РАСМИЙ ШАРҲ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИ
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИНИНГ
ҚАРОРИ
«Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (рўйхат рақами 1807, 2008 йил 16 май) расмий шарҳ бериш тўғрисида
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 20 апрелдаги 27/2016-17-сонли «Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (рўйхат рақами 1807, 2008 йил 16 май) расмий шарҳ бериш тўғрисида»ги қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тартиби бўйича келиб тушаётган сўровларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси қарор қиладилар:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2008 йил 30 апрелдаги 44, 2008-33-сонли «Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига (рўйхат рақами 1807, 2008 йил 16 май) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 20-21-сон, 180-модда) иловага мувофиқ расмий шарҳ берилсин.
2. Мазкур қарор тасдиқлангандан кейин ўн кунлик муддатда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига келишиш учун юборилсин.
3. Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилгандан кейин ижрога юборилсин.
Молия вазири Р. АЗИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 2 февраль,
11-сон
Давлат солиқ
қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 2 февраль,
2012-8-сон
Ўзбекистон Республикаси
Молия вазирлиги ва Давлат солиқ
қўмитасининг 2012 йил 2 февралдаги
11, 2012-8-сонли қарорига
ИЛОВА
«Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг
ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомни
тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга (рўйхат рақами 1807, 2008 йил 16 май)
РАСМИЙ ШАРҲ
1. Солиқ тўловчиларга ноль даражали ставкани қўллаш натижасида ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини қайтариш тўғрисидаги низомнинг (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) 4-бандига мувофиқ солиқлардан қарзи бўлмаган корхонага қўшилган қиймат солиғи (кейинги ўринларда ҚҚС деб юритилади) суммасини қайтариш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги корхонанинг банк ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 23-моддасига асосан солиқларга қуйидагилар киради:
1) юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
3) қўшилган қиймат солиғи;
4) акциз солиғи;
5) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар;
6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
7) мол-мулк солиғи;
8) ер солиғи;
9) ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи;
10) жисмоний шахслардан транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ.
ҚҚС суммасини қайтариш усуллари ва кетма-кетлиги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 227-моддасида белгилаб берилган ва Низомнинг 2-бандида акс эттирилган:
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 207-моддасига асосан тўланиши керак бўлган ҚҚС суммасини қоплаш;
корхонанинг бошқа солиқлардан бўлган қарзларини қоплаш;
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 228-моддасига мувофиқ солиқ тўловчиларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига пул маблағларини ўтказиб бериш.
Низомнинг 17-бандига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари, Молия вазирлиги ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтаришга рад жавобини бериш тўғрисида, жумладан, солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги мавжуд бўлган ҳолатда, қарор қабул қилишга ҳақли.
Бунда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси ва Низомга мувофиқ бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликнинг мавжуд бўлиши ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига қайтаришга мажбурий равишда рад жавобини бериш учун асос бўлмайди.
Низомнинг 15-бандида солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ёзма мурожаати бўйича ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш солиқ тўловчининг Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармаси олдидаги қарзларини сўндиришга, шунингдек етказиб берувчи корхоналар солиқ бўйича қарзларни ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари Мактаб таълими жамғармаси олдидаги қарзларини сўндириш орқали товарлар (ишлар, хизматлар) учун уларга солиқ тўловчининг тўловларини (шу жумладан бўнак тўловларини) тўлаш ҳисобига амалга оширилиши мумкинлиги назарда тутилган.
Юқорида қайд этилганларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 207-моддасига мувофиқ тўланиши керак бўлган ҚҚС суммасини, бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини қоплашга йўналтирилгандан сўнг қолган ҚҚСнинг ортиқча суммаси солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб берилиб, ундан солиқ тўловчининг ёзма мурожаатига мувофиқ Низомнинг 15-бандида назарда тутилган мақсадларга ўтказилади.
2. Низомнинг 4-бандига мувофиқ ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтар корхонанинг банк ҳисоб рақамига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан корхонанинг солиқлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлмаган ҳолларда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 54-моддасига асосан:
солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш вақтинчалик молиявий қийинчиликка эга бўлган корхоналарга давлат томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида тўлаш муддатини солиқ тўловчи қарз суммасини бир йўла ёки босқичма-босқич тўлаган ҳолда кейинроқ муддатга кўчиришдан иборатдир;
солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан бир ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга берилади;
солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ҳисоблаш қарзни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиш даври бошланишидан эътиборан тўхтатиб турилади.
Шу тариқа, ҚҚСнинг ортиқча суммасини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига қайтариш масаласини кўриб чиқишда тўланиши кечиктирилган (бўлиб-бўлиб тўланадиган) солиқ қарзи суммасига ўрнатилган тартибда тақдим этилган солиқ қарзини тўлашни кечиктиришнинг (бўлиб-бўлиб тўлашнинг) амал қилиш муддати мобайнида солиқ тўловчининг қарздорлиги сифатида қаралмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 218-моддасининг 11-бандига мувофиқ агар товарлардан (ишлардан, хизматлардан) солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан ноль даражали ставка қўлланиладиган оборотлар мақсадида фойдаланилса, ҳақиқатда олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) қўшилган қиймат солиғининг суммаси ҳисобга олинади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 212-моддасига кўра Низомнинг 6-банди (б) ва (в) кичик бандларида ҚҚСни банк ҳисоб рақамига қайтариш учун солиқ тўловчи томонидан қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2007 йил 29 декабрдаги 111 ва 2007-66-сонли «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига (2008 йил 21 январь, рўйхат рақами 1760) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 3-4 сон, 15-модда) мувофиқ ҚҚС ҳисоб-китоби шакли (кейинги ўринларда ҚҚС ҳисоб-китоби деб юритилади);
солиқ тўловчининг раҳбари ва бош ҳисобчиси (ёки зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий бошқариш вазифалари юкланган бошқа шахс) ва давлат солиқ хизмати органининг ҚҚСни қайтарилиши бўйича материалларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилган жавобгар ходими томонидан имзоланган солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига қайтариладиган ҚҚСнинг Низомнинг 2 ва 3-иловаларига мувофиқ шаклдаги ҳисоб-китоби;
Низомнинг 2-иловасида ҳисобот даврида ноль даражали ставка қўлланиладиган товарларни экспортга реализацияси бўйича оборотлар учун фойдаланиладиган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобга олиниши лозим бўлган ҚҚС суммаси (9-устуннинг 050-сатри), ҚҚС ҳисоб-китобига 2-илованинг 05031-сатри кўрсаткичидан келиб чиқиб тўлдирилади.
Ўз навбатида, ҚҚС ҳисоб-китобига 2-илованинг 05031-сатри ноль даражали ставка қўлланиладиган товарларнинг экспортга реализацияси бўйича оборотдан келиб чиқиб аниқланади (ҚҚС ҳисоб-китобига 2-илованинг 0503-сатри).
Юқоридагиларга кўра, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб рақамига ҚҚСнинг ортиқча суммасини қайтариш Низомнинг 2-иловаси 080-сатрда кўрсатилган ҚҚС суммаси миқдорида амалга оширилади.