Ҳужжат кучини йўқотган " " 05.01.1998
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИ ДАРСЛИКЛАР ВА ЎҚУВ ҚЎЛЛАНМАЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизимини дарсликлар ва ўқув адабиётлари билан таъминлашни такомиллаштириш тўғрисида»ги 1998 йил 5 январдаги 4-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Таълим муассасалари учун янги дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмалари тайёрлаш ва нашр этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат матбуот қўмитаси билан биргаликда ишлаб чиқилган 2000 йилгача республика таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш ва нашр этиш истиқбол режаси иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* Илова берилмайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўқув юртларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар Фанлар академияси, Фан ва техника давлат қўмитаси, Давлат Матбуот қўмитаси билан биргаликда:
1996 йил 1 сентябргача янги ўқув адабиётлари нашр этиш истиқбол режасини аниқласинлар;
ўқув адабиётларини яратишга юқори малакали мутахассисларни, етакчи педагогларни ва таниқли олимларни жалб этсинлар;
Янги дарсликлар ва ўқув қўлланмалар яратганлик учун меҳнат ҳақи тўлаш тўғрисида Низом лойиҳасини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар;
энг яхши дарсликлар учун ҳар икки йилда бир марта бериладиган, ҳар бирининг миқдори 40 та энг кам ойлик иш ҳақидан иборат бўлган иккита республика мукофотини, уларнинг биттасини гуманитар фанлар бўйича ва биттасини табиий фанлар бўйича дарсликлар учун таъсис этсинлар, бунда мукофотларни дарсликлар кўп марта қайта нашр этилган тақдирда умумтаълим мактаблари учун дарсликларга ҳамда олий ва ўрта махсус ўқув юртлари учун дарсликларга алоҳида-алоҳида берсинлар;
кўрсатиб ўтилган мукофотларни бериш бўйича республика комиссияларини бир ой муддатда тузсинлар. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ва Олий ва ўрта махсус таълим вазири тегишли равишда комиссиялар раислари ҳисобланадилар.
3. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
барча турдаги таълим муассасалари учун ўз маблағлари ҳисобига яратиладиган янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва дастурларини Экспертизадан ўтказиш идоралараро комиссиясини тузсин;
Энг яхши дарсликларга республика мукофотлари бериш тартиби тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат матбуот қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 апрелгача кейинги йил учун ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув қўлланмалари нашр этиш бўйича буюртмани аниқласинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси:
икки ой муддатда республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган ўқитиш рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларида олиб бориладиган мактаблар учун ўқув адабиётлари тайёрлаш таҳририятларини ташкил этсин;
ўқув адабиётлари нашр этиш бўйича буюртманинг ҳар йили 1 июнгача тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таълим муассасаларига дарсликлар ва бошқа ўқув адабиётлари етказиб берганлик учун ҳисоб-китоб қилишга бюджетда назарда тутилган мақсадли маблағларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва ваколатли банклар ўқув адабиётлари нашр этиш учун талаб қилинадиган қоғоз, матбаачилик материаллари ва асбоб-ускуналари сотиб олишга, шунингдек республика ташқарисидан олинадиган айрим дарсликлар турларига Давлат матбуот қўмитаси томонидан сарфланадиган валютанинг биринчи навбатда конвертация қилинишини таъминласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет прогнозларини ишлаб чиқишда энг яхши дарсликлар учун республика мукофотлари тўлашга маблағларни назарда тутсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари С.С. Саидқосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 15 июль,
252-сон