқариб, қолдиқ қисмидан аниқланади.
Ҳайвонларнинг балансдаги қиймати хўжаликнинг бошланғич ҳисоб-китоб ҳужжатларига асосан аниқланади. Ҳайвонларнинг балансдаги қиймати ҳар бир ҳайвон учун якка тартибда олиб борилган бўлмаса, у ҳолда битта ҳайвоннинг қиймати шу ҳайвонлар гуруҳига кирувчи ҳамма ҳайвонларнинг балансдаги ўртача қийматидан аниқланади (20-мисол).
Фуқароларга бўрдоқига боқиш ёки ўстириш учун берилган ҳайвонлар нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган ҳолларда зарар миқдори қишлоқ хўжалик корхоналари моллари учун белгиланган тартибда аниқланади.
51. Бруцеллёз ва сил касаллиги билан касалланган ҳайвонларни мажбуран сўйиш учун кушхоналарга топширилганда суғурта қопламаси, текширилганда ҳақиқатан ҳам ана шу касалликлар билан оғриганлиги маълум бўлган ҳайвонларнинг йўқламалаш рақамини тасдиқловчи ветеринария лабораториясининг маълумотлари ва далолатномаларига асосланибгина тўланади. Шу билан бирга ҳайвонларнинг номи ва йўқламалаш рақами ветеринария лабораториясининг касалланган ҳайвонларни бундан буён боқишга яроқсизга чиқариш ҳақидаги далолатномаларида, ветеринария лабораториясининг текширув ҳужжатларида, кушхонанинг ҳамда хўжалик мол шифокорининг бошланғич иш ҳужжатларида бир хил бўлиши зарур (21-мисол).
Суғурта шартларида кўрсатилган ёшга етмаган ёш моллар юқумли касалликдан нобуд бўлганда суғурта қопламаси тўланмайди.
Касал ҳайвонларни сўйиш учун кушхонага ташиб келтириш, кушхонага топширилгандан сўнг чорвачилик хоналарида касаллик оқибатларини йўқотиш мақсадида ветеринария-санитария тадбир-чораларини ёки шу хоналарни таъмирлаш ишларини ўтказиш, дори-дармонлар сотиб олиш харажатлари, шунингдек бошқа билвосита харажатлар зарар миқдорига киритилмайди.
52. Нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган ёш ҳайвонлар ва паррандаларнинг, шунингдек бўрдоқига боқилаётган ҳайвонларнинг балансдаги қиймати уларнинг қўшилган вазн нархини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Зарар миқдорини ҳисоблашда қўшилган вазннинг қиймати тегишли турдаги ҳайвонлар бўйича режалаштирилган бир центнер қўшимча вазннинг таннархига асосан аниқланади. Хўжаликда нобуд бўлган ёш ҳайвоннинг, шунингдек, бўрдоқига боқилаётган мол ва паррандаларнинг вазни нобуд бўлишдан олдин уларни тарозида тортиш натижалари бўйича аниқланади. Бир марта ҳам туғмаган, лекин бўғозлиги муайян босқичда бўлган ёш ғунажинлар, чўчқалар, қўй ва эчкиларга қўшилган вазн қиймати ҳам шу тартибда аниқланади (22-мисол).
Тойлар ва бошқа ёш иш ҳайвонлари, ёш қуёнлар ва мўйнали ҳайвонлар учун қўшилган ёшининг қиймати бир кунлик боқиш учун режалаштирилган таннархни боқилган кунлар асосида ҳар ойда қўшиб бориш билан аниқланади.
Нобуд бўлган мўйнали ҳайвонлар ва қуёнларни боқилган кунлари, шу йилда туғилган ҳайвонлар учун онасидан ажратиб боқилган кундан бошлаб, ўтган йилда туғилган ёш ҳайвонлар учун йил бошидан эътиборан ҳисобланади (23-мисол).
Қўшилган вазн якка тартибда ҳисобга олиб борилмаган ҳолда у мазкур ҳайвонларнинг ёш гуруҳи бўйича умумий аниқланади (24-мисол).
Агар бўрдоқига боқилаётган ҳайвонлар гуруҳида ёки ўстирилаётган ёш ҳайвонлар гуруҳида ҳисобот йили давомида шу гуруҳдаги ҳайвонлар сони гўшт учун топширилган янги сотиб олинган ёки сотилган ҳайвонлар ҳисобига ўзгарган бўлса, зарар миқдори ва тўланадиган суғурта қопламаси миқдори шу гуруҳ бўйича бир бош ҳайвоннинг балансидаги қийматини ҳамда қўшилган вазнини инобатга олган ҳолда ҳисобланади (25-мисол).
Агар хўжаликда ҳайвонларни шу ойда кўзда тутилган муддатда тортиб қўйиш имкони бўлмаган бўлса, у ҳолда зарар миқдорини аниқлашда уларнинг қиймати режадаги қўшиладиган вазни ҳисобидан олинади. Аммо шу вазн ҳайвонларнинг тегишли тури ва ёш гуруҳи бўйича ўтган йилнинг шу даврдаги кунлик ўртача қўшилган вазндан ошиб кетмаслиги лозим (26-мисол).
53. Суғурта шартларида кўзда тутилган сабаблар туфайли қорамол, қўй, эчки, чўчқа, от, туя, уй паррандалари мажбуран сўйилганда зарар миқдори уларнинг балансдаги қиймати билан озуқага яроқли гўштни сотишдан олинган маблағ орасидаги фарқдан аниқланади. Озуқага яроқли гўштнинг баҳоси гўштни сотган давлат ёки ширкат корхоналарининг тегишли ҳужжатлари ёки ширкат корхоналарининг тегишли ҳужжатлари ёки хўжалик омборхонасининг гўштни қабул қилиш паттаси асосида белгиланади. Мажбуран сўйилган ҳайвонлар гўшти озуқага яроқсиз бўлганда зарар миқдори ҳайвонлар нобуд бўлгандаги тартибда аниқланади.
