Ҳужжат кучини йўқотган " " 16.12.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОЛИЙ ЎҚУВ ЮРТЛАРИ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ ТАРКИБИНИНГ ИШ ҲАҚИНИ ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Олий таълим тизимини педагогик кадрлар билан мустаҳкамлаш, олий мактаб педагогларининг ёшларни тарбиялашдаги ролини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 1997 йил 1 декабрдан бошлаб олий ўқув юртлари раҳбарлари ва профессор-ўқитувчилари таркибининг лавозим маошлари меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткаси бўйича разрядларни ошириш ҳисобига ўртача 25 фоизга оширилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Меҳнат вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда юқорида кўрсатилган ходимларнинг лавозим маошларини қайта кўриб чиқсин ва тасдиқласин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун зарур бюджет маблағларини ажратсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 2 декабрь,
531-сон