Ҳужжат кучини йўқотган " " 22.02.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН ДАВЛАТ КОНСЕРВАТОРИЯСИГА АСБОБ-УСКУНАЛАР ЕТКАЗИБ БЕРИШ УЧУН ЯПОНИЯ ҲУКУМАТИНИНГ МАДАНИЯТ СОҲАСИДАГИ БЕҒАРАЗ ЁРДАМИДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон давлат консерваториясига 49,7 млн Япония йени суммасига асбоб-ускуналар етказиб бериш учун Япония Ҳукуматининг маданият соҳасидаги беғараз ёрдамидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Алмашув ноталарини имзолашга вакил қилинсин.
2. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлигига беғараз ёрдамни олиш учун барча зарур тартиботларни Япония томони билан келишилган муддатларда расмийлаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига кўрсатиб ўтилган беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатиш юклансин.
3. Беғараз ёрдам доирасида Ўзбекистон Республикасига келаётган асбоб-ускуналар ва хизматлар божхона тўловларидан озод қилинсин, божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно.
4. Ташқи ишлар вазирлиги Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган чет эллик мутахассисларга келиш визалари белгиланган тартибда консуллик йиғимлари ундирмасдан расмийлаштирилишини таъминласин.
5. Ички ишлар вазирлиги Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашаётган чет эллик мутахассисларга давлат божи ундирмасдан кўп марталик келиш визалари берилишини ва уларнинг муддати узайтирилишини, яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.
6. Ваколатли банк Маданият ишлари вазирлигининг буюртманомаларига кўра беғараз ёрдамга ҳисоб-китоб хизмати кўрсатганлик учун Япония томонининг воситачилик ҳақини тўлашга сўмлардаги маблағлар конвертация қилинишини таъминласин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 26 октябрь,
372-сон