Гўштнинг озуқага яроқли ёки яроқсизлиги сўйилган ҳайвонларни ветеринария кўригидан ўтказиш, гўшт ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария текшируви (экспертиза)дан ўтказиш қоидаларига риоя қилган ҳолда мол шифокори ёки унинг (фельдшер) томонидан аниқланади.
Хўжаликдаги касал ҳайвонлар мажбуран сўйиш учун бир йўла кўп миқдорда топширилганда гўштни қайта ишлаш корхонаси ҳужжатларидан қайси ҳайвон чиқиндига чиқарилганлигини аниқлашнинг иложи бўлмаганда, чиқиндига чиқарилган ҳайвонлардан кўрилган зарар миқдори уларнинг умумий оғирлиги ва топширилган 1 кг гўштнинг қийматига асосан аниқланади.
Ҳайвонлар нобуд бўлганда ёки мажбуран сўйилганда уларга берилган суғурта қопламасидан тери, пат, калла-поча ва шу каби қўшимча маҳсулотлар қиймати чегириб қолинмайди (27-мисол).
54. Мўйнали ҳайвонлар нобуд бўлган ёки мажбуран сўйилган ҳолларда зарар ва суғурта қопламаси миқдори улардан олинган терини сотиб олган ташкилотнинг ҳужжатларидаги сотиб олиш қийматини инобатга олган ҳолда аниқланади. Тайёрлов ташкилоти терининг яроқсизлиги туфайли қабул қилишдан бутунлай бош тортган ҳолларда қишлоқ хўжалик корхонаси томонидан тузилган эътиборли комиссиянинг яроқсиз териларни йўқ қилиш тўғрисидаги далолатномаси (терини йўқ қилиш сабаблари кўрсатилиши шарт) тақдим қилинади.
55. Қуёнлар нобуд бўлганда зарар миқдори териларнинг(агар ёқиб ёки кўмиб ташланмаса) қийматини мажбуран сўйилганда эса терилар ва озуқага яроқли гўштнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
56. Агар қишлоқ хўжалик корхоналаридаги наслдорлик гувоҳномаси бўлган наслдор от, қорамол ва бошқа ҳайвонлардан зот олиш, унумли фойдаланиш муддати тугаганлиги ёки ёши ўтганлиги сабабли улар бошқа мақсадларда фойдаланиш учун хўжалик ҳисобида қолдирилган ёки тирик ҳолда кушхонага гўштга топшириш учун ажратилган бўлса ва наслдорлик муддати тугаган кундан кейин улар нобуд бўлса ёки мажбуран сўйилса, зарар миқдори наслдорлик гувоҳномаси бўлмаган ҳайвонларнинг зарар миқдорини аниқлаш тартибида аниқланади.
57. Ҳайвонларнинг нобуд бўлганлиги, мажбуран сўйилганлиги ҳақидаги далолатномада ҳайвонларнинг нобуд бўлишида айбдор шахсларни аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотлар томонидан текширув олиб борилаётганлиги кўрсатилган бўлса, суғурта идоралари суғурта қопламасини тўлашдан олдин суд, прокуратура, ёнғинни назорат қилувчи ташкилот ва бошқа текширув муассасаларининг шу иш юзасидан текширув натижалари бўйича қабул қилинган қарорини олиши лозим.
IV. Б Ў Л И М
Бинолар, иншоотлар ва бошқа мол-мулклар бўйича кўрилган зарар қийматини ҳамда тўланадиган суғурта қопламаси миқдорини аниқлаш тартиби
58. Қишлоқ хўжалиги корхонасининг асосий воситалар таркибига кирувчи куйидаги мол-мулклари: бинолар, иншоотлар, узатиш тузилмалари, юк ташиш воситалари, иш ва бошқа ускуналари, овлаш, юк ташиш кемалари, ов қуроллари, инвентар, хом ашё ва ашёлар сув тошқини, бўрон, довул, жала ва дўл ёғиши, одатдан кўп қор ёғиши, қор кўчиши, ер ости сувлари таъсири, сел келиши, яшин уриши, ер қимирлаши, ер чўкиши, ер ўпирилиши, ёнғин, портлаш ва фалокатлар натижасида вайрон бўлиш ёки шикастланиш, шунингдек ёнғин чиқиши ёки тўсатдан табиий офат хавфи юзага келиши туфайли уларни мажбуран қисмларга ажратиш ёхуд янги жойга кўчириш ҳодисасидан овга чиққан, юк ташиш ва бошқа кемалар ҳамда ов қуроллари ва ускуналари юқорида қайд қилинган ҳодисалардан ташқари, сув тўфони, туман, муз қатлами таъсирида шикастланиш, табиий ҳодисалар натижасида кемаларнинг дом-дараксиз йўқолиши, саёз жойларда қумга тиқилиб қолиш ҳодисаларидан ҳам суғурта қилинган ҳисобланади.
59. Суғурта идораларининг қишлоқ хўжалик корхоналарининг асосий воситалар таркибига кирувчи мол-мулклари (ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотдан ташқари) учун жавобгарлиги уларни хўжалик балансга олган кундан бошланиб, балансдан чиқарган кунда тамом бўлади.
Хўжаликда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари учун эса қишлоқ хўжалик экинлари ҳосили учун жавобгарлик тугаган кундан бошланиб, хўжалик ҳисобидан чиқарилган кунда тамом бўлади.
