Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
«АСАКА» ДАВЛАТ-АКЦИОНЕРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
(ҳужжат номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
[Кўчирма]
Автомобилсозликни янада ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг автомобиль сотиб олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, «Ўзавтосаноат» уюшмаси, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Халқ банкининг Тошкент шаҳрида бош офиси бўлган «Асака» давлат-акционерлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда— ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, «Асака» банкининг ўзбекистонлик таъсисчилари билан бир қаторда банкни ташкил этишда хорижий юридик шахслар ҳам қатнашишлари мумкин.
«ДЭУ» корпорациясининг (Корея Республикаси) унинг «Асака» банкини таъсис этишда қатнашиши ҳақидаги таклифига розилик берилсин.
4. «Асака» банки таъсисчиларига бир ой муддатда таъсис мажлисини ўтказиш, таъсисчиларнинг устав фондидаги улушларини белгилаш, банк уставини тасдиқлаш ва белгиланган тартибда устав фондини шакллантириш тавсия этилсин.
«Асака» банки бошқаруви икки ой муддатда белгиланган тартибда акциялар чиқаришни ва сотишни амалга оширсин.
5. Қуйидагилар «Асака» банкининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
республика автомобилсозлиги саноатини ва тегишли инфраструктурани ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларини устувор даражада маблағ билан таъминлаш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин маблағларини тўплаш;
автомобилсозлик саноати ҳамда унинг инфраструктураси корхоналари ва ташкилотларига, шунингдек автомобилларни сотиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ корхоналарга комплекс кредит-ҳисоб-китоб хизматлари кўрсатиш;
автомобиль саноати корхоналарини маблағ билан таъминлаш учун хорижий инвесторлар ресурсларини жалб этиш;
республикада ишлаб чиқарилаётган автомобилларни сотиб олиш учун кейинчалик фуқароларга бериш мақсадида Халқ банкига ўзаро келишилган шартларда кредит ресурсларини жалб этиш ва бериш;
«ЎзДЭУАВТО» қўшма корхонаси учун республикада бутловчи ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича тадбирларни ва локал лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш;
қимматли қоғозлар билан, шу жумладан «ЎзДЭУАВТО» қўшма корхонаси автомобилларини сотиб олиш ҳуқуқини берувчи қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш;
чет эл валютаси билан, шу жумладан Ўзбекистон Республика валюта биржасида, операцияларни амалга ошириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 мартдаги 101-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
7. Марказий банкка:
бир ой муддатда «Асака» банкини рўйхатдан ўтказиш;
Ўзбекистон тижорат банклари уюшмаси билан биргаликда «Асака» банкини малакали мутахассислар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Молия вазирлиги, Марказий банк, «Асака» давлат-акционерлик тижорат банки ҳамда Халқ банки:
(8-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 5 январдаги 5-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2001 й., 1-2-сон, 2-модда)
(8-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26 мартдаги 118-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
икки ой муддатда — опционларни муомалага чиқариш ва улар билан операцияларни амалга ошириш қоидаларини ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
9. «Ўзавтосаноат» уюшмаси уч ой муддатда «ЎзДЭУАВТО» қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобилларни тўплаш, сотиш ва уларга техника хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган пунктлар ташкил этишни таъминласин, бунда техника хизмат кўрсатиш станцияларининг мавжуд шохобчаларидан фойдалансин.
10. Белгилаб қўйилсинки, 1998 йилнинг 1 январигача «Асака» банки маблағларининг унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтириладиган қисми солиқлардан озод этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 августдаги 472-сонли қарорига асосан 2020 йил 1 сентябрдан ўз кучини йўқотади — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.08.2020 й., 09/20/472/1155-сон)
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Асака» банки муассасаларини жойлаштириш учун бинолар ажратсинлар.
13. Марказий банк ва «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг Асака шаҳридаги бўлимини «Асака» банки филиалига айлантириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. «Ўзсаноатқурилишбанк» икки ой муддатда бўлимнинг асосий фондларини ва мол-мулкини қолдиқ қиймати бўйича «Асака» банки балансига ўтказсин.
14. Алоқа вазирлиги «Асака» банки буюртманомаларига биноан зарур миқдорда махсус алоқа воситалари ажратилишини таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов ва Марказий банк Бошқаруви раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 7 ноябрь,
424-сон