ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲАЙЪАТиНИНГ
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИГА НОТАРИАЛ ФАОЛИЯТ БИЛАН ШУҒУЛЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БЕРУВЧИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2006 йил 8 ноябрда 1637-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2010 йил 18 сентябрдаги 196-мҳ-сонли «Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Ҳайъат қарорини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги буйруғига (рўйхат рақами 1637-1, 18.09.2010 й.) мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, лицензия беришни рад этиш, қайта расмийлаштириш, лицензияни амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, тугатиш ҳамда бекор қилишни янада такомиллаштириш мақсадида ҳамда «Нотариат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳайъати қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ва у давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ўтгандан кейин кучга киритилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошлиқлари:
мазкур Низом талабларига қатъий риоя этишни;
нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш малака комиссияларининг қарорлари асосида берилишини таъминласинлар.
3. Нотариат, ФҲДЁ ва адвокатура бошқармаси (И.И. Юсубжонов):
жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойларида мазкур Низомни амалиётга татбиқ этиш юзасидан адлия бошқармалари қошидаги малака комиссиялари аъзолари иштирокида семинар машғулотлари ўтказишни;
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан мазкур Низом талабларини бажарилишини мунтазам равишда назорат қилиб боришни таъминласин.
4. Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (С.У. Саттаров) ушбу ҳайъат қарорини давлат рўйхатидан ўтказсин ва Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.
5. Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси (У.Т. Аюбов) ушбу ҳайъат қарорини «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этишни таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳайъатининг 2000 йил 28 апрель 33-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тартиби тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Е.С. Каньязов зиммасига юклатилсин.
Ҳайъат раиси, вазир Б. МУСТАФОЕВ
Тошкент ш.,
2006 йил 8 ноябрь,
28-сон
Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Мазкур Низом «Нотариат тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 10 мартдаги 126-сонли «Нотариат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар бериш ва лицензия берганлик учун давлат божи тўлаш тартиби тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нотариал фаолият билан шуғулланишни лицензиялаш тартибини белгилайди.
I. Умумий қоидалар
1. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш, лицензия беришни рад этиш, қайта расмийлаштириш, лицензияни амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш, тугатиш ҳамда бекор қилиш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда матнда адлия бошқармаси деб юритилади) ҳузуридаги малака комиссиялари (кейинги ўринларда матнда малака комиссияси деб юритилади) қарорлари асосида берилади.
2. Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган мазкур комиссия тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
3. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган шахслар, шу жумладан нотариуслар лицензиат ҳисобланадилар.
4. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга:
а) олий юридик маълумотга эга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган;
б) давлат нотариал идорасида ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус ҳузурида стажировкани ўтаган;
в) малака имтиҳонидан ўтган шахслар эга бўлиши мумкин.
5. Стажировкадан ўтган ва нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш тўғрисида белгиланган тартибда ариза берган шахслар малака комиссиясига малака имтиҳони топширадилар.
6. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амал қилади.
7. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган лицензиат ундан фақат ўзи фойдаланиши лозим. Лицензияни ёки унга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган.
8. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бошқача тартибда ёки малака имтиҳони ўтказмасдан беришга йўл қўйилмайди.
II. Малака имтиҳонини ўтказиш тартиби
9. Лицензия талабгори тегишли адлия бошқармасига шахсан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) лицензия олиш тўғрисида ариза;
б) паспорт нусхаси;
в) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;
г) меҳнат дафтарчасининг нотариал тасдиқланган нусхаси;
д) олий юридик маълумоти тўғрисидаги дипломнинг нотариал тасдиқланган нусхаси (лозим бўлганда нострификация ҳақидаги гувоҳнома);
е) стажировка ўталганлиги тўғрисидаги стажёр раҳбарининг хулоса ва тавсифномаси ҳамда стажёр этиб тайинлаш ҳақидаги буйруқ нусхаси;
ж) стажировка ўташ талаб этилмайдиган шахсларнинг меҳнат фаолияти ҳақида иш жойидан тавсифнома;
з) 3х4 ҳажмдаги 2 дона фотосурат;
и) малака комиссияси иши билан боғлиқ харажатларни қоплаш мақсадида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Лицензия талабгоридан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
10. Лицензия талабгори қуйидаги ҳолларда малака имтиҳонига киритилмайди:
б) мазкур Низомнинг 9-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда ва лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этганда;
в) тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги аниқланганда;
г) суд тартибида нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганда;
д) қасддан жиноят содир этганлиги учун судланганлиги олиб ташланмаганда ёки судланганлик ҳолати тугалланмаганида.