Хўжаликда орттирилмаган чорвачилик маҳсулотлари (гўшт, сут, тухум, тери, асал ва бошқалар) шунингдек кўчатчилик ҳамда гулчиликдан олинган маҳсулотлар учун жавобгарлик бошланғич ҳисобот ҳужжатларига асосан хўжалик омборхоналарига кирим қилинган кундан бошланиб, чиқарилган кунда тамом бўлади.
60. Асосий воситалар таркибига кирувчи бинолар иншоотлар ва бошқа мол-мулклар бутунлай ишдан чиққанда ёки шикастланганда кўрилган зарар миқдори уларнинг балансдаги қолдиқ қийматидан аниқланади. Емирилиш қиймати эса уларни тўлиқ тиклаш учун меъёрда белгиланган емирилиш фоизига асосан белгиланади. Маҳсулот, хомашё ва ашёлар, шу жумладан омборхонада сақланаётган арзонбаҳо ва тез эскирувчи мулклар бутунлай ишдан чиққанда ёки шикастланганда зарар миқдори уларнинг суғурта ҳодисаси рўй берган кундаги баланс (инвентарь) қийматидан келиб чиқиб аниқланади.
Арзонбаҳо ва тез эскирадиган мол-мулклар хўжалик омборхонасидан фойдаланиш учун чиқарилган кундан бошлаб уларнинг эскирганлик даражаси 100 фоиз ҳисобланади, шу сабабли мол-мулкнинг шу турлари нобуд бўлган ёки шикастланган ҳолларда зарар миқдори аниқланмайди ва суғурта қопламаси тўланмайди.
Суғурта ҳодисаси пайтида асосий воситалар таркибига кирувчи мол-мулкларни сақлаб қолиш ва ундан кейин тартибга келтириш билан боғлиқ харажатлар шу мулкларнинг зарар миқдорига қўшиб олинади.
Бутунлай ишдан чиққан ёки шикастланган асосий воситалари учун қишлоқ хўжалик корхонасига ҳисобланган зарар миқдорининг 100 фоизи суғурта қопламаси сифатида тўланади.
61. Қишлоқ хўжалиги корхоналари суғурта ҳодисаси натижасида мол-мулки бутунлай ишдан чиққан ёки шикастланган кундан бошлаб (ҳақиқатда шикастланганлигини аниқлаш имкони бўлган кундан) 3 кун ичида бўлиб ўтган суғурта ҳодисаси ҳақида туман суғурта идорасига ёзма равишда хабарнома бериши шарт.
Бўлиб ўтган суғурта ҳодисаси ҳақидаги қишлоқ хўжалик корхонасининг хабарномасини суғурта идораси иш юритиш дафтарида хабарнома тушган кунда қайд қилинади.
62. Суғурта ҳодисаси бўлиб ўтганлиги ҳақидаги қишлоқ хўжалиги корхонасининг хабарномаси тушган кундан бошлаб 15 кун ичида суғурта идораси томонидан мутахассислар, маҳаллий ҳокимият ва хўжалик вакиллари иштирокида шу суғурта ҳодисасидан кейин мол-мулк бутунлай ишдан чиққанлиги ёки шикастланганлигини жойларда кўриб, натижаси ҳақида 215-шаклли далолатномани икки нусхада тузилиб, биттаси хўжаликда қолдирилади.
Текширувда қатнашган, 215-шаклли далолатномани тузишда иштирок этган шахслар унга имзо чекадилар. Имзо чеккан шахслар далолатноманинг тўғри тузилганлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланадилар.
Суғурта ҳодисаси натижасида қурилиш иншоотлари, ускуна ва ашёлар кўп миқдорда зарарланган бўлиб, булар ҳақидаги маълумотларни 215-шаклли далолатномага ёзишнинг иложи бўлмаган ҳолда улар ҳақидаги маълумотлар далолатномада кўрсатилган шаклда рўйхатга олинади.
215-шаклли далолатнома шикастланган мол-мулкларни жойида куздан кечириш орқали, шунингдек об-ҳаво ва табиий муҳитни, ёнғинни назорат қилиш ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг ҳужжатлари асосида тузилади.
Зарур ҳолларда табиий офатнинг кўламини ва тезлигини аниқлаш учун давлат суғурта идораларининг сўрови билан об-ҳавони кузатиш идоралари ўз вакилларини тайинлайдилар. Бундай текширув натижалари об-ҳавони кузатиш идоралари учун суғурта ташкилотларига маълумотнома беришига асос бўла олади.
63. Далолатнома суғурта ҳодисаси рўй берган туман суғурта идораси томонидан тузилиб, суғурта ҳодисаси натижасида зарарланган мол-мулклар қайси қишлоқ хўжалиги корхонасига қарашли бўлса, шу хўжалик жойлашган туман суғурта идорасига жўнатилади.
64. Бинолар, иншоотлар ва бошқа мол-мулкларни таъмирлаш йўли билан дастлабки вазифасида фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш мумкин бўлса, улар шикастланган ҳисобланади. Бошқа ҳолларда эса улар бутунлай ишдан чиққан ҳисобланади.
65. Далолатноманинг 1-бўлимига ёзиш учун мол-мулкнинг балансдаги қиймати, хўжаликнинг ҳужжатлари (йўқламалаш варақаси, дафтарлари, асосий воситаларни қабул қилиш топшириш далолатномалари, қайта баҳолаш ведомости, сотиб олганлик ҳақидаги ҳужжатлар)дан олинади. Бунда, фойдаланиб келинаётган ов қуролларининг қиймати уларни фойдаланишга топшириш далолатномаларидан аниқланади.
Тугалланмаган капитал қурилиш ва тугалланмаган капитал тузатиш босқичида бутунлай ишдан чиққан ёки шикастланган мулкларнинг қиймати бажарилган ишлар ҳажмидан аниқланади. Бажарилган ишлар ҳажми эса ҳисоб-китоб ва ҳисобот ҳужжатларидан аниқланади.
