Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ПУЛ МУОМАЛАСИНИ ТАРТИБГА СОЛИШНИНГ АЙРИМ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Пул муомаласини янада тартибга солиш ва «Сўм-Купон» курсини мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Белгилаб қўйилсинки, 1993 йил 16 декабрдан бошлаб нон, ун, гўшт, сут, гуруч, қанд-шакар, чой, ўсимлик мойи, шунингдек, бошқа барча озиқ-овқат товарлари фақат «Сўм-Купонлар»га сотилади.
2. Россия Банкининг 1993 йил намунасидаги барча қийматдаги пуллари 1993 йил 16 декабрдан бошлаб озиқ-овқат товарларини сотишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қабул қилинмайди. Айни пайтда мазкур пуллардан тўловларнинг қолган барча турлари учун, шу жумладан, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар учун ҳақ тўлашда «Сўм-Купонлар» билан бир қаторда тўлов воситаси сифатида чеклашларсиз фойдаланиш сақлаб қолинади.
1994 йилнинг 1 январигача ноозиқ-овқат товарларни сотишда ва хизматлар кўрсатишда аҳолидан, «Сўм-Купонлар» билан бир қаторда, СССР Давлат банкининг 1961—1992 йиллар намунасидаги қиймати 1,3,5,10 ва 25 рубл бўлган пуллари қабул қилинаверади.
3 Банк муассалари ва улар ҳузуридаги комиссиялар кундалик доимий инкассациялаш чоғида савдо ташкилотлари томонидан озиқ-овқат товарларини сотишнинг белгиланган тартибига риоя қилишини қаттиқ назорат қилсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 1993 йил намунасидаги Россия рублларини «Сўм-Купонлар»га 1:1 нисбатида, шунингдек, алмаштириш фонди (уларни харид қилиш ҳажми) доирасида «Сўм-Купонлар»ни Россия рублларига алмаштирадиган махсус пунктлар тармоғини кенгайтирсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 11 декабрь,
596-сон