24.07.2006 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 1608
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси қарори, 24.07.2006 йилда рўйхатдан ўтган, рўйхат рақами 1608
Кучга кириш санаси
03.08.2006
Ҳужжат кучини йўқотган 05.09.2020
 LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 апрелдаги ПҚ–335-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 8 майдаги 210-сонли «Баҳолаш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси қарор қилади:
Мазкур Мулкни баҳолаш миллий стандарти «Ссуда, гаров ва қарз мажбуриятларини таъминлаш учун баҳолаш» (5-сон МБМС) Ўзбекистон Республикасининг «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасидаги баҳолаш фаолиятининг норматив тартибга солиниши элементи ҳисобланади.
Молиявий ҳисобот учун активларни баҳолашдан фарқланувчи мулкни баҳолашда 5-сон МБМС 3-бандида келтирилган таърифдаги «актив» атамасини Баҳоловчилар томонидан одатда «мулк» атамасига алмаштирилади. Бу молиявий ҳисобот учун ўтказиладиган ҳамда корхона бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларида акс эттириладиган активларга тегишли бўлган баҳолашларни топшириқларнинг бошқа баҳолаш турларидан фарқлашга ёрдам беради.
Бозор қийматини ўлчашнинг барча усуллари, услублари ва тартиботлари, агар уларни қўллаш мумкин бўлса, улардан ўринли ва тўғри фойдаланилса, бозорга оид мезонларга асосланган бозор қийматини умумий тарзда ифодалашга олиб келади. Сотувларни қиёслаш усули ёки бозор қиёслашларига боғлиқ бошқа усуллар бозорни ўрганишдан келиб чиқиши керак. Қурилиш харажатлари ва эскириш миқдори харажатлар ва жамғарилган эскиришни бозор маълумотлари бўйича ҳисоб-китоб қилиш асосида аниқланиши лозим. Даромадларни капиталлаштириш усули ёки дисконтланган пул оқими усули бозор томонидан аниқланадиган пул оқимларига ҳамда бозор маълумотларига асосланган даромадлилик ставкаларига асосланиши керак. Баҳолаш усулларининг қайси бири мақбул ва ўринли эканлиги мавжуд ахборот ҳамда бозордаги ва активнинг ўзи атрофидаги вазият билан белгиланса-да, ҳамма усуллар бозор маълумотларига асосланган бўлса, юқорида кўрсатилган тартиботларнинг исталган бирортасидан фойдаланиш бозор қийматини аниқлашга олиб келиши керак.
Қоида тариқасида, таъминотга берилаётган активларни баҳолашда бу масалани тартибга солувчи қонунлар, қоидалар ва тартиботларга амал қилинишини кафолатлаш Баҳоловчининг масъулиятига киради. Шундай фавқулодда ёки узрли ҳолатлар ҳам бўлиши мумкинки, бухгалтерлар ёки бошқа мутахассислар ўртасида мавжуд тушунмовчиликлар ёки ҳуқуқий коллизиялар туфайли уларга риоя этилишини кафолатлаб бўлмайди. Бундай ҳолатларда баҳоловчилар талабларнинг бажарилишини кафолатлай олмас эканлар, улар талаб этилаётган баҳолаш амалдаги қонунлар, қоидалар ва тартиботларга зид бўлади деб ҳисобласалар, ёки баҳолаш натижалари нотўғри талқин этилиши ёки қўлланилиши мумкин деб ҳисобласалар, топшириқни бажаришга киришмасликлари лозим. Баҳоловчини ёллаш шартлари учинчи тараф томонидан фойдаланиш учун мўлжалланган ҳамма баҳолаш сертификатларида ёки баҳолаш ҳақидаги ҳисоботларда аниқ кўрсатилган бўлиши, уларнинг барча ҳисоботлари эса онгли фойдаланувчилар уларни янглиштирадиган деб ҳисобламайдиган қилиб тузилган бўлиши керак.
Мулкдорлар томонидан эгалланган мулк объектларини мулкдор ташлаб кетган объектлар сифатида, улардан энг самарали фойдаланиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб баҳолаш керак. Бу мулкдорни бозор иштирокчиси сифатида қарашни истисно этмайди, аммо шу билан бирга, мулкдорнинг объектни эгаллаши билан боғлиқ бўлган ва бизнесни баҳолашда акс эттирилиши мумкин бўлган ҳар қандай алоҳида афзаллик мулкнинг қийматидан алоҳида бўлиши кераклигини талаб қилади. Қарзни қоплаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда кредитлаш таъминоти сифатида қараладиган мулк фақат шу мулкка эгалик ўзгартирилиб сотилиши мумкин бўлади. Агар баҳоловчидан бошқа баҳолаш базасини қўллаш талаб этилса, баҳолаш сертификати ёки баҳолаш ҳақидаги ҳисоботда мулкдор томонидан ташлаб кетилган ўхшаш объектларни сотиш ҳақида бозор маълумотлари асосида олинган қийматга ҳавола берилиши керак.