|
Ҳужжат кучини йўқотган " " 13.01.2000
|
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«МЕВАСАБЗАВОТБАНК» ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН АКЦИОНЕРЛИК-ТИЖОРАТ БИНКИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 13 январдаги 12-сонли «Мевасабзавотбанк» ихтисослаштирилган акционерлик-тижорат банкини қўшиб юбориш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республика мева-сабзавот хўжалиги ва унинг қайта ишловчи саноатининг ишлаши ҳамда янада ривожланишини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзмевасабзавотузумсаноат», «Ўзозиқовқатсаноат» давлат концернлари ва Молия вазирлигининг «Мевасабзавотбанк» республика ихтисослашган акционерлик-тижорат банкини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик билдирсин.
Банкнинг асосий вазифалари мева-сабзавот хўжалиги корхоналари ва ташкилотларига, савдо, тайёрлов ва қурилиш соҳаси ташкилотларининг қайта ишловчи корхоналарига кредит-ҳисоб-китоб хизматини кўрсатиш этиб белгилансин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, «Мевасабзавотбанк» муассислари томонидан устав фонди 5 млн сўм миқдорида эълон қилинган ва уларнинг ҳар бирининг улуши, шу жумладан, «Ўзмевасабзавотузумсаноат» — 2 млн сўм, «Ўзозиқовқатсаноат» — 2 млн сўм ва Молия вазирлиги — 1 млн сўмдан иборат қилиб белгиланган.
3. «Мевасабзавотбанк» муассислари бир ой муддатда таъсис бадалларини тўласинлар ва банкнинг устав фондини ташкил этсинлар.
4. «Мевасабзавотбанк» устав фонди банк акцияларини сотишдан олинадиган маблағлар ҳисобига шакллантирилиши лозимлигини ҳисобга олиб, банк Кенгаши уч ой муддатда акцияларнинг чиқарилишини ва уларнинг акционерлар ўртасида тарқатилишини таъминласин.
5. «Ўздеҳқончиликсаноатбанк» 1994 йил 1 сентябргача бўлган ҳолатга кўра бўлиш ведомостига мувофиқ активлар ва пассивларни «Мевасабзавотбанк» ка беришни 1994 йил 1 ноябргача белгиланган тартибда амалга оширсин, шунингдек, асосий фондлар ва хизмат хоналарининг тегишли қисмини ажратсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки: «Мевасабзавотбанк»нинг ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатсин;
«Ўздеҳқончиликсаноатбанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк» билан биргаликда банкни малакали мутахассислар билан бутлашда ёрдам кўрсатсин.
7. «Тошшаҳарйўловчитранс» уюшмаси, Алоқа вазирлиги «Мевасабзавотбанк» ни унинг буюртманомалари бўйича зарур миқдордаги транспорт ва алоқа воситалари билан таъминласинлар.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Мевасабзавотбанк» ишини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратишда амалий ёрдам кўрсатсинлар.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С.Ҳамидов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг раиси Ф.М.Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 18 август,
426-сон