11. Аризаларни қабул қилиш, рўйхатга олиш, малака имтиҳонини топширишга ҳужжатлар тайёрлаш ва йиғмажилдга тикиш малака комиссиясининг масъул котиби томонидан амалга оширилади. Аризалар махсус рўйхатга олиш китобида қайд этилади.
12. Малака имтиҳони ариза қабул қилинган кундан бошлаб 1 ойдан кечиктирмай белгиланган тартибда ўтказилади ва лицензия талабгорига малака имтиҳони тайинланганлиги, уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ёзма равишда малака имтиҳони ўтказилишидан 10 кун олдин хабардор қилиниши лозим.
13. Малака имтиҳони малака комиссияси томонидан ёзма-оғзаки равишда ўтказилади.
14. Малака имтиҳони малака комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади. Малака имтиҳони барча лицензия талабгорлари учун бир йўла бир хонада ўтказилади.
Малака имтиҳони жараёнида комиссия аъзолари ва лицензия талабгорларидан ташқари бегона шахсларнинг ҳозир бўлишига рухсат берилмайди.
15. Комиссия мажлисида масъул котиб унда иштирок этаётган комиссия аъзоларини ҳамда малака имтиҳонида иштирок этишга қўйилган лицензия талабгорлари рўйхатини, шу жумладан малака имтиҳони куни ҳозир бўлган ва келмаган лицензия талабгорларининг рўйхатини ўқиб эшиттиради.
Комиссия мажлисида раислик этувчи ёки комиссия масъул котиби ҳар бир лицензия талабгорининг меҳнат фаолияти, ўталган стажировка якунлари бўйича хулоса ва тавсифнома тўғрисида қисқача маълумот беради.
16. Ҳар бир лицензия талабгорига имтиҳон варақаси тарқатилади. Имтиҳон варақаси адлия бошқармасининг раҳбари томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган бўлиши шарт.
17. Малака имтиҳони билетидаги саволларга ёзма жавоб ёзиш ва улар бўйича оғзаки жавобга тайёрланиш учун икки соат вақт ажратилади.
18. Малака имтиҳони 5 та саволдан иборат билет асосида ўтказилади. Малака имтиҳони билетидаги саволларга ёзма жавоблар фақатгина имтиҳон варақасига ёзилади.
Лицензия талабгорига жавоб ёзиш учун имтиҳон варақаси етарли бўлмаган тақдирда, унга қўшимча имтиҳон варақаси берилади.
19. Малака имтиҳони билетидаги саволларга тайёрланиш жараёнида лицензия талабгорига қуйидагилар тақиқланади:
а) қонунчилик ҳужжатлари, махсус адабиётлар, уяли алоқа воситаси ёки бошқа материаллардан (маълумотлардан) фойдаланиш;
б) бошқа лицензия талабгорлари билан суҳбатлашиш;
в) ўз имтиҳон варақасини топширгунга қадар малака имтиҳони ўтказилаётган хонадан ташқарига чиқиш.
20. Малака имтиҳони билетидаги саволларга жавоб тайёрлаб бўлган лицензия талабгори комиссияга оғзаки жавоб беради. Комиссия аъзолари айрим жавобларни ҳамда лицензия талабгорининг билим даражасини аниқлаштириш мақсадида қўшимча саволлар беришлари мумкин.
21. Саволларга жавоб бериб бўлган лицензия талабгорига ўз имтиҳон варақасини топширгандан сўнг хонадан чиқишга рухсат берилади. Имтиҳон варақалари мажлис баённомасига илова қилинади.
22. Малака имтиҳони натижалари бўйича малака комиссиясининг қарори мажлисда иштирок этаётган малака комиссияси аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овоз бериш малака имтиҳони топширувчининг йўқлигида очиқ равишда ўтказилади. Комиссия аъзоларининг алоҳида фикрлари баённомага киритилади. Овозлар тенг бўлганида комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
23. Малака имтиҳони ўтказувчи малака комиссияси мажлисида баённома юритилади ва у комиссия раиси, масъул котиб ва малака имтиҳонида қатнашган бошқа комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.
