Ўзбекистон Республикасининг қонуни
Хусусий корхона тўғрисида
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий корхоналарнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2-модда. Хусусий корхона тўғрисидаги қонунчилик
Хусусий корхона тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни билан махсус ҳуқуқий режим ўрнатилган ҳудудда хусусий корхоналарнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонунда белгиланганидан бошқача қоидалар билан тартибга солинади.
(2-модда Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 13 июлдаги ЎРҚ-1158-сонли Қонунига асосан иккинчи қисм билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон. Кучга кириш санаси — 2026 йил 25 июль)
3-модда. Хусусий корхона
Мулкдор ягона жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижоратчи ташкилот хусусий корхона деб эътироф этилади. Хусусий корхона тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидир.
Хусусий корхона ўз мулкида алоҳида мол-мулкка эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда уларни амалга ошириши, мажбуриятларни бажариши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Хусусий корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона мулкдори корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгар бўлади.
(3-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 329-моддаси.
4-модда. Хусусий корхонанинг фирма номи
Хусусий корхона тўлиқ фирма номига эга бўлиши лозим ва қисқартирилган фирма номига эга бўлишга ҳақли. Хусусий корхонанинг тўлиқ фирма номи унинг тўлиқ номини ва «xususiy korxona» деган сўзларни ўз ичига олган бўлиши керак. Хусусий корхонанинг қисқартирилган фирма номи унинг қисқартирилган номини ва «xususiy korxona» деган сўзларни ёки «ХК» аббревиатурасини ўз ичига олиши керак.
5-модда. Хусусий корхонанинг банк ҳисобварақлари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида қонунчиликда белгиланган тартибда банк ҳисобварақлари очади.
(5-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
«Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида»ги йўриқномага (рўйхат № 3420, 08.02.2023 й.) қаранг.
6-модда. Хусусий корхонанинг муҳри
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона ўзининг тўлиқ фирма номи давлат тилида ифодаланган ва хусусий корхонанинг жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлишга ҳақли. Муҳрда бир вақтнинг ўзида унинг фирма номи бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.
(6-модда матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон)
7-модда. Хусусий корхонанинг штамплари ва бланкалари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона ўзининг фирма номи ёзилган штампларига ва бланкаларига, ўз эмблемасига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгисига ҳамда фуқаролик муомаласи иштирокчиларини, товарлар, ишлар ва хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситаларга эга бўлишга ҳақли.
(7-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда)
Батафсил маълумот учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 сентябрдаги 480-сон «Товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори.
II. ХУСУСИЙ КОРХОНА ТУЗИШ ВА УНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ
8-модда. Хусусий корхона тузиш тартиби
Хусусий корхона мулкдор томонидан тузилади, мулкдор унга тегишли мол-мулк беради ва унинг уставини тасдиқлайди.
Хусусий корхона, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, номуайян муддатга тузилади.
9-модда. Бошқа юридик шахсларни таъсис этиш. Хусусий корхонанинг ваколатхоналари ва филиаллари
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа юридик шахсларнинг муассиси бўлишга ёки уларнинг устав фондида ўзгача тарзда иштирок этишга, ваколатхоналар очишга ва филиаллар тузишга ҳақли.
(9-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 47-моддасига ва «Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари томонидан чет элда ташкилотлар ташкил этиш ёки уларнинг устав фонди (капитали)да улуш билан иштирок этиш тўғрисида хабардор этиш тартиби ҳақида»ги низомга (рўйхат рақами 2457, 17.05.2013 й.) қаранг.
10-модда. Хусусий корхонанинг устави
Хусусий корхонанинг таъсис ҳужжати унинг уставидир.
Хусусий корхонанинг уставида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
корхонанинг фирма номи;
унинг жойлашган ери ва почта манзили тўғрисидаги маълумотлар;
асосий фаолият турларининг рўйхати;
мулкдорнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи;
устав фондининг миқдори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхонанинг устави қонунчиликка зид келмайдиган бошқа қоидаларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
(10-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
11-модда. Хусусий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш
Хусусий корхона давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
(11-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Батафсил маълумот учун қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом».
12-модда. Хусусий корхонанинг устав фонди
Хусусий корхонанинг устав фонди бўлинмасдир ва уни мулкдорнинг ўзи белгилайди.
Пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа мол-мулк ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд бошқа шахсга бериладиган ўзга ҳуқуқлар хусусий корхонанинг устав фондига қўшиладиган ҳисса бўлиши мумкин. Мулкдор хусусий корхонанинг устав фондига ўзи киритадиган мол-мулкни мустақил баҳолайди.
Агар хусусий корхонанинг устав фонди шакллантирилаётганда мулкдор ўз оила аъзоларининг умумий (улушли ёки биргаликдаги) мулки ҳисобланган мол-мулкни корхонага бераётган бўлса, ушбу мол-мулкнинг барча мулкдорларидан нотариал тасдиқланган розилик олиш талаб этилади.
13-модда. Хусусий корхонанинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш
Хусусий корхонанинг устав фондини кўпайтириш ва камайтириш мулкдорнинг қарорига кўра хусусий корхонанинг уставига ўзгартишлар киритиш йўли билан амалга оширилади.
Агар иккинчи молия йилининг ва шундан кейинги ҳар бир молия йилининг якунида хусусий корхона соф активларининг қиймати унинг устав фондидан кам эканлиги маълум бўлиб қолса, хусусий корхона ўз устав фондини ўзининг соф активлари қийматидан ошмайдиган миқдорда камайтириши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона соф активларининг қиймати қонунчиликда белгиланган тартибда аниқланади.
(13-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 130-сонли «Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (1-сонли БҲМС) «Молиявий ҳисоботни тақдим этиш ва ҳисоб сиёсати»ни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3544, 06.08.2024 й.).
III. ХУСУСИЙ КОРХОНАНИ БОШҚАРИШ
14-модда. Хусусий корхонани якка бошқариш
Хусусий корхона мулкдори корхонани раҳбар сифатида якка бошқаради, корхона номидан ишончномасиз иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, хусусий корхонанинг пул маблағларини ҳамда бошқа мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар, шу жумладан меҳнат шартномалари тузади, ишончномалар беради, банкларда ҳисобварақлар очади, штатларни тасдиқлайди, корхонанинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
15-модда. Хусусий корхона мулкдорининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
Хусусий корхона мулкдори қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Олдинги таҳрирга қаранг.
хусусий корхона уставига қонунчиликда белгиланган тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;
(15-модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
хусусий корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
хусусий корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган фойдасидан ўз ихтиёрига кўра фойдаланиш;
хусусий корхонага тегишли мол-мулкни бошқа шахсга бериш, ижарага бериш, гаровга қўйиш, бошқа юридик шахсларнинг устав фондига ҳисса сифатида киритиш ёки ушбу мол-мулкни бошқача усулда тасарруф этиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона мулкдори қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(15-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Хусусий корхона мулкдори:
устав фондини шакллантириши;
ўзига қарашли корхонани якка бошқариши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона мулкдори зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
(15-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
16-модда. Хусусий корхонани вақтинча бошқариш
Хусусий корхона мулкдори ўзи вақтинчалик бўлмаган тақдирда шу муддатда раҳбарлик вазифасини бажариб туришни бошқа жисмоний шахс зиммасига юклаш тўғрисида ёзма қарор қабул қилади. Хусусий корхона мулкдори муваққат раҳбарнинг хусусий корхона мол-мулкини тасарруф этишга оид ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкин.
17-модда. Мулкдорнинг хусусий корхона раҳбари вазифасини бажара олмаслиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вафот этганлиги, муомалага лаёқатсизлиги, муомала лаёқати чекланганлиги ёки бедарак йўқолган деб топилганлиги оқибатида мулкдорнинг хусусий корхона раҳбари вазифасини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда хусусий корхонани бошқариш фуқаролик қонунчиликка ва хусусий корхонанинг уставига мувофиқ амалга оширилади.
(17-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
IV. ХУСУСИЙ КОРХОНАДА МЕҲНАТГА ОИД МУНОСАБАТЛАР
18-модда. Хусусий корхонанинг иш берувчиси ва ходими ўртасидаги ўзаро муносабатлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона (иш берувчи) ва хусусий корхонанинг ходими ўртасидаги ўзаро муносабатлар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ меҳнат шартномаси (контракт) билан тартибга солинади.
(18-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 12-боби.
19-модда. Хусусий корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона ўз ходимларига меҳнат ҳақи, мукофотлар ва компенсациялар тўлашнинг шакллари, тизими ҳамда миқдорини қонунчиликка мувофиқ мустақил белгилайди.
