Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОЛТИН ҚАЗИБ ОЛИШ САНОАТИ КОРХОНАЛАРИНИ КИМЁВИЙ РЕАГЕНТЛАР БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Қизилқумнодирметаллолтин» давлат концерни корхоналарини технологик эҳтиёжлар учун кимёвий реагентлар билан таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Қизилқумнодирметаллолтин» давлат концернининг 1993—1995 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида ионли алмашинувчан АМ-2Б маркали смолани ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмасида цианли натрийни ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишни ва унинг қувватини йилига 4,8 минг тоннадан 7 минг тоннага етказиш ҳамда 500 тонна поли-акриламид ишлаб чиқарадиган қурилмани барпо этиш бўйича таклифларига розилик берилсин. «Навоийазот» бирлашмаси хўжалик йўли билан ушбу объектларда қурилиш-монтаж ишлари бажарилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига 1993—1995 йилларда барпо этиладиган объектларда фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни, эҳтиёт қисмлар ва материалларни республика ташқарисидан сотиб олиш учун «Навоийазот» бирлашмасига зарур бўлган 500 млн сўм миқдоридаги кредит ресурсларини фойдадан йилига 5 фоизли тўлов билан кредитни объектлар ишга туширилгандан кейин уч йил мобайнида тўлаган ҳолда «Ўзсаноатқурилишбанк»ка бериш тавсия этилсин.
«Ўзсаноатқурилишбанк» кўрсатиб ўтилган ишларни бажарганлик учун ҳамда асбоб-ускуналар ва материалларни сотиб олишга кетган сарфлар тўловларини, истисно тариқасида, ҳақиқатда қилинган сарфлар бўйича амалга оширсин.
2. «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмасига бирлашма эҳтиёжлари учун қолдириладиган маҳсулотлар ҳажмлари ҳисобидан 1993 йилда жаҳон бозорида 15 минг тонна аммиакли селитрани, 5 минг тонна аммоний сульфатни, 1 минг тонна нитрон толасини ҳамда 2 минг тонна сирка кислотасини сотишга, олинган маблағларни илғор технологияларни ва замонавий асбоб-ускуналарни сотиб олишга йўналтиришга рухсат этилсин.
3. Ўзбекистон шартномалар ва савдо бўйича давлат-акционерлик уюшмаси ҳамда республиканинг бошқа таъминот-сотиш ташкилотлари «Навоийазот» бирлашмасига кўрсатиб ўтилган объектлар қурилиши учун ажратилган капитал мaблaғлap ҳажми доирасида биркитилган номенклатура бўйича квоталанган маҳсулот ажратишни амалга оширсинлар, шунингдек, шартномавий асосда маҳсулот етказиб берувчилар билан хўжалик алоқаларини ўрнатишда кўмаклашсинлар.
4. «Ўздавкимё» концерни (ўртоқ Мирхўжаев) 1993 йилнинг IV чорагида 500 тонна полиакриламид ҳамда 1995 йилнинг IV чорагида 7 минг тонна цианли натрий ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни таъминласин.
5. Цианли натрий ишлаб чиқаришни 15 минг тоннага етказиш бўйича қувватларни ишга тушириш ва 2 минг тонна тиомочевина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон Давлат кимё концерни ва «Қизилқумнодирметаллолтин» давлат концерни уч ой муддатда қуйидагиларни амалга оширсинлар:
синил кислотаси ва циан тузлари ишлаб чиқариш цехининг техникавий-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни таъминлаш, қурилиш учун жой танлаш ва маблағ билан таъминлаш манбаларини белгилаш;
тиомочевина ишлаб чиқариш қувватларини қуриш тўғрисида таклифлар тайёрлаш.
6. Саноат асосида ишлаб чиқаришни лойиҳалаш учун дастлабки маълумотлар билан таъминлаш мақсадида «Навоийазот» ишлаб чиқариш бирлашмаси тажриба қурилмасида роданли аммонийдан тиомочевина олиш технологиясини ўзлаштириш ишларини давом эттирсин.
7. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари ўртоқ А. Н. Возненко зиммасига юклатилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 9 июль.,
342-сон