Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада ошириш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилганлиги, мазкур портал орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда фуқаролар деб аталади) онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун имконият яратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
а) «Мадад» — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда Муассаса деб аталади) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаларини (кейинги ўринларда ҳудудий бўлинмалар деб аталади), шунингдек, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюроларини (кейинги ўринларда ҳуқуқий маслаҳат бюролари деб аталади) ташкил этиш;
б) Қуйидагиларни Муассасанинг асосий вазифалари сифатида белгилаш:
фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш;
фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар билан уйғун равишда ошириб бориш ишларига кўнгиллиларни сафарбар этиш;
фуқаролар томонидан ҳуқуқий маслаҳат беришга оид сўровларни таҳлил қилиб бориш, таҳлил натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда инновацион усулларни, хорижий давлатларнинг бу борадаги ижобий тажрибаларини татбиқ этиш;
«Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг мунтазам равишда юритилиши ва янгилаб борилишини таъминлаш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки, Муассаса ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини молиялаштириш:
давлат субсидияси, шунингдек давлат ижтимоий буюртмаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг шартнома асосида Муассасага тўғридан-тўғри ажратиладиган бюджетдан ташқари маблағлари;
муассислар ва ташаббускорлар томонидан ажратиладиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг молиявий маблағлари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Адлия вазирлиги Муассасага ҳар йили ўзининг бюджетдан ташқари маблағларидан давлат ижтимоий буюртмаси учун ажратиладиган маблағлар миқдорини ва улардан фойдаланиш тартибини мустақил белгилайди.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Муассасанинг марказий аппарати Тошкент шаҳар, Сайилгоҳ кўчаси 5-уйда, ҳудудий бўлинмалари ва ҳуқуқий маслаҳат бюролари заруратга кўра, тегишли ҳудудий адлия органлари ёки туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари биноларига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 майдаги 282-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
5. Муассасанинг марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари ва ҳуқуқий маслаҳат бюроларини компьютер техникаси ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларни ва улар жойлашган биноларни сақлаш (коммунал хизматлар, жорий таъмирлаш ва бошқалар) билан боғлиқ харажатлар адлия органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон)
6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига Адлия вазирлиги билан биргаликда «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ҳамда «Мадад» — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш фаолиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш тавсия этилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» ва «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат унитар корхоналарини давлат муассасалари шаклида қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
9. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
(9-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сонли Фармонига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2020 й., 06/20/5997/0634-сон)
б) «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасасининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, «Нотариус» автоматлаштирилган тизими, «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ва вазирлик томонидан яратилган бошқа ахборот тизимлари фаолиятини кузатиб бориш, серверларга, телекоммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
(9-банд «б» кичик бандининг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида «Электрон ҳукумат» ахборот тизимлари доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш;
адлия органлари ва муассасаларининг барча тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш;
адлия органлари ва муассасаларида ахборотлаштириш соҳасида таҳлиллар ўтказиш ва таклифлар ишлаб чиқиш.
10. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
а) 2019 йил 10 сентябрдан бошлаб «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» давлат муассасаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўплами» (кейинги ўринларда расмий нашрлар деб аталади) аутсорсинг асосида нашр этилади;
(10-банднинг «а» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази» ва «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаларига Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директорлар раҳбарлик қилади;
(10-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2020 й., 06/20/5997/0634-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» ва «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасалари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 3 июлдаги 339-сон қарорида белгиланган давлат хизматчилари лавозим маошларига устама ҳақи қўлланилади, шунингдек, аввалги иш жойида узоқ йиллик хизмати учун берилган устама ва қўшимча тўловлар, махсус ва даражали унвонлар сақлаб қолинади;
(10-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
г) қуйидагилар «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» ва «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг бошқа бюджетдан ташқари маблағлари;
халқаро институтлар ва ташкилотлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг грантлари ва ҳомийлик хайриялари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
(10-банд «г» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
2020 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини модернизация қилсин, жумладан, бунда «ақлли» излаш функцияси назарда тутилсин;
расмий нашрларни чоп этиш ва реализация қилиш жараёнида уларнинг таннархини арзонлаштириш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда «Адолат» ҳуқуқий ахборот маркази» ва «Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази» давлат муассасаларининг уставларини тасдиқласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 6 сентябрь,
741-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 20.05.2020 й., 06/20/5997/0634-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2019 й., 09/19/741/3700-сон; 01.04.2020 й., 09/20/195/0391-сон; 20.05.2020 й., 06/20/5997/0634-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон; 19.03.2025 й., 09/25/171/0258-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)