(19-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхонада меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахсларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тарафларнинг келишувига кўра, бироқ қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
(19-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
20-модда. Хусусий корхона ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона ўз ходимларига хавфсиз меҳнат шароитларини, ижтимоий ҳимоя чораларини таъминлаши шарт ва уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Хусусий корхона ўз ходимлари учун қонунчиликда белгиланганига нисбатан имтиёзлироқ меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий шароитларни мустақил белгилашга ҳақли.
(20-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257 ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддаларига қаранг.
V. ХУСУСИЙ КОРХОНА ФАОЛИЯТИ ЭРКИНЛИГИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ
21-модда. Хусусий корхона мол-мулкининг национализация ва реквизиция қилинишига йўл қўйилмаслиги
Хусусий корхонанинг мол-мулки национализация қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Хусусий корхонанинг мол-мулки реквизиция қилинмайди, хусусий корхонанинг мулкдорига реквизиция қилинаётган мол-мулкнинг бозор қийматига муқобил компенсацияси тўланадиган табиий офатлар, авариялар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва фавқулодда тусдаги бошқа ҳолатлар бундан мустасно.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 202—203-моддаларига қаранг.
22-модда. Хусусий корхона фаолиятининг эркинлиги
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолият турларини амалга оширади.
(22-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Хусусий корхона битимлар тузишда эркиндир.
23-модда. Хусусий корхоналарга татбиқ этиладиган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхоналарга тадбиркорлик субъектлари учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар татбиқ этилади.
(23-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(24-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 7 январдаги ЎРҚ-601-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 08.01.2020 й., 03/20/601/0025-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(25-модда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 9 ноябрдаги ЎРҚ-646-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон)
VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
26-модда. Хусусий корхоналарнинг бирлашиши
Хусусий корхоналар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунга мувофиқ ассоциацияларга (уюшмаларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашишлари мумкин.
Батафсил маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 77-моддасига ва Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 9 июлдаги ЎРҚ-483-сонли «Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатаси тўғрисида» (янги таҳрири)ги Қонунига қаранг.
27-модда. Хусусий корхонани бошқа шахсга ўтказиш
Хусусий корхона мулкдори хусусий корхонани мол-мулк мажмуаси сифатида сотишга, ҳадя қилишга, васият қилиб қолдиришга ёки уни ўзгача усулда бошқа шахсга ўтказишга ҳақли.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона бошқа шахсга берилган тақдирда ўзининг фирма номидан, товар белгиларидан, хизмат кўрсатиш белгиларидан ҳамда мазкур хусусий корхона ва унинг маҳсулотини, у бажараётган ишларни ёки кўрсатаётган хизматларни индивидуаллаштирувчи ўзга воситалардан фойдаланиш ҳуқуқлари, агар қонунчиликда ёхуд шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, янги мулкдорга ўтади.
(27-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
28-модда. Хусусий корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхона унинг мулкдорининг ёки қонунчиликда белгиланган тартибда суднинг қарорига кўра қайта ташкил этилиши мумкин.
(28-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Хусусий корхона унинг мулкдорининг ёки суднинг ёхуд рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра тугатилиши мумкин.
(28-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 11 декабрдаги ЎРҚ-592-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.12.2019 й., 03/19/592/4144-сон — 2020 йил 1 январдан кучга киради)
29-модда. Низоларни ҳал этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Хусусий корхоналарнинг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
(29-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 4-боби.
Олдинги таҳрирга қаранг.
30-модда. Хусусий корхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Хусусий корхона тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(30-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелдаги ЎРҚ-683-сонли Қонуни таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон)
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 176-моддаси ва Жиноят кодексининг 188-моддаси.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. Каримов
Тошкент ш.,
2003 йил 11 декабрь,
558–II-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 12-13-сон, 100-модда; 2007 й., 52-сон, 533-модда; 2011 й., 37-сон, 374-модда; 2012 й., 37-сон, 421-модда; 2014 й., 20-сон, 222-модда; 2015 й., 33-сон, 439-модда; 2017 й., 1-сон, 1-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 03/19/531/2799-сон; 12.12.2019 й., 03/19/592/4144-сон; 08.01.2020 й., 03/20/601/0025-сон, 09.11.2020 й., 03/20/646/1488-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон; 14.07.2026 й., 03/26/1158/0727-сон)