Алоҳида таркибий қисмларининг шикастланиш даражаси ва ўлчамлари шикастланган мулкни жойнинг ўзида кўздан кечириш ва ўлчаб кўриш йўли билан ҳамда мутахассислар (муҳандислар, қурувчи техниклар) иштирокида тузилган далолатнома асосида аниқланади.
66. Асосий воситалар таркибига кирувчи бутунлай ишдан чиққан ёки шикастланган мулкнинг эскирганлик даражаси 215-шаклли далолатноманинг 1-бўлимида, объектни тўлиқ тиклаш учун ажратиладиган эскирганлик даражаси чегирмаси балансдаги қийматига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланган амалдаги меъёрда шу объектдан фойдаланилган давр учун ҳар бир инвентарь объект бўйича алоҳида-алоҳида ҳисобланади. Бунда, фойдаланишга текширилган асосий воситаларнинг эскирганлик даражаси чегирмасини ҳисоблаш асосий воситалар хўжалик ҳисобига кирим қилинган ойнинг биринчи кунидан бошланади, фойдаланишдан чиқарилган воситаларники эса мулк фойдаланишдан чиқарилган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб тугатилади (28-мисол).
Автомашиналарнинг эскирганлик қиймати уларни тўлиқ тиклаш учун ажратиладиган амалдаги эскирганлик чегирмалари меъёрлари бўйича қўшиб ҳисобланади. Бу меъёрлар автомашина қийматига нисбатан фоизда ёки автомашиналарнинг юрган 1000 км йўлининг қийматига нисбатан фоизда белгиланади (29-мисол).
Капитал маблағ ҳисобига таъмирланган объектларнинг эскирганлик қиймати уларни тўлиқ тиклаш учун ажратиладиган эскирганлик чегирмалари меъёрлари бўйича, таъмирланган кундан бошлаб то бутунлай ишдан чиққан (шикастланган) кунгача бўлган давр учун аниқланади (30-мисол).
67. Далолатноманинг иккинчи бўлимини тузишда кейинчалик қурилишда, тузатиш, қайта ишлаш ва бошқа мақсадлар учун фойдаланишга яроқли бўлган зарарланмаган ва зарарланган қолдиқ ашёлар, шунингдек ёқилғи, тўшама ҳамда иккиламчи хомашё сифатида ишлатишга ярайдиган ашёлар ҳисобига олинади. Агар суғурта ҳодисаси муносабати билан бино ёки иншоотни аввалги жойида тиклашнинг имкони бўлмаса, у ҳолда улардан қолган яроқли нарсаларнинг қиймати объектни бузганда, шу жумладан пойдеворни бузганда олиш мумкин бўлган ашёлар миқдори эътиборга олинади.
Бирор объектни бузганда олиш мумкин бўлган яроқли қолдиқ ашёлар миқдори амалдаги меъёрлар асосида аниқланади. Шикастланган объектларнинг хом ғиштдан, пахсадан, сомондан ва тупроқдан ишланган қисмлари қолдиқ ашёлар қаторига кирмайди.
68. Кейинчалик фойдаланишга ярайдиган қолдиқ нарсаларнинг қиймати вайрон бўлган (шикастланган) объектнинг қийматини ҳисоблашда ёки уни баҳолаш меъёрларини ишлаб чиқишда инобатга олинган бинолар бўйича белгиланади. Қолдиқ ашёларнинг нархи объектнинг эскирганлик қийматини ёки суғурта ҳодисаси туфайли шикастланиш (қийматини йўқотиш) қийматини чиқариб ташлаган ҳолда аниқланади.
Эскирганлик сийлови (скидкаси)нинг миқдори бутунлай ишдан чиққан (шикастланган) объектнинг эскирганлик нархи неча фоизда белгиланган бўлса, шу фоизда аниқланади. Объектни бузиш ва қолдиқ ашёларни тартибга келтириш учун қилинган харажатлар миқдори уни ҳисоблашда амал қилинган меъёрлар ва баҳолар бўйича ҳисобланади.
69. Фақат ёқилғи ва иккиламчи хомашё сифатида фойдаланишга ярайдиган қолдиқ ашёлар (ҳар хил чиқиндилар, буюмлар.темир-терсак) нархи тегишли савдо ёки сотиб олувчи (тайёрлов) ташкилотлар учун белгиланган баҳолар бўйича аниқланади.
70. Маҳсулот, хомашё ва ашёларнинг (шу жумладан, омборхонада сақланаётган арзонбаҳо ва тез эскирадиган мол-мулкнинг бутунлай ишдан чиққанлиги ёки зарарланганлиги тўғрисидаги маълумотлар далолатноманинг III бўлимига, ҳар қайси моддий жавобгар шахс бўйича ёзилади. Агар бу киши бошқа омборхоналардаги нобуд бўлган (зарарланган) худди шундай мулкка ҳам моддий жавобгар бўлса, у ҳолда мазкур бўлимга ҳамма омборхоналарда сақланаётган мулк тўғрисидаги маълумотлар ҳам киритилади.
71. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг нобуд бўлганлиги ёки зарарланганлиги тўғрисида далолатнома тузилаётганда фақат асосий маҳсулот (масалан, дон) эмас, балки мазкур хўжаликдаги ишлаб чиқариш шарт-шароитига кўра шу жойнинг ўзида йўқ қилинмайдиган қўшимча маҳсулот (похол, чори ва ҳоказо) ҳам инобатга олинади.
Хўжаликнинг ўзида етиштирилган маҳсулот, шунингдек бирламчи қайта ишлов бериш натижасида олинган маҳсулот қиймати унинг ўтган йили юзага келган таннархи бўйича ҳисобга олинади. Маҳсулотнинг шу йил 1 январидаги инвентарь қиймати ана шу таннарх бўйича аниқланади.
Қишлоқ хўжалик корхонаси томонидан сотиб олинган ва тайёрланган маҳсулот, хомашё ва ашёлар (шу жумладан, омборхонада сақланаётган арзонбаҳо ҳамда тез эскирадиган нарсалар ҳам) суғурта ҳодисаси юз берган кундаги ҳақиқий нархи бўйича (уларни етказиб беришга қилинган харажатлар ҳам шу ҳисобга киритилади) ҳисобга олинади.
Маҳсулот тугалланмаган ишлаб чиқариш босқичида нобуд бўлса ёки зарарланса унинг нархи бирламчи маҳсулот баҳосида ва суғурта ҳодисаси юз берган пайтдаги ҳолатига қадар ишлов бериш учун қилинган харажатдан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
72. Суғурта ҳодисаси юз берган пайтда мавжуд бўлган маҳсулот, хомашё, ашёларнинг (шу жумладан, омборхонада сақланаётган арзонбаҳо ва тез эскирадиган нарсаларнинг ҳам) миқдори ҳамда уларнинг нархи қабул қилиш далолатномалари (накладнойлар), тафтиш далолатномалари ва бошқа ҳисоб-китоб ҳужжатларидаги маълумотлар асосида аниқланади.
Ҳисоб-китоб дафтарлари ва бирламчи ҳужжатлар йўқ бўлиб кетганда юқорида кўрсатилган мулкнинг миқдори ва унинг қиймати қишлоқ хўжалик корхонасининг энг охирги ҳисоботи асосида, келтирилган кундан ҳамда охирги ҳисобот кунидан то суғурта ҳодисаси юз берган пайтгача келтирилган ва чиқарилган маҳсулотлар қийматини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Хўжаликдаги пичан ғарамининг, похол уюмининг ёки омборхонадаги, қоплардаги доннинг ва бошқа нарсаларнинг бир қисми нобуд бўлганда ёхуд зарарланганда ғарам, уюмнинг ўлчамларига омборхонанинг ҳажмига, қоплар сонига ва уларнинг ўртача оғирлигига қараб фақат нобуд бўлган (зарарланган) миқдори аниқланади.
73. Агар далолатномани тузатган вақтда объектнинг кирим дафтарига ёзиш чоғида унинг бошланғич қийматини аниқлашда хатога йўл қўйилганлиги, шунингдек келгусида объектнинг тикланиши, кенгайтирилиши ёки қисман йўқотилиши назарда тутилмаганлиги маълум бўлиб қолса, у ҳолда суғурта идораси далолатномада тўғри маълумотларни кўрсатиш учун қишлоқ хўжалик корхонаси олдига объектнинг нархини тўғри аниқлаб бериш масаласини қўяди.
Зарар миқдорини ва унга тўланадиган суғурта қопламаси миқдорини аниқлаш
74. Суғурта ҳодисаси натижасида қишлоқ хўжалик корхонаси кўрган зарар миқдори шу хўжалик жойлашган туман суғурта идораси томонидан аниқланади. Зарар миқдори, 215-шаклли далолатномадаги, шикастланган объектнинг баланс қийматини аниқлашда асосланилган (смета-норматив) ҳужжатлардаги, шикастланган мулкни тиклаш (тузатиш) сметаларидаги ҳамда хўжаликнинг ҳисобга олиб бориш ва ҳисобот ҳужжатларидаги маълумотлари асосида ҳисобланади.
Зарар миқдори 215-шаклли «Асосий воситалар таркибига кирувчи бинолар, иншоотлар ва бошқа мулклар, шунингдек ов қуроллари бутунлай ишдан чиқиши (шикастланиши) туфайли кўрилган зарар миқдорини ҳисоблаш варақаси»да ҳисобланади (9-илова).
75. Асосий воситалар таркибига кирувчи мулк, шунингдек ов қуроллари бутунлай ишдан чиққанда (зарарланганда) кўрилган зарар миқдори 215-шаклли далолатноманинг I ва II бўлимларидаги маълумотлар ҳамда зарарланган объект учун тузилган нуқсонлар далолатномасидаги маълумотлар асосида аниқланади.
Бунда 215-шаклли далолатноманинг I бўлимидаги 9-устунда ҳисобланган, эскирганлик нархи чиқариб ташланган объектнинг баланс нархи, 215-а шаклли зарар миқдорини ҳисоблаш варақасидаги 3-устунга ўтказилади.
Агар мулкнинг алоҳида объекти бошланғич қийматига нисбатан 100 фоиз ва бундан ортиқ даражада эскириб кетган бўлса, ундан кўрилган зарар миқдори ҳисобланмайди.
76. Асосий воситалар нобуд бўлганда зарар миқдори мулкнинг балансдаги (йўқламалаш) қийматидан эскирганлик қийматини айириш, мулкни қутқариб қолиш ва табиий офатдан сўнг уни тартибга келтириш учун қилинган харажатни қўшиш ҳамда мулкнинг қолган қисмлари қийматини айириш йўли билан аниқланади.
77. Мулк зарарланганда зарар миқдори уни тиклаш учун қилинган харажат қийматидан эскирганлик қийматини айириш, мулкни қутқариб қолиш суғурта ҳодисаси юз бергандан кейин ва уни тартибга келтириш учун қилинган харажатнинг қийматини қўшиш ҳамда мулкнинг қолган яроқли қисмлари қийматини айириш орқали ҳисобланади (28-мисол).
78. Шикастланган бино ва иншоотларни тиклаш (тузатиш)га қилинган харажат миқдори қуйидагича аниқланади;
тиклаш (тузатиш) учун белгиланган тартибда тузилган смета асосида;
шикастланган объектнинг айрим қисмлари (таркибий элементлари) учун ягона баҳолари қўллаш орқали;
шикастланган объектнинг алоҳида таркибий қисмлари қиймати унинг умумий қийматига нисбатан ташкил қилган фоизни аниқлаш йўли билан.
Юқорида кўрсатилган зарар миқдорини ҳисоблаш усулларидан бирини танлашда объектнинг шикастланиш хусусияти ва ҳажми, унинг мураккаблиги ҳамда зарур техник ва баҳолаш ҳужжатларининг борлиги инобатга олинади.
79. Шикастланган объектни тиклаш (тузатиш) қийматини смета асосида аниқлашда қуйидагилар текширилади:
объектнинг зарарланганлиги 215-шаклли далолатноманинг I бўлимида кўрсатилмаган қисмлари ёки таркибий элементларини тиклаш (тузатиш) учун қилинган харажатларнинг сметага киритилмаганлиги;
қисмлар ёки таркибий элементларни тиклаш (тузатиш учун қилинган харажатлар уларнинг миқдори нуқсонлар далолатномасида ва 215-шаклли далолатномада кўрсатилган зарарланиш даражасига мос келиш ёки келмаслигини;
сметани тузишда қабул қилинган меъёрлар, баҳолар, накладнойлар бўйича харажатлар миқдори ва режалаштирилган жамғармаларнинг мазкур объектнинг балансдаги қийматини аниқлашда асосланилган меъёрлар, баҳолар, сарфлар ҳамда жамғармаларга мувофиқлиги;
сметани тузишда арифметик хатоларга йўл қўйилмаганлиги;
80. Шикастланган объектнинг, айрим қисмлари (таркибий элементлари) учун қўлланиладиган ягона баҳолар ёрдамида қайта тиклаш (таъмирлаш) қийматини ҳисоблаш учун қуйидагиларни аниқлаш лозим:
шикастланган объектнинг қайси (таркибий) қисмлари қайта тикланиши керак, улар қандай материалдан тайёрланган;
қайта тиклаш (таъмирлаш) учун қилиниши лозим ишлар рўйхати ва миқдори;
шикастланган объектнинг қийматини аниқлашда қўлланилаган меъёр, баҳолар асосида ҳисобланган ягона баҳоларни қўллаб таркибий қисмларни қайта тиклаш қийматини аниқлаш;
объектни қайта тиклаш (таъмирлаш) қийматини, объектни қай бир усулда тикланишидан қатъи назар (пудрат ёки хўжалик ҳисоби йўли билан), объектнинг балансдаги қийматини аниқлашда қўлланилган устама харажатлар ва режалаштирилган жамғарма меъёрларини қўлланган ҳолда аниқлаш.
81. Агарда шикастланган мулкни тиклаш (тузатиш) учун қилинадиган харажат айрим қисмлар ва таркибий элементлар нархининг умумий нархига нисбатан фоизда аниқланадиган бўлса, у ҳолда мазкур турдаги бино ва бошқа объектни баҳолаш мақсадида ишлаб чиқилган солиштирма оғирлик жадвалидан фойдаланиб ҳар қайси қисм (таркибий элемент) учун фоизни топиш ва уларнинг нархини аниқлаш лозим (31-мисол).
82. Шикастланган куч, иш машиналари, бошқа машиналар узатиш тузилмалари, транспорт воситалари, ускуналар, инвентарь, ов кемалари ва ов қуролларини тиклаш (тузатиш) нархи уларни тузатувчи корхоналарнинг ҳисоб-китоблари асосида ёки шу корхоналарнинг меъёрлари ва баҳолари бўйича тузилган тиклашга (тузатишга) доир сметалар асосида аниқланади. Бунда, суғурта ҳодисаси юз берган кунга қадар мулкнинг эскирганлик қиймати ҳисобга олинади. Ов қуролларининг эскирганлик қиймати уларнинг охирги йўқламалаш ўтказилган кунга қадар эскирганлиги даражасини ва охирги йўқламалашдан то нобуд бўлган (зарарланган) пайтгача эскирганлик даражасини йўқотиш йўли билан аниқланади. Эскирганлик қиймати қуролдан қанча муддат фойдаланилганлиги, овланган балиқларнинг миқдори ёки қийматига қараб, белгиланган меъёрлар бўйича қўшиб ҳисобланади.
83. Ойна қопланган қишки ёки плёнка қопланган баҳорги иссиқхоналар зарарланганда зарар миқдори бошқа асосий воситалар каби, объектнинг эскирганлик қийматини ҳисобга олиб, уни тиклаш (тузатиш) нархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Иссиқхонага қопланган плёнканинг эскирганлик нархи плёнкадан фойдаланилган муддатни унинг белгиланган хизмат муддатига бўлиб аниқланади.
84. Асосий воситалар таркибига кирувчи шикастланган объектларни, шунингдек ов қуролларини тиклаш (тузатиш) нархини аниқлашда ушбуларни назарда тутиш керак:
бирор объектнинг зарарланган қисмлари (таркибий элементлари)ни тиклаш (тузатиш) учун бажарилиши лозим бўлган ишларгина ҳисоб-китобга киритилиши лозим, суғурта қилдирган киши амалга оширадиган объектни қайта қуриш ишлари (масалан, ўлчамларини ўзгартириши, ёнига қўшимча объектлар қуриш ва ҳоказо) ишлар рўйхатига киритилмайди;
айрим қисмлар таркибий элементларни тиклаш (тузатиш) ишлари ҳажмини аниқлашда, объект зарарланган деб топилгандан сўнг тузатиш ишларини, масалан, хонанинг фақат шикастланган қисмини эмас, балки ҳамма деворларини бўяш ва шу сингари ишларни ҳисоб-китобга киритишга рухсат этилади;
зарарланган объектни шикастланмасдан олдинги ҳолатига келтириш учун фақат ишчи кучидан фойдаланиш, чунончи, таркибий элементларни кўтариб келиб жойига ўрнатиш, машина деталларини тўғрилаб қўйиш ва шу кабилар талаб этилганда тиклаш ишчилар меҳнатига ҳақ, тўлаш учун қилинган харажатгина киритилади;
бино, машина ёки бошқа мулкнинг айрим қисми (таркибий элементи) шикастлангани билан мулк дастлабки мақсадда фойдаланишга яроқли ҳолатда бўлса, фақат зарарланган қисми (таркибий элементи)ни тиклаш (тузатиш) нархи эътиборга олинади;
ёғоч деворларнинг бурчаклари анчагина шикастланганда зарарланган бурчакка тақалиб кирувчи қўшни деворларнинг шикастланган ёғочларини ва ана шу бурчакларга туташган бошқа элементлар (ораёпмалар, томлар)ни алмаштириш учун зарур бўладиган ишлар ҳамда ашёларни ҳисобга олиш даркор;
мулкни тиклашда зарур қўшимча ашёни, масалан, деворлар ёки печлар ва шу кабиларни бузганда ғиштнинг маълум қисмини сақлаб қолиш мумкин бўлмасагина, ана шу ашё учун қилинган сарфлар ҳисоб-китобга киритилади;
ёнғинни тўхтатиш чораларини кўриш муносабати билан ёки тўсатдан табиий офат хавфи пайдо бўлиши муносабати билан бузилган биноларни тиклашда тиклаш нархига биноан бузишга ашёларни ва бинонинг қисмларини бошқа жойга ташиб кўчиришга қилинган сарфлар ҳам киритилади;
объектни тиклаш нархига сметаларни тузиш (белгиланган меъёрлар бўйича) нархи, шунингдек давлат суғурта ташкилотларининг ташаббуси билан ўтказилган экспертизага қилинган сарфлар киритилади.
85. Зарарланган объектни тиклаш (тузатиш) нархини ана шу объектнинг балансдаги нархини белгилашда қўлланилган смета меъёрлари, баҳолари, накладнойлар бўйича сарфлар ва режа бўйича жамғармалар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш муҳим бўлмаганда, қишлоқ хўжалик корхонаси кўрган зарар миқдорини аниқлаш учун:
тиклаш (тузатиш) нархини амалдаги смета меъёрлари, баҳолари, накладнойлар бўйича сарфлар ва режа бўйича жамғармалар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш керак;
шикастланган объектни тиклаш нархини ҳам амалдаги меъёрлар бўйича аниқлаш лозим;
объектни тиклаш (тузатиш) нархи, унинг тиклаш қийматининг неча фоизини ташкил этишини аниқлаш зарур.
Бу ҳолларда юқорида кўрсатилган усул билан ҳисобланган тиклаш (тузатиш) нархи объектни тиклаш нархининг неча фоизини ташкил этса, зарар миқдори амортизация қиймати чиқариб ташланган объектнинг балансдаги нархининг шунча фоизини ташкил қилади.
Биноларни тиклаш нархини янги баҳолар бўйича смета нархига ўтказиш коэффициентларини қўллаш йўли билан аниқлаш мумкин.
86. Маҳсулот, хомашё ва ашёлар (шу жумладан, омборхонада сақланаётган арзонбаҳо ва тез эскирадиган нарсалар ҳам) нобуд бўлганда ёки зарарланганда зарар миқдори 215-шаклли далолатноманинг III бўлимидаги маълумотлар асосида аниқланади. Бунда, зарар миқдори қуйидаги тартибда ҳисобланади:
Суғурта ҳодисаси юз берган пайтда мавжуд бўлган мулкнинг нархидан зарарланмаган мулкнинг нархи, зарарланган мулкнинг нархи (қийматининг тушиб кетишини ҳисобга олиб), шунингдек қолган ашёларнинг нархи чиқариб ташланади ва бу суммага мулкни қутқариб қолишга ва суғурта ҳодисаси юз бергандан сўнг уни тартибга келтиришга қилинган харажат қўшилади. Олинган натижа зарар миқдорини ташкил этади.
87. Суғурта қопламасининг миқдори 215-б шаклли «Суғурта қопламасини тўлаш учун маълумотнома ҳисоб-китоб»да ҳисоблаб чиқарилади. Унга суғурта назорати ташкилотининг бошлиғи (ўринбосари) ва бош ҳисобчиси (ўринбосари) имзо чекишади.
Суғурта қилинган бинолар, иншоотлар ва бошқа мулк учун суғурта қопламаси қишлоқ хўжалик корхоналарига зарар миқдорининг 100 фоизи ҳисобида тўлангани сабабли, 215-б шаклли маълумотнома ҳисоб-китобнинг 1, 2 ва 3-сатрларида суғурта қопламаси шаклли ҳисоблаш бланкасининг 15-устунида кўрсатилган зарар миқдорида, 4-сатрида эса 215-шаклли далолатноманинг III бўлимидаги 14-устунда кўрсатилган зарар миқдорида ёзилади.
V БЎЛИМ
Қишлоқ хўжалик корхоналарининг мол-мулкини суғурта қилишнинг умумий масалалари
Ўзбекистон Республикаси Давлат суғурта бош бошқармаси суғурта тўловларининг ўз вақтида ва тўғри ҳисобланишини ҳамда келиб тушишини, қишлоқ хўжалик корхоналарига суғурта қопламаси тўланишини таъминлаш мақсадида ана шу ишни ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар беради, вилоят суғурта ташкилотларининг қишлоқ хўжалик корхоналари мол-мулкининг давлат мажбурий суғуртасига амалдаги қонуний ва меъёрий ҳужжатларга амал қилишларини назорат қилиб боради.
88. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар давлат суғурта бошқармалари туман суғурта ташкилотларининг қишлоқ хўжалик корхоналари мулкларининг мажбурий давлат суғуртасига доир ишини доим назорат қилиб бориши ва суғурта қилишни ташкил этиш ҳамда ўтказишда уларга амалий ёрдам кўрсатиши зарур.
89. Туман суғурта ташкилотлари суғурта тўловларнинг тўғри ҳисобланишини ва ҳар бир қишлоқ хўжалик корхоналарига 101-шаклли ҳисоблаш варақаси ўз вақтида берилишини ҳамда суғурта тўловларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган муддатлардан кечиктирмасдан тушишини ташкил қилишлари зарур.
Бу ишни олиб бориш давомида қишлоқ хўжалик корхоналари раҳбарларига мол-мулкларнинг мажбурий давлат суғуртаси моҳияти тушунтириб борилиши лозим.
Тўловларни ҳисоблаш ва суғурта қопламасини тўлаш натижалари ҳақида туман суғурта ташкилоти бошлиқлари маҳаллий ҳокимиятга ёзма маълумот беради.
90. Суғурта ташкилоти суғурта қопламасини қуйидаги муддатларда тўлайди:
табиий офат натижасида зарарланган қишлоқ хўжалик экинлари ва кўп йиллик мевали дарахтлар ҳосили учун зарар миқдори ва суғурта қопламаси ҳисоблангандан сўнг 15 кун ичида;
нобуд бўлган кўп йиллик дарахтлар (буталар), токлар, айрим цитрус ва субтропик экинлар бутунлай кесиб ташлангандан ёки каллаклангандан, шунингдек ёш дарахтларни қайта ўстириш учун ер устки қисми кесиб ташлангандан сўнг 15 кун ичида;
нобуд бўлган (мажбуран сўйилган) ҳайвонлар учун 106-шаклли далолатнома тузилгандан сўнг 10 кун ичида;
бинолар, иншоотлар, маҳсулотлар, хомашёлар, ашёлар ва шу кабилар нобуд бўлганда; 215-шаклли далолатнома тузилгандан кейин 15 кун ичида зарар миқдори қайта тиклаш сметаси асосида аниқланадиган ҳолларда суғурта қопламаси хўжалик сметани тақдим этганидан сўнг 10 кун ичида тўланади.
Сув тошқини, бўрон, довул, ер қимирлаши ва бошқа табиий офатлар оқибатида қишлоқ хўжалик корхоналарининг кўплаб мол-мулклари бутунлай ишдан чиққанда ёки шикастланган ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар Давлат суғурта бошқармалари далолатнома тузиш муддатини бир ойгача, айрим ҳолларда мустасно равишда бундан ортиқ муддатга узайтириши мумкин.
Суғурта қопламасини тўлашда суғурта ташкилотининг бош ҳисобчиси (унинг ўринбосари) суғурта қилинган мулкнинг нобуд бўлганлиги ёки зарарланганлиги ҳақидаги далолатнома тўғри тузилганлигини назорат қилиши шарт. Далолатнома тегишли комиссия аъзолари томонидан имзоланмаган ва муҳрланмаган бўлса, бундай далолатнома бўйича суғурта қопламаси тўланмайди.
91. Қишлоқ хўжалик корхонасига бериладиган суғурта қопламасидан хўжалик ўз муддатида тўламаган суғурта тўловлари, улар учун жарима, хўжаликка 101-шаклли тўловларини ҳисоблаш варақаси топширилган бўлса, навбатдаги суғурта тўловлари, шунингдек илгари ортиқча тўлаб юборилган (суғурта қопламалари тўланаётган суғурта қопламали мулкнинг қайси турига тўланишидан қатъи назар) ушлаб қолинади.
Суғурта ташкилоти ушлаб қолинган суғурта ташкилоти қопламалари ҳақида 117-а, 118-а, 106, 215-6 шаклли ҳисоблаш варақаларида қайд этиб, унинг бир нусхасини қишлоқ хўжалик корхонасига бериши лозим.
92. Нобуд бўлган ёки зарарланган қишлоқ хўжалик экинлари, қишлоқ хўжалик ҳайвонлари. уй паррандалари, қуёнлар, мўйнали ҳайвонлар, асалари оилалари, бинолар, иншоотлар, узатиш тузилмалари, куч, иш ва бошқа машиналар, транспорт воситалари, ускуналар, ов кемалари, ов қуроллари, қурол-яроқлар, маҳсулотлар, хомашёлар, ашёлар ҳамда кўп йиллик дарахтлар учун суғурта қопламалари қишлоқ хўжалик корхонасининг давлат банки муассасасидаги жорий ҳисобига ўтказиш йўли билан тўланади.
93. Агар қишлоқ хўжалик корхонаси имкони бўла туриб,суғурта қилинган мулкнинг нобуд бўлганлиги ёки зарарланганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бермаган бўлса ва шу туфайли уларнинг ҳақиқатан нобуд бўлганлиги ёхуд зарарланганлигини ҳамда бунинг сабабларини аниқлашнинг имкони бўлмаса (шу жумладан, қишлоқ хўжалик корхонаси ва бошқа ташкилотнинг ҳужжатлари бўйича), давлат суғурта ташкилотлари суғурта қопламасини тўламаслик ҳуқуқига эга. Бу ҳолларда суғурта қопламасини тўлаш масаласига доир қарор давлат суғурта бошқармаси (бош бошқармаси) томонидан қабул қилинади. Суғурта қопламасини тўлаш рад этилганда бу ҳақда маҳаллий ҳокимият ва юқори ташкилотларга маълум қилинади.