Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
«ЎЗ-КОРЕС МАЙНИНГ» МЧЖ ЎЗБЕКИСТОН-КОРЕЯ КОРХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА
[Кўчирма]
Республика ҳудудида хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда геология-қидирув ишларини янада кенгайтириш ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг тадбиркорлик таваккалчилиги шароити билан Навоий вилоятининг Ғарбий Учтепа майдонида қимматбаҳо металлар конини аниқлаш ва кейинчалик қазиб олиш мақсадида геология-қидирув ишларини амалга ошириш учун «Корея Ресорсиз Корпорейшн» (Корея Республикаси) корпорацияси билан биргаликда хорижий инвестициялар иштирокида «Ўз-КОРЕС Майнинг» масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхонани ташкил этиш таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:
«Ўз-КОРЕС Майнинг» МЧЖнинг устав маблағи дастлаб эквиваленти 3,55 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда шакллантирилади, кейинчалик 4 йил давомида белгиланган тартибда иловага* мувофиқ жадвалга кўра 8.4 млн. АҚШ долларига тенг миқдоригача ошиб боради;
* Илова берилмайди.
Ўзбекистон томони «Ўз-КОРЕС Майнинг» МЧЖ устав капиталига Ғарбий Учтепа майдонидаги геология-қидирув ишлари жараёнида олинган геологик, геофизик ва бошқа ахборотлар шаклида ҳисса қўшади;
корея томони корхонанинг устав капиталига геология-қидирув ишларини ўтказишга инвестиция қилинадиган 4,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул ҳиссасини қўшади;
томонларнинг битимига кўра, геология-қидирув ишлари «Ўз-КОРЕС Майнинг» МЧЖ томонидан 4 йил мобайнида олиб борилади, шундан сўнг корхона фаолиятини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинади ёки қимматбаҳо металлар кони аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда ундан саноат кўламида фойдаланишга ТИА тайёрланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси бир ой муддатда «Корея Ресорсиз Корпорейшн» корпорацияси билан таъсис ҳужжатларини имзоласин ва «Ўз-КОРЕС Майнинг» МЧЖнинг рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
5. «Ўз-КОРЕС Майнинг» МЧЖ геология-қидирув ишларини олиб бориш даврида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ олиб келинадиган геология-қидирув ишларини олиб боришга мўлжалланган технологик асбоб-ускуналар ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.
6. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2006 йил 24 март,
ПҚ-310-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 й., 3-сон, 150-модда)