24. Малака комиссияси мажлиси баённомасида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
малака имтиҳони ўтказиш жойи ва санаси, унинг бошланиш ва якунланиш вақти;
малака имтиҳонида қатнашган комиссия аъзоларининг рўйхати;
малака имтиҳонида ҳозир бўлган ва унга келмаган лицензия талабгорлари рўйхати;
ҳар бир лицензия талабгори томонидан олинган билет рақами ва ундаги саволлар мазмуни;
лицензия талабгори томонидан билетдаги саволларга жавоб берган ёки бермаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
айрим жавобларни ҳамда лицензия талабгорининг билим даражасини аниқлаштириш мақсадида комиссия аъзолари томонидан берилган саволлар ва лицензия талабгорининг жавоблари мазмуни;
овоз бериш натижалари;
малака имтиҳони якунлари бўйича комиссия қарори;
комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати;
малака имтиҳонини ўтказиш масалаларига тааллуқли бўлган бошқа маълумотлар.
25. Малака комиссияси мажлиси баённомаси икки нусхада тузилади. Малака имтиҳонидан сўнг уч кун ичида баённоманинг бир нусхаси лицензия бериш тўғрисида буйруқ қабул қилиш учун адлия бошқармаси бошлиғига тақдим этилади, иккинчи нусхаси малака имтиҳони бўйича йиғмажилдга тикилади.
26. Малака комиссияси қарори шу куннинг ўзида малака имтиҳонида иштирок этган лицензия талабгорларига ўқиб эшиттирилади.
27. Масъул котиб томонидан малака имтиҳонида иштирок этган лицензия талабгорларига уч кун ичида комиссия қароридан кўчирма берилади ва бу ҳақда тилхат олинади. Қарор кўчирмасида комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилади.
28. Малака имтиҳонидан ўта олмаган лицензия талабгори малака комиссиясининг қарори чиққан кундан бошлаб камида бир йилдан сўнг қайта малака имтиҳони топширишга қўйилади.
29. Малака имтиҳонидан ўта олмаган лицензия талабгорининг ёзма мурожаатига асосан комиссия қароридан кўчирма топширилгандан кейин бир ой ўтгач аризага илова қилинган барча ҳужжатлар (ариза ва йиғим тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатдан ташқари) қайтарилиши мумкин.
30. Талаб қилиб олинмаган ҳужжатлар адлия бошқармасида малака комиссияси қарор қабул қилган кундан бошлаб уч йил сақланади, сўнгра белгиланган тартибда йўқ қилинади.
III. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тартиби
31. Малака имтиҳони натижалари бўйича малака комиссияси лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
32. Малака комиссиясининг лицензия бериш тўғрисидаги қарори адлия бошқармаси томонидан лицензия бериш учун асос бўлади.
33. Малака комиссияси қарори қабул қилинганидан сўнг уч кундан кечикмай малака имтиҳонидан ўтган лицензия талабгорига банк ҳисобварағи реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабарнома юборилади (топширилади).
34. Лицензия талабгори малака имтиҳонини топширгандан сўнг, бир ой мобайнида энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этгандан кейин унга лицензия берилади.
35. Агар лицензия талабгори унга хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, малака комиссиясининг лицензия бериш тўғрисидаги қарори бекор қилинади.
IV. Лицензияни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш тартиби
36. Лицензия тегишли бланкда расмийлаштирилади ва адлия бошқармаси бошлиғи (бошлиқ ўринбосари) томонидан имзоланади ва гербли муҳр билан тасдиқланади.
37. Лицензия бланклари қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади ва ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ҳамда ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши лозим.
38. Лицензия бланкалари намуналари ва уларни тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
39. Лицензия йўқолган тақдирда лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилади. Дубликат беришда энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари миқдорида йиғим ундирилади.
40. Лицензиатнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, бир ҳафталик муддатда адлия бошқармасига ушбу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт. Нотариал фаолиятни ушбу талабларни бузган ҳолда амалга ошириш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
41. Лицензияни қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда беш кун ичида амалга оширилади.
Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар нотариус нотариал фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.
Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензияларни рўйхатга олиш реестрига тегишли ўзгартишлар киритилади.
42. Лицензияни қайта расмийлаштириш учун лицензиат аризасини кўриб чиққанлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари миқдорида йиғим ундирилади.
V. Лицензиялар реестрини юритиш тартиби
43. Адлия бошқармаси нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар реестрини юритади.
Реестрда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:
лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, паспорт серия рақами ва ким томонидан берилганлиги;
лицензиянинг тартиб рақами ва берилган санаси;
лицензия олинган сана ва лицензия олувчининг имзоси;
лицензияни қайта расмийлаштириш асослари ва санаси;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари, санаси;
лицензиянинг амал қилишини тугатиш ва лицензияни бекор қилиш асослари, санаси.
44. Нотариал фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларни рўйхатга олиш реестри тикилган, рақамланган ва адлия бошқармаси раҳбарининг имзоси ва бошқарманинг муҳри билан тасдиқланган бўлиши лозим. Реестрнинг сақланиш муддати 75 йил.
VI. Лицензияни амал қилишини тўхтатиб туриш тартиби
45. Лицензиянинг амал қилиши малака комиссияси қарорига биноан қуйидаги ҳолларда 6 ойгача тўхтатиб турилиши мумкин:
нотариус жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилганидан бошлаб суд ҳукми қонуний кучга киргунга қадар ёхуд оқловчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар;
нотариуснинг қонун ҳужжатлари талабларини бузганлиги аниқланганда;
лицензияловчи органнинг нотариус зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлари нотариус томонидан бажарилмаганда.
46. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор ҳақида нотариусга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай асосланган далиллар билан хабар қилиниши лозим.
Нотариус қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида Реестр китобларини далолатнома тузиш йўли билан тегишли адлия бошқармасига топшириши лозим.
47. Лицензияни амал қилишини тўхтатилганлиги ва тикланганлиги тўғрисида маҳаллий матбуотда ва «Инсон ва қонун» рўзномасида эълон қилинади.
48. Лицензиянинг амал қилинишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
VII. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тартиби
49. Лицензиянинг амал қилиши малака комиссиясининг қарорига асосан қуйидаги ҳолларда тугатилади:
лицензиатнинг лицензияни амал қилишини тугатиш тўғрисидаги аризасига биноан;
лицензиат қасддан жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилинган тақдирда — ҳукм қонуний кучга кирганда;
лицензиат қонунда белгиланган тартибда муомала лаёқати чекланган ёки муомала лаёқатига эга эмас деб топилганда;
нотариус ўз касбий вазифаларини мунтазам равишда ёхуд бир маротаба қўпол тарзда бузганда;
нотариус лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги малака комиссиясининг қарорини бажармай фаолиятини давом эттирганда;
малака комиссиясининг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда.
Лицензиянинг амал қилиши суднинг қарорига биноан ҳам тугатилиши мумкин.
Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор у берилган санадан эътиборан амал қилади.
Лицензияни амал қилишини тугатиш тўғрисидаги малака комиссияси қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
50. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор ҳақида лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай асосланган далиллар билан хабар қилиниши лозим.
51. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензияни адлия бошқармасига қайтариши ва у белгиланган тартибда йўқ қилиниши лозим.
52. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида маҳаллий матбуотда ва «Инсон ва қонун» рўзномасида эълон қилинади.
53. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилиши тугатилган тақдирда, у юридик шахс сифатида белгиланган тартибда тугатилади.
54. Лицензиясининг амал қилиши тугатилган нотариус дарҳол идора муҳри ва штампларини адлия бошқармасига белгиланган тартибда йўқ қилиш учун топширади. Шунингдек, у нотариал ҳаракатлар бўйича барча ҳужжатларни адлия бошқармаси белгилаган нотариал идорага далолатнома асосида топшириши лозим. Далолатнома адлия бошқармасининг масъул ходими иштирокида тузилади ва имзоланади.
55. Нотариус билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши лицензияни амал қилишини тугатилишига олиб келмайди.
56. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан нотариуснинг фаолияти тугатилади.
VIII. Лицензияни бекор қилиш тартиби
57. Лицензияни бекор қилиш малака комиссиясининг қарорига асосан қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
лицензиатнинг аризасига биноан;
агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса;
лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Лицензия суднинг қарорига биноан ҳам бекор қилиниши мумкин.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор у берилган санадан эътиборан амал қилади.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Лицензиянинг бекор қилиниши нотариуснинг ўз касбий фаолиятини бажаришдаги ҳаракатларини ноқонуний деб топишга сабаб бўлмайди, унинг айрим ҳаракатларини белгиланган тартибда ноқонуний деб топиш ҳоллари бундан мустасно.
58. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор адлия бошқармаси томонидан лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай асослантирилган далиллар билан етказилади.
Лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензияни адлия бошқармасига қайтариши ва у белгиланган тартибда йўқ қилиниши лозим.
59. Лицензияни бекор қилинганлиги тўғрисида маҳаллий матбуотда ва «Инсон ва қонун» рўзномасида эълон қилинади.
60. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус лицензиясининг амал қилиши тугатилган тақдирда, у юридик шахс сифатида белгиланган тартибда тугатилади.
61. Лицензияси бекор қилинган нотариус дарҳол идора муҳри ва штампларини адлия бошқармасига белгиланган тартибда йўқ қилиш учун топширади. Шунингдек, нотариал ҳаракатлар бўйича архив ҳужжатларини адлия бошқармаси белгилаган нотариал идорага далолатнома асосида топшириши лозим. Далолатнома адлия бошқармасининг масъул ходими иштирокида тузилади ва имзоланади.
62. Нотариус билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши лицензияни бекор қилинишига олиб келмайди.
63. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан нотариуснинг фаолияти тугатилади.
IХ. Малака комиссияси қарори устидан шикоят қилиш тартиби
64. Малака комиссиясининг қарори устидан тегишли қарор олингандан сўнг бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги апелляция комиссиясига (кейинги ўринларда матнда — апелляция комиссияси деб юритилади) шикоят қилиниши мумкин.
Шикоят тегишли адлия бошқармаси орқали ёки бевосита апелляция комиссиясига берилиши мумкин.
65. Адлия бошқармаси шикоят қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай шикоят билан биргаликда унга тегишли барча ҳужжатларни апелляция комиссиясига юборади.
66. Шикоят бериш муддати давомида Адлия вазирлиги томонидан қонунчилик талаблари бузилганлиги ҳолатлари аниқланса, мазкур масала, шикоят берилган ёки берилмаганлигидан қатъи назар, апелляция комиссиясида кўриб чиқилади.
Бундай ҳолда, апелляция комиссияси барча ҳужжатларни тегишли адлия бошқамасидан кўриб чиқиш учун талаб қилиб олишга ҳақли.
67. Апелляция комиссияси тегишли шикоятни кўриб чиқиш жараёнида шикоятда кўрсатилмаган, лекин тўғри қарор қабул қилиш учун аҳамиятли бўлган бошқа ҳолатларни ўрганиб чиқиши ва инобатга олиши мумкин.
68. Апелляция комиссиясига келиб тушган шикоятлар бўйича комиссия қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:
а) малака комиссияси қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш;
б) малака комиссияси қарорини бекор қилиш ва малака комиссияси томонидан такроран малака имтиҳони ўтказиш;
в) малака комиссияси қарорига ўзгартириш киритиш ёки янги қарор чиқариш.
69. Малака комиссиясининг қарорини ўзгаришсиз қолдириш ва шикоятни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
а) шикоят ушбу Низом талабларига тааллуқли бўлмаса;
б) шикоятда кўрсатилган важлар ўз тасдиғини топмаса.
70. Малака комиссияси қарорини бекор қилиш ва малака комиссияси томонидан такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
а) малака имтиҳони мазкур Низом талабларига зид равишда ўтказилган бўлса;
б) малака имтиҳони ўтказиш жараёнида лицензия талабгорларининг жавоблари нохолис баҳоланганлиги тўғрисида асослантирилган хулосага келинса.
71. Малака комиссияси қарорига ўзгартириш киритиш ёки янги қарор чиқариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
а) қарор мазкур Низом талабларига зид равишда қабул қилинган бўлса;
б) лицензияни амал қилинишини тўхтатиб туриш муддати тўғри белгиланмаганлиги аниқланса.
72. Такроран малака имтиҳони ўтказиш тўғрисидаги апелляция комиссиясининг қарори нусхаси кейинги кундан кечиктирилмай тегишли адлия бошқармасига юборилади. Адлия бошқармаси қарор нусхасини олгандан сўнг мазкур Низомда белгиланган тартибда такроран малака имтиҳони ўтказади.
73. Адлия бошқармаси аризачига такроран малака имтиҳони тайинланганлиги, уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ёзма хабар қилиши лозим.
74. Такроран ўтказилган малака имтиҳони натижалари бўйича қабул қилинган қарор нусхаси у қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида апелляция комиссиясига тақдим этилади.
75. Апелляция комиссияси шикоятларни кўриб чиқиш билан бир вақтда мазкур Низом талабларининг бузилишига айбдор бўлган адлия идоралари ходимларининг айбдорлик даражасини аниқлайди ва айбдор шахсларни жавобгарлиги масаласини ҳал этиш бўйича тегишли адлия бошқармаси бошлиғи ёки Адлия вазирига аниқ таклифлар киритади.
76. Апелляция комиссиясига шикоят берган шахс ҳар қандай босқичида ўз шикоятини ёзма мурожаати асосида қайтариб олишга ҳақли.
77. Апелляция комиссияси қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 45-сон, 